You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Россия, короновирус: Путин билан кўришган шифокор коронавирус юқтирди Rossiya, koronavirus
Бор-йўғи бир ҳафта бурун Президент Владимир Путин кўришган, гаплашган шифокорда ҳам коронавирус аниқланди - у Коммунаркадаги юқумли касалликлар шифохонаси бош врачи бўлади.
Бу ҳозир Россиядаги коронавирусга чалинган ва гумон қиланаётганлар даволанаётган асосий шифохоналардан бири саналади.
Россия сўнгги бир неча куннинг ўзида коронавирус ҳоллари бўйича қолган собиқ Шўро давлатларини ортда қолдирган.
Коронавирусга чалинганлар сони бугун икки минг уч юз кишидан ортган.
Аввалроқ матбуот воизи Путиннинг ўзини коронавирусга текширтиришига ҳожат йўқлигини айтган.
Буни Россия президентида коронавируснинг бирор бир белгиси йўқлиги билан изоҳлаган.
Россияда илк коронавирус ҳолати шу йилнинг 31 январ куни расман қайд этилган.
Бирваракайига икки Хитой фуқаросида аниқланган.
Жорий пайтда пойтахт Москва коронавирус ўчоғи бўлиб турибди.
Кеча, 30 мартдан бошлаб, бутун Москва шаҳри ва вилояти аҳолиси карантин остида. Зарурат бўлмаса, кўчага чиқишлари маън этилган. Қатор шартлари белгилаб берилган.
Орада Москва мэри коронавирус хавфи боис, 65 ёшдан ошган барчага уйдан чиқмасликларини буюрган.
Бунинг ортидан, Кремл мэр буйруғининг 67 ёшли Президент Владимир Путинга тааллуқли эмаслигини баён қилганди.
Денис Проценконинг коронавирус юқтиргани маълум бўлиши ортидан, Дмитрий Песков журналистларга Путин мунтазам равишда текширувдан ўтиб турганини айтган.
"Ҳаммаси яхши", - деган.
РИА Новости Песковнинг бу сўзларидан иқтибос келтирган.
18 март куни Россиядан коронавирус билан боғлиқ ўзига хос хабар олинган - Президент Владимир Путинга сўнгги Қрим сафарида ҳамроҳлик қилувчилардан ўзларини коронавирусга текширтиришлари сўралган.
Бу хабарни яна Россия президентининг матбуот котиби ҳам расман тасдиқлаган.
Бунақаси коронавирус илк бор аниқланиши ортидан кечган уч ойча вақт ичида дунёнинг бошқа бирор бир давлати президенти мисолида кузатилмаган. Бунга ўхшаш хабар оммавий ахборот воситаларида кўзга ташланмаган.
Сўнгги ҳафталарда эса, дунё ҳатто президентларнинг ўзларини коронавирусга текширтиришаётганига гувоҳ бўлмоқда.
Британия Бош вазирининг коронавирус юқтиргани эса, расман тасдиқланган. Ҳозир у уйдан туриб ишламоқда.
- Коронавирус етказган шикастдан ўзига келиши учун жаҳон иқтисодиётига бир неча йил керак
- Коронавирус, Ўзбекистон: Тошкент ёпилди, коронавирусга чалинганлар сони 65 нафарга етди
- Коронавирус: Аэропортда «яшаётган» мигрантлар меҳмонхонани рад қилишган
- Коронавирус, Алишер Усмонов: Пандемия бой-камбағал танламайди
- Коронавирус: Ўзбек мигрантларини кимдир эшитадими? - Россия, Ўзбекистон
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek