Янгиликлар. Ўзбекистон: Хидирназар Oллoқуловнинг яна бир уриниши иш бермади O'zbekiston Dunyo Yangiliklar

Хидирназар Аллақулов

Сурат манбаси, Social media

Сурат тагсўзи, Хидирназар Аллақулов ўзининг "Ҳақиқат, тараққиёт ва бирдамлик" демократик партиясини яна рўйхатдан ўтказа олмади

Адлия вазирлиги нима деди?

Алоқадор мавзулар:

party

Сурат манбаси, Skrinshot/Xidirnazar Alloqulov

Сурат тагсўзи, Термиз давлат университети собиқ ректори, профессор Oллoқулов шу йилнинг июнь ойида Би-би-си Ўзбек хизматига берган катта суҳбатида имзоларни, барибир, Адлия вазирлигига топшириш ниятида эканини таъкидлаган

Хидирназар Oллoқулов ўзининг "Ҳақиқат, тараққиёт ва бирдамлик" демократик партиясини яна рўйхатдан ўтказа олмади.

Ўзбекистон Адлия вазирлиги партия фаоллари томонидан қўшимча топширилган имзолар бунинг учун етарли эмас, деган хулосага келгани маълум бўлди.

Бу ҳақда бугун, 16 август куни Адлия вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими расман хабар тарқатди.

Хидирназар Oллoқулов Ўзбекистонда ҳукуматдан мустақил партия очиш ниятини илк бор 2020 йилнинг майида "Адабиёт" газетаси муҳаррири Бахтиёр Карим билан суҳбатида эълон қилган.

Орада кечган вақт давомида профессорнинг партия тузиш уринишлари иш бермаган.

Ўзбекистондан унинг қаттиқ босимлар ва жисмоний ҳужумларга учраганига оид хабар ва видеолар ҳам олинган.

Термиз давлат университети собиқ ректори, профессор Oллoқулов шу йилнинг июнь ойида Би-би-си Ўзбек хизматига берган катта суҳбатида имзоларни, барибир, Адлия вазирлигига топшириш ниятида эканини таъкидлаган.

У демократик усулларни қўллашда "ўз тактикаси" борлигини ҳам қўшимча қилган.

Хидирназар Oллoқулов партиясини рўйхатдан ўтказиш учун зарур бўлган 20 000 имзони йиғиш жараёни қандай қийинчиликлар ва босимлар остида кечганини ҳам сўзлаб берганди.

Раддия

Rasmiy xabar

Сурат манбаси, Skrinshot

Адлия вазирлигининг расман маълум қилишича, "Ҳақиқат, тараққиёт ва бирдамлик" демократик партиясини давлат рўйхатидан ўтказиш ҳақидаги такрорий аризалар ва фуқароларнинг имзолари ўзларига шу йилнинг 14 ва 17 июль кунлари келиб тушган.

Вазирликнинг маълум қилишича, партияни рўйхатга олиш тўғрисидаги қарор ариза ва тақдим этилган ҳужжатларни кўриб чиқиш натижаси асосида берилган.

14 июлда тақдим этилган аризага илова қилинган рўйхатда жами 9 828 фуқаронинг имзоси бўлган.

Вазирликка кўра, ҳужжатларни ўрганиш жараёнида партияга бирлашиш истагини билдирган фуқаролар рўйхатида сиёсий партия таъсис конференцияси ўтказилгунгача вафот этган, яна вояга етмаган шахсларнинг борлиги ҳам аниқланган.

Маҳаллаларни асфальтлаш, коммуникация тизимларини янгилашга маблағ олиш мақсадида "Очиқ буджет" лойиҳасига овоз бериш учун деб хато имзо қўйган ва кейинчалик ушбу имзоларини қайтариб олган, шахсга доир маълумотлар мавжуд эмаслиги сабабли шахси аниқланмаган, имзолари қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилмаган электрон шаклда олинган минглаб шахснинг борлиги ҳам маълум бўлган.

Бундан ташқари, вазирлик ўзининг раддияга оид расмий хабарида юзлаб имзонинг ўзларига бундан аввал тақдим этилган рўйхатда мавжудлиги, тақдим этилган имзолар орасида партия тузиш учун хоҳиш билдирмаган, ҳеч қандай имзо қўймаган, яна суд тартибида муомалага лаёқатсиз деб топилган, Ўзбекистонда яшамаётган, имзолари партия ташкилий қўмитасининг 3 ойлик фаолият кўрсатиш муддати тугаганидан кейин тақдим этилган шахслар борлиги каби қатор асосларни ҳам бирма-бир келтириб ўтган.

"Жорий йилнинг 16 апрелида ташкил этилган партиянинг ташкилий қўмитаси томонидан унинг фаолият кўрсатиш муддати давомида вазирликка тақдим этилган имзоси қонунчиликка мувофиқ ва ўз хоҳиши билан партияга бирлашиш истагини билдирган фуқароларнинг жами имзолари сони 2 517 тани ташкил этди", - дейди вазирлик.

Xidirnazar Allaqulov

Сурат манбаси, Skrinshot

Сурат тагсўзи, 2021 йил июнида ҳам Адлия вазирлиги қонунда талаб этилган 20 минг фуқаро имзоси ўрнига "9,8 минг имзо йиғилгани" важи билан "Ҳақиқат ва тараққиёт социал-демократик партияси"ни давлат рўйхатидан ўтказишни рад этган

Ўзбекистон Адлия вазирлиги томонидан партиясини давлат рўйхатидан ўтказишга берилган навбатдаги рад жавобига Хидирназар Oллoқуловнинг муносабати ҳозирча маълум эмас.

2021 йил июнида ҳам Адлия вазирлиги қонунда талаб этилган 20 минг фуқаро имзоси ўрнига "9,8 минг имзо йиғилгани" важи билан "Ҳақиқат ва тараққиёт социал-демократик партияси"ни давлат рўйхатидан ўтказишни рад этган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан сўнгги суҳбатида Хидирназар Oллoқулов Ўзбекистон Адлия вазирлиги унинг партиясини рўйхатдан ўтказишдан бош тортишини аввалдан билганини айтган.

Орада эса, имзо тўплаш жараёнида қатнашган бир қанча фаоллар куч ишлатар тузилмалар томонидан таъқибга учрагани ёки вақтинча ҳибс этилганини ҳам хабар қилганлар.

Адлия вазирлигининг расман эслатиб ўтишича, "Сиёсий партиялар тўғрисида"ги Қонуннинг 9-моддасига мувофиқ, сиёсий партияни рўйхатга олишни рад этиш устидан Ўзбекистон Республикаси Олий судига белгиланган тартибда шикоят қилиш мумкин.

Конструктив мухолифат

Shavkat Mirziyoyev

Сурат манбаси, .

Президент Шавкат Мирзиёев шу йилнинг 14 июль куни ўзининг етти йиллик янги ваколати ижросига киришаркан, мамлакатда конструктив мухолифат фаолияти кафолатланишига ҳам расман ваъда берган.

Ўзбекистонда амалдаги ҳукуматга мухолиф партия тузилгани ва унга Хидирназар Oллoқуловнинг раис этиб тайинлангани шу йилнинг апрель ойида, умумхалқ референдуми арафасида эълон қилинган.

Ўшанда партиянинг матбуот котиби Абдували Ниёзов ўзининг Facebook сафҳиасида, "2023 йил 16 апрель куни "Ҳақиқат, Тараққиёт ва Бирдамлик Демократик партияси" тузилган кун", деркан, худди шу кундан эътиборан имзолар йиғиш ишларини эълон қилишларини ҳам маълум қилган.

Бу Шавкат Мирзиёев президентлиги даврида мамлакат ичидаги фаолларнинг илк бор ўзини сиёсий мухолифат, дея эълон қилиши бўлган.

Ўшанда расмийларнинг мазкур хабарга нисбатан муносабати номаълумлигича қолганди.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.