Афғонистон: БМТ журналистлар қамчиланганини қоралади Afg'oniston Tolibon jurnalist so'z erkinligi

Journalists from the Etilaatroz newspaper, Nemat Naqdi, 28, a video journalist, left and Taqi Daryabi, 22, video editor undress to show their wounds sustained after Taliban fighters tortured and beat them while in custody after they were arrested for reporting on a women's rights protest in Kabul, Afghanistan, Wednesday, Sept. 8, 2021

Сурат манбаси, MARCUS YAM/LOS ANGELES TIMES/Shutterstock

Сурат тагсўзи, "Эътилотрўз" газетасининг журналистлари сим билан қамчиланганлар

БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича идораси Толибоннинг тинч намойишчиларга нисбатан зўравонлик қўллаётганини қоралаб чиқди.

Идора баёнотида Толибоннинг тинч протестчиларга нисбатан "зўравон муносабати ортиб бораётгани", хусусан, жанговар қуролларнинг ишга солиниши инсонлар умрига зомин бўлгани қораланади.

Норозилик намойишларини ёритаётган журналистлар "фақат ўз ишини қилгани учун" ҳибсга олинганлари ва калтаклангани танқид қилинган.

"Биз Толибонни ўзларининг тинч намойиш ташкил қилиш ҳуқуқларидан фойдаланганлар, шунингдек, протестларни ёритаётган журналистларга нисбатан куч қўллаш, маҳкамасиз ушлаб туришдан зудлик билан тийилишга чақирамиз", деб айтган БМТ Инсон ҳақлари идораси сўзчиси Равина Шамдасани хоним.

БМТ идораси август ойи ўрталаридан буён намойиш уюштирган оломонни тарқатиш мақсадида жанговар қуроллар қўллангани ва камида тўрт инсон умрига зомин бўлганини қоралаган.

Шу кунларда пойтахт Кобулдаги норозилик намойишини ёритаётган "Эътилотрўз" рўзномасининг икки мухбири фото суратлари Интернетда тарқалди.

Бу суратларда Толибон ҳибсга олганидан кейин саваланган журналистларнинг баданларидаги моматалоқлар акс этган.

Журналистлардан бири Тақи Дарёбийнинг Би-би-сига айтишича, намойиш пайти уни қўлга олишган ва полиция идорасига олиб борганлар.

Полиция идорасида уни тепишган ва савалашган.

8 сентябр куни Би-би-сининг тасвирга олиш жамоасига ҳам протестни видеога олишга изн берилмаган.

Ўша куни Кобулда аёллар ўзларининг ҳақ-ҳуқуқлари таъминланиши талаби билан норозилик намойиши ташкил қилган эдилар.

Ўша вақтда Тақи Дарёбий билан бирга фотожурналист Неъматулло Нақдийни Толибон ҳибсга олишган.

Journalists from the Etilaatroz newspaper, Taqi Daryabi, 22, video editor, left, and Nemat Naqdi, 28, a video journalist, right grimace as they sit on their wounds sustained after Taliban fighters tortured and beat them while in custody after they were arrested for reporting on a women's rights protest in Kabul, Afghanistan, Wednesday, Sept. 8, 2021

Сурат манбаси, MARCUS YAM/LOS ANGELES TIMES/Shutterstock

Сурат тагсўзи, Жароҳатланган журналистлар: чапдан Тақи Дарёбий ва Неъматулло Нақдий.

Дарёбий ва Нақдий сўзларига кўра, полиция идорасида уларни тўқмоқлар, электр сими ва қамчи билан саваланганлар, бир неча соатдан сўнг бирор бир тушунтиришсиз озодликка қўйиб юборилганлар.

"Улар мени бир хонага олиб киришди ва қўлларимни орқага қилиб кишанлашди. Мен ўзимни ҳимоя қилмасликка ҳаракат қилдим, акс ҳолда мени янада қаттиқроқ калтаклашарди. Танамни зарбалардан ҳимоя қилиш учун ерга ётиб олдим", деб айтган Тақи Дарёбий.

"Саккиз киши хонага кириб келиб, мени қўлларига тушган нарса - оддий чўп, полиция тўқмоғи, резина таёқлар билан ура бошладилар. Пойафзаллари билан юзимга тепишди. Ҳушимдан кетганимдан кейин тўхташган. Кейин мени бошқа бинога олиб киришди ва қафасда қолдиришди", деган у.

"Орадан икки соатлар ўтганидан кейин мени қўйиб юборишди. Тез кет, дейишди. Лекин оғриқларнинг зўридан мен зўрға юрардим", деди Дарёбий.

Неъматулло Нақдий сўзларига кўра, у расмга туширишни бошлаши билан Толибон жангчилари унинг қўлидан фотоаппаратини тортиб олишга шошилганлар..

"Бир Толибон мени ерга йиқитиб оёғи билан юзимни босди. Тепиб, юзим, бошимни асфалтга ура бошладилар. Улар мени уриб ўлдирадилар, деб ўйладим", дейди фотожурналист.

Нега мени ураяпсизлар, деб сўраса, "бошингни танангдан жудо қилмаганимизга хурсанд бўл", дейишган.

Афғонистондаги Толо ахборот агентлиги ўзларининг тасвирчиси Толибон томонидан ҳибсга олингани ва қарийб уч соат ушлаб турилгани ҳақида хабар қилди.

Журналистларни Ҳимоя қилиш қўмитаси ахборотича, охирги икки кунда камида 14 журналист қўлга олиниб ушлаб турилган, сўнг озод этилганлар.

"Толибон ўзининг Афғонистондаги мустақил оммавий ахборот воситаларига эркин ва бехатар фаолият юритишларига рухсат беришлари ҳақидаги илк ваъдалари пуч эканини жуда тез исботлади", деб айтган ЖҲТнинг Осиё бўйича дастури мувофиқлаштирувчиси Стивен Батлер.

"Биз Толибонни ўзларининг дастлабки ваъдаларида туришга, ўз ишини бажараётган репортёрларни калтаклаш ва ушлаб туришни тўхтатиш ва матбуотни қатағонларсиз эркин фаолият юритишига қўйиб беришга чақирамиз", деб айтган Стивен Батлер.

Шу ҳафтада Толибон Афғонистонни бошқарадиган муваққат ҳукумати таркибини эълон қилди, бу ҳукуматдаги барча лавозимларга эркаклар тайинланган.

Уч ҳафтача олдин ҳокимият тепасига келган Толибон норозилик намойишларини тақиқлаб келаяпти, намойиш ўтказиш рухсати Адлия вазирлигидан олиниши керак, дейди улар.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek