Кавказда аёллар эркин яшай олишмайдими?
- Author, Наталия Зотова
- Role, Би-би-си
18+

Сурат манбаси, Yelena Afonina/TASS
Чеченистонда ўсган қиз ўз оиласидан қочди. Уни яширинган жойидан зўрлик билан олиб кетишди ва оиласига топширишди. Би-би-си рус хизмати Кавказдаги аёллар ўзларини оиладаги зўравонликдан қандай ҳимоя қилишга уринаётганини ўрганди.
11 июнь куни полиция Махачқалъадаги оилавий зўравонликдан қочган бир неча аёл бошпана топган квартирани бузиб кирди. Уларнинг сўзларига кўра, полиция уларни калтаклаган ва ҳибсга олган. Асосий нишон 22 ёшли Чеченистон фуқароси Ҳалимат Тарамова эди - Доғистон полицияси уни Чеченистон рақамлари бўлган машиналардаги фуқаролик кийимидаги одамларга топширган. Июнь ойи бошларида Тарамова оиласидан қочган, ҳуқуқ ҳимоячилари ва дўсти ёрдамида Кавказдан чиқиб кетишга уринганди.
"Уларни бу квартирага қочишга мажбур қилган куч жуда даҳшатли ва аёвсиз куч эди. Сизнинг идишларингиз, тиш чўткангиз бўлган квартирага бостириб киришди... Бу жуда қўрқинчли эди", дейди Би би сига ҳуқуқ ҳимоячиси Светлана Анохина, у ҳужум пайтида квартирада бўлган эди. У ва ҳибсга олинган бошқалар полицияга қаршилик кўрсатиш айблови билан маъмурий модда асосида суд қилинди, аммо оқланди. Квартирага босқиндан кейин аёлларнинг таналарида кўкаришлар қолди.
Ҳалимат Тарамовага нима бўлди?
Ҳалиматнинг дўсти, чечен қизини қутқариш учун Санкт-Петербургдан Кавказга келган 26 ёшли Анна Манилованинг журналистларга айтишича, ҳужум пайтида иккаласи балкон орқали квартирадан чиқиб кетишган, аммо улар барибир қўлга тушган. Иккаласи ҳам аввал Махачқалъанинг Ленинский тумани ички ишлар бўлимига олиб борилган ва бир неча соатлик суҳбатдан сўнг полиция Тарамовани фуқаролик кийимида, чечен рақамлари бўлган жиплардаги одамларга топширган. "Ҳалиматни асфальт бўйлаб машинага судраб боришди. У қаршилик кўрсатар, бақирарди. Мен ёрдам беролмадим - улар мени ушлаб қолишди", деб эслайди Манилова "Холод" нашрига берган интервьюсида.
Ҳалимат Тарамованинг нуфузли қариндошлари бор: у Рамзан Қодировнинг сафдоши ва Чеченистон маъмурияти девони собиқ раҳбари Айюб Тарамовнинг қизи. Қизнинг турмушга чиққанига беш йил бўлган - у ажрашмоқчи эканлигини айтганди, лекин ота-онаси қаршилик қилди.
28 май куни Ҳалимат Россиянинг ЛГБТ тармоғига (Жинсий озчиликларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва ижтимоий мослашуви билан шуғулланадиган минтақалараро жамоат ҳаракати) ёрдам сўраб мурожаат қилди. Унинг яқин дўсти Анна Манилованинг сўзларига кўра, қиз уйида таҳдидларга учраган ва жинсий ориентацияси сабабли зўравонликка дучор бўлган, у бошқалар билан алоқадан маҳрум қилинган ва у билан мулоқот қилиш тақиқланган. Тарамованинг ўзи полиция учун ёзган видеолавҳада шундай деди: "Мен ўз хоҳишим билан мунтазам калтаклаш ва таҳдидлардан қочиб уйдан чиқиб кетдим. Илтимос, турган жойимни билдирманг, чунки бу менинг ҳаётимга хавф туғдиради".
Мурожаат ёрдам бермади: қидирувга берилган қиз жума куни квартирадан олиб чиқилди. Душанба куни Чеченистон давлат телерадиоэшиттириш компанияси Ҳалимат Тарамова билан ота-онасининг уйида ёзиб олинган видеомулоқотини эълон қилди. Видеода Тарамова хона бурчагида туриб (Кавказда аёллар хонада эркаклар бўлганида бурчакда туриши одатий ҳолдир), ўзининг ҳуқуқлари бузилмаётгани ва ҳаммаси яхшилигини айтди. Худди шу интервьюсида Ҳалимат ЛГБТга алоқадорлигини рад этади.
Чеченистон Миллий сиёсат, ташқи алоқалар ва матбуот вазири Аҳмед Дудаевнинг таъкидлашича, Тарамова гўёки "руҳий муаммоларга дуч келган" ва хавфсизлик кучлари уни ўғирламаган, аксинча, "провакаторлар"нинг уни ўғирлашга уриниши олди олинган. "Чеченистон Республикасида умуман мавжуд эмас ва бўлмаган баъзи озчиликларга уларни қўшиб қўйишга уринишмоқда", деди Дудаев.
Кавказда аёллар мавқеи Россиянинг қолган қисмидан нимаси билан фарқ қилади?
"Улар менга ҳамма жойда оилавий зўравонлик бор дейдишади. Йўқ, болалар, бу ерда бошқача ва жуда катта фарқ бор", деб таъкидлайди доғистонлик ҳуқуқ ҳимоячиси ва журналист Светлана Анохина Би-би-сига берган интервьюсида. "Рязандан ёки Сизрандан бирор эркак кўплаб қариндошларини тўплаб, узоқ бир жойга бориб, хотини ёки қизи яширинган бошпанани қамал қилишини тасаввур қилиш қийин. Бу ерда кўп одамлар "жиноятчи"ни қидиришга қўшилади. Бу ерда улар қочқинлар хатти ҳаракатида мавжуд тартиботга қарши катта таҳдидни кўришади.
Кавказдаги тартиботнинг Рязандагидан асосий фарқи шундаки, бу ерда жамият жамоавийдир, дея тушунтиради Катерина Нерозникова, "Марем" инсон ҳуқуқлари гуруҳининг зўравонлик қурбонларига (асосан Кавказда) ҳуқуқий ва психологик ёрдам кўрсатувчи кўнгиллиси. "Аёл ҳам, эркак ҳам катта оилавий тузилманинг бир қисмидир. Агар бирор Ҳалимат ўзини оилада ёмон ҳис қилаётганини айтса, дарҳол эри, кейин ака укалари ҳақида гапириш ёмон бўлади", дейди у.
Бу ерда аёлнинг хулқ-атвори унинг шахсий иши эмас, балки оиланинг обрўси кўрсаткичидир. Кавказ таомилига кўра, эркак жамият олдида аёл учун масъулдир - шунинг учун аёлларнинг хатти-ҳаракатлари қатъий назорат қилинади. "Агар кимдир кечқурун кўчада юрган қизни кўрса, улар қизга ҳеч нарса демайдилар, аммо акасига синглисига кўз қулоқ бўлмаётганини айтишади", деб тушунтиради социолог Ирина Костерина. "Шунга қарамай, кўплаб эркаклар, масалан, хотинлари, опа-сингилларининг интернетдаги суҳбатлари ёки телефонларини текширади. Улар ўз обрўсидан қўрқишади: уятга қолдирадиган иш қилаётган бўлса чи."
Ваҳоланки, расман Россия қонунлари Кавказда ҳам амал қилади, аммо бу ерда ҳаётни фақат қонунларгина белгиламайди. Ирина Костеринанинг таъкидлашича, Россия қонунларидан ташқари ислом ахлоқи - шариат қонунлари ва "одат ҳуқуқи" деб номланган, яъни анъаналарга асосланган ёзилмаган қоидалар тўплами ҳам муҳим роль ўйнайди.
Ушбу қоидаларнинг бари бир-бирига ғалати шаклда қоришиб кетган. Доғистонлик ҳуқуқ ҳимоячиси Светлана Анохина буни кўзбойлағичлик билан таққослайди, у керакли пайтда шляпасидан керакли қонун ёки одатни чиқариб кўрсатади. Шу сабабли, Кавказда ҳуқуқни муҳофаза қилиш принципиал жиҳатдан бошқа мамлакатдан фарқ қилади, шу жумладан, аёллар ҳуқуқлари борасида ҳам.
Келин ўғирлаш кўп учрайди ва бунда одатда жиноий иш очилмайди. Россиянинг аксарият минтақаларида ажралиш пайтида суд болаларни онасига қолдиради. Кавказда, аксинча, уларни ота оиласида қолдириш одат тусига кирган. "Аёл кетди - кетса, ёлғиз кетаверсин, унга ҳеч нарса бермаймиз", деб тушунтиради Катерина Нерозникова бу мантиқни. Айнан у Ҳалимат Тарамова олиб кетилган квартирани ижарага олган эди.

Сурат манбаси, Getty Images
Ажралишнинг ўзи - ташаббус агар аёл томонидан бўлса - ҳам мураккабдир. "У ажраша олмайди ва ўз ҳаётини эркин йўлга қўя олмайди. Ҳеч ким уни ёлғиз яшашига йўл қўймайди. Агар у ажрашган бўлса, отасининг уйига қайтиши керак. Ота-онаси эса кўпинча уни қайтариб олмайди", деб тушунтиради Светлана Анохина.
Натижада, оила, дўстлик ва урф-одатлар қонунлардан кўра муҳимроқ бўлиб чиқади ва Ҳалимат Тарамова билан бўлгандақа вазиятлар юз беради. Нерозникова айтганидек, илгари "Марем" бир неча бор оилавий зўравонлик қурбонларини қидирилаётганлар рўйхатидан чиқаришга ёрдам берган. Ушбу процедура, аслида, аёлнинг милицияга ўзи ҳақида йўқолиб қолмаганлиги, балки ўз иродаси билан кетганлиги ҳақидаги хабар беришидир, ана шунда ҳатто қариндошлари уни бедарак йўқолган деб ҳисобласа ҳам, уни излашга ҳожат йўқ. Бироқ Ҳалимат Тарамова мисолида ушбу процедура ишламади.
Ҳужумдан бир неча соат олдин квартирага милиция ходими келди, дейди "Марем"дан келган кўнгиллилар. У ошхонада Ҳалимат билан хотиржам суҳбатлашди, у ўзини қариндошлари топишини истамаслигини ва уларга қарши ҳеч қандай шикоят йўқлигини тушунтирди. Светлана Анохинанинг сўзларига кўра, у бевосита ёрдам ва ҳимоя қилишни ваъда қилган. Шунга қарамай, бир неча соат ўтиб, кўплаб хавфсизлик ходимлари хонадонга бостириб керди.
Светлана Анохинанинг айтишича, квартирага милиция билан бирга Ҳалиматнинг отаси ҳам келган. Яъни, хулоса қилади у, нима учундир хавфсизлик кучлари уюштирган амалиётда оддий фуқаронинг ҳам қатнашишига нима учундир рухсат беришган. "Бу аслида милиция иши эмас, балки бир нечта эркак бундай бўлмаслиги керак деган қарорга келган. Қандай қилиб бундай қилишлари мумкин?" дейди Анохина ғазабланиб.
Кавказда аёлларни ҳимоя қиладиган ташкилотлар борми?
Аёлни ўз оиласидан ҳимоя қилиш Кавказдаги анъанавий тартибга қарши боришни англатади. Бу эса, аёл ўзини ҳимоя қиладиган, мавжуд тартибни қабул қилмайдиган одамни топиши жуда қийин деганидир. "Мен чечен ва ингуш ҳуқуқ ҳимоячиларидан, жуда жасур эркаклардан ёрдам сўрадим. Ва бу одамлар ортга чекинди. Улар қонунбузарликларга қарши курашда қўрқмасалар да, оталар ёки эрларнинг аёллар устидан ҳуқуқларига қарши боролмайдилар", деди Светлана Анохина Би би сига.
Шундай қилиб, Кавказдаги аёлларни фақат аёллар ҳимоя қилади. Улар ҳам бармоқ билан санарли. Ҳалимат Тарамова олиб кетилган квартирани "Марем" гуруҳи кўнгиллилари ижарага олган эди. "Марем" кўп пул ва маблағсиз Кавказдаги бошқа аёлларга ёрдам бериш учун йиғилган аёллар гуруҳидир. Уларнинг аксарияти ўз исмларини яширади, акс ҳолда қариндошлари уларнинг ижтимоий иш билан шуғулланишига тўсқинлик қилиши мумкин.
"Марем"нинг асосчиларидан бири - ҳуқуқ ҳимоячиси ва "Даптар" газетасининг бош муҳаррири Светлана Анохинадир. Нашр Шимолий Кавказдаги аёллар ҳаётига бағишланган.
Яна бир иштирокчи - "Instagram"даги "Тоғли аёл кундалиги" блоги ва бир неча китоблар, жумладан, қизларнинг ўз бошидан кечирган жинсий зўравонлик ҳақидаги ҳикоялари муаллифи Марям Алиевадир. Яқинда Алиева Манижанинг "Евронигоҳ"даги чиқишида экранда қўшиқчи билан бирга куйлаган юзлаб аёллар орасида пайдо бўлди. Интернетда у мусулмон сифатида қўшиқ айтгани учун "либерал", "муртад" деб тамғаланган.
"Марем" айнан Кавказда аёлларга ёрдам берадиган ташкилотлар жуда камлиги сабабли пайдо бўлган, деб тушунтирди Анохина Би-би-сига.
"Расмий" ёрдам ташкилотлари бор, масалан, Чеченистоннинг "Аёллар тараққиёт учун" ташкилоти, улар кўп оилаларга, ёлғиз оналарга ва бошқалар қатори зўравонликни бошдан кечирган аёлларга ёрдам беради. Ёки Доғистондаги "Она ва бола" жамоат ташкилоти. Шунингдек, аёллар учун ижтимоий меҳмонхоналар мавжуд. Аммо бу жойларда бошпана топиш учун сизга камида ҳужжатлар керак. Россиянинг хавфсиз шаҳарларига кўчиб ўтиш ҳам пул талаб қилади. Қочоқларда ҳужжат кўпинча бўлмайди, хайрия ташкилотлари учун ишлаш ва бу учун маблағ йиғиш қийин.
Аммо пули бор аёллар ҳам оилалари ёрдамисиз ўзларини заиф ҳис қиладилар. Энг консерватив республикаларда - Чеченистон ва Ингушетияда - ёлғиз аёлларга кўпинча квартира ижара беришмайди, чунки аёл ёлғиз яшамаслиги керак, деб ҳисобланади.
Катерина Нерозникова "Марем" учун ижарага олган квартира махсус жиҳозланган бошпана эмас, балки шунчаки борадиган жойи бўлмаганлар вақтинча турадиган жой бўлганини тушунтиради. "Бундай квартира керак, чунки агар аёлга ҳужжат йиғиш керак бўлса, Москвадаги бошпана учун ковид тестини топшириш, бирор нарсани расмийлаштириши керак бўлса, у ерда икки ёки уч кун туриши мумкин", деб тушунтирди Нерозникова Би би сига.
"Марем" бутун Россия бўйлаб очилган аёллар учун инқироз марказлари ва Москвада ёки миллиондан ортиқ аҳолиси бўлган бошқа шаҳарларда бошпана излаётган Кавказ қизлари ўртасида воситачига айланди, уларда интернетга кириш учун смартфон бўлмаслиги ва ҳатто рус тилида яхши гаплашолмаслиги мумкин. Деярли бир йиллик иш давомида, болаларни ҳисобга олмаганда, 10 та одам бошпанадаги квартирада яшаган. Аммо яна кўплаб кўнгиллиларга психологлар, адвокатлар ёрдам берди: ҳужжатларни қандай тиклаш, қаерга бориш, милиция сизни изламаётганига ишонч ҳосил қилиш.
Ҳалиматнинг кейинги тақдири нима бўлади?
Ҳалимат Тарамова олиб кетилгандан сўнг дарҳол Россия ЛГБТ тармоғи "39-қоида" бўйича Европа Инсон ҳуқуқлари судига (ЕИҲС) мурожаат қилди. Бу қоида фавқулодда ҳолатларда Европа судининг адолатсизликка тезкор муносабат билдириши учун қўлланади. 39-қоидага кўра, бу йил ЕИҲС Навальний ҳибсга олингандан кўп ўтмай озод этилишини талаб қилди ва 2017 йилда эса Ўзбекистонга депортация қилиниши хавфи бўлган журналист Али Ферузни озод қилишни талаб қилган эди.
Европа суди Россияга саволлар юборди ва жавоб учун 10 кун ажратди.
ЕИҲС Тарамова ҳибсга олинганми, нима асосда, унга адвокат берилганми, Тарамова ҳақиқатан ҳам Чеченистонга олиб кетилганми ёки йўқ, олиб кетилган бўлса, ким томонидан - хусусий шахслар ёки хавфсизлик хизмати ходимлари, Тарамова Чеченистонда ушланганми, йўқми, агар шундай бўлса, унда қандай асослардалиги ҳақида саволлар берган.
Шунингдек, ЛГБТ тармоғи Чеченистон Тергов қўмитасига қизнинг ўғирланиши ҳақида мурожаат қилди.
Чеченистон - Россиядаги ЛГБТлар учун энг хавфли жойдир. 2017 йилда гейларни оммавий ҳибсга олиш ва қийноққа солиш ҳақида хабарлар чиққан; "Новая газета" бир нечта қотиллик ҳақида хабар берган. Чеченистон ҳукумати нафақат гейларга қарши зўравонлик айбловларини, балки уларнинг республикада мавжудлиги фактини ҳам рад этади.
Ҳалиматнинг дўсти Анна Манилова қизни жинсий ориентацияси туфайли ўлдириш билан таҳдид қилишганини тасдиқлади. "Номус учун ўлдириш" - Шимолий Кавказнинг кўпроқ консерватив қисмларида одат бўлиб, оиланинг обрўсини тиклаш учун қариндошларнинг ўзлари "шарманда" қилган аёлни ўлдиришлари керак.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek















