Дунё ва таҳлил: Нега ҳиндистонликлар катта оила бўлиб яшашда давом этмоқда?

India family

Сурат манбаси, Getty Images

Ҳинд оиласи инсонга ўзлигини кўрсатадиган ва уни ҳимоя қиладиган, "одамларни бўшлиқдан асрайдиган" клан бўлган, дейди ёзувчи В.С. Найпол.

Кейинги тадқиқотлар кўрсатишича, кўп нарса ўзгармаган.

Аксар олимлар иқтисодий ўсиш, урбанизация, таълим ва маданий ўзгаришлар билан Ҳиндистоннинг катта оилалари ҳам парчаланади деб ишониб келишади. Корнелл университети тадқиқотчиси, аҳолишунос Этьена Бретон бунинг аксини таъкидлайди. У Ҳиндистондаги хонадонлар ва модернизация ўртасидаги муносабатни ўрганиб келмоқда.

Унинг айтишича, башоратларга зид ўлароқ, Ҳиндистонда кичик оилалар сони бироз ўсди, холос.

20 аср бошларидан буён ҳинд оилаларининг ўртача ҳажми кескин кичрайганини кўрсатувчи бирор далил йўқ. Никоҳ универсал характерда, ажралишлар оз, бўйдоқлик ёки бефарзандлик сабабли пайдо бўладиган ёлғиз яшовчилар сони ҳам кўп эмас. Бирга яшовчи катта оилалар учун демографик шароит кучлилигича қолмоқда.

"Ҳиндистон оилавий ўзгаришларга кескин қаршилик қилади," дейди доктор Бретон.

Унинг охирги тадқиқот иши турмуш қурган фарзандлари билан яшовчи ота оналар ҳақида. Ҳиндистонда аёллар, гарчи эрларига раъйини ўтказа олса ҳам, оилани яккалашга камдан кам муваффақ бўлади.

Кичик оилалар одатда ўғил отаси ўлмасдан ўзига уй сотиб олсагина пайдо бўлади. Ота онадан биттаси - одатда ота - вафот этгач, ўғиллар, ҳатто алоҳида оила бўлиб чиқиб кетган бўлса ҳам, бева қолган онаси ёки отасига ғамхўрлик қилади.

India family

Сурат манбаси, Getty Images

Ҳиндистоннинг Миллий социологик кузатув маркази оилаларни ўрганувчи ривожланаётган дунёдаги илк марказ бўлиб, унинг маълумотларига кўра, ёши 65дан ошганларнинг 50 фоиздан ортиғи оилали, тахминан 45 фоиз аёл бевадир. Кекса беваларнинг мутлақ кўпчилиги - 80 фоизи болалари билан яшайди.

Кексайган жуфтларнинг 40 фоизигина болаларисиз ёки оила қурмаган боласи билан яшайди. Бу рақам ҳар 25 йилда 6 фоизга ўсиб бормоқда.

"Ана шу рақам Ҳиндистонда кичик оилалар сони аста ўсаётганини кўрсатувчи қўлимиздаги энг яхши далилдир," дейди доктор Бретон.

Нега ҳамон кўпроқ ёшлар ота онаси билан яшаётганининг бош сабаби аҳолининг ўртача умри ўсганидир - 30 ёшли эркак 2020 йилда отаси ёки онаси билан яшаши эҳтимоли 1980 йилдагига нисбатан ортган.

Оғир қадам урбанизация яна бошқа бир сабабдир. 35 фоиз ҳиндистонлик шаҳарларда яшайди, бу кўрсатгич Хитойда 60 фоиз. Ҳатто айрим ҳудудлар, тадқиқотчилар ишонганидек, хатолик оқибатида шаҳар эмас, қишлоқ деб таснифланган бўлса ҳам, шаҳар аҳолиси қишлоқ аҳолисига нисбатан кўпроқ кичик оилаларда яшашини кўрсатувчи маълумот йўқ.

Лондон Қироллик коллежидан гендер тенглик ҳақида китоб ёзаётган тадқиқотчи Элис Эванснинг ишонишича, ҳиндистонликлар катта оила бўлиб яшашда давом этаверади, чунки оилавий ришталар оилавий бизнесни рағбатлантиради, аёллар бандлиги пастлиги эса, ўз навбатида, оилавий муносабатларни мустаҳкамлайди. Қолаверса, турар жой нархлари ҳам алоҳида яшашни қийинлаштиради.

Ҳинд оилалари бу жиҳатдан ноёб эмас. 1990 йилда, доктор Эванснинг айтишича, деярли барча хитой, япон, корейс ва тайванликлар ҳозирги ҳиндистонликлар каби катта оилаларда яшаган. Мустақил турмуш оз учраган.

India family

Сурат манбаси, Getty Images

"Шарқий Осиёдаги оилаларда худди Ҳиндистондагидек мустаҳкам оилавий ришталар бўлган. Аммо 20 аср мобайнида оилага боғлиқ бўлмаган бандлик, шаҳар ва қишлоқ ўртасидаги миграция ҳамда аёлларнинг иш билан бандлиги сабабли улар кичик оилаларга айланган," дейди доктор Эванс. Ҳозир ҳам улар ота оналарига ғамхўрлик қилади, аммо "бирга яшаб эмас, пул юбориб туриш билан".

Аёлларнинг иш билан бандлиги ҳам оилаларнинг кичрайишида муҳим омиллардан биридир. Бу борада ҳам Шарқий Осиё яхши мисол бўла олади.

Ўтган асрда Япония, Корея, Тайван ва Хитойда ишловчи аёллар сони ортгани сари ёш, қўш даромадли оилалар иқтисодий мустақиллик истай бошлади.

Жанубий Корея, масалан, катта фирмаларга улкан сармоялар киритди. Бир заводда ишлаб, ётоқхоналарда яшаб, ҳуқуқлари учун курашиб, ишчилар "синфий мансубликни ривожлантирди, оиладан ташқаридаги алоқаларни мустаҳкамлади," дейди Эванс.

Иқтисодий мустақил бўлган аёллар камроқ туғади, бу эса ўз навбатида, уларга ишлаши учун янада қулайлик яратади.

Доктор Эванс Жанубий Осиёни ўрганиш бу борада бошқача манзарани кўрсатади дейди.

"Бу ерда аёллар бандлиги қашшоқлик билан боғланган, - дейди у. - Қишлоқ жойларда аёллар меҳнат бозоридан ташқарида муайян мавқега эга бўлади. Бу Ғарбий Европадаги Саноат инқилобининг илк даврини ёдга солади. Қишлоқлик аёл ҳатто ишлашни истаганда ҳам қишлоқ хўжалигининг механизациялашуви сабабли имкониятлари чекланган." Аёллар бандлигининг паст даражада бўлиши ёш оилаларнинг иқтисодий мустақил бўлишида катта тўсиқдир.

"Агар аёллар ишлагани ташқари чиқмаса, алоқаларини кенгайтириш орқали улар оилага янада боғланиб қолаверадилар," дейди доктор Эванс.

India family

Сурат манбаси, Getty Images

Ҳиндистон, агар унинг ЯИМни ҳисобга олсак, бу борада ягона мамлакат эмас, албатта. Аксар ўрта ва қашшоқ мамлакатларда катта оилалар кўп учрайди. Стивен Рагглз ва Мисти Ҳеггенесс 15 та ривожланаётган мамлакат аҳолиси бўйича маълумотларни ўрганганда бирга яшовчи катта оилалар сонида умумий камайиш бўлмаганини аниқладилар

Шундай бўлса ҳам, бу ҳолат тадрижий ўзгараётган, мураккаб ҳинд оилаларидаги аҳволни изоҳлаб бера олмайди.

Социолог Тулси Пател ҳинд оилалари ҳақида кўп ёзган. Унинг айтишича, Ҳиндистонда ҳатто кичик оиланинг таърифини келтиришнинг ўзи қийин.

"Ота оналар қариганда одатда бир ўғлининг уйидан иккинчисиникига кўчиб юради. Улар набиралари билан бирга бўлади. Ўғиллари эса уларга ғамхўрлик қилади. Болалар хорижга кетса, уларнинг қизлари ва ўғиллари билан яшаб, набираларига қарайди. Оқувчан, бирлашиб, парчаланиб турувчи бу оилаларни қандай таснифлайсиз?" дейди доктор Пател.

Энг эътиборли жиҳати шуки, кенг тарқалган тушунчага терс ўлароқ, ҳиндистонликлар қанчалик камбағал бўлса, шунчалик кичик оилада яшайди, қанча бой бўлса, бунинг акси.

Доктор Бретоннинг аниқлашича, 2000 йиллардан бери 30 ёшлардаги уйланган, таълим кўрмаган фермерлар олий таълим кўрган маош олувчи ишчиларга нисбатан кўпроқ кичик оилаларда яшайди.

Камбағалларнинг кичик оилаларда яшаши сабаби шуки, улар бу борада камроқ тўсиққа учрайди - ота оналарда фарзандларини назорат қилиш учун етарли мол мулк йўқ, камбағал оилалар кичик уйлар сотиб олади, уларда бирга яшашлари учун рағбат йўқ ҳисоби, чунки ферма ёки кичик бизнесдан келадиган даромад майдаланиб кетиши мумкин.

Family owned shop in Delhi

Сурат манбаси, Getty Images

Доктор Бретон айтишича, "кекса, таълим кўрмаган ишчилар орасида кичик оилалар кўпроқ ва, айниқса, фермерлар орасида бу янада яққолроқ сезилади".

"Бу шуни англатадики, оилаларнинг кичрайишида ҳаракатлантирувчи куч замонавий элитанинг пайдо бўлиши эмас, балки иқтисодий турғунлик, модернизациядан четда қолган аҳоли заиф қатламларининг янада қашшоқлашувидир."

Ҳинд оилалари қўзғалмас ва ўзгармас эмас албатта.

Аёллар келишилган никоҳларда ҳам ўз жуфтларини танлашда кўпроқ имкониятга эга бўлиб бормоқда. Иқтисодий ўзига тўқ бўлган кексаяётган ота оналар ҳам алоҳида яшашни афзал билишни бошламоқда.

Болалар сонининг камайиши билан - бир ўғил ёки умуман ўғилсиз - "йирик оилаларнинг пайдо бўлишига демографик шароит ҳам йўқолмоқда," дейди доктор Бретон. Ота оналар оила қурган қизларидан ҳам ғамхўрлик истай бошлармикан, буни ҳам ўрганиш қизиқ бўлади, дейди тадқиқотчилар.

Шундай бўлса да, доктор Бретон айтганидек, охир оқибат таълим кўрган элита эмас, камбағаллар ҳинд оилалари ўзгаришидаги реал куч бўлиши мумкин.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek