Хитойдаги битта шаҳар коронавирус туфайли ит ва мушук гўшти истеъмол қилинишини тақиқлади

Сурат манбаси, Getty Images
Shenzhen Хитойнинг ит ва мушук гўшти ейилишини тақиқланган биринчи шаҳрига айланди.
Коронавирус келиб чиқиши ёввойи ҳайвонлар гўштини истеъмол қилиш билан боғланиши ортидан шаҳар маъмурияти айни тақиқ қарорини олган.
Shenzhen бу масалада бир қадам олдинга кетди ва ит ҳамда мушук гўшти истеъмолини тақиқлаб қўйди.
Янги қонун 1 майдан кучга киради.
Осиё давлатлари бўйлаб йилига 30 миллион ит гўшти учун ўлдирилади, дейилади Humane Society International (HSI) ахборотида.
Аммо Хитойда ит гўштини ейиш кенг тарқалмаган.
Аксарият хитойлик ит гўштини ейишмайди ва ейишни исташмайди ҳам.
Ҳайвон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотлар бу қарорни олқишлашган.
Humane Society International ташкилотининг Хитой бўйича мутахассиси доктоп Питер Ли қарорни олқишлар экан, "Хитойда йилига 10 миллион ит, 4 миллион мушук гўшти учун ўлдирилади" дейди.
Аммо айни пайтда Хитой коронавирусга қарши айиқ ўтини (сафро) даво сифатида ишлатишга рухсат берган.
Айиқ ўти (сафроси) Хитой тиббиётида кенг қўлланилади ва тирик айиқлардан олинади.

Сурат манбаси, Getty Images
Айиқ ўтидаги урсодезоксихол кислотаси ўт тошини парчалаши, айрим жигар хасталикларини даволаши айтилади.
Аммо коронавирусга қарши даво бўладими йўқми деган саволга илмий жавоб йўқ.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: @bbcuzbek












