Янгиликлар. Ўзбекистон: Ҳоким ҳам киролмаган қишлоқда нималарни кўрдик? O‘zbekiston Yangiliklar

- Author, Юлдуз Абдурашидова
- Role, Самарқанд вилояти
- Ўқилиш вақти: 3 дақ
Самарқанд шаҳридан шимол тарафга қараб бир неча дақиқалик автоулов йўлида Пайариқ тумани бошланади. Бу туман, қадим шаҳар билан солиштирганда, гўёки буткул бошқа дунё.
Шаҳарнинг тарихий обидалари ва ҳозир қурилаётган пўрим меҳмонхоналари ҳамда башанг бинолари билан хайрлашиб, кенг йўлдан торроқ қир йўлга тушасиз.
Кейин бу йўл ҳам тугайди. Сиз тупроқ йўлга бурилиб, машина ойналарини кўтариб, чанг-тўзон кўтарилган қир-адирлар орасидаги йўлдан яна 4-5 чақирим юрасиз.
Ниҳоят чаласувоқ уйлар, йўл четидаги мол-ҳол ва кўчадан кетаётган болаларга кўзингиз тушади.
Бу ер - Каттасой қишлоғи.
Қишлоқ гўзаллигини рад этиш қийин. Адирлар, тупроқ йўлни ўраб олган боғ-роғлар, экин далалари ўзига мафтун этади.
Мактаб узоқ, йўл қаттиқ
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Каттасойда бир неча юз оила истиқомат қилади. Кўчада аксар болалар ё аёлларни кўрасиз. Қатор ёшлар ё ишсиз, ё Россияга кетган.
Ўзбекистоннинг аксар қишлоқларида учрайдиган ишсизлик, камбағаллик, сув етмаслиги ва газ ҳамда электр таъминотидаги узилишлар қаторида Каттасойнинг бошқа муаммолари ҳам бор.
Қишлоқда мактаб йўқ. Қўшни қишлоқдаги мактаб эса 4-5 чақирим узоқда.
Бунинг устига мактабга қатнайдиган на автобус бор, на мактаб йўли асфальт қилинган.
Машинадан тушиб, қир-адирлик қишлоқдан юришга интилдим. Баъзида билқиллаган тупроқ, гоҳида катта-кичик тошлар юришга халал беради.
Аммо бу қишлоқ болалари мактабга бориб келиш учун ҳар куни 8 чақирим йўл юришлари керак.

Сурат манбаси, .
"Мактабга боргунча оёқларим оғриб қолади. Кейин боргим келмайди" - дейди бошланғич синфга қатнайдиган Малика.
Малика ва бошқа ўқувчилар 7 ёшдан бошлаб ҳар куни икки тарафга бир неча километр яёв юришлари керак.
"Олти яримда чиқаман, соат икки яримда уйга бораман. Оёқларим оғриб кетади" - дейди Рухшона исмли қизалоқ.
Тупроқ йўл қор ва ёмғирда лойга ботади, ёзда ҳар қадамдан чанг кўтарилади.
Алоқадор мавзулар:
Оналар хавотирда

Сурат манбаси, .
Бу қишлоқ болалари бошқа қишлоқлардаги учта мактабга қатнашади.
Ота-оналари уч йилдан бери янги мактаб қуриб беришлари сўрашларини айтишади. Бунинг устига, автобус қатнови йўлга қўйилар, деган умидлари ҳам йўққа чиққанини айтишади.
Каттасойлик оналар ёш қизлари мактабдан чиқиб, уйга келгунча қоронғу бўлиб қолишини айтишади.
"Жуда қоронғуда келяпти. Xавотир бўляпмиз. Кучуклар қувяпти, дейди. Ҳокимга айтганмиз, автобус қўямиз деганди, лекин автобус ҳам йўқ, ҳокимнинг ўзи ҳам шундан кейин йўқ бўлиб кетди" - дейди Сожида исмли она.

Ёш оилалар кўп бўлгани боис, асосий мактабга борадиган болалар - бошланғич синф ўқувчилари, яъни 7-14 ёш орасидаги болалар.
Уч фарзанди мактабга борадиган Муножот опанинг билдиришича, совуқ пайтлари лой кўчалардан мактабга борадиган фарзандларига оёқ кийимлар бардош беролмаяпти.
Мафтуна исмли ёш онанинг айтишича, болалар жазирамада иссиқ, совуқда зах ўтиб тез-тез касал бўлиб қолади.

Сурат манбаси, .
"Бир кун совуқда борса, бир ҳафта касал бўлади. Оёқ кийимлари яроқсиз аҳволга тушяпти. Бир йилда олтитагача оёқ кийим олиб бераман. Кўчаларимиз анча яроқсиз аҳволга тушади. Кеч келишади. Ўғил болалардан xавотир олмаймиз, қизлардан xавотирланамиз" - дейди Мафтуна.
Ҳоким ҳам билади

Сурат манбаси, Pfyariq tuman hokimligi
Қишлоқ одамларининг таъкидлашича, мазкур муаммо бўйича вилоят прокурори ҳам, ҳоким ва маҳалла раислари ҳам қишлоққа келган.
Ҳамма мактаб қурилишини тасдиқлашган, бироқ уч йилдан бери амалда ҳеч нарса қилинмаган.
"Ҳокимга очиқ мулоқотда ҳам айтганмиз, ҳокимимиз келиб ҳам кўриб кетди, ичкаригача кириб, кўриб чиқди. Яна ҳокимга бордик, қайтиб келди. Асфальтга машинасини қўйиб, қолган 3-5 километргача ҳоким кирмайман деди. Ҳокимга ҳам чиқдик, ҳеч ким қолмаяпти, маҳалламизга ҳам боряпмиз. 2022 йил қиламиз, деб 2023 йилга қолдирди. Мана 2024 йил ҳам келяпти. Ҳеч натижа йўқ" - дейди Муножот Эргашева.
Мамлакатда қишлоқ жойларда умумтаълим мактаблари узоғи билан 1,5 км узоқликда қурилиши белгиланган.
Мактаб жойлашган ҳудудга борадиган йўл бир йўналишда ва пиёда 15 дақиқада етиб олиш учун қулай бўлиши лозим.
Шунингдек, транспорт хизмати мавжуд йўл бўлса, 3 км. узоқликда ҳам актаб қуришга рухсат берилган.
Каттасойда болалари учун нафақат қишлоқда мактаб йўқ, балки транспорт хизмати мавжуд, на йўл асфальтланган.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.















