Дунё ва тақдирлар: Ғазодаги фаластинликлар ўзи қандай яшашади? Isroil Falastin dunyo yangiliklar

Сурат манбаси, Getty Images
БМТга кўра, Ғазонинг 80 фоиз аҳолиси хорижий ёрдамга қараб қолган. Бўлгадаги тахминан бир миллион одамнинг ҳаёти кундалик бериладиган озиқ-овқатга боғлиқ. Ғазо Исроил ва Миср томонидан иҳоталанган. Дунёдаги аҳоли энг зич яшовчи ҳудудлардан бири бўлади.
Тахминан икки миллион одамнинг уйи бўлмиш Ғазо узунлиги 41 км., эни 10 км., Ўрта ер денгизи, Исроил ва Миср билан чегараланган анклавдир.
Яқинда Ғазо сектори ва Исроил ўртасидаги зиддият бир неча йиллар ўтиб содир бўлган энг даҳшатли зўравонликка айланиб кетди ва БМТ ҳатто "кенг кўламли уруш"дан огоҳлантирди.
Дастлаб Миср томонидан ишғол қилинган Ғазо 1967 йилги Яқин Шарқ урушида Исроил томонидан босиб олинган. Исроил 2005 йилда ўз қўшинларини ва 7000 га яқин ўша ерга ўрнашган аҳолисини олиб чиқиб кетди.
Ғазо 2007 йилдаги зўравонликлардан кейин ўша пайтдаги Фаластин маъмуриятига (ФМ) содиқ кучларни чиқариб юборган жангари исломий гуруҳ Ҳамас назорати остидадир.
Ўшандан кейин Исроил ва Миср Ғазога одам ва юкларнинг кириш-чиқишига чеклов қўйди ва буни жангариларга қарши хавфсизлик чоралари, деб атади.
Ҳамас ва Исроил ўртасида 2014 йилда қисқа тўқнашув рўй берди ва 2021 йил май ойида яна икки томон ўртасида жанговар ҳаракатлар бошланди.

Сурат манбаси, Reuters
Охирги зўравонликларга нима сабаб бўлди?
Шарқий Қуддусда ҳафталарча давом этган яҳудий мусулмон зиддияти ўсиши ҳам мусулмонлар, ҳам яҳудийлар учун муқаддас бўлган жойда тўқнашувларга айлангандан кейин Ғазода зўравонликлар бошланди.
Исроил муқаддас жойдан чиқиб кетиш ҳақида огоҳлантиргач, 10 май куни Ҳамас ракета ота бошлади.
Бу эса, Исроилнинг жавоб зарбасига сабаб бўлди.
Ҳужумлар зўрайиб, адоват кучайиб, 2014 йилдан бери Исроил ва Ғазо ўртасидаги энг ёмон тўқнашув келиб чиқди.
Ракеталар электр линияларини зарарлади
Электрдаги узилишлар Ғазода кундалик ҳолат саналади. Охирги тўқнашувлардан аввал, Ғазодаги хонадонлар саккиз соатдан электр олар эди.

Сурат манбаси, Reuters
Тўқнашувларда электр линиялари зарар кўрган, ёқилғи таъминотида узилишлар бошланган.
Гуманитар ишларни мувофиқлаштириш бўйича БМТ идорасига (ГИМИ) кўра, ҳозир аксар хонадонлар уч соатдан электр олмоқда.
Сектор асосий электрни Исроилдан ва ўзидаги ягона электр станцияси ва бироз Мисрдан олади.
Ғазо электр станцияси ва одамлардаги электр генераторлари дизел ёқилғиси билан ишлайди, аммо Исроил орқали келадиган бу ёқилғи баъзида тўсиб қўйилади.
Чегаралар кўпинча ёпиқ
2007 йилда Ғазода Ҳамас ҳокимият тепасига келганидан бери Миср Ғазо билан чегарасини асосан ёпиқ ушлаб келмоқда.
Ўтган йили коронавирус тарқалиши олдини олиш учун қўшимча чекловлар қўйилди.
Мисрга ўтувчи Рафаҳ ва Исроилга ўтувчи Эрез ўтиш нуқталари тахминан 240 кун давомида ёпилган ва ГИМИ маълумотларига кўра, 2020 йилда фақат 125 кун очилган.

Сурат манбаси, AFP/Getty
2019 йилда 78 мингга яқин одам Ғазони Рафаҳ ўтиш йўли орқали тарк этган, аммо 2020 йилда бу 25 мингга тушиб қолган.
Шимолда, Эрездаги Исроилга ўтиш жойларида ҳам ўтишлар 2020 йилда кескин пасайиб кетди - қисман пандемия чекловлари туфайли.
Бу йил Ғазодан Эрез ўтиш нуқтаси орқали 8000 га яқин киши Исроилга ўтган, уларнинг аксарияти Исроилда тиббий ёрдам олмоқчи бўлган беморлар ёки уларга ҳамроҳ бўлган одамлардир.
Охирги зўравонликларга қадар трафик яна ўсаётган эди. Айрим ёрдам карвонларига рухсат берилган, аммо қолган ҳолатларда ўтиш нуқталари ёпиқ.
Ерости йўли тармоғи нишонга олинди
БМТга кўра, Ғазонинг 80 фоиз аҳолиси хорижий ёрдамга қараб қолган, тахминан бир миллион одамнинг ҳаёти кундалик бериладиган озиқ-овқатга боғлиқ.
Исроил томонидан қилинган блокировка Ғазо ичидаги ва ташқарисидаги ҳаракатларга ва савдо қилиш қобилиятига жиддий таъсир кўрсатди.

Сурат манбаси, Getty Images
Тўсиқни айланиб ўтишга уриниш учун Ҳамас туннеллар тармоғини қурди, ундан маҳсулотларни Ғазога олиб кириш учун ва, шунингдек, ер ости қўмондонлик маркази сифатида фойдаланилади.
Исроилнинг таъкидлашича, туннеллар жангарилар томонидан кўздан яшириниш учун ишлатилади ва шунинг учун ҳаво ҳужумлари нишонига айланмоқда.
Коронавирус маҳаллий иқтисодиётга ҳам таъсир кўрсатди, аммо Жаҳон Банкининг таъкидлашича, жанг бошланганда, у тикланиш аломатларини эндигина кўрсата бошлаганди.
Ўта гавжумлик ва бузилган уйлар
Ғазо дунёдаги аҳоли зичлиги бўйича энг юқори кўрсаткичли ҳудудлардан биридир. БМТ маълумотларига кўра, Ғазодаги қарийб 600 минг қочқин саккизта гавжум лагерда яшамоқда.
Бир квадрат километрга ўртача 5700 дан ортиқ киши тўғри келади - бу Лондон аҳолисининг зичлигига жуда яқин - аммо Ғазо шаҳрида бу кўрсаткич 9000 дан ошади.
Исроил 2014 йилда ўзини ракета ҳужумлари ва жангарилар кириб келишидан ҳимоя қилиш учун чегара бўйлаб буфер зонасини ташкил қилди.
Бу зона одамларнинг яшашлари ёки деҳқончилик қилишлари мумкин бўлган ер майдонларини камайтирди.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти 2014 йилги зўравонликларда 140 мингга яқин уйлар зарар кўрган ёки вайрон қилинган, деб тахмин қилган эди ва шу вақтдан бери деярли 90 минг оилага ўз уйларини тиклашда кўмаклашмоқда.
Айни мақолада X томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз X ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири X пост

ГИМИга кўра, сўнгги жангларда бир неча юз уйлар жиддий зарар кўрган, аммо зарарнинг тўлиқ миқёсини аниқлаш учун бироз вақт керак бўлади.
Соғлиқни сақлаш хизмати зўриқишда
Ғазонинг соғлиқни сақлаш тизими турли сабабларга кўра жуда заиф аҳволда. ГИМИ айтишича, Исроил ва Мисрнинг блокадаси, Ғарбий Соҳилда жойлашган Фаластин Маъмуриятининг соғлиқни сақлаш харажатларини пасайтиргани, Фаластин ҳудудларида соғлиқни сақлаш учун масъул бўлган ушбу Маъмурият ва Хамас ўртасидаги зиддият айбдор.
БМТ 22 соғлиқни сақлаш муассасаларини бошқариш орқали ёрдам беради. Аммо Исроил билан олдинги тўқнашувларда бир қатор касалхона ва клиникалар зарар кўрган ёки вайрон қилинган.

Сурат манбаси, Reuters
Ғарбий Соҳил ёки Шарқий Қуддус шифохоналарида даволанишга муҳтож бўлган ғазолик беморлар аввал Фаластин Маъмурияти рухсатини ва кейин Исроил ҳукумати томонидан тасдиқланган чиқиш паспортларини олиши керак - 2019 йилда Ғазо секторини тарк этиш учун беморларнинг мурожаатларинининг 65 фоизига ижобий жавоб берилган.
Охирги бир неча ойда коронавирус сабабли соғлиқни сақлаш аҳволи ёмонлашган.
Апрель ойида Ғазода касалланиш ҳолатлари кунига қарийб 3000га етган. Пандемия бошлангандан бери секторда 104 000 ҳолат қайд этилган ва 946 нафардан ортиқ одам ўлган.
Жаҳон Соғлиқ Ташкилоти (ЖСТ) чегараларга тўсиқ қўйиш нафақат тўқнашувларда жароҳатланганларга ёрдамни, балки коронавирусга қарши курашни ҳам сусайтириши ҳақида огоҳлантирган.
ЖСТ айтишича, бу вакцинация дастурига халақит беради ва одамларнинг қариндошлариникидан бошпана топиши ёки фавқулодда бошпаналар вирус тарқалишини осонлаштиради.
Озиқ-овқат карвонлари юролмаяпти
БМТ маълумотларига кўра, гарчи кўпчилик баъзи бир озиқ-овқат ёрдамларини олиб турса ҳам, Ғазодаги миллиондан ортиқ одам "ўртача ўта оғир озиқ-овқат хавфсизлиги" даражасига киритилган,.
Чегара ўтиш нуқталари ёрдам карвонлари ўтиши учун очилган, аммо отишмалар етказиб беришда бироз узилишлар келтириб чиқарди.

Сурат манбаси, Getty Images
Исроилнинг қишлоқ хўжалиги ерларидан фойдаланиш ва балиқ овлашга чекловлари ғазоликлар ўзлари ишлаб чиқарадиган озиқ-овқат миқдорини янада камайтирди.
Чегаранинг Ғазо томонидан кенглиги 1.5 км бўлган, Исроил томонидан эълон қилинган буфер зонасида деҳқончилик қилишга рухсат берилмайди ва бу маҳсулот ишлаб чиқаришда йилига тахминан 75000 тонна йўқотилишга олиб келади.
Исроил балиқ овлашга ҳам чеклов қўйган, яъни ғазоликлар фақат қирғоқдан маълум масофада балиқ овлашлари мумкин. БМТнинг таъкидлашича, агар чеклов олиб ташланса, балиқ ови иш билан таъминлаб, Ғазо аҳолиси учун арзон оқсил манбаи бўлиши мумкин.
Охирги зўравонликлардан кейин Ғазо секторида балиқ овлашнинг барча турини тақиқлади. Йиллар давомида балиқ овлаш ҳудудлари турлича белгилаб келинди, бу эса тахминан беш минг нафар балиқчи ва уларнинг ишчилари ҳаётига таъсир қилди.
Сув танқислиги одатий ҳол
Ғазода аксарият одамлар сув танқислигидан азият чекмоқда. Қувурдан келадиган сув шўр ва ифлосланган, ичишга яроқсиз.

Сурат манбаси, Reuters
Ғазолик хонадонларнинг аксарияти сув қувурларига уланган. ГИМИга кўра, электр энергияси етишмаслиги сабабли хонадонлар 2017 йилда ҳар тўрт кунда атиги олти-саккиз соат давомида сув олган. Сўнгги ҳужумлар натижасида бу яна камайтирилди.
ЖСТ кунлик сувга бўлган талаб - ичиш, ювиниш, овқат пишириш ва чўмилиш учун киши бошига 100 литр минимал талабни белгилаб қўйган. Ғазода ўртача истеъмол 88 литрни ташкил этади.
Канализация яна бир муаммо. Уй хўжаликларининг 78 фоизи умумий канализация тармоқларига уланган бўлса-да, тозалаш иншоотлари ҳаддан ташқари зўриқиб ишлайди.
ГИМИнинг билдиришича, Ўрта ер денгизига кунига юз миллион литрдан зиёд қисман тозаланган ёки умуман тозаланмаган оқава сув қуйилади.
Муаммони ҳал қилишда ёрдам бериш учун 2021 йил бошида янги оқава сув тозалаш иншооти ишга туширилди.
Мактаблар бошпана бўлмоқда
Кўпгина болалар БМТ тасарруфидаги мактабларда ўқийди ва уларнинг аксарияти сўнгги тўнашувлардан қочган одамлар учун бошпана вазифасини ўтамоқда.
Фаластиннинг қочқинлар бўйича агентлиги маълумотига кўра, 275 та мактабнинг 64 фоизи "икки сменали" тизимда ишлайди, бир гуруҳ мактаб ўқувчилари эрталаб, қолгани тушдан кейин келади.

Сурат манбаси, Getty Images
2019 йилда битта синфдаги ўқувчилар сони ўртача 41 нафарни ташкил этди.
15-19 ёшдаги саводхонлик даражаси ҳозирда 99 фоизни ташкил этмоқда - сўнгги бир неча йил ичида у муттасил ўсиб бормоқда.
Ёшлар орасидаги юқори ишсизлик
Марказий разведка бошқармасининг Фактлар китобига кўра, Ғазо аҳолиси дунёдаги энг ёшларидан биридир, аҳолининг деярли 65 фоизини 25 ёшгача бўлганлар ташкил этади.
Кўплаб ёшлар ишсиз.
2020 йилги ГИМИ ҳисоботида қисман пандемия натижасида ёшлар орасида ишсизлик 70 фоизга тенг бўлгани қайд этилган.
- Исроил - Ғазо можароси: Якшанба Ғазода 'энг қонли кун' бўлди, Исроил яна зарба берди
- Исроил ва Фаластин можароси: Тўқнашувлар Ғарбий Соҳилга ҳам ёйилди
- Исроил-Фаластин можароси: Ҳужумлар тинмаётир, қурбонлар сони янада ортмоқда
- Мирзиёев, Ўзбекистон ва Қозоғистон Шарқий Қуддусдаги вазиятдан жиддий хавотирда
- Исроил фавқулодда ҳолат эълон қилди, минтақада вазият танг - можаро илдизи қаерда?
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek















