Ўзбекистон ва уруш: "Ғалаба ҳақида айтилмаган ҳикоялар" туркумидан
- Author, Олима Бобохон қизи (1932-2011)
- Role, "Ёдимда қолганлари" китобидан парча
- Ўқилиш вақти: 6 дақ
"Уруш бошланипти" - мудҳиш хабар бир зумда ҳамма ёққа тарқалди. Ҳамманинг қулоғи радиокарнайларида. Уруш бошлангандан сўнг, ҳаёт секин-секин мактабда ҳам, уйда ҳам ўзгара бошлади. Мактабда жисмоний тарбия ўрнига ҳарбий таълим элементларини ўргата бошлашди, противогаз кийиш, ерда судралиб эмаклаш ва шунга ўхшашлар. Ҳадемай, мактабимизни госпиталга айлантиришди. Ўқувчиларни бир неча гуруҳларга бўлиб, шаҳар чеккасидаги тожик тилига ихтисослашган мактабларига жойлаштиришди. Шундай қилиб, ўйин-кулгили болалик ҳаёти аста-секин тугай бошлади.

Пахта теримига чиқадиган бўлиб қолдик. Ўқувчиларнинг пахта теримига ўз ҳиссасини қўшиши ўша уруш йилларидан - 1942-43 йилларидан бошланди десам, хато бўлмайди. Оиламизда ҳам турмуш шароити мушкуллаша борди. Онам ошхонада ошпаз бўлиб ишларди, ҳар ҳолда кунимиз ўтиб турарди. Катта акам Каттақўрғонга ишга сафарбар қилинган ва юк машинасида фронт учун керак асбоб-ускуналарни таширди. Ўртанча акам Тошкентда ҳисобчилик курсини тамомлаб йўлланма билан Хоразмда ҳисобчи бўлиб бир неча ойгина ишлаган эди, армия сафига чақириб қолишди. Шунда Хоразмдан уйга қайтаётганида бир жомадон чит-сатин олиб келди. Онам раҳматлик беҳад хурсанд бўлгани, барча кўрпа-кўрпачаларнинг авра-астарини янгилагани, ўзимизга ҳам бир сидра кўйлак-иштон тикиб бергани ҳали-ҳали ёдимда. Бу воқеа 1939 йил охири 1940 йил бошларида содир бўлган эди. Акам аввал финлар билан урушда қатнашди. Сўнг фашистларга қарши урушнинг энг оловли нуқталарида жанг қилиб, уруш тамом бўлиши олдидан ўпкасидан ўқ еган. 1945 йилнинг кузида уни госпитал ҳамшираси кузатиб келди. Кўп ўтмай, ўттиз ёшида оламдан ўтди.
Қочқинлар, ҳаёт ва сутга солинган тут

…Ҳаётимиз кундан-кун оғирлашиб борарди, дўконларда озиқ-овқат маҳсулотлари йўқ даражага келди. Одам бошига 400 грамм нон, ора-орада ун, бир-бир шакар лавлаги беришгани эсимда. Шундай бўлса ҳам қочқинлар келгунча ҳаёт бирмунча меъёрида кетаётган эди. Львов, Одесса шаҳарларидан, Белоруссиядан жуда кўп одамни олиб келишди. Айниқса, яҳудийлар жуда кўп эдилар. Қочқинлар ерли халқнинг деярли барча иш жойларини эгаллаб бошлашди. Шу орада онам ҳам ишсиз қолди. Барча ошхоналарда бош ўринларни асосан қочқинлар эгалладилар. Улар орасида яҳудийлар жуда ҳам тадбиркор, бир-бирлари билан аҳил эдилар. Уйларида ширинликлар пиширадиган цехлар очиб, Лаби Ҳовуз атрофларида, бўйинларига шиша қутиларни осиб, ранг-баранг монпасье-обинавотлар сотардилар.
Мактаб буфетида ўқувчиларга ҳар куни текин бир донадан картошка пирожка берар эдилар. Биз болалар бу пирожкани бозорга олиб бориб, сутчиларга 15 сўмга сотардик. Пулига қанд-қурс сотиб олардик, қорнимиз оч бўлса ҳам оғзимиз ширин бўларди. Кечқурунлари кўчаларда фақат яҳудийлар жуфт-жуфт бўлиб юришарди. Бола бўлганимданми ё атрофдаги гап сўзлар сабаб - ўзимча ўйлардим, "яҳудийларни урушга олмас экан-да", деб. Албатта, яҳудийлар ҳам урушда жанг қилганлар, концлагерларда ҳалок бўлганлар, мисли кўрилмаган азобу уқуботларга дучор бўлишган... аммо бу воқеалардан биз кейинчалик хабар топдик-да.
Қочқинларнинг кўчаларда ўлиб ётганларини ҳам кўрганмиз. Булар, кўпинча, Польшадан, Бессарабиядан келган аёллар эди. Ҳар ҳолда, ўшанда турли миллат вакилларини, ҳар хил урф-одат ва ўтириш-туришни кўрдик. Бизнинг ҳовлидаги бўш уйларга ҳам қочқинларни жойлаштиришди. Тутни сутга солиб еганларини кўриб ҳайрон қолганмиз. Чунки биз ҳеч қачон сут билан тут ёки бошқа бир мевани қўшиб емаганмиз-да. Кичикроқ бир уйчада бешта қизи билан бир русми, белорусми, аёл яшарди. Уларнинг эшак сўйганларини кўриб даҳшатга тушганмиз.
Шаҳардаги ҳаёт - ҳар ким ўзича топганини, ўзига эп кўрганини ер, бошқалар билан иши йўқ эди. Умумий хала жой чуқурчасида эшак қорнидан чиққан болачаси - ҳали туксиз, аммо бутун андоми билан хўтикча ётар эди. Бундай воқеа бир неча марта юз берган. Билмадим, нима сабабдан қорнида боласи билан эшакларни сотганлар. Бу ҳам ўша замон қийинчилигиниг асорати бўлса керак. Ўша қўшниларнинг уйига кирсак, ундаги ҳидга чидаб бўлмас даражада эди. У пайтларда музлатгич асбоб-ускуналар йўқ. Олти хотин-қиз учун ҳам ётоқ, ҳам ошхона бўлиб келган уйда гўшт сақлаш жуда мушкул эди.
Сталинград жангги ва Ўзбеклар

Сурат манбаси, BBC.COM/UZBEK
Сталинград жанглари бошланиши арафасида катта акам Шоаззамни "Ўзбек дивизия"сига қўшиб Сталинград фронтига олиб кетдилар. Шу ўртада отамнинг жўраси Шоди амаки биздан хабар олгани келиб, "мен келаси ҳафта сизларни қишлоққа олиб кетаман. Бўлмаса бу ерда очларингдан ўласизлар", деб тайинлаб кетди. Бир ҳафтадан кейин юкимизни аравага ортдик. Зарурини юкладик, сиғмаганини ташлаб кетдик. Қишлоқда ҳам рўзғор енгил эмас эди. Ҳар ҳолда, мева-чева, сабзавот бемалол эди. Келган йилимиз колхоз ўрикзоридан, кўп қатори ўн туп ўрик ажратиб беришди. Ўнта дарахтнинг зардолисини уйга ташиб, томга ёйиш анча қийин эди. Ўрикзор қошида буғдой, арпа экилган, тақир бўлиб қолган ерга терган зардолиларимизни ёйиб-ёйиб қўйдик. То буғдой ўриш вақтигача ўриклар ярим қуриб, ташиш анча осон бўлди. Томларга олиб чиқиб ёйдик-да, ёзнинг иссиғида сап-сариқ, жигарранг бўлиб дона-дона қуриган туршак ва ўрикларни қопларга жойлаб, даҳлиздаги катта сандиққа, қуриган ялпиз аралаштириб солиб қўйдик. Бунча ўрикни фақат ўзимиз истеъмол қилмас, балки катта қисмини кўтарасига сотардик. Колхоз бизга ҳам ер ажратиб берди, баҳорги ва кузги буғдой экдик. Буғдой бошоққа киргандан кейин, ҳар ҳафта бориб хабар олардик, бошоқлари тўлиқми, йирикми деб. Онам далада ишлар, мен эса онамга ёрдамлашардим.
Шу ўртада кичик акам Нурали Кушкадаги ҳаётга чидолмасдан қайтиб келди. Ҳали ўн саккизга тўлмаган ёш йигит, ёлғиз. Бир ойлик озиғи - тўққкиз кило ун бўлган. Эрталаб атала, кечқурун атала, нони ҳам шу, оши ҳам. Бундан ташқари, фақат одамларгина эмас, атрофдаги қашқирлар ҳам оч, ўз улушларини олишга тайёр турганлар. Акам иш билан отда бир қишлоққа бориб қайтишида кеч бўлиб қолади. Намозшомдан хуфтонга ўтар пайтида бўрилар акамга ҳужум қилиш ниятида атрофини ўраб ола бошлайдилар. Акам отда баландроқ тепаликка чиқиб, олдидан яқинлашган бўриларга гугурт чақиб қўрқитган, орқадан келганларини эса от жонивор тепиб яқинлаштирмаган. Шундай қилиб, тонг ёришгунча бўрилар билан курашиб, жонларини омон сақлашган. Қишлоқда акам табелчи бўлиб ишлай бошлади, аммо кўп ўтмай уни ҳам фронтга олиб кетдилар.
Ўн икки яшар қизалоқ - табелчи

Сурат манбаси, BBC.COM/UZBEK
Қишлоқдаги эркаклардан қарийб ҳеч ким қолмаган эди. Урушга кетган акамни ўрнига табелчиликни менга топширишди. Ёшим ўн иккига етмаган, эрталаб азонда туриб далага бораман. Колхозчи аёлларга чеканка, чопиқ қилишлари учун хаччалаб ер ўлчаб бераман. Қилинган ишни кечқурун қабул қилиб оламан. Пахтанинг таги кетмон билан юмшатиларди. Хотинлар пахта учини (тепага қараб ўсиб кетмасин деб) юлиб ташлардилар. Ўша чеканка дейиларди. 1944 йилнинг кузида мени район марказига чегарадош, қўшни Чармгарон қишлоғига 6 ойлик ҳисобчилар курсига юбордилар. Курсни тамомлаб, колхоз идорасида ҳисобчи ёрдамчиси бўлиб ишлай бошладим.
Қонли уруш охирлаган, 9 май куни мен идорада ўтириб чўт урар, ҳар бир колхозчининг бир ойлик меҳнат кунини ҳисоблаб, исми-шарифи рўпарасига ёзиб қўярдим. Шу иш билан машғул бўлиб ўтирганимда "уруш тамом бўлипти", деган хабар келди. Идорани ёпиб, ҳаммамиз "Осиё" тегирмон бошига жўнадик. Тегирмон орқасида, сув ёқасида сўлим бир жой бор эди. Колхозга келган айрим "каттакон"ларни ўша ерга олиб бориб меҳмон қилишарди. Байрам шарофати билан бу ерларда ўтириш менга ҳам насиб қилди. Раис Даврон Бобоқуловнинг уйидан патир-нонлар келди. Асалчи Шариф тоға асал олиб келди. Ош дамлашди, хуллас, одамлар ичига сиғмас даражада хурсанд. Бир вақт мени излаб онам ҳам келиб қолди. Уч ўғли қонли уруш ўчоғига дучор бўлган бечора онам бу шодком хабарни эшитиб, албатта, уйда ўтиролмасди.
Урушни яшамаган авлодга қисса
Уруш доғини кўрмаган, қийинчилигини бошидан кечирмаганлар (Илоҳим кечирмасинлар), буни тушунишлари қийин. У пайтларда ким ва қайси мамлакат учун бунчалик жон бериб, жон олаётганимизни хаёлимизга ҳам келтирмаганмиз. Ёвуз фашистларга қарши курашда, ким жангда, ким фронт орқасида, кимдир заводда, кимдир колхоз даласида бажарган вазифасини, босқинчиларга қарши кураш, деб билардик биз.
Мана шундай, бирлашиб ҳаракат қилинмаганида, дунёдаги барча эрксевар халқлар бирдамлиги бўлмаганида, ғалабага эришиб бўлармиди? Ҳа, ғалабадан хурсанд эдик, аммо уч акам жанг майдонининг уч томонида эди. Улар бу кунга етишдими, тирикми деган хавотир юрагимизнинг бир четини жиз-жиз куйдириб турарди. Жанг майдонларидан хатлар бир ярим, икки ой деганда келарди.
1944 йил охирларида Будапешт учун бўлган жангда танкчи-радист бўлган кичкина акам Нурали дарёнинг бу қирғоғидан нариги қирғоғига (дарё Будапешт шаҳрини иккига ажратиб тураркан) ўтиш вақтида танкка снаряд келиб тегади. Танк ёниб кетади, тўрт нафар танкчи танк ичида ҳалок бўлади. Акам люкка яқин жойда бўлгани учун снаряд тушиши билан ўзини ташқарига отган. Шу билан Одессадаги машҳур кўз дўхтури академик Филатов клиникасида ҳушига келади. Жарроҳлар бешта снаряд парчасини унинг юзидан олиб ташлайдилар, битта осколка қошининг ўртасига тегиб, қулоғининг теппасидан чиққан, кўп йиллар бўйнида, томоғининг тагида порох излари кўриниб турарди. Кўзлари кўрмас, шу аҳволда кўрлар ёзадиган дастгоҳда ёзган хати бизга етиб келди. Худога шукур, бир неча жарроҳлик амалиётларидан кейин бир кўзи кўрар, аммо иккинчи кўзи кўрармиди-йўқмиди, билмаймиз. Андишага бориб, биз ундан сўрамаганмиз. Ёши йигирмага етмасдан одам танимас аҳволда урушдан қайтди.
Катта акам Шоаззам Польша учун жангларда қатнашиб, ўзининг полуторка машинасида Германия чегарасига етай деб қолганида уруш тамом бўлади. Оллоҳга шукроналар айтиб, тўрт кўз тугал, эсон-омон уйга қайтди. Акам Сталинград жанги ҳақида гапириб берганида, даҳшатли урушни кўз олдимизга келтирганмиз. Ўн минг нафар жангчидан иборат "Ўзбек дивизия"си биринчи кунлардаёқ жангга ташланиб, охирида 600 гина жангчи тирик қолганини, шаҳар кўчаларида ҳалок бўлганлар устидан машинаю танклар босиб ўтганидан одам суяклари мажоқланиб, тери андоми асфальтга ёпишиб ётганини, машинада кетаётиб ярадорларнинг секинроқ-секинроқ деб инграшларини, аммо фашистларнинг самолётлари яқинлашгач, тезроқ-тезроқ деб бақирганларини айтиб берарди акам.
Ҳеч қайси йиртқич махлуқ бир-бирини шунчалик қириб ташламайди...
---------------------------------------------------------------------------------------------------------------------------------------------------------------------------------------
Азиз ўқувчи! Сизда ёки яқинларингизда ҳам Иккинчи жаҳон уруши ҳақида ҳикоялар борми? https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002
Алоқадор контент:
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост












