Иккинчи Жаҳон уруши қатлиомлари ҳақидаги иш Россияга нега керак? Rossiya, tarix, siyosat

Глава российского следственного комитета Александр Бастрыкин

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, 2020 йил сентябрида Россия Тергов қўмитаси раиси Александр Бастрикин қўмита таркибида тарихни сохталаштириш ва нацизмни оқлаш билан боғлиқ жиноятларни ўрганадиган махсус бўлинма ташкил этилгани ҳақида маълум қилди
    • Author, Олег Болдирев
    • Role, Би-би-си, Москва
  • Ўқилиш вақти: 17 дақ

2020 йилда Россия тергов органлари Иккинчи Жаҳон урушининг тарихий хотирасини мустаҳкамлаш бўйича кенг кўламли давлат кампаниясига қўшилди. СССРнинг тинч аҳолисига қарши фашистлар геноциди бўйича Россиянинг етти минтақасида камида 10 та жиноят иши қўзғатилган. Ҳуқуқ тартибот ходимларининг таъкидлашича, жамоатчилик асосидаги қидирув отрядлари ва тарихчиларга ёрдам бериш учун уларга янги архив материаллари топширилади. Аммо янги суд ишлари нега керак?

Россия Тергов қўмитаси томонидан 2020 йилда очилган жиноий ишлар миқёси жуда кенг. Тергов қўмитаси веб-сайтидаги маълумотларда Новгород ва Псков вилоятлари, Ставропол ўлкаси ва аннекция қилинган Қримдаги оммавий қабрлар ҳақида сўз кетади. Ростов ва Волгоград вилоятларида, шунингдек, Краснодар ўлкасида очилган ишлар турли жойлардаги бир неча оммавий қабрлар бўйича терговларни ўзаро бир бирига боғлайди.

Кейинги очилган иш ҳақида 18 декабрда эълон қилинди: Краснодар ўлкасининг Тергов қўмитаси 1942 йил августидан 1943 йил январигача Краснодар доҳил вилоятнинг бешта аҳоли пунктида тинч аҳолини оммавий қирғин қилиш фактларини текширмоқчи.

Тергов қўмитасининг хабарида, 1970 йилда СССР Давлат хавфсизлик қўмитаси бошлаган, аммо судгача етиб бормаган терговни қайта бошлаш ҳақида айтилган. Совет терговчилари томонидан олиб борилган бошқа баъзи терговларнинг тақдири ҳам шундай кечган эди. Ўша пайтда тўпланган материалларга Тергов қўмитаси яна нималарни қўшиши ҳали маълум эмас.

Россия Тергов қўмитаси Би-би-си саволларига жавоб беришни истамади.

Тарихчилар янги маълумотларга эга бўлишга умид қилмоқда. Аммо уларнинг баъзилари принципиал жиҳатдан янги хулосалар чиқмайди, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларининг ушбу мавзуга аралашиши эса "Россиянинг душмани" деб аталадиган одамларнинг танқидларига қарши тарғибот жавобига ўхшаяпти, деб ҳисоблайдиганлар ҳам бор.

Битта янги геноцид иши аллақачон кўриб чиқилган. 2020 йил октябрь ойида Новгород вилояти Солецкий туман суди Батецкое қишлоғида ўтган мажлисида 1942-43 йилларда Жестяная Горка қишлоғи яқинидаги тинч аҳолининг оммавий отилишини аниқ геноцид деб топди. Бироқ бу иш фуқаролик процесси тарзида ўтиб, суд ушбу ваҳшийлик учун жавобгар шахсларнинг исмини тилга олмади.

Афтидан, бу ишлар Тергов қўмитасининг марказий бошқармаси текшираётган жиноят иши доирасида амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга, жиноятчиларнинг исмлари аввал ҳам маълум эди - бу ишлар билан совет терговчилари аллақачон шуғулланган. Октябрь ойидаги суд қарорида қурбонлар сони советларнинг тахминлари билан таққослаганда бирор янги нарса айтилмаган.

"Геноцид белгилари бўлган жиноятлар"

Жестяная Горкадаги оммавий отувлар 1947 йил декабрда Новгородда вермахт офицерларининг хўжакўрсинга ўтказилган суди кўриб чиққан ишнинг бир қисми эди. Бу СССРнинг 15 та шаҳрида 1945 йил охирларидан бошлаб ўтказилган очиқ суд жараёнларининг охиргиларидан бири бўлган. Новгородда 19 киши судга тортилган, уларнинг энг юқори мартабалиси артиллерия генерали Курт Ҳерцог эди.

Суд жараёни СССРда ўлим жазоси бекор қилинганидан олти ой ўтгач бўлиб ўтди ва барча айбланувчилар узоқ муддатли қамоқ жазоларига ҳукм қилинди. Генерал Ҳерцог ва бошқа баъзи маҳкумлар ҳибсда ўлган, бошқалари ФРГ ёки ГДРга қайтарилган.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Ўша пайтдаги Ленинград вилояти ҳудудида Ҳерцог амалга оширгани айтилган жиноятлар рўйхатида, Жестяная Горка қишлоғи яқинида 3700 киши отилиши ҳам бор эди.

2020 йил октябрь ойида судга эксперт сифатида тарихчи Борис Ковалёв ҳам жалб қилинди, у 20 йилдан буён фашистлар қатлиомларини ўрганади.

Унинг таъкидлашича, урушдан кўп ўтмай пайдо бўлган рақамлар тахминий бўлган. "1947 йилда "чуқур эксгумацияси" деб номланган иш амалга оширилди. Оммавий қабр борлиги аниқланганда ҳам, уларнинг ҳаммасини - 100 квадрат метрини кўтаришга жисмоний куч йўқ эди. Биз 1 метр очамиз ва у ердан тахминан 10 та одамнинг устухони чиқади. Биз бу ўнни юзга кўпайтирамиз, - деб тушунтиради Ковалёв. - Ҳаммаси тахминан кўз билан чамаланади, 1947 йил шароитида тўлиқ эксгумация қилиш имконсиз эди. "Новгород Нюрнберги" пайтида қурбонларнинг тахминий сонини аниқлаш талаб қилинган."

Ковалевнинг таъкидлашича, ўша очилган ишдаги баҳолашлар дафн қурбонлари сонини 2500 дан 3800 кишига қадар кўрсатган.

Жестяная Горкада янги қазиш ишлари 2019 йилда бошланган ва 2020 йилда Россиянинг қидирув ҳаракати кўнгиллилари томонидан президент грантлари ҳисобидан бошланган "Даъво муддатисиз" номли лойиҳаси доирасида давом этган. Қабрлардан 500 та устухон чиқариб олинди (суд қарорида баён қилинганидек), улар орасида болаларники ҳам бор. Аммо ҳарбий жиноятларни тавсифлашда суд 1947 йилги суд жараёнидан бошқача рақамга таяниб, қабрда "камида 2600 майит" борлигини айтди.

1991 йилда КГБ йигирма йилдан ортиқ вақт ўрганган, аммо судгача етмай ёпилган қидирув иши маълумотлари ҳам суд қарорига кўчиб ўтди. Унда асирларни отиб ташлаганларнинг исмлари келтирилган. Отувда иштирок этганларнинг бирортаси ҳам жавобгарликка тортилмаган. Эҳтимол, Тергов қўмитаси очган жиноят иши ёпилгандан сўнг ўша одамларнинг кимлиги кўрсатилар.

Тарихчи Ковалёвнинг айтишича, Жестяная Горкадаги қабрларни ўрганишни давом эттириш керак ва қазиш ишлари тугагунга қадар қурбонлар сони тахминий бўлиб қолади. "Улар Жестяная Горкага шимоли-ғарбий томондан олиб келинган. Нега уларни йўқ қилишди? Ҳолокост, яҳудийлар - миллий хусусият, иккинчидан - лўлилар, - дейди Борис Ковалёв. - Кейинчалик: "яҳудий большевизми", яъни совет қаршилик вакиллари, уларнинг яқин қариндошлари, гаровга олинган одамлар."

У Жестяная Горкада бир неча ой давом этган қатлларни геноцид деб аташ мумкинлигига шубҳа қилмайди. "Биз Учинчи Рейх қонуни манбаларидан бошлашимиз керак. Учинчи Рейх қонунларига кўра, аҳолининг қайси тоифалари қирғин қилиниши керак эди? Бу бизга геноцид белгилари бор жиноятлар тўғрисида гапириш имконини беради."

Солецкий туман суди қарорида фашистларнинг хатти-ҳаракатлари янада кенгроқ баҳоланган: уларнинг ниятлари "совет халқини, шу жумладан, босиб олинган Ленинград, Псков ва Новгород вилоятларида яшовчи славян этник гуруҳини бутунлай йўқ қилиш" эди.

Суд геноцид ишини кўриб чиқа бошлагач, Жестяная Горкада қатлиом қурбонлари хотирасига ёдгорлик очилди. Ундан олдин, июнь ойида эксгумация қилинган инсонлар қолдиқлари қайта дафн этилди.

Тарихчиларми ёки прокурорлар?

Тарихчи Ковалевнинг ҳамкасблари ҳарбий тарихнинг ушбу эпизодларининг янги тафсилотларини аниқлашга уринишларни маъқуллайди, аммо ҳамма ҳам қазиш ишларини жиноий иш билан бирга олиб бориш керак деб ҳисобламайди. "Тўғри, нацистларнинг жиноятлари жиддий ўрганишга муҳтож, аммо буни олимлар қилиши керак, - дейди Олег Будницкий, Олий иқтисодиёт мактабидаги Иккинчи Жаҳон уруши тарихи ва социологияси халқаро маркази директори. - Негаки, Нюрнберг судларида ва СССРда 40 , 50 ва 60 йилларда коллабористлар ва босқинчилар устидан ўтказилган бир неча суд жараёнларида уларга ҳуқуқий баҳо берилган".

"Мени ҳайратда қолдирган нарса шуки, Тергов қўмитаси шундай баёнот берди: Ростовда Совет фуқаролари, асосан Змиевская Балкадаги яҳудийлар оммавий қатл қилингани аниқланди. Ва 27 минг рақами келтирилди. Буни ўқиб, шокка тушдим. "Аниқланди" дегани нимани англатади? - деб ҳайрон бўлади Будницкий. - Биринчидан, у уруш пайтида Фавқулодда Давлат комиссияси томонидан аниқланган. Иккинчидан, бу 27 минглик кўрсаткич шунчаки тахмин. Қаердан келган бу рақам? Мен 1939 йилги аҳолини рўйхатга олишга қарадим. Уларга кўра, Ростовда 27 минг яҳудий яшаган. Бу ерда уларнинг барчаси ўлдирилган деб қайд этилган, ваҳоланки, уларнинг баъзилари армияга чақирилган бўлса ҳам, баъзилари эвакуация қилинган. Буни "аниқлаш" учун сиз энциклопедияни очишингиз ва ўқишингиз керак."

Ҳозирги кунда Тергов қўмитаси терговчилари ўрганаётган оммавий қабрларнинг ҳаммаси ҳақида ҳам Ростовдаги ёки Жестяная Горкадаги отувлар ҳақидаги маълумотларга ўхшаш ҳужжатли база мавжуд эмас.

Суҳбатдош мутахассисларнинг таъкидлашича, Волгоград вилоятида (уруш йилларида Сталинград вилояти) тинч аҳолининг қатл қилиниши совет ва постсовет тарихчиларининг жиддий эътиборидан четда қолган.

Сталинград жанги жуда кўп ва узоқ вақт ўрганилган, аммо бир неча ой давомида ишғолда бўлганларнинг аҳволи батафсил ўрганилмаган. Хабарларга кўра, ҳозир махсус хизматлар сир тутаётган янги ҳужжатлар унга аниқлик киритишга ёрдам берадими ёки йўқ, номаълум.

Полиция Волгограддаги фашистларнинг репрессияларига гувоҳ бўлгани эҳтимоли бор кексаларни сўроқ қилиш учун чақиргани ҳақидаги хабарлар - сўроқ қилинаётганларнинг ёши ва давом этаётган эпидемияни ҳисобга олганда - шубҳа билан кутиб олинди ва ҳатто қораланди ҳам.

Волгограддаги фахрийлар ташкилотлари вакилларининг Би-би-сига айтишича, терговчилар ушбу воқеаларнинг баъзи гувоҳларига борган. Суҳбатдан сўнг улар суҳбатни сир тутиш мақсадга мувофиқлигини таъкидладилар. Би би си рус хизмати манбаларининг хабар беришича, жамиятдаги салбий резонанс Москвада, президент маъмуриятида реакцияга сабаб бўлган ва улар ушбу сўроқларни тўхтатишни тавсия қилган.

Тарихчи Будницкий бундай маълумотлар бирор ёрдам беришига амин эмас: "Бу одамлар неча ёшда! Бу ёшдаги одамларнинг хотираси заифлашади. Бундан ташқари, булар аллақачон ўз ҳаётларини яшаб бўлган, улар жуда кўп нарсани ўқиган, эшитган ва кўрган одамлардир. [Уларни сўроқ қилиш] деярли фойдасиз. Мен сизга тарихчи манбашунос сифатида айтмоқдаман, воқеадан 50 йил ўтгач, у бошқа одамга айланади. Баъзан сиз бирор одамнинг уруш пайтида айтган, сўнг 50 йилдан кейин айтган сўзлари стенограммасини топасиз. Турлича бўлиб чиқади".

Тарихни қайта кашф этиш

Волгоград вилоятида геноцид бўйича жиноий иш қўзғатилганлиги тўғрисидаги хабарда Тергов қўмитаси томонидан келтирилган бир қатор тахминий жойлардан бу йил фақат битта жой - Октябрь туманидаги Водино қишлоғи яқинидаги жой текширилгани айтилган. Бироқ буни топилма деб бўлмайди - Водинодаги қатллар ҳақида ушбу ерларни Совет қўшинлари озод қилганидан кўп ўтмай тузилган Фавқулодда Давлат комиссиясининг (ФДК) худди шу ҳужжатларида аллақачон айтиб ўтилган.

An elderly Russian woman cries while visiting a military cemetary in Moscow where numerous veterans of WWII are buried

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, "Дахво муддатисиз" деб номланган лойиҳа фаолларига кўра, Иккинчи Жаҳон урушидаги тинч фуқаролар орасидаги қурбонлари ҳақидаги маълумотлар яхши ўрганилмаган

Водинода 43 одамнинг устухони ердан олинди. Россия Қидирув ҳаракати минтақавий бўлими кенгаши раиси Андрей Орешкиннинг сўзларига кўра, маҳбуслар бу ерда ўлдирилган, қабрлардан 43 та патрон топилган.

Волгоград вилоятида бошқа оммавий қабрлар ҳали топилмади, қидирувни кейинги баҳорда давом эттириш режалаштирилган. Тахминий участкадан иккитаси Волгограднинг ўзида жойлашган ва улар топилган тақдирда ҳам, у ерда қазиш ишларини ташкил қилиш осон бўлмайди.

Ростов вилоятида бу йил археологик ўрганишлар Миллерово шаҳри яқинида ўтказилди. У ерда 266 одамнинг суяклари қазиб олинди.

Россия Қидирув ҳаракати минтақавий бошқармаси бошлиғи Владимир Щербанов айтганидек, у ерга аллақачон ўлдирилган одамларни олиб келишган, чунки чуқурларда деярли ўқ топилмади: "Биз ҳали ўқ топмадик. Агар отилмаган бўлса, демак одамлар ўлик ҳолда олиб келинган. Машиналарда одамлар газ билан заҳарланган ва улар ўлик ҳолда олиб келингани ҳақидаги версия тасдиқланди. Миллеровода 266 та қолдиқ ва ўндан оз патрон топилган. Ижронинг аниқ изларини 20-30 кишида кўриш мумкин, қолганларида ўтиб ўлдириш белгиси йўқ".

Миллероводаги қатл қилиш ўраси ҳам номаълум нарса эмас эди - бошқа кўплаб қабрлар сингари, бу ҳудуд ҳам фашистлардан озод қилингандан кейин ва ҳатто уруш тугамасдан, баъзи жасадлар ердан олинган ва бу ҳақдаги маълумотлар маҳаллий ФДК ҳужжатларига тиркалган.

Қидирувчи Щербанов қабрларни топишга рухсат берувчи ҳужжатлар илгари махсус хизматлар архивидаги "темир сандиқда" бўлганлигини таъкидлаб ўтди: "Бизнинг фикримизча, улар фуқароларимиз жиноятчи коллабористлар қариндошларини таъқиб қилишни бошлайдилар деб қўрқишган. Ва шунинг учун бу сир тутилган. Бошқача бўлиши ҳам мумкин, лекин натижада биз кутганимиздан кўпроқ нарсани йўқотдик. Ушбу ҳужжатлар махфийлиги сабабли жиноятчиларнинг ҳаммаси ҳам топилмади."

Бастрикин "геноцид" деди

Қидирув ҳаракати вакиллари тинч аҳолининг қабрлари тўғрисидаги архив материалларини ошкор қилиш ташаббускори айнан улар бўлганлигини таъкидламоқда. Сўнгги пайтгача улар фақат жанговар ҳаракатлар хариталари ёки майитларнинг жойи ҳақидаги ёзувлар ёрдамида ўлган аскарларни қидирдилар. Тинч фуқароларнинг оммавий қабрларини қидириш билан ҳеч ким шуғулланмаган.

Россия қидирув ҳаракати масъул котиби ва Россия жамоат палатаси комиссияларидан бирининг раиси Елена Цунаева бу муаммонинг халқаро ва маҳаллий томони борлигини таъкидлайди.

Биринчи ҳолда, дейди у, Россия ушбу жиноятларни унутмаслигини ва 1946 йил Нюрнберг судларидан кейин пайдо бўлган юридик амалиётни ривожлантиришни хоҳлашини кўрсатиш керак. "Масаланинг иккинчи томони - жамоатчилик. Биз уруш қаҳрамонларига ёдгорликлар ўрнатамиз, оилаларни эслаймиз, ўқиймиз, уларга фронт тақдирини ўрганишда ёрдам берамиз. Жабр кўрган тинч аҳоли борасида эса... уларни хотирлаш масаласида тайинли ҳеч нарса йўқ", дейди у.

2019 йил март ойида Цунаева Иккинчи Жаҳон уруши вақтида тинч фуқароларга қарши жиноятлар тўғрисида бугунги Россия фуқароларини хабардор қилиш ва уларни ўқитиш мақсадида "Даъво муддатисиз" лойиҳаси бошланганлигини эълон қилди. Унинг таъкидлашича, президент грантлари ҳисобидан амалга оширилаётган ушбу лойиҳа қатъий тарбиявий аҳамиятга эга ва ушбу ташаббуснинг оммавий қабрлар топилгандан кейин очилган жиноий ишларга алоқаси йўқ.

Аммо бир нечта истиснони ҳисобга олмаса, Тергов қўмитасининг геноцид бўйича фаолият харитаси Қидирув ҳаракати олиб борган ва "Даъво муддатисиз" сайти эълон қилган тадқиқотларга мос тушади. Лойиҳа иштирокчилари орасида Тергов қўмитаси, Ички ишлар вазирлиги, Мудофаа вазирлиги ва бошқа бир қатор федерал вазирликлар, шунингдек, Россия ҳарбий тарихи жамияти бор.

"Даъво муддатисиз" лойиҳаси 2020 йилни "Нюрнбергдан дарслар" деб номланган конференция билан якунлади. У ерда сўзлаган Россия Тергов қўмитаси раиси Александр Бастрикин ўз қўл остидаги хизматчилар геноцид фактларини қайд этишларига шубҳа қолдирмади.

Exhibition on Nuremberg trials opens at Contemporary Russian History Museum in Moscow

Сурат манбаси, Gavriil Grigorov/TASS

"Маълумки, Улуғ Ватан уруши даврида 27 миллиондан ортиқ совет фуқаролари вафот этди. Шу нарса ойдинлашяптики, амалдаги армияда 7 миллионга яқин аскар бор эди ва қолган деярли 20 миллиони болалар, қариялар, аёллар эди. Бу ҳақиқий уруш эдими? Йўқ, бу геноцид", деди Бастрикин.

Елена Цунаева, шунингдек, босиб олинган ҳудудларда тинч аҳолининг оммавий қирилишини геноциддан бошқа нарса деб аташ мумкин эмаслигига ишонади ва уни қонуний равишда белгилашни зарур деб билади, чунки бу нарса аввал амалга оширилмаган эди: "Улар "уруш эди бу" дейишади, шундай ишлар ҳам бўлган... Аммо бу [нацистлар томонидан] аниқ режа асосида ва сиёсий қўллов билан атай уюштирилганди. Архив ҳужжатларидан кўриниб турганидек, бу ҳаммаси жиноят эди. Биз 23 томлик архив ҳужжатларини нашр қилдик ва унда босиб олинган ҳудудларда олиб борилган мақсадли сиёсат аниқ кўрсатилган."

"Даъво муддатисиз" лойиҳаси раҳбарининг фикрича, 1946 йилги Нюрнберг суди барча саволларга жавоб бермаган.

"Улар ўзлари ҳарбий жиноятлар содир этганликларини билдирдилар. Мамлакатимиз аҳолисига қарши қасддан қилинган геноцид чи - бундай сиёсат ҳақида гапирилмади", дейди у. Ва агар бу тан олинганда эди, бугунги Болтиқбўйида SS фахрийларини табриклаш қийинроқ кечарди, деб ишонади Цунаева "Улар, аниқроғи, мамлакатни большевизмдан озод қилишган эди. Худо ҳақи, лекин нега улар Новгород вилоятида болаларни отиб ташладилар?"

Псков концлагери

"Биз бу йил жуда кўп нарсани қазиб олдик. Тепадан олинган фотосуратлар ва архив ҳужжатларини ўрганиш асосида мен кўрсатган тўртта жойда. Моглино, Андрохново, Солотопка, Глотидаги қазишлар натижа берди, оммавий қабрлар топилди", дейди журналист ва тадқиқотчи Юрий Алексеев. У Псковдан 10 километр ғарбда жойлашган Моглино концлагери тарихига оид китоб муаллифидир.

Иккинчи Жаҳон урушидаги кўплаб қатлиом жойларида бўлгани каби, Моглино фожиаси ҳақида ҳеч ким билмаган деб айтиш мумкин эмас. Лагерда соқчилик қилганларга қарши ишларни КГБ олиб борган ва улар ҳатто судгача етиб бориб, бир неча киши ўлимга ҳукм этилган.

Совет давридан буён кичик обелиск Моглинодаги ҳалок бўлган аскарларнинг биродарлик қабристони олдида турарди. Аммо бу ердаги концентрацион лагерга олиб кетилган маҳбусларнинг хотираси яқин вақтгача бирор ерда қайд этилмаган эди. Худди шу тарзда, Новгород вилоятидаги Жестяная Горка шаҳрида ҳеч қандай ёдгорлик йўқ эди. Тўрт йил олдин Алексеев Моглинода ушбу жойнинг фожиали тарихи ҳақида маълумот тахтаси ўрнатилишига эришди.

Унинг сўзларига кўра, у яқинда Моглино лагерида хизмат қилган соқчилардан бирининг жавобларини ўқиётганда, Псков жанубидаги кичик қишлоқ - Глотадаги отувлар тўғрисида маълумотни топган. Натижада, бу ерда лагернинг ўзига қараганда анча кўп қолдиқлар топилди. "Бирида битта одамнинг, иккинчисида деярли 80 та одамнинг суяклари, 73 та бутун скелет ва жамлаб бўлмас аҳволдаги болалар суяклари. Менимча, бу чуқур 80 кишига мўлжалланган эди", дейди Алексеев.

Genocide cases in Russia
Сурат тагсўзи, Россиянинг етти ҳудудида СССР тинч аҳолисини қатлиом қилиш бўйича камида 10 жиноят иши қўзғатилди

Ушбу қабрлар ҳақидаги барча маълумотлар Тергов қўмитаси Псков вилоятида олиб бораётган геноцид бўйича жиноят ишига киритилган.

Совет ҳукуматининг Иккинчи Жаҳон уруши жиноятларини тергов қилишга бўлган саъй-ҳаракатлари саксонинчи йилларнинг бошларида тўхтаб қолди. Нима учун шундай бўлгани ҳақидаги саволга псковлик суҳбатдош лўнда қилиб жавоб беради: "Уларга бари бир эди".

Унга фарқи йўқ эмас, бошқа бир президент гранти ёрдамида Алексеев Псковда уруш вақтида фашистлар қамоқхонаси бўлган бинода, босқин тарихига бағишланган музей очишга умид қилмоқда.

Ушбу қирғинлар геноцид бўлмаслиги мумкинми деган савол Алексеевга тинчлик бермайди. "Қандай қилиб, ўлдирилганларнинг ярми болалар бўлганида қандай қилиб геноцид деб тан олмаслик керак? Мен, албатта, ҳуқуқшунос эмасман. Индамай кетишим мумкин эди, лекин очилган қабрлардан бирида ярми болалар эканлигини кўрганимизда... У ерда кичкина пойабзал бор эди... Мен жуда узоқ вақт ташвиш чекдим. Мен геноциднинг илмий таърифи қандайлигини биламан, аммо ёш болалар ўлдирилган бўлса, мен буни геноцид деб атайман."

Нюрнбергдан кейин геноцид

Геноцид фақат 1948 йилда БМТнинг Париж конференциясида алоҳида жиноят тури сифатида қонуний расман тан олинган ва гарчи "геноцид" сўзи Нюрнберг судида ишлатилган бўлса да, аммо нацистларга қарши расмий айбловлар ҳарбий жиноятлар эди.

Лондондаги Миддлсекс университетининг геноцид судлари бўйича мутахассиси ва халқаро ҳуқуқ профессори Уилям Шабаснинг айтишича, 80 йил давомида бу айблов жуда катта риторик аҳамиятга эга бўлган: "СССРдаги фашистларнинг ваҳшийликлари инсониятга қарши жиноятлар деб таърифланган эди. Аммо ҳозирда бундай таъриф етарли даражада тош босмайди деб ҳисобланади. Аммо геноцид бу каби айбловларда "олтин стандарт"дир."

Замонавий тарихда ушбу атамани кенг қўллаш мисоллари кўп - турли вақтларда Канадада туб аҳолининг таъқиб қилиниши ҳам, Аргентинадаги сиёсий мухолифатга қарши репрессиялар ҳам, Болқондаги уруш пайтида оммавий қатл этишлар ҳам геноцид деб таснифланади. Буларнинг баъзилари, дейди Шабас, халқаро суд жараёнидан омон қолган бўлар эди. Баъзилари эса - йўқ.

Масалан, серб генерали Ратко Младичга қўйилган айбловлар орасида геноцид ва алоҳида банд сифатида - боснияликлар ва хорватларни йўқ қилиш ҳам бор. Қандай қилиб буларни фарқлаш мумкин?

"Ирқий ёки этник асосда бутун аҳоли гуруҳини йўқ қилиш нияти борлигини намойиш қилиш керак. Биз фашистларнинг совет халқига қарши даҳшатли шафқатсизлиги ҳақида биламиз. Бу ерда руслар алоҳида ажратилганмиди?" деб сўрайди профессор Шабас.

Унинг таъкидлашича, айрим қирғинлар, масалан, 1942 йилда Чехиянинг Лидица қишлоғи аҳолиси деярли ҳаммаси қатл қилингани - геноцид деб тан олинмайди. Ушбу эпизод оммавий жазолаш намунасидир: Лидица аҳолиси SS раҳбарларидан бири Райнхард Хайдрихга уюштирилган суиқасд учун қасос сифатида концлагерларда ўлган ёки отиб ўлдирилган. Ушбу чехларнинг суиқасдга ҳеч қандай алоқаси йўқ эди.

Россия судида у ёки бу қирғин геноцид ёки бошқа бир шафқатсизлик бўлгани тўғрисида қандайдир мунозаралар бўлишини тасаввур қилиш қийин. "Аммо улар кимни сўроқ қилади? - деб сўрайди профессор Шабас. - Қариялардан омон қолганлар борми?

Канада шошилмай қарор қилади

Краснодар ўлкасидаги геноцид актларини текшириш бўйича Тергов қўмитасининг пресс-релизларидан бирида Россия жанубидаги бир неча ҳудудларда қирғинларни уюштирган ва амалга оширган "эйнзацкоманда 10а" ходими Ҳелмут Оберландер номи тилга олинади.

"Ҳелмут Оберландер ҳозирда хорижий давлатлардан бирида яшаётгани ҳақида маълумот бор", дейди Тергов қўмитаси сирли тарзда. Аслида, бу ерда ҳеч қандай сир йўқ. Нацист жиноятчиларини топишга қизиққан ҳар бир киши Оберландернинг Канадада яшаётганини билади. Совет "маъмурияти" ҳам буни билар, аммо Украинанинг Молочанск қишлоғида туғилган ушбу собиқ SS ходимининг ишини 1972 йилда ёпган эди.

Канада деярли 60 йил давомида аввало унинг SSдаги хизматини текширишга ҳаракат қилди, сўнг Оберландерни фуқаролигидан маҳрум қилди ва Германия Федератив Республикасига жўнатди - у 1954 йили шу ердан Канадага кўчиб ўтган эди. Оберландер 2019 йил охирида фуқароликдан маҳрум этиш тўғрисидаги қарор бўйича апелляция судида яна ютқазди. Жараён сўнгги бир йил давомида ушбу босқичда қолди.

Канада ҳукумати Германиядан келган мухожирнинг ҳарбий тарихини қандай ўргангани ҳақидаги катта мақолани 2020 йил октябрь ойида "Toronto Star" газетаси нашр этди. Ушбу мақоладан чиқадиган асосий хулосалар: Ғарбий Германия терговчилари 1960-70 йилларда ўтказган тергов натижаларига кўра, "эйнзацкоманды 10а" аъзоси қотилликда айбдор деб топилиб, икки йилдан 10 йилгача муддатга ҳукм қилинган. Аммо 1970 йилда Канадада Оберландерни сўроқ қилганларидан сўнг, улар унга қарши айблов қўйиш учун етарли сабаб йўқ деб қарор қилдилар. Қотилликда шериклик айбловини ҳам даъво муддати ўтгани туфайли қўйиб бўлмас эди.

Эҳтимол ўшандан кейин Канада Адлия вазирлиги ходимларининг Совет Иттифоқига ташрифлари пайтида, собиқ SS ходимининг фаолияти тўғрисида бошқа маълумотлар олинган бўлиши мумкин. 1986 йилда Канада ҳукумати қотиллик бўйича терговни давом эттиришни истамади.

Улар Оберландернинг SSдаги кўнгилли хизматини яширган ҳолда, алдов билан Канада фуқаролигини олганига эътибор қаратдилар. Тўрт марта унинг паспорти бекор қилинди ва SSнинг собиқ офицери уч марта ушбу қарорга муваффақиятли қарши чиқди. Бир йил олдин Канада Олий суди янги апелляцияни қабул қилишдан бош тортди. Оберландерни Канададан Германияга мажбуран чиқариб юбориш тўғрисида қарор ҳали қабул қилинмади.

Оберландернинг сўроқ қилинган ҳамкасблари кўрсатмаларига кўра, "эйнзацкомманда 10а" фаолият кўрсатган шаҳарлар орасида Ростов, Таганрог, Ейск ва Краснодар бор. Ушбу география Тергов қўмитасининг бир нечта текширувлари билан мос келади. Геноцид бўйича ишларнинг муддати ўтмайди, бу Тергов қўмитасининг ҳар бир пресс-релизида ва Елена Цунаева бошчилигидаги лойиҳанинг барча материалларида таъкидланган. Эҳтимол, кекса немис, агар у тергов тугагунига қадар яшаса, уруш пайтида Россия жанубида юз берган қатлиомларга алоқадорликда айбланадиган ягона одам бўлар.

Тергов қўмитасининг ҳисоботларига кўра, ҳозирга қадар Россия Оберландернинг жиноятларга алоқадорлиги тўғрисидаги маълумотларни Германиянинг Национал социализм жиноятларини текшириш идорасига юбормоқда. Ушбу маълумотлар немисларнинг собиқ SS ходимини тергов қилиш зарурлиги борасидаги фикрини ўзгартира оладими, агар у ФРГда пайдо бўлса, уни Россияга экстрадиция қилишадими - бу номаълум.

Даллес режасини ўқинг

Совет Иттифоқи тинч аҳолини ўлдирганларни таъқиб қилишга уринишларни Иккинчи Жаҳон уруши тугаганидан бир неча ўн йил ўтгач бошлади.

"Қидирувлар бўлди, ҳаттоки уй манзиллари ҳам аниқланди. Чекистлар, менимча, ўз йўлларидан кетишди, чунки бу қидирув ишида мен собиқ жазоловчиларнинг орқа фонда уйлари, итлари ва хотинлари бўлган фотосуратларини кўрдим. Австралияда, Канадада, АҚШда. Ҳатто уй манзиллари бор эди", дейди тарихчи Борис Ковалев. Аммо Совуқ уруш даврида бу ҳаракатлар тўхтаб қолди. Ҳаддан ташқари мафкуравийлик ҳам ёрдам бермади.

"Биз СССР ҳудудида қандайдир жазоловчилар бўлишини истаймиз. Уни даъво муддати ўтмайдиган жиноятда айблашяпти. Аммо улар ишни унинг бўйнига РСФСР жиноят кодексидаги ҳамма айбловлар, жумладан, аксил совет тарғиботни амалга оширишни илишдан бошлашади", дейди Ковалев.

Иккинчи Жаҳон уруши муаммоларини доимий равишда муҳокама қилиш ва Совет Иттифоқига етказилган зарарлар ва унинг йўқотишлари ҳақида такрорлаш аниқ мафкуравий асосга эга.

"Шарқий Европада ушбу давр билан боғлиқ тортишувларнинг шиддати ҳайратланарли, - дейди Миддлсекс университетидан Уилям Шабас. - Нафақат Россияда, балки Украина, Польша, Литвада ҳам бу уруш тўғрисида мутлақо бошқача фикрлар бор. Болтиқбўйи давлатлари эса бир эмас, балки иккита даҳшатли босқинчилик - ҳам фашистлар, ҳам советлар томонидан бўлган дейди. Россия бунга мутлақо қўшилмайди, албатта. Нега буларнинг барчаси ҳозир пайдо бўлмоқда? Бу замонавий зиддиятлар билан боғлиқ, сиёсий зиддият бўлмаган жойда, масалан, Германия ва Франция ўртасида ёки Германия ва Бельгия ўртасида - ҳеч ким қабр қазишга интилмайди."

Россиядаги қазиш ишлари ташаббускорлари орасида Ғарбда Иккинчи Жаҳон уруши тарихини қайта ёзишмоқчи деб ўйлайдиганлар бор. Улар қабрларни янгидан қидириш ва уларга асосланиб жиноий ишлар очишни бундай сиёсатга қарши курашиш усули деб ҳисоблайдилар.

Россия Қидирув ҳаракати Волгоград бўлими ходими Андрей Орешкиннинг сўзларига кўра, келажакда ҳеч кимга тарихни бузиб кўрсатмаслиги ва Совет Иттифоқи тинч аҳолиси орасида катта йўқотишлар бўлганини инкор этмаслиги учун қабрларни пухта ўрганиш ва ҳужжатлаштириш керак. "Акс ҳолда, улар ўзлари ўлган деб айта бошлайдилар. Ғарбда Улуғ Ватан урушини чегарадаги тўқнашув сифатида кўрсатишни бошладилар. Америкаликлар аллақачон Берлиндаги совет танкларини ўз юлдузлари билан бўяшга уринмоқдалар, гўё биз ғалаба қозонмадик ёки бунга биргаликда эришмадик, улар ғалаба қилди, америкаликлар", дея тушунтиради у.

Архивное фото

Сурат манбаси, MARIA KOTOMINA

Сурат тагсўзи, Архив фотоси

"Урушда омон қолган ва қасос ололмаган ўша фашистлардан энергия олган про-фашист ташкилотлар ва шахслар бошларини кўтармоқда. Биз бу мавзуни ҳозир, дунёда фашизм тарғиботи кучайган пайтда олиб чиқяпмиз", дейди ростовлик қидирувчи Щербанов. Ушбу кучайтирилган тарғиботга мисол келтириш сўралганда, Щербанов 1946 йилда "Совет Иттифоқини йўқ қилиш" бўйича Даллес доктринасини мисол келтирди.

Гарчи "Даллес доктринаси" ҳеч қачон мавжуд бўлмаган бўлса да, Россияда суд қарори билан беш йилдан бери экстремистик материаллар рўйхатига киритилган.

Ўшандай кўламдаги бошқа бир террор

"Совет Иттифоқида бир мунча вақт уруш хотирасига нуқта қўйилди. Мана расмий версия - бари шу дейишди. Энди бу Ғарб билан урушда ишлатиляпти. Улар булар фашист деб айтмайдилар. "Ғарб келди". Барча янги тадқиқотлар уруш ҳақидаги ҳақиқатни тиклаш эмас, балки ҳозирги мақсадлар учун ўзига хос сиёсий ташвиқотдир", дейди "Мемориал" жамияти кенгаши аъзоси Сергей Кривенко.

Кривенко ва бошқа кўплаб шарҳловчиларнинг фикрича, ҳарбий ҳодисалар ҳақидаги архивларни кўтариш ва Иккинчи Жаҳон урушидан қолган қабрларни топишга ҳатто давлатнинг ёрдам кўрсатаётгани, ва бошқа томондан, ҳозирда Сталин давридаги кўплаб қабрларни топишга ҳаракат қилаётганлар дуч келаётган муаммолар кучли контраст пайдо қилади.

"Мемориал маълумотларига кўра, Россиянинг ўзида бу каби жойлар икки юздан ортиқ. Булар Буюк Террорнинг катта операциялари, қулоқлаштириш ва 1937-1938 йиллардаги миллий кампаниялардан сўнг пайдо бўлган жойлардир. Бундай операцияларни яширин, махфий равишда амалга ошириш, отиш ва кўмиб юбориш буюрилган вақтлардаги ўша қабрлар. Россиянинг ҳар бир минтақасида бир нечтаси бор эди, камида битта. Минтақа оперсекторларга бўлинган ва ҳар бир оперсекторда одамлар одатда отиб ташланган ва кўмиб юборилган", дейди Мемориал вакили.

1980 йилларнинг охири ва 90 йилларнинг бошларидаги йилларни ҳисобга олмаганда, давлат сталинизм қурбонларининг оммавий қабрларни топишга мутлақо уринмади ва махсус хизматларнинг архивларига киришда ёрдам бермади, у ерда, эҳтимол, қатлгоҳларнинг жойлари кўрсатилган. "Мемориал" вакили таъкидланганидек, Сталин террорида қурбон бўлганлар хотирасини абадийлаштиришда расмийларнинг доимий иштирок этишига ягона намуна - ҳозирги Воронеж ҳудудидаги Дубовка шаҳридир. У ерда 90 йилларнинг бошидан бери ўлган маҳбусларнинг қолдиқларини эксгумация қилиш ишлари олиб борилмоқда. Чорак аср давомида уч мингдан ортиқ одамнинг қолдиқлари топилди ва ёдгорлик қабристони ташкил қилинди.

Аммо бу деярли истисно ҳолат. Қолганларида ФСБ архивларига кириш имкони йўқ, уларда нафақат қатл қилиш, балки улар қаерда амалга оширилгани ҳақидаги ҳужжатлар бўлиши мумкин.

Бу, шунингдек, нацистлар амалга оширган қатл жойларида сўнгги икки йил ичида оммавий қабрларни топиш учун максимал маълумот берган минтақаларга ҳам тегишли. Ўша пайтдаги Ленинград вилоятининг Новгород оперсекторида, шунингдек, НКВД актларига биноан камида 1700 киши қатл этилган. Ленинград яқинида отиш учун олиб кетилганлар жуда кўп эди. Бу одамлар аниқ қаерда ўлдирилган, бу қабрлар қаерда - номаълум.

"Биз Новгород ва Боровичида оммавий отувлар бўлганини биламиз, аммо дафн этилган жойлар фақат тахмин қилинмоқда, улар ҳозиргача топилмади. Хунрезликлар амалга оширилган жойларнинг ҳар бири аниқ қайд этилганига ва бу ҳақда маълумот сақланиб қолганига шубҳам йўқ", дейди петербурглик тарихчи Анатолий Разумов. Нега биз Россияда 1918 йилдан бошлаб қатл қилинганларнинг қаерда кўмилганини билмаймиз?"

Архивное фото

Сурат манбаси, AlEXEI SKOROBOGATKO

Сурат тагсўзи, Архив фотоси

Унинг айтишича, Новгород репрессия қурбонлари реабилитацияси жамияти сўнгги тўрт йил давомида қамоқда бўлган карелиялик тарихчи-қидирувчи Юрий Дмитриевни қабрларни қидириш ишларига жалб қилган. Дмитриев Карелиядаги Медвежьегорск яқинидаги Сандармох қатлгоҳини кашф этиб танилган. У ерда "Биринчи соловецкий босқичи"нинг 1100 маҳбуси ва Сталин террорининг бошқа 5000 дан ортиқ қурбонлари дафн этилган.

Аммо унинг қидирувлари тарихчиларнинг 80 йилларнинг охирларида - қайта қуриш даврида олишга муваффақ бўлган материалларига асосланган эди. Энди архивларга бундай кириш имкони йўқ. Сўнгги йилларда Дмитриев Соловецкий лагерининг қолган икки қатл рўйхатидаги маҳбуслар дафн этилган яна иккита оммавий қабрни топишга ҳаракат қилди. Тахминларга кўра, бири Ленинград вилоятидаги Лодейное Поле шаҳри атрофида, иккинчиси - Соловецкий оролларида жойлашган.

"Янги тартиб" ва "янги дунё"

"1989 йилда Олий Кенгашнинг бир нечта қарори бор эди, ундан олдин ва кейин КГБнинг маҳаллий маъмуриятларни қабрларни қидиришга йўналтирган бир нечта буйруқлари бўлган. Катта террор иши ва "тройка" қарорлари ноқонунийлиги ҳақидаги Олий Кенгаш қарори ва жамоатчилик босими остида чекистларнинг ўзлари собиқ хавфсизлик хизмати ходимларини, бошқа гувоҳларни сўроқ қилишга, материалларни топишга ҳаракат қилган эди. Биз ана шунақа ишларни излашимиз керак", дейди Сергей Кривенко.

Yuri Dmitriyev, the head of the Karelia Memorial historical society, accused of producing child pornography involving his stepdaughter, paedophilia, and possessing parts of firearms, talks to the media after a hearing at Petrozavodsk City Cour

Сурат манбаси, Igor Podgorny/TASS

Сурат тагсўзи, Карелиялик тарихчи Юрий Дмитриев Сталин қатағонлари қурбонларининг қабрларини топган. Ҳозир уни жинсий зўрлаш айблови билан қамашган

90 йилларнинг охирига келиб, ушбу ҳамкорлик ва ошкор этиш жараёни тўхтади. 2010 йил ўрталаридан бошлаб Сталин буйруғи билан қатл этилганлар хотирасини абадийлаштириш бўйича иш олиб борган Дмитриев ва бошқа фаоллар ҳокимиятнинг қаршилигига дуч кела бошлади. 2016 йил ўрталарида Карелия расмийлари 5 август куни Сандармохда ҳар йили ўтказиладиган Хотира кунига келишни тўхтатдилар.

Ўша йилнинг декабрида Дмитриев болалар порнографиясини ишлаб чиқаришда айбланиб ҳибсга олинди. Суд уни оқлади, аммо икки ой ўтгач, тарихчи яна ҳибсга олинди: прокуратура порнография ишлаб чиқаришга яна жинсий тажовуз ва ўқотар қурол сақлаш айбловларини қўшди. Натижада, ўша йилнинг сентябрь ойида у апелляция судида жазони қаттиқ режимдаги колонияда ўташ билан 13 йил озодликдан маҳрум этилди. Яқинда Дмитриевга қарши учинчи суд жараёни бошланади.

"Бу Совет контрпропаганда версиясининг давоми - мавзуни бошқа ёққа буриш, Иккинчи Жаҳон уруши пайтидаги фашистларнинг ваҳшийликлари ҳақида тўхтовсиз гапириш, поляклар ҳам фаришта эмас, финлар ҳам ёвуз одамлар эди деб такрорлаш ва ҳоказо", дейди Анатолий Разумов. "Масала оддий, "янги дунё" қурувчилари "янги тартиб" ўрнатувчилардан аввал ўз геноцидлари билан ҳокимиятга келган ва ўзларини панага олган эди. Менинг вазифам ўзимизда бўлган зулмлар тарихи билан шуғулланишдир. Улар аввалроқ, жиддийроқ ва даҳшатли бўлган эди.

"Даъво муддатисиз" лойиҳаси вакили Елена Цунаева давлатнинг фашистлар жинояти ва Сталин террорини тергов қилишга сарфлайдиган маблағларини таққослашга уринишни тушунолмай ҳайрон. У нима учун урушда ўлганлар хотирасини абадийлаштириш масаласини "репрессиялар контексти"да кўриб чиқиш кераклигини тушунмайди. У Сталин буйруғи билан ўлдирилганлар хотирасини сақлаб қолиш учун ишлаётганларга ҳеч ким тўсқинлик қилмаслигига ишонади.

Тарихчи Разумов унга сиртдан эътироз билдиради: тўсиқлар нафақат яққол кўриниб турибди, балки 90 йилларда тан олинган фактларни инкор қилишга янги уринишлар ҳам мавжуд. Масалан, Каттин ва Медний қишлоғидаги оммавий қатллар совет раҳбарияти томонидан режалаштирилган ва уюштирилган эди. Худди шу қаторда у Россия ҳарбий тарихи жамияти Иккинчи жаҳон урушида Карелияни босиб олиш пайтида гўёки Совет Иттифоқининг финлар томонидан отиб ташланган ҳарбий хизматчилари қабрларини қидириш бўйича ҳаракатларини кучайтирганини таъкидлайди.

Псковда фашистлар ишғоли музейини яратиш устида иш олиб борган муаллиф ва қидирувчи Юрий Алексеев Сталин қатағони туфайли бобосидан айрилган. Бобоси Қозоғистонга сургун қилингандан сўнг вафот этган: "Менинг бобом бегуноҳ қамалган, фақат келиб чиқиши туфайли, у терск казаги эди. Менимча, ўша ва бошқа репрессиялар ҳам ўрганилиши, қайд этилиши ва ҳужжатлаштирилиши керак. Иккала ҳолатда ҳам тинч фуқаролар ўлдирилган."

Мақолани ёзишда Тимур Сазонов кўмаклашган