“Бирлик” раҳбари Абдураҳим Пўлат оламдан ўтди

Марҳум Абдураҳим Пўлат

Сурат манбаси, Facebook/Harakat.net

Ўзбекистондаги дастлабки сиёсий мухолиф ташкилоти ҳисобланадиган "Бирлик" Халқ ҳаракати асосчиларидан бири Абдураҳим Пўлат вафот этди.

Бу ҳақда "Бирлик"нинг нашри "Ҳаракат" хабар тарқатди.

Harakat.net веб-сайтида "Бирлик" фаоллари таъзия эълон этдилар.

Алоқадор мавзулар:

Мутахассислиги бўйича кибернетик олим, физик Абдураҳим Пўлат 78 ёшида оламдан ўтди.

У 1945 йил Тошкент вилоятида туғилган.

Ўрта мактабдан кейин Москва Энергетика институтида ўқиган.

Энергетика институтини 1968 йили тугатиб, СССР Фанлар Академияси Ҳисоблаш марказига аспирантурага кирган, 1973 йили номзодлик диссертациясини ёқлаган.

1973 йилдан 1991 йилгача Тошкентдаги Ўзбекистон Фанлар Академияси Кибернетика институтида ишлаган.

Абдураҳим Пўлатдан иқтибос

Сурат манбаси, .

Абдураҳим Пўлат 1988 йилдан Орол денгизини қутқариш қўмитасида эксперт сифатида қатнаша бошлаган.

1988 йил ноябрида "Бирлик" Халқ ҳаракатини ташкил этиш бўйича ташаббус гуруҳи аъзоларидан бири бўлади.

1989 йилдаги таъсис қурултойида Абдураҳим Пўлат "Бирлик" Халқ ҳаракати ҳамраисларидан бири этиб сайланади.

Шундан сўнг у Коммунистик партия аъзолигидан чиқишга қарор қилди.

1989-1991 йилларда "Бирлик" қудратли сиёсий ташкилотга айланди, Орол денгизининг қуриши, Ўзбек тилига давлат тили мақомини бериш, Совет армияси сафида Ўзбек йигитларининг ўлдирилиши масалаларини кун тартибига олиб чиқди, норасмий ҳаракат ҳисобланган "Бирлик"нинг норозилик митинглари бир неча минг инсонни тўплай оларди.

"У 80 йилларни охиридан бошлаб муваффақиятли илмий ишларини ва истиқболли карьерасини ташлаб халқимизни коммунистик тузим зулмидан озод қилишга, ўзбек халқини мустақиллиги учун курашга бел боғлади", деб ёздилар сафдошлари Абдураҳим Пўлат вафоти муносабати билан эълон қилган ҳамдардликларида.

1990 йил июнида ҳаракатни "Бирлик" Халқ ҳаракати" партиясига айлантиришга қарор қилинди, Абдураҳим Пўлат партия раиси этиб сайланди.

"1992 йилнинг июл ойида "номаълум шахслар" Абдураҳим акага ҳужум қилиб, темир арматуралар билан бошига уриб-калтаклашди. Ҳужум қилганлар уни ўлган деб ҳисоблаб, беҳуш ташлаб кетишди. Абдураҳим Пўлатнинг ҳаётига қилинган бу суиқасд халқаро миқёсда катта шов-шувга сабаб бўлди", деб ёзади Ҳаракат нашри.

Ўша йили Абдураҳим Пўлат Ўзбекистонни тарк этишга мажбур бўлди.

У аввал Озарбайжонда, сўнг Туркияда яшайди.

1998 йил АҚШдан сиёсий бошпана олади.

Абдураҳим Пўлат мухолиф партияга раҳбарликни давом эттирди, "Бирлик"ни Ўзбекистон Адлия вазирлигида расман рўйхатдан ўтказиш, Ўзбекистон президентлик сайловида мухолифатдан номзод илгари суриш ҳаракатларида қатнашди.

"Ўзбекистондаги сиёсий шароитни мен Ўзбекистон ичида яшаётган сиёсатчилардан кам биламан, деб ҳисобламайман", деган эди Би-би-сига 2006 йил 23 октябрда берган интервьюсида Абдураҳим Пўлат.

Яқинларига кўра, 2022 йили Абдураҳим Пўлат оғир касал бўлиб қолди.

Шифокорлар унга бош мия шиши ташхисини қўйишган, ўсимта олиб ташланган.

"Операция муваффақиятли ўтди, аммо касаллик ўз оқибатларини келтириб чиқарди. Шу боис тикланиш даври анча қийин ўтди. Абдураҳим ака тузалиб тикланишга яқинлашган вақтда, кутилмаганда яна бир зарба келди: 2023 йилнинг ўрталарида, у йўл-транспорт ҳалокатига учради, Вашингтон кўчаларидан бирида уни машина уриб юборди. Ушбу фожиадан сўнг Абдураҳим аканинг саломатлиги янада қийинлашди", деб ёзди Harakat.net.

"Алвидо, буюк инсон! Мустақилликнинг илк йилларидаги миллий озодлик ҳаракати етакчиси бўлган бу улуғ одам оғир ва мураккаб ҳаёт йўлини бошидан кечирди", деб ёзди "Эзгулик" инсон ҳуқуқлари жамияти раиси Абдураҳмон Ташанов.

https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002