Kompromatuzb иши Ўзбекистонда бошқа нашрларни ёпиб юборади деган қўрқувларни туғдирмоқда Yangiliklar

Сурат манбаси, Fcebook/Rasmiy
Тошкентнинг Шайхонтоҳур тумани судида ўтган музокарада давлат қораловчиси айбланувчи журналистларга узоқ йиллик қамоқ жазоси ва алоқадор кўрилган мол-мулкни мусодара қилишни сўраган.
Хусусан, 19 сентябрь куни Шайхонтоҳур туман прокурорининг катта ёрдамчиси M. Бердиқиличева Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг "туҳмат, ҳақорат ва товламачилик" моддалари билан судланаётган "Human.uz сайти асосчиси ва раҳбари Хуршид Далиев ва "Ўзбекнефтгаз" ширкати матбуот котиби Сиёвуш Ҳошимовларни 15 йилга озодликдан маҳрум этиш ва 3 йилга журналистик фаолият билан шуғулланишни тақиқлашни талаб қилаётгани айтилмоқда.
Суд жараёнини кузатиб келаётган Би-би-си манбасининг айтишича, давлат қораловчиси, Хуршид Далиевга алоқадор деб топилган Human Media ва Komil Unsur ширкатларига тегишли Damas, Lacetti, Malibu ва 2 та Nexia-3 автомобилларини, human.uz сайти фойдаланиб турган 10 га яқин камера, компьютер каби барча мол-мулкни давлат фойдасига мусодара қилишни сўрамоқда.
- Ўзбекистон: Журналистлар Абдуқодир Мўминов, Мавжуда Мирзаева ва Хуршид Далиев ишлари бўйича нималар маълум? - Янгиликлар
- Ўзбекистон: ДХХ “Компроматузб” ишини қатъий махфийликда ушламоқда – ҳибсга олинган журналистлар тақдири эса номаълум қолмоқда
- Ўзбекистон: Журналист Мавжуда Мирзаева “ғойиб бўлди” – у “Компроматузб иши” доирасида ҳибсга олинган бўлиши мумкин
Мусодара қилинишини сўраган мулклар ичида Хуршид Далиев Тошкент шаҳрида олган бир хонали уй ҳам борлиги билдирилмоқда.
Би-би-си билан гаплашган инсон ҳуқуқлари фаоли Kompromatuzb иши журналистика фаолиятига таъсир кўрсатмаслиги кераклигини урғулайди.
"Прокурор катта ёрдамчиси мусодара қилишни сўраётган нашриётдаги мол-мулкнинг ҳозирги ишга бевосита алоқаси йўқ, деб ўйлайман. Мусодара қилинса, журналистика зарар кўради", дейди у.
Ёпилиш хафви остида турган нашриётлардан бирининг ходими Би-би-си билан суҳбатда "жиноят йўллари билан топилган мол-мулкни ноқонуний йўллар билан ювиш" деб тавсифланаётган мол-мулк ишга алоқадор эмаслигини айтади.
Sof.uz ва human.uz ҳам ёпиладими?
"Гап шундаки, Kompromatuzb 2022 сентябрида танилган, прокурор катта ёрдамчиси мусодара қилишни сўраётган мол-мулк эса таҳририятларга тегишли ва анча олдин олинган. Машиналар 2015 ва 2019 йиллари олинган. Нашриёт техникаси ҳам олдин олинган", дейди нашриёт ходими.
Исмини ошкор қилишни истамаган нашр ходимининг айтишича, суд давлат қораловчисининг талабларини қондирса, икки ширкат муассислиги остидаги human.uz, sof.uz, terabayt.uz, carzone.uz сайтлари буткул ёпилиб кетиш хавфи остида қолади.
"Биргина human.uz сайти орқали 30 журналистнинг куни ўтиб турганди", - дейди у.
«Эзгулик» жамияти раиси Абдураҳмон Ташанов ўтган ҳафта прокурор катта ёрдамчиси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг собиқ матбуот котиби, журналист Мавжуда Мирзаевага 3 йил давомида профессионал касбий фаолият билан шуғулланишни тақиқлаб, уни 6 йилга озодликдан маҳрум қилиш билан жазолашни сўрагани ҳақида хабар берганди.
Далиев, Мирзаева ва Kompromatuzb иши
18 июль куни Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур тумани судида тўрт киши, хусусан икки журналист - Хуршид Далиев ва Мавжуда Мирзаева устидан "Kompromatuzb иши"га боғлиқ суд жараёнлари бошланди.
Тошкентдаги журналистларга кўра, суд жараёни матбуот вакиллари иштирокида аввало очиқ тарзда бошланган, аммо ҳакам айбланувчиларнинг баъзилари қилган илтимосга кўра уни ёпиқ тарзда кўриб чиқишда давом эттиришини билдирган.
Ким нимада айбланмоқда?
- Human.uz портали асосчиси Хуршид Далиева Жиноят кодексининг 139 (Туҳмат), 165 (Товламачилик), 184 (Солиқлар ёки йиғимларни тўлашдан бўйин товлаш), ҳамда 243 (Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш) моддалари;
- Собиқ Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг собиқ матбуот котиби Мавжуда Мирзаева Жиноят кодексининг 165 ва 113 (Таносил ёки ОИВ касаллиги/ОИТСни тарқатиш) моддалари;
- "Ўзбекнефтгаз" АЖ собиқ матбуот котиби Сиёвуш Ҳошимов - Жиноят кодексининг 139, 165, 243-моддалари;
- Фуқаро Аҳмадулло Аҳмаджонов - ЖКнинг 139 ва 165-моддалари билан судга тортилганлар.
Мазкур ишда жабрланувчи сифатида 19 нафаршахс қайд этилган.
Улар орасида собиқ бандлик вазири Нозим Ҳусанов, Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг собиқ директори Афзал Ирматов, амалдаги Андижон шаҳар ҳокими Ғофуржон Абдураҳмонов ҳам бор.
Жорий йилнинг 27 январь куни Human.uz сайти таҳририятига рейд уюштирилиб, интернет нашри директори Хуршид Далиев олиб кетилгани хабар қилинганди.
Шу куннинг ўзида ДХХ журналист Далиев Телеграмдаги "Компроматузб" каналига алоқадор иш бўйича тергов қилинаётганини маълум қилган.
Ҳеч қанча вақт ўтмай яна бир журналист - собиқ Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги матбуот котиби Мавжуда Мирзаева ҳам айни иш бўйича ушлаб кетилгани айтилган норасмий хабарлар чиққан. Би-би-си ихтиёридаги маълумотларга кўра, Мирзаеванинг уйида 27 январь куни тинтув ўтказилган.
Ҳибслар товламачилик билан боғлиқ жиноятни нега айнан президентга тўғридан тўғри бўйсунувчи ДХХ ўта махфий мақомда назорат қилаётгани турли саволларни уйғотган. Ҳибсга олинган журналистлар давлатга хавф солувчи қандай ҳаракат содир этишган, деган масалада расмийлар ҳеч қандай изоҳ беришгани йўқ.
30 январь куни Би-би-си билан гаплашган Мирзаеванинг қизи онаси ДХХнинг Тошкентдаги "Гвардейская" номи билан маълум тергов изоляторида сақланаётгани ва унинг ёнига адвокат ҳам кира олмаётгани ҳақида гапирган эди.
Телеграмда танқидий постлари билан танилган "Kompromatuzb" канали 2021 йил 30 август куни очилган ва ҳозир ҳам очиқ.
Ҳибсгача канал обуначилари сони 135 мингдан зиёдроқ бўлган бўлса, бугунга келиб бу рақам қарийб 84 минг атрофида. Охирги хабар 26 январда тарқатилганди.
Каналда, асосан, ўрта ва қуйи бўғиндаги идора-ташкилотлар раҳбарлари ҳамда мансабдор ходимларининг эҳтимолий коррупцион амаллари, ноқонуний хатти-ҳаракатлари, ваколати доирасидан четга чиқиш ҳолатлари борасида тасдиқланмаган маълумотлар чиқариб келинган. Номи юқорида тилга олинган журналистларнинг мазкур канални юритишга алоқасини тасдиқловчи ё рад этувчи маълумотлар Би-би-сида мавжуд эмас.
Журналист Мавжуда Мирзаева 2018 йил ноябрь ойида ўзи ишлаб келган "Ўзбекистон 24" телеканалидаги ички вазият бўйича очиқ чиқиш қилиши ортидан омма назарига тушган эди.
Ўшанда Мирзаева телеканалда цензура мавжудлиги, томошабинга "ёлғон ва енгил-елпи" хабарлар тарқатилиши ҳақида гапирганди.
Кейинроқ, Мирзаева Human.uz сайти, Тошкент вилояти ҳокимлигида фаолият юритган. У 2021 йилнинг апрель ойида Бандлик ва меҳнат муносабатлари матбуот котиби лавозимига тайинланган эди.
https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002














