Ўзбекистон: Хидирназар Оллоқулов сохта имзолар, четдаги мухолифат, Россия ва Президент Мирзиёев ҳақида

"Ҳақиқат, Тараққиёт ва Бирдамлик" партиясининг раиси Ўзбекистон Адлия вазирлиги унинг партиясини яна рўйхатдан ўтказишдан бош тортишини аввалдан билганини айтди.
Би-би-си билан суҳбатда Хидирназар Оллоқулов партияни рўйхатдан ўтказиш учун зарур бўлган 20 000 имзони йиғиш жараёни қандай қийинчиликлар ва босимлар остида ўтганини сўзлаб берди.
Оллоқулов икки йил аввал Ўзбекистон президентлиги сайловлари олдидан ҳам "Ҳақиқат ва Тараққиёт" номи остида ўз партиясини рўйхатдан ўтказишга уринган эди.
Суҳбатни томоша қилинг:
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Суҳбат ёзилишидан бир кун аввал Профессор Оллоқулов ўз партиясининг Телеграм каналида наманганлик битирувчи Абдураҳмон Икромов билан бўлган суҳбатини чоп қилди.
Унда партиянинг аъзоси бўлган Икромов Наманганда Давлат Хавфсизлик Хизмати (ДХХ) томонидан партияга қарши ишлаш учун ёллангани, у партия аъзолиги учун йиғиб олган имзоларни ДХХ тортиб олиб, ўрнига вафот этган ва мавжуд бўлмаган шахсларнинг имзоларини бергани ва у бу имзоларни сўнгра партияга топширганини даъво қилади.
Би-би-си бу даъволарни мустақил тарзда тасдиқлай олмайди, чунки ДХХ муносабат билдирмайди. Бу борада ДХХда қандайдир ички текширув очилгани ё очилмагани ҳам Би-би-сига маълум эмас.
Алоқадор мавзулар:
Профессор Оллоқулов барибир имзоларни Адлия вазирлигига қайта топшириш ниятида экани ва демократик усулларни қўллашда "ўз тактикаси" борлигини айтади.

Би-би-си суҳбат давомида партиянинг ғоялари ва, рўйхатдан ўтган тақдирда, режалари ҳақида ҳам сўради. Оллоқулов, хусусан, ички ишлар ва хавфсизлик, иқтисод, иқлим ўзгаришига қарши кураш, ташқи сиёсат борасидаги саволларга жавоб берди.
Шунингдек, ундан қувғиндаги мухолиф партиялар билан алоқаси бор ё йўқлиги, ҳамда Президент Шавкат Мирзиёев билан кўришган ё кўришмаганлиги ҳақида ҳам сўралди.
Иқтисодчи олим, иқтисодий фанлар доктори, профессор Хидирназар Оллоқулов 2002-2004 йилларда Термез давлат университети ректори лавозимида ишлаган. 2004 йил охирида у ДХХнинг коррупцион схемаларига қарши чиққани учун ишдан олинганини айтган.
Ишдан олиниши ортидан у қатор суд ишлари, жумладан Ўзбекистон Олий суди ишида ютиб чиққан ва БМТнинг Инсон ҳуқуқлари қўмитаси томонидан айбсиз дея топилган, аммо лавозимига тикланмаган. Ўзбекистон тарихида у буткул оқланган камдан-кам шахслардан биридир.
Оллоқулов Ўзбекистонда ҳукуматдан мустақил партия очиш ниятини илк бор 2020 йил майида "Адабиёт" газетаси муҳаррири Бахтиёр Карим билан суҳбатида эълон қилган эди.
Шу вақтгача унинг икки уриниши, қаттиқ босимлар ва жисмоний ҳужумлар манзарасида, муваффақиятсиз бўлди.
Хидирназар Оллоқулов билан Ибрат Сафо суҳбатлашди.
Би-би-си бу суҳбатда янграган даъво ва фикрлар борасида барча томонлар муносабатига очиқ эканини эслатиб ўтади.
https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002














