Орадан роппа-роса икки йил ўтди – Қорақалпоғистон ғалаёнлари Ўзбекистонда эсланмайдиган мавзуга айланди

Сурат манбаси, Social media/screenshot
Орадан икки йил ўтиб, ўзбек матбуоти Қорақалпоғистон воқеаларини эслагани кўзга ташланмаган.
Бундан роппа-роса икки йил аввал - 1 июль куни минглаб инсон Нукус кўчаларини тўлдирган эди.
Таклиф этилган конституциявий ўзгаришларга қарши бошланган норозилик намойиши 3 июль куни эрта тонгга борибгина тинчиган.
Расмий рақамларда 21 инсон ҳалок бўлгани айтилган ғалаёнлар Ўзбекистонда Андижон воқеалардан кейинги энг қонли воқеага айланган.
Қатор халқаро ташкилотлар ўзбек ҳукуматини норозилик намойишини бостириш ва одамларни тинчлантиришда ортиқча куч ишлатишда айблаб чиққан, баъзилар эса ҳолатга "Мирзиёев Андижони" дея ном берган.
Ўтган йил апрелида ўтган умумхалқ референдуми ортидан Қорақалпоғистон - кўчаларда норозилигини билдирган қорақалпоғистонликлар истагандек - Ўзбекистон таркибидаги "суверен республика"лигича қолган.
Одамлар талаби инобатга олинганига қарамай, кўплаб халқаро кузатувчилар Қорақалпоғистон воқеалари бўйича адолат ҳануз қарор топмагани, ўнлаб инсонлар ҳаётига зомин бўлган вазиятни юзага келтиришда бирор юқори лавозимли расмий жавобгарликка тортилмаганини таъкидлаб келади.
Энг эътиборлиси - Ўзбекистоннинг иккинчи ҳукумати даврида кузатилган ўта муҳим ижтимоий-сиёсий бу воқеа ҳозирда мамлакатда тилга олинмайдиган мавзуга айланган.
Мамлакатни зир титратган кун

Сурат манбаси, FACEBOOK/@TOREMURATJALGAS
2022 йил 25 июнь куни Ўзбекистон Конституциясига киритилиши таклиф этилаётган ўзгартиришлар лойиҳаси эълон қилинган
Лойиҳада Конституциядан Қорақалпоғистоннинг расмий мақомига оид "суверен" сўзи ва унинг Ўзбекистондан ажралиб чиқиш ҳуқуқига эгалиги тилга олинган жумлани олиб ташлаш таклиф қилинганди.
Ижтимоий тармоқда юзлаб қорақалпоғистонликлар бу ўзгартиришларга қатъий қарши эканини билдира бошлаган, флешмоблар ташкил этган.
Аксар флешмоблар ва коллектив чиқишларда қорақалпоғистонликлар ўз норозилиги бўйича расмийлар билан учрашиш талабини илгари сурган.
Бироқ бир неча кун давомида на расмий Тошкент, на Нукусда ўтирган расмийларнинг одамларда юзага келган бу норозилик кайфиятига нисбатан очиқ муносабат билдиргани кузатилмаган.
26 июнь куни кечга бориб, Қорақалпоғистон ҳудуди бўйлаб мобил интернет ишлашида муаммолар юзага келгани ҳақида хабарлар тарқалган.
Ўшанда, Би-би-си билан микрофонсиз гаплашган қорақалпоқ ҳукуматида ишловчи манба "Тошкентдан одамлар норозилигига реакция қилмаслик топшириғи келган"ини иддао қилганди.
1 июль куни кечки томон эса Нукус кўчаларида юзлаб одамлар тўпланиб, шаҳар маркази томон юраётгани аксланган тасвирлар пайдо бўлган.
Шу вақтнинг ўзида республика бўйлаб интернет бутунлай узиб қўйилган, ҳудуддан келаётган хабарлар оқими тўхтаб қолган.
Кейинроқ ижтимоий тармоқдаги норозилик кенг кўламли ғалаёнларга айланиб кетгани, одамлар кўчаларни тўлдиргани, баъзи ҳолларда норози одамлар кучишлатар тизимлар ходимлари билан тўқнашгани маълум бўлган.
Шу вақтгача Қорақалпоғистонда шаклланаётган вазият борасида сукут сақлаган ҳукумат ниҳоят баёнот берган - ИИВ тарқатган дастлабки маълумотда "айрим фуқаролар амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотларни нотўғри талқин қилиб, кутилмаганда кўча юришлари ташкил этгани" тилга олинган.

Сурат манбаси, BBC Uzbek
2 июль куни президент Шавкат Мирзиёев Нукусга етиб борган ва ўзгартирилаётган Конституциядаги Қорақалпоғистон мақомига тегилмаслигига ваъда берган.
Шунингдек, у одамлар норозилиги ҳақида вақтида хабар бермаганликда айблаб, қорақалпоғистонлик депутатларга танбеҳ берган.
Бироқ президентнинг сўзлари одамларни тинчлантира олмаган ва республика ҳудуди бўйлаб 3 июлдан фавқулодда ҳолат эълон қилинган.
5 июль куни кечга томон Нукусга етиб борган Би-би-си мухбири шаҳарда вазият тинч экани, аммо кўчаларда одамлар ва машиналар деярли йўқлигини кўрган.
Фавқулодда ҳолат 21 июль куни бекор қилинган.
Жазоланмаган амалдорлар
Ғалаёнлар оқибатида 18 инсон ҳалок бўлгани хабар қилинган, кейинроқ қурбонлар сони 21 нафарга етган.
Аввалига ҳукумат ҳалок бўлганлар шахсини очиқламаган.
Шунингдек, расмий Тошкент "намойишлар аниқ режа асосида ва конкрет шахслар томонидан мувофиқлаштириб турилган"ини таъкидлаган.

Сурат манбаси, Gazeta.uz
Бироқ қатор халқаро ташкилотлар, кузатувчилар, фаоллар воқеаларнинг расмий талқинини савол остига олиб келади.
Уларнинг фикрича, ғалаён айнан ҳукуматнинг одамлар норозилигига ўз вақтида эътибор қаратмагани, уларнинг талабига кўз юмгани ортидан юзага келган.
Июль воқеалари ортидан мамлакатда жиддий кадрлар ўзгариши юз берган - президент администрациясининг қудратли раҳбари Зайнилобиддин Низомиддинов 8 июль куни лавозимидан четлатилган, августда эса Қорақалпоғистон раҳбари Мурат Камалов ҳам ишдан кетказилган.
Ҳар икки ҳолатда ҳам ушбу расмийлар саломатлиги туфайли лавозимини тарк этаётгани тилга олинган, холос.
Қорақалпоғистонлик журналист ва адвокат Даулетмурат Тажимуратов ғалаёнлар бўйича очилган жиноят ишининг асосий фигурантига айланган.
Расмийлар уни аҳолини ноқонуний намойишга чорлаш ва ўзини Қорақалпоғистоннинг янги раҳбари деб эълон қилиш борасида даъватлар қилишда айблаган.
Умумий ҳисобда, 60 дан зиёд инсон Қорақалпоғистон воқеалари бўйича ўтган икки судда айбдор топилиб, турли кўринишлардаги жазога маҳкум этилган.
Аммо оммавий норозиликларни юзага келишига сабабчи бўлган конституциявий ўзгартиришлар ташаббускорлари ва норози фуқаролар фикрига қулоқ тутишни пайсалга солганлар ҳамда намойишларни бостиришда ортиқча куч ишлатганлар жавобгарликка тортилмади, деган қараш ҳамон кун тартибида қолиб келмоқда.

Нукус ғалаёнларининг икки йиллиги муносабати билан 1 июль куни эълон қилинган Human Rights Watch мақоласида ҳам айни қараш қайта тилга олинган.
Ташкилот нафақат юқори мансабдорлар жавобгарликка тортилмагани, балки Ўзбекистон ҳукумати ўтган икки йил ичида қорақалпоқ фаолларга босимни кучайтирганини ҳам эслатиб ўтган.
"Қорақалпоқ диаспораси дохил фаолларнинг ўз сиёсий қарашларини тинч йўл билан изҳор этгани учунгина ҳибсга олиниши ва таъқиб этилиши халқаро муҳофаза этиладиган сўз ва йиғилиш эркинлиги ҳуқуқларини поймол этади ҳамда Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари бўйича илгари сурган ваъдалари, кун тартибига мос келмайди", дейилади HRW мақоласида.
Мамлакат ичидаги фаоллар эса Қорақалпоғистон воқеалари нафақат айни мавзу, балки бошқа кўплаб ижтимоий-сиёсий мавзулар муҳокамасининг норасман тақиқланиши дебочасига айлангани ҳақида гапиради.
Уларнинг сўзларига кўра, 2022 йил 1 июлдан сўнг иккинчи ҳукумат бошқарувининг, том маънода, янги даври бошланган ва бу даврда цензуранинг кучайиши, фуқаровий эркинликларнинг янада кўпроқ чекланиши кузатилмоқда.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.















