Бобурий масжид: Ҳиндистон мусулмонлари тобора камситилмоқдаларми? Hindiston, musulmonlar, yangiliklar

Масжидда намоз ўқиётган ҳиндистонлик мусулмон

Сурат манбаси, AFP

Сурат тагсўзи, Ҳиндистондаги аксар мусулмонлар кам ҳақ тўланадиган ишларда ишлашади
    • Author, Соутик Бисвас
    • Role, Би-би-сининг Ҳиндистон бўйича мухбири
  • Ўқилиш вақти: 4 дақ

Орадан ўттиз йил ўтиб, 850 гувоҳ, 7000 дан ортиқ ҳужжат, фотосурат ва видеотасмаларга қарамай, Ҳиндистон суди XVI асрда қурилган масжиднинг бузиб ташланишида ҳеч кимни айбдор деб топмади. Муқаддас шаҳар Айодҳада ҳинд оломони масжидга ҳужум қилган эди.

Айбланган 32 тирик гувоҳнинг орасида Бош Вазирнинг собиқ ўринбосари Лал Кришна Адвани ва Бҳарата Жаната партиясининг (БЖП) етакчи аъзолари бор эди. Чоршанба куни чиққан суд қарори уларнинг барини оқлади ва 1992 йили масжиднинг бузилиши номаълум "анти социал" шахсларнинг иши бўлган ва аввалдан режаланмаган деб ҳукм чиқарди.

Масжиднинг бузилиши бир неча соат давом этгани, аввалдан тайёргарлик кўрилгани, ҳеч ким жазоланмагани, маҳаллий полициянинг қўйиб бергани ва минглаб томошабинлар кўз ўнгида бўлганига қарамай, ҳеч ким айбдор деб топилмади.

Ўтган йили Ҳиндистон Олий суди масжид бузилишини "қасддан қилингани" ва "қонуннинг мудҳиш бузилиши" бўлганини тан олган эди.

Бу қарорни қандай изоҳлаш мумкин?

Одатдагидек бу қарор ҳам Ҳиндистоннинг бетартиб ва ланж суд тизимини кўрсатувчи яна бир намуна сифатида кўрилмоқда. Ошкора сиёсий аралашувлар, маблағ етишмаслиги ва уқувсизлик сабабли суд тизимига тузатиб бўлмас зарар етгани ҳақида хавотирлар бор.

Аммо, энг муҳими, бу қарор Ҳиндистоннинг 200 миллион мусулмон аҳолиси борган сари четга чиқариб қўйилаётганини намойиш қилди.

Нарендра Модининг миллатчи БЖП партияси ҳукумати остида мусулмонлар бурчакка сиқиб қўйилди, 1947 йилдан бери дунёнинг энг катта демократияси деб кўрилган дунёвий Ҳиндистон тарихида кўрилмаган шаклда улар ўзларини камситилган ҳис қилмоқда.

Ҳиндистон бугунги кунда 200 миллион мусулмоннинг ватани

Сурат манбаси, AFP

Сурат тагсўзи, Ҳиндистон бугунги кунда 200 миллион мусулмоннинг ватани

Аксар ҳиндулар учун муқаддас бўлган сигирларни ташиб юргани ёки мол гўшти егани учун мусулмонлар ўзбошимча суд ва оломон қилинмоқда. Жаноб Моди ҳукумати қўшни давлатлардан келаётган ғайримусулмон қочқинларни кузатишни тезлаштириш учун қонунларга ўзгартиш киритди. Асосий аҳолиси мусулмон бўлган Жамму ва Кашмирни икки ҳудудга ажратиб, ундан конституцион мухтор ҳудудлик мақомини олиб қўйди.

Бу йил бир исломий гуруҳ аъзолари Деҳлида диний йиғилиш ўтказгани учун коронавирусни тарқатаётганликда айбланди. Пандемия даврида бошқа ҳинду диний маросимлари учун катта йиғилишлар ўтказилганида эса ҳеч ким айбланмади, ҳеч ким ОАВда ёмонотлиқ қилинмади.

Булар ҳаммаси эмас. Ўтган қишда мусулмон талабалар ва фаоллар Фуқаролик тўғрисидаги баҳсли қонундан норози бўлиб Деҳлида тартибсизликлар келтириб чиқаришда айбланди, ажратиб олиниб, қамоққа тиқилди. Тартибсизлика алоқаси бўлган ҳиндуларга ҳеч ким тегмади.

Бобур масжиди бўйича қарор, аксар мусулмонларнинг айтишича, уларнинг одатий камситилиши давоми, холос.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Чиндан бегоналашувни ҳис қилишяпти. Жаноб Модининг партияси ўзининг ҳинду марказчилик мафкурасини яшириб ўтирмайди. Оммавий ахборот тармоқлари мусулмонларни ошкора ёмонотлиқ қилади. Мусулмонлар учун гапирадиган, қачонлардир қудратли бўлган ҳудудий партиялар ҳам уларни ташлаб қўйган кўринади. Танқидчилар асосий мухолиф партия - Конгрессни мусулмонларнинг овозини олиб, эвазига ҳеч нарса қайтармасликда айблайди. Мусулмонларнинг ўзида эса улар учун гапирадиган бирор етакчи йўқ.

"Мусулмонларда тизимга ишонч йўқолиб бормоқда. Улар ўзларини чеклаб қўйилгандек, сиёсий партиялар, институтлар ва медиа уларга панд бергандек ҳис қилмоқда," дейди Деҳлидаги Сиёсий тадқиқотлар марказидан Осим Али.

Мусулмонлар Ҳиндистоннинг фуқаролик қонунига қарши норозилик намойишлари ташкиллаштирдилар

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Мусулмонлар Ҳиндистоннинг фуқаролик қонунига қарши норозилик намойишлари ташкиллаштирдилар

Аслида Ҳиндистон мусулмонларни камситиш бўйича анча узоқ тарихга эга. Бир ҳисоботга кўра, "улар бир томондан "аксил миллий" ва бошқа томондан "тинчлантирилган" деб қаралади". Иронияни қарангки, аксар ҳиндистонликлар мусулмонларга адолатсиз тарзда имтиёзлар берилган деган ҳинду миллатчиларининг чўпчагига ишонгани ҳолда, мусулмонлар асосий ижтимоий иқтисодий имкониятлардан наф кўрмаган, дейди тарихчилар.

Ҳиндистоннинг аҳолиси зич шаҳарларидаги геттоларга қамалиб қолганларнинг кўпи мусулмонлар. 2016 йилги ҳисоботга кўра, Ҳиндистон элит федерал полициясидаги мусулмонлар улуши 3 фоиздан оз бўлган. Ваҳоланки, мусулмонлар аҳолининг 14 фоизини ташкил этади. Шаҳарлик мусулмонларнинг атиги 8 фоизи доимий маош бериладиган иш жойига эга. Бир ҳисоботга кўра, бу мамлакатдаги ўртача кўрсаткичдан икки баробардан ҳам кам.

Болаларнинг бошланғич мактабга бориш кўрсаткичи баланд, аммо иқтисодий шароит бўлмагани учун юқори синфларда кўпчилиги мактабни ташлаб кетади. Ҳиндистон парламентидаги мусулмон вакиллар сони ҳам барқарор камайиб бормоқда - ҳозир қуйи палатада 5 фоизга бормайди, 1980 йилдаги 9 фоиздан кам. БЖП 2014 йили ҳокимиятга келганда, биринчи марта ғолиб партиядан бирорта ҳам мусулмон вакил йўқ эди.

Жаноб Моди ва унинг жамоаси БЖП ҳеч кимни диний эътиқодига кўра камситмаслигини мунтазам таъкидлаб келади. Бош Вазир кўплаб мусулмон халқларининг дастагини олганини, у яратган ижтимоий ҳимоя тизимидан, динидан қатъи назар, ҳар бир қашшоқ ҳиндистонлик наф кўраётганини айтади. БЖП йиллар давомида либерал мухолиф партияларни "сохта дунёвийлар" деб келади.

Айримлар бу даъвода ҳақиқат бор деб ишонади. Мисол сифатида улар коммунистларни келтиришади. Коммунистлар Ҳиндистон шарқидаги Ғарбий Бенгал штатида ўттиз йилдан буён ҳукмрон. Ўзини дунёвий атовчи бу партия штат аҳолисининг чорак қисмини ташкил қилувчи мусулмонларнинг хавфсизлигини таъминлаб келаётгани айтилади.

Деҳлидаги камситувчи мазмунга эга қонунга қарши намойишларга етакчилик қилганлар аёллар бўлдилар

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Деҳлидаги камситувчи мазмунга эга қонунга қарши намойишларга етакчилик қилганлар аёллар бўлдилар

Аммо, ўрганишлар кўрсатишича, мазҳабий сиёсат ва диний таранглик кучли бўлган штат - Гужаротда мусулмонларнинг иқтисодий аҳволи яхшироқ ва Инсон тараққиёти индекси бўйича Бенгалдаги диндошларидан кўра яхшироқ яшайди. "Ҳиндистонда бозор диндан холи. Шунинг учун Гужарот каби штатларда мусулмонларнинг ҳам, ҳиндуларнинг ҳам бизнеси яхши" дейди Алигарҳ Мусулмон Университети халқаро муносабатлар профессори Мирза Асмер Бег.

Аммо БЖПнинг сайловчилар ўртасида диний мансублигига кўра рақобат пайдо қилиши мусулмонларнинг "бошқа"га айлантиришга олиб келди, дейди таҳлилчилар. "Қандай қилиб қутблаштирасиз? Бошқани сизнинг ўзлигингизга таҳдид сифатида кўрсатиш орқали," дейди сиёсатшунос Кристоф Жафрело. Унинг ишонишича, Ҳиндистон этник национализациядан туғилган "этник демократия"га томон кетяпти. Бу эса "кучли мансублик ва устунлик туйғусидир".

Ҳаммаси қора рангга кириб улгургани йўқ. Ҳиндистон Покистон бўлинишини кўрмаган, ёш, гапга чечан ўрта синф шаклланяпти. Сассиз, ўз қобиғига ўранган озчилик ҳақидаги стереотипларни бузиб, Фуқаролик тўғрисидаги қонунга қарши Ҳиндистон кўчаларига чиққан кўплаб дадил мусулмон эркак ва аёлларни кўрдик. Давлат хизматларига кириш учун топшириладиган нуфузли ва рақобат қизғин имтиҳонларга ёш мусулмонларни тайёрлаш учун очилган жамоат тўгараклари сони кўпаймоқда. "Аксар ёш мусулмонлар ижобий маънода енгларига ўзликларини кўрсатиб турувчи белгиларни тақиб юрибди, ўз қарашларини очиқча билдиришдан қўрқишмаяпти," дейди жаноб Али.

Лекин, пировардида масжид бузилиши бўйича чиқарилган қарор Ҳиндистон мусулмонлари орасида хавотир ва ўзларига нисбатан адолатсизлик туйғусини янада чуқурлаштирда. "Бу ҳар жиҳатдан эътибордан четда қолган жамоадир. Уларда чорасизлик кайфияти бор. Мусулмонлар йиллар давомида ҳам ўз етакчилари, ҳам ҳинду етакчилари томонидан камситилиб келади, - дейди сиёсатшунос Зоҳир Али. - Қашшоқлик эса аҳволни янада оғирлаштирди."

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek