Толибон менга ўхшаган аёлларни кўзлаб юрибди - Афғонистон Afg‘oniston Tolibon dunyo yangiliklar

Сурат манбаси, Getty Images
- Author, Содаба Ҳайдарий ва Мегҳа Моҳан
- Role, Би-би-си Жаҳон Хизмати
Толибон Афғонистон пойтахти Кобулни эгаллаган куни тўй либосидаги аёлларнинг гўзаллик салонлари олдига реклама мақсадида қўйилган суратлари устидан бўёқ чаплаб кетилди.
Шаҳардаги бошқа салонлар ҳам ёпилди. Айрим бизнеслар тезда аввалги фаолиятини бошлаган бўлса ҳам, бошқалари ўз келажагидан хавотирда.
Ҳозир яшириниб ўтирган макияжчи Афсун (асл исми эмас) гўзаллик саноати афғон аёллари учун нимани англатиши ҳақида сўзлаб берди.
Дарийча "такаан хордум" иборасини бошқа тилларга ўгириш жуда қийин.
Лўнда айтганда, у ҳаётингизда юз берган суягингизгача зирқиратиб юборадиган, турмушингизни ўзгартириб юборадиган ўта ноодатий ҳодисани ифодалайди, дейлик, жуда яқин, ҳаётингиз маъноси бўлиб турган одамингизнинг вафоти.
Афсун 2021 йил 15 августида "такаан"ни ҳис қилди.
- Толибон учун Афғонистон шимолини тўлиқ олиш нега муҳим?
- Дўстумнинг ўғли қутқарилди, Мозори Шариф нисбатан тинч, Толибон Қандаҳорни ҳам олди
- Россия Ўзбекистон, Тожикистондан кейин энди Хитойга ўтдими? Афғонистон ва Толибон
- Афғонистон: Толибон сафида Ўзбекистон Исломий ҳаракати ҳам жанг қилаяптими?
- Шимолий Афғонистон ва ўзбеклар: Маршал Дўстум қайтишидан кун ўтиб, Толибон унинг она шаҳрига бостириб кирди
Кутилмаган қўнғироқ
Якшанба куни эрталабги 10:00да уни гўзаллик салонида бирга ишловчи ҳамкасбининг қўнғироғи уйғотди.
Афсун бу ерда - шампунь ва тирноқ лаклари ҳидлари омихталашиб, соч қуритгичлар шовқинию мижозлар ғала-ғовури қўшилиб кетган салонда бахтли эди.
"Бугун келма, - деди Афсуннинг ҳамкасби, - Биз ёпиляпмиз. Ҳаммаси тугади."
Ётоғидаги тўшагида ўтирганча, Афсун мобил телефонини текширди.
Унинг бош бармоғи телефон экранида тепадан пастга ҳаракатланар экан, дўстлари ва оила аъзоларидан келган хабарларга, ижтимоий тармоқлардаги юзлаб постларга кўз ташлади.
Қўрқув зарбаси унинг юзига шундай шапалоқ тортдики, бир вақтда ҳам қалтираб, ҳам кўнгли айниб кетди.
Юборилган хабарлар бир хил эди. Толибон Афғонистон пойтахтига кирди. 16 кун ичида Ғарб қўшинлари ва дипломатлари мамлакатни тарк этди.
"Ҳаммаси тугади", деди у ўзига ўзи. Яшириниш керак эди.

Сурат манбаси, Getty Images
Афсун 25 ёшлар атрофида. У ўзини замонавий афғон аёли деб билади.
У ижтимоий тармоқларда фаол, кино кўришни севади, машина минади, ўз карьераси бўйича ниятлари бор.
Бугун ва хотира
Афсун 90-йилларни эслай олмайди. Толибон унинг ватанида гўзаллик салонларини тақиқлаган вақтда у гўдак эди.
Аммо у гўзаллик салонлари кундалик ҳаётнинг бир қисми бўлган Афғонистонда улғайди.
2001 йили Толибонни ҳокимиятдан қувган АҚШ етакчилигидаги босқиндан кейинги 20 йилда Кобулнинг ўзида 200дан ортиқ ва яна бошқа шаҳарларда юзлаб гўзаллик салонлари очилди.
Ўсмирлик чоғида у жозибали кўриниш учун журналларни, ижтимоий тармоқларни кузатарди, оиласидаги аёллар билан салонларга борарди.
У ана шу дунёдаги ҳамма нарсани севарди. Ранг-баранг тирноқ лаклари, аёллар тепасига энгашиб олиб, уларнинг кўзларига қалин подводка сураётган визажистлар, йилтираб турган соч қуритгичлару узун ёрқин сочлар.
Ниҳоят Афсуннинг гўзаллик салонларидан бирида макияжчи бўлиш орзуси амалга ошди. У истайдиган бошқа нарса қолмаганди.
Кобулдаги барча гўзаллик салонлари каби Афсуннинг салонида ҳам ичкарида сизники бўлиши мумкин бўлган гўзалликни ваъда қилувчи жозибадор, гўзал аёллар тасвири қоплаган дераза бор эди.
Бу плакатлардан кўзланган бир мақсад, эркаклар ҳукмрон бўлган иссиқ Кобул шаҳри кўчаларида ўткинчи йўловчилар Афсуннинг салони ичидаги турли авлодга мансуб аёлларни кўрмаслиги учун эди.
Салон ичида бир вақтда йигирмадан ортиқ аёл бўларди - стилистлар ва мижозлар - шифокорлардан тортиб, журналистларгача, қўшиқчилардан тортиб, ТВ юлдузлару ҳаётидаги муҳим кунга тайёрланаётган келинчакларгача шу ерда эди.
Бу бизнес доим яхши бўлган, тўй бўладими ёки шунчаки ўзига оро бериш, айниқса, Ҳайит кунлари одам тўлиб кетарди, навбатга аввалдан ёзилиш керак бўларди.
"Мен аёлларни севаман. Аёллар ўзини эркин ҳис қиладиган муҳит қуришни истаган эдим, - дейди Афсун. - Биз эркаклардан холи жойда ором оламиз."
15 август

Сурат манбаси, NILAB ADELYAR
Аммо 15 август, якшанба, Толибон Кобулдаги президентлик саройини эгаллаган кун унинг йилларча давом этган қаттиқ меҳнатига нуқта қўйилди.
Кобулда ярим кечаси эди, Афсун биз билан телефон орқали пичирлаб гаплашди. Унинг қўрқаётгани сезилиб турар. У ўша якшанба куни уйидан кетиб, хавфсиз жой топди.
"Гўзаллик саноатидаги аёллар, айниқса, менга ўхшаган кўпчиликка таниш бўлиб қолган одамлар осон нишон бўлади", дейди у.
Ишга бормаслик ҳақидаги ҳамкасби қўнғироғидан сўнг, у қўрқиб кетган кобулликлар аёллик гўзаллиги акс этган суратларга бўёқ чаплай бошлагани ҳақида эшитди.
Афсуннинг бир дўсти ҳатто Толибонни тинчлантириш ва унинг эътиборини гўзаллик бизнесидаги аёл дўстларига қаратмаслик учун ўзи моделлар сурати бор айрим плакатларни бўяган.
"Улар юзи ёпилмаган аёлларга қарашни барибир маъқулламайди, - дейди у. - Улар аёллар ўзига эътибор тортмаслиги керак, деган ишончда қатъий."
"Бу Афғонистонда гўзаллик саноати ниҳоя топди дегани".

Сурат манбаси, Getty Images
Афсунда Кобулдан учиб кетиш учун ҳужжат ҳам, таклифнома ҳам йўқ эди.
Унга чиқиш йўли йўқ.
Афсун ҳозир ҳамкасблари билан чат гуруҳда гаплашиб туради.
Улар охирги олган маош 24 август куни берилди. Бошқа берилмайди.
Салон ёпилган, улар ишга бошқа чиқмасликларини билишади.
Афсун келажак ҳақида гапиришни истамайди.
Энди нима қилади, ўзи ҳам билмайди. У энди қандай кийиниши, ҳатто қачон кўчага чиқиш ҳақида ҳам ўйлаб кўрмаган?
Ҳозир у тасаввур қилган келажак қалин қора бўёққа бўялган, у охири номаълум карахтлик ичида қолган.
"Ўйлашим мумкин бўлган ягона нарса тирик қолиш. Ўлишдан қўрқмайман - аммо қўрқув ва умидсизлик ичида эмас", дейди у.
"Ҳар бир сонияда Толибон олдимга излаб келиши мумкинлигини ҳис қилиб тураман."
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek













