Россияда юзлаб одам ўлмоқда - Rossiya, Putin, O‘zbekiston, dunyo, yangiliklar

Сурат манбаси, DMITRY ROGULIN/TASS
Россияда бир кунда 500 дан ортиқ одам ўлган. Энг кўп ўлим ҳоллари пойтахт Москва ва Санкт-Петербургга тўғри келаётир. Бунақаси пандемия тарихида кузатилмагани айтилмоқда.
Россияда шу ой бошидан бошлаб коронавирусга чалиниш кескин ортган.
Масъуллар бунинг сабабини "дельта - ҳиндистонча" штаммга боғлашган.
22 июнь куни Москва ва Санкт-Петербургда антирекорд кетма-кет янгиланган.
Бир кунда жами 200 га яқин одам ҳаётдан кўз юмган.
Ўлим ҳолларининг ярмидан кўпроғи эса, Санкт-Петербург ҳисобига тўғри келган.
Масъулларга кўра, бунақаси шу пайтгача кузатилмаган.
Худди шу куни Россияда жами 500 дан ортиқ ўлим ҳолати қайд қилинган.
Бу ҳам сўнгги тўрт ой ичидаги энг ёмон кўрсаткич бўлган.
Маълум бўлишича, Россияда коронавирусдан ўлиш бир ҳафтанинг ўзида 20 фоиздан ортиқроққа ошган.

Сурат манбаси, SERGEY KARPUKHIN/TASS
Москва вилоятида илк бор бир кунда 2 мингдан зиёд одам коронавирус юқтирган.
Бутун мамлакат бўйлаб кундалик кўрсаткичлар 20 мингга яқинлашган.
Бир кунда қарийб мингтага ортган.
Бу гал ҳам пойтахт Москва коронавирус ўчоғига айланган.
Кундалик кўрсаткичлар ўртача 3 мингдан 9 мингга чиққан.
Ўтган жума куни Москвада 9056 та янги ҳолат аниқланган.
Орадан кун ўтиб эса, бу рақамлар 9120 тага етган.
Бу ҳам Россия учун янги антирекорд бўлган.
Масъулларга кўра, бунақаси шу пайтгача мамлакат пандемия тарихида кузатилмаган.
Мустақил экспертлар, ҳатто шунда ҳам, россиялик масъуллар келтираётган расмий рақамларга ишонқирамай қарашади.
Россия дунёнинг энг кўп сондаги ўзбекистонликлар турли иш, юмуш ва таҳсилда банд давлати бўлади.
Пандемияга қадар уларнинг сони бир неча миллионга нисбат берилган.
Ўзбекистонлик мигрантларнинг энг кўпи эса, айнан Россиянинг икки энг йирик шаҳри - Москва ва Санкт-Петербургда меҳнат қилиб келишган.
Коронавирус билан боғлиқ вазиятнинг кескин ёмонлашиши юз минглаб Ўзбекистон фуқаролари ишлаш учун Россияга қайтиш илинжида ва ҳаракати бўлган бир пайтга тўғри келган.
Россия нима қилмоқчи?

Сурат манбаси, EPA/YURI KOCHETKOV/TASS
Худди шу каби бир вазиятда Бурятия Россиянинг тўлиқ карантинга қайтган биринчи минтақаси бўлган.
Пойтахт Москвада аллақачон карантин чоралари амалда ва улар кучайтириб ҳам борилмоқда.
Энди Москва вилоятида ҳам чекловлар қўлланиши айтилмоқда.
Москва ва Россиянинг бошқа минтақаларида ҳам коронавирусга қарши эмлаш мажбурий қилинган ва қилинмоқда.
Хизмат кўрсатиш соҳасида ишлайдиганларнинг камида 60 фоизи ўзини эмлатиши шарт экани айтилган.
Шу ҳафта бошидан бошлаб умумий овқатланиш масканларига фақат эмланган, ковидни ўтказиб бўлган ва ўзини коронавирусга текширтирганларнинг қўйилиши маълум бўлган.
Россия тўлиқ карантинга қайтиш эҳтимолини ҳозирча назардан соқит этмоқда.
Мамлакат аҳолисининг сони 146 миллион кишини ташкил қилади.
Масъуллар шу пайтгача вакцинация жараёнининг секин бораётганидан ташвиш билдириб келишган.
Одамларни турли йўллар билан бунга рағбатлантиришгача боришгани кўрилган.
Россия дунёнинг коронавирусга қарши тўртта вакцина яратиб, уларни расман қайддан ўтказган саноқли давлатларидан бири бўлади.
Россияда тарқалаётган коронавирус турлари геномининг таҳлили апрель ойидан буён "дельта"сининг бошқаларини сиқиб чиқараётганини кўрсатган.
Россияда жами коронавирус ҳоллари ҳозирга келиб 5 миллион 300 мингдан ортган.
Россия жорий пайтда дунёнинг коронавирус энг кўп тарқалган олтита давлатидан биттаси бўлиб турибди.
"Дельта" штамми ва Марказий Осиё

Сурат манбаси, REUTERS/ARXIV
Шу кунларда коронавируснинг "дельта" штамми Қозоғистон пойтахти Нур-Султонга кириб келгани ҳам расман тасдиқланди.
Қозоғистон "дельта" штамми аниқланган биринчи Марказий Осиё давлати бўлди.
Шу пайтгача қолган минтақа давлатларидан бунга ўхшаш хабар олинмаган.
Қозоғистон Марказий Осиёнинг Ўзбекистонга бевосита чегарадош тўртта давлатидан биттаси бўлади.
Қозоғистонда "дельта - ҳиндистонча" штамм аниқланганига оид расмий хабар аксарият минтақа давлатларида коронавирус билан боғлиқ вазият қайта ёмонлашаётган бир пайтга тўғри келган.
Ўзбекистонда шу пайтгача коронавируснинг "британча" ва "жанубий африкача" штаммлари аниқлангани расман тасдиқланган.
Орада "дельта" штамми сабаб, даҳшатли ковид инқирози ичида қолган Ҳиндистон билан мунтазам авиарейсларни вақтинчалик чеклаган Ўзбекистон шу кунларда яна қўшимча карантин чораларига қўл уришни бошлаган.
Яқинда мамлакатга кириб келаётган барчанинг коронавирусга тест топширишини яна шарт қилиб қўйган.
Коронавирус билан боғлиқ кескинлашаётган вазият сабаб, яқинда Афғонистон билан чегарасини ҳам вақтинча ёпишга қарор қилган.
Афғонистон ҳозир минтақанинг коронавируснинг учинчи тўлқини қаршисида эканидан жиддий хавотирлар янграётган Ўзбекистонга бевосита чегарадош ягона минтақа давлати бўлади.
Афғонистонлик масъуллар ҳалича мамлакатда "дельта" штамми аниқланганини расман тасдиқлашмаган.
Россия ва Қозоғистон дунёнинг энг катта сондаги Ўзбекистон фуқаролари меҳнат муҳожирлигида банд давлатлари бўлиб келишган.
Бу икки давлатда коронавируснинг "дельта" штаммини юқтираётган орасида ўзбекистонликлар бор-йўқлиги ҳозирча маълум эмас, бу ҳақдаги расмий маълумотлар ҳалича кўзга ташланмайди.
Россия ва Қозоғистон ҳозир дунёнинг Ўзбекистон билан мунтазам ҳаво парвозлари амалда бўлган саноқли давлатларидан бири ҳамдир.
Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги мунтазам авиарейслар бир йиллик танаффус ортидан шу йилнинг 1 апрель куни қайта тикланган.
Россияда вужудга келаётган сўнгги вазиятнинг Москва ва Тошкент ўртасидаги парвозларга таъсири ҳалича маълум эмас.
Кеча, 23 июнь куни Ўзбекистонда кундалик кўрсаткичлар 442 тага чиққан. Бир кун аввалгисидан бироз ошган.
Яна бир бемор коронавирусдан вафот этган.
Ўзбекистон жорий пайтда Қозоғистон ва Қирғизистондан кейин Марказий Осиёнинг коронавирус энг кўп тарқалган учта давлатидан биттаси бўлиб турибди.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek















