Аҳвол жиддийми? Қўшработ, Зомин, Косонсой - 23 туманда қудуқ қазиш чекланади, Бош вазир диндор амалдорлар ҳақида нима деганди? Yangiliklar

Ўзбекистон ер ости сувлари сатҳи ва захиралари камайиб кетаётган 23 та туманда қудуқлар бурғилашга мораторий жорий этди. Бош вазир диндор амалдорларга шарт қўйганмиди?
Telegramдаги "Расмий хабарлар" каналининг хабар беришича, тасдиқланган миқдордан ортиқча сув олиш сув сатҳининг пасайиб кетишига ва бу захираларнинг бир неча йил ичида тугашига олиб келиши мумкин.
"Натижада ичимлик сув манбаси бўлган қудуқлар қурийди ва катта маблағлар ҳисобига қурилган ичимлик сув иншоотлари сув бермай қўяди", дейилади хабарда.
Хабарда айтилишича, ер ости сувларидан фойдаланиш ва қудуқ бурғилаш тизимини такомиллаштириш, ер ости сув ресурсларини муҳофаза қилиш бўйича назоратни кучайтириш мақсадида 23 та туманда қудуқ бурғулашга мораторий жорий қилинди.
Жумладан, Нурота, Нуробод, Пайариқ, Иштихон, Ургут, Қўшработ, Фориш, Зомин, Янгиобод, Шароф Рашидов, Чироқчи, Кўкдала, Косон, Косонсой, Чортоқ, Чуст, Янгиқўрғон, Бешариқ, Жалақудуқ, Хўжаобод, Пахтаобод, Қўрғонтепа, Избоскан туманларида қудуқлар бурғилашга мораторий жорий этилган.
Ўзбекистон республикаси Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги келтирган мораторий ҳудудларидаги чора тадбирлар акс этган режадан қудуқ қазиш ишлари буткул тақиқланмагани кўриш мумкин.
Вазирлик сув сатҳи пасайган ҳудудларни иккига бўлган.

Сурат манбаси, Rasmiy
Ер ости сувлари 5 метргача пасайган туманларда ишлаб чиқарувчилар ҳокимлик билан келишган ҳолда ва экинларни суғориш учун сув хўжалиги келишилган ҳолда бурғулаб қудуқ қазиши мумкинлиги айтилган.
Ер ости сувлари сатҳи 5 метрдан ортиқ тушиб кетган Нурота, Зомин, Янгиобод, Косонсой, Чуст, Чортоқ, Косон, Янгиқўрғон, Кўкдала ва Қўшробот туманларида эса ичимликдан бошқа мақсадларда ва шунда ҳам сувни тежовчи технология жорий этилмаса қудуқ қазиш тақиқланади.
Бу ҳудудларда яшовчи 10 минглаб аҳолининг асосий даромад манбаи деҳқончилик ва чорвачилик орқасидан эканлиги айтилади.
Қўшробот туманида сўнгги йилларда ишлатилмай келинаётган адирликлардаги юзлаб гектар жойларни маҳаллий аҳоли ва фермерлар қудуқ қазиб ўзлаштираётган эди.
Янги чора-тадбирларга кўра, энди ушбу туман аҳолиси ичимликдан бошқа мақсадда қудуқ қазий олмайди.
Кузатувчилар давлат қўшимча чора-тадбирлар кўрмаса бу ерлардаги аҳолининг тирикчилиги ўтиши янада қийин бўлиб қолиши мумкинлигини айтишади.
Бошқа томондан минтақада кузатилаётган ва йилдан йилга авж олаётган қурғоқчилик давлатни кескин чоралар олишга мажбур қилмоқда.
Бош вазир диндор амалдорларга нима деганди?

Сурат манбаси, Gazeta.uz
Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов амалдорларга динни ёки давлат ишини танлаш шартини қўйганлиги рад қилинди.
Бош вазир матбуот котиби Бекзод Ҳидоятов Бош вазир иштирокида ўтказилган мажлис нотўғри талқин қилинаётганини айтиб чиқди.
"Гўёки Бош вазир амалдорларга қарата динни ёки давлатдаги ишини танлаши кераклигини айтгандек қилиб тарқатилаётган хабарлар ҳақиқатга мутлақо тўғри келмайди. Ўзбекистон Республикасининг "Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида"ги Қонунида фуқароларнинг диний эркинлиги ва диний эътиқоди ҳуқуқий жиҳатдан кафолатлаб қўйилган", дейди Ҳидоятов.

Бош вазир матбуот котиби блогерлардан ёлғон ахборот тарқатмасликни ва тармоқ фойдаланувчиларидан "бундай мавзудаги хабарларга умуман ишонмасликларини" сўраган.
Олдинроқ Озодлик радиоси 10 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси биносида давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари иштирокида махсус мажлис ўтказилиб, мамлакатда диний радикаллашув масаласи муҳокама қилингани ҳақида хабар берганди.
Озодлик манбаларига таяниб ёзишича, Бош вазири Абдулла Арипов ҳамда Давлат хавфсилик хизмати (ДХХ) раиси Абдусалом Азизов иштирок этган мажлисда мамлакатда "диний радикаллашув кучайиб бораётганидан" ташвиш билдирилган.
"Мажлисда иштирок этган мулозимлардан бирининг Озодликка айтишича, давлат хизматчилари, ҳукумат аъзолари орасида ҳам хизмат жойларида намоз ўқиш, шаръий никоҳ асосидаги кўпхотинлилик ва диний русумдаги анжуманларга бориш тенденцияси кучайгани танқид остига олинган", дейилади хабарда.
Озодлик манбасига таяниб Бош вазир Ариповнинг "Амалдорлар ё динни танласин, ёки давлатдаги ишини танласин" деган сўзларини келтирган.
Унда Бош вазир эндиликда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан бу соҳадаги назорат кучайтирилишини таъкидлаган.
Бош вазир матбуот хизмати Озодликда келтирилган бошқа иддоларни рад қилмаган.
Би-би-сининг Бош вазир матбуот котибига берган саволига ҳозирча жавоб берилмади.
Айни дамда Қирғизистонда "Клооп" сайти блокланмоқда

Сурат манбаси, Screenshot
Қирғизистондаги айрим провайдерлар Клооп.кг веб-сайтини "сохта янгиликлар" тўғрисидаги қонунга мувофиқ Маданият вазирлиги талабига биноан тўсиб қўйган.
"Улар қаторида «О!» уяли оператори ва Homeline провайдери ҳам бор", дейилади "Клооп" сайтидаги маълумотда.
Айни пайтда ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ўртасида қайси провайдерлар билан нашр веб-сайтига кириш имкони борлиги ҳақида сўров ўтказилмоқда.
"Клооп" муқобил ҳавола орқали сайтдаги материалларни ўқишни, шунингдек, ижтимоий тармоқларга обуна бўлишни ва кузатишни тавсия қилган.
"Сиз блокланган сайтларга кириш ва интернетдан хавфсиз фойдаланиш учун VPN фойдалансангиз бўлади. VPN'дан фойдаланишнинг қулай йўлларидан бири - бу Firefox'нинг базасидаги Mullvad Browser. Уни браузернинг ўрнида қўллана оласиз - у блокланган ҳамма сайтларни очиб беради", дейилади нашр хабарида.
Аввалроқ "Клооп.кг" сайти Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси шикоятларига сабаб бўлган материални ўчирмаслигини хабар қилган. 11 сентябрь куни суд Маданият вазирлиги департаментининг ушбу веб-сайтни блоклаш ҳақидаги қарори устидан қилинган шикоятни рад этган.
Жорий ой бошида Қирғизистон Маданият, ахборот, спорт ва ёшлар сиёсати вазирлиги "Клооп" нашрига мактуб йўллаб, "сиёсатчи Равшан Жээнбеков тергов изоляторида қийноққа солинаётгани" ҳақидаги хабарни сайтдан ўчиришни талаб қилган.
Вазирлик бунинг учун икки кун муҳлат берган ва агар уларнинг талаблари бажарилмаса, "Клоопнинг" сайти блокланишидан огоҳлантирган.
Вазирликнинг Ахборот сиёсати бошқармаси бошлиғи Салқин Сарногоеванинг Би-Би-Cи қирғиз хизматига айтишича, Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси "Клооп" устидан Маданият вазирлигига шикоят қилган.
"Бизга хавфсизлик қўмитасидан Равшан Жээнбековнинг айтганлари бўйича эълон қилинган хабар юзасидан хат келган. Шунга асосланиб, биз Рақамли вазирликка ўз қароримизни бердик. Биз "Клооп" ушбу мақолани икки иш куни ичида сайтдан ўчирсин деганмиз. Агар бу маълумот олинмаса, биз уларнинг фаолиятини икки ойга тўхтатишга бошқа қарор қабул қилишимиз мумкин", дейди расмий.
Сарногоеванинг сўзларига кўра, махсус хизмат ўз хатида уларнинг обрўсига путур етказилаётганини таъкидлаган.
1 сентябрь куни "Клооп" нашрининг рус хизмати "Сиёсатчи Равшан Жээнбеков ТИЗО-1да сўроқ қилинаётганини айтди", 2 сентябрь куни эса, "МХДҚ кўрсатмалари". Сиёсатчи Равшан Жээнбеков қамоқхонада қийноққа солинганини маълум қилди" деган иккита мақола чоп этган.
Рус тилида чоп этилган мақола муаллифи Мундузбек Қалиқов, қирғиз тилида эса Найзабек Мукамбетов экани ёзилган. Ушбу материал Равшан Жээнбековнинг Фейcбук саҳифасидаги пости асосида ёзилган.
Мақоланинг русчасида Равшан Жээнбековнинг гапларини рад этувчи Қирғизистон Жазони ижро этиш хизмати баёноти ҳам мавжуд.
"Клооп" нашри уларга 7 сентябрь куни кечқурун хат келганини тасдиқлаган. Мактубда айтилишича, ушбу материалда "нотўғри маълумотлар" мавжуд. Шу билан бирга, қарорда қайси маълумотлар ёлғон эканлиги кўрсатилмаган.
"Бизнинг мақоламиз мувозанатни сақлайди. Уни нейтрал деб ҳисоблаймиз. Ҳеч қандай ёлғон маълумот йўқ. Шунинг учун биз ушбу мақолани ўчирмаймиз. Агар улар бизни тўсиб қўйишса, биз бунга тайёрмиз. Чунки "Озодлик" блокланганида биз "ойна" сайтлар яратган эдик. Бундан ташқари, биз энди ижтимоий тармоқлардаги контентни оширамиз. Чунки улар тақиқланмаган, ҳамма унга кириши мумкин. Бундай хатнинг келиши шаҳар прокурорининг бизга қарши даъвоси билан боғлиқ деб ўйлаймиз", дейди Айдай Токоева, "Клооп" нашрининг қирғиз таҳририяти муҳаррири.
Аввалроқ, Бишкек шаҳар прокуратураси "Клооп" нашрини ёпиш бўйича судга мурожаат қилгани ва суд мажлиси 26 сентабрга белгилангани маълум бўлган.
Прокурор Эмилбек Абдиманаповнинг шикоят аризасида айтилишича, "Клооп" нашри "ҳозирги ҳукумат сиёсатини қаттиқ танқид қилиб, давлат ва муниципал корхоналар вакилларини обрўсизлантиришга қаратилган кўплаб салбий маълумотларни эълон қилади".
Қирғизистон ОАВ ҳамжамияти, прокурор аризасини матбуот эркинлигига ҳужум сифатида баҳолаган.
Қамоқхонадан мурожаат
Халқ орасида "Кампиробод иши" номи билан машҳур бўлган жиноий иш бўйича тергов қилинаётган сиёсатчи Равшан Жээнбеков, 1 сентябрь куни Фейсбукдаги саҳифасида ўзининг сиёсий маҳбус эканлигини урғулаган.
"Соғлигим совуқ камерада ётишимга имкон бермаяпти, дейишимга қарамай, ярим ертўла 1-қаватга кўчиришди. Қамоқхона тиббий картамда соғлигим (жигар ва буйрак касалликлари) яхши эмаслиги кўрсатилган", деган у ўз постида.
Шунингдек, у халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари, Омбудсман, ҳуқуқ ҳимоячилари ва Қирғизистон Қийноқларга қарши миллий марказга ҳам мурожаат қилган.
5 сентябрь куни мазкур марказ ходимлари тергов ҳибсхонасида сақланаётган сиёсатчилардан хабар олган.
"ТИЗО-1, бундан ташқари, ИИВга қарашли еттита вақтинчалик сақлаш ҳибсхонаси бор, уларнинг ҳаммасини бекор қилиб, фойдаланмаслик керак, деяпмиз. ТИЗО-1га келсак, қисман ертўла бинонинг техник паспортида биринчи қават сифатида кўрсатилган. Лекин аслида бу қисман подвал. Биз бу қисман подвалдан фойдаланишни тўхтинглар, деяпмиз. Бугунги кунда у ерда 200 дан ортиқ одам ҳибсда сақланмоқда. Биз бу масалани, айнан у ерда сақланаётган сиёсатчилар мурожаатидан кейин ёки бугун пайдо бўлган муаммо сифатида эмас, азалдан борлигини айтмоқдамиз", деди БиБиCига мазкур марказ директори Бақит Риспеков.
У тергов ҳибсхонасида сақланаётган тўрт нафар сиёсатчи Равшан Жээнбеков, Азимбек Бекзанаров, Жениш Молдокматов ва Қубаничбек Қодиров билан учрашиб, уларнинг даъволарини эшитган.
Қийноқларга қарши миллий марказ ТИЗО-1га ташрифи натижасида ертўлаларнинг умумий намлиги юзасидан далолатнома тузилгани ҳақида хабар берган.
БиБиСининг қирғиз хизмати, тергов ҳибсхоналаридаги шароитлар ҳақида Ахлоқ тузатиш хизматига мурожаат қилган.
Муассаса гумон қилинувчи ва айбланувчиларни бошқа камераларга ўтказиш қонунга мувофиқлигини, тергов изоляторларида қийноқлар бўлмаслигини таъкидлаган ва прокуратура ушбу қонун қандай ишлашини назорат қилишини қўшимчалаган.
"Айбланувчиларни камераларга жойлаштириш тегишли қонунга мувофиқ амалга оширилади. Адлия вазирлиги томонидан 2006 йилда, тергов изоляторларидаги ички интизом қоидалари тасдиқланган. Тегишли Қонуннинг 34-моддасига асосан қонун ҳужжатларига мувофиқ, айбланувчи қамоқда сақлаш жойида тартибни сақлаши ва тергов изоляторлари ходимларининг талабларини бажариши шарт. Бегона шахсларнинг соғлиғи ва соғлиғига зарар етказувчи хатти-ҳаракатлар қилмаслиги керак. Ходимларни, бошқа гумон қилинувчиларни ҳақорат қилишга йўл қўйилмайди. Шунингдек, қамоқхоналарда тартибни таъминловчи шахсларнинг ишига аралашишга йўл берилмайди", дейилади Жазони ижро этиш хизмати баёнотида.
Ўтган йили Қирғизистонда 27 киши "давлат тўнтаришига уриниш"да гумонланиб ҳибсга олинган. Оммавий ҳибсга олинганлар қирғиз-ўзбек чегараси бўйича янги келишувга норозилик билдириб, Кампиробод сув омборининг Ўзбекистонга берилишини танқид қилган.
Халқ орасида "Кампиробод иши" номи билан машҳур бўлган бу жиноий иш мустақил Қирғизистон сиёсатидаги энг резонансли ишлардан биридир.
Халқаро Баёнотлар
Бир қатор халқаро ва маҳаллий ташкилотлар, жамоат арбоблари, оммавий ахборот воситалари ва кузатувчилар суд қарорини танқид қилиб, Қирғизистон ҳукуматини "Клооп" фаолиятини чеклашни бас қилишга чақирган.
Бош қароргоҳи Нью-Йоркда жойлашган "Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси" (CPJ) суднинг "Клооп" фаолиятини таъқиқлаш ҳақидаги қароридан хавотир билдириб, баёнот ёйинлаган.
Ташкилот Қирғизистон ҳукуматини, агар нашр нотўғри маълумотлар бор деган мақолани олиб ташламаса, "Клооп" мустақил медиа фаолиятини тўхтатиб қўйиш ҳақидаги сўнгги таҳдидидан қайтишга чақирган.
"Клоопни ёпиш ҳақидаги яқинда эълон қилинган ва энди унинг веб-сайтини тўсиб қўйиш таҳдиди Қирғизистон расмийларининг, нашрнинг корруцияга қарши муросасиз хабарлари учун қасос олишга интилишидан далолат беради ва бунинг чегараси йўқдек", дейди такшилотнинг Марказий Осиё дастури бўйича координатори Гулноза Саид.
У шунингдек, Қирғизистон ҳукумати "Клоопнинг" овозини ўчиришга уринишларини бас қилишга ва ёлғон маълумот тўғрисидаги қонунни бекор қилишга чақирган.
"Чегара билмас мухбирлар" ташкилотининг Германия бўлими директори Кристиан Мир, Қирғизистон президенти Садир Жапаров "кучли" тартиб билан мамлакатдаги энг нуфузли ОАВларини йўқ қилишга ҳаракат қилаётганини айтади.
"Жапаров ҳокимият тепасига келгунига қадар Марказий Осиёдаги ягона демократик деб ҳисобланган мамлакатда матбуот эркинлигига яна бир кескин зарба бўлади. Даъвони қайтариб олиш керак", дейди у.
"Клооп" мунтазам равишда порахўрлик схемалар ва ҳукумат босими ҳақида журналистик суриштирувлар олиб боради. 22 август куни "Клооп" сайтида навбатдаги журналистик суриштирув эълон қилинган. Унда "Барселона" футбол клуби франшизаси эгалари қатори Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Қамчибек Ташиевнинг қариндошлари ва президент Садир Жапаровнинг яқинлари ҳам кўрсатилган. 11 сентябрь куни эса, президент Жапаровнинг оиласига оид яна бир қанча материаллар чоп этилган.
Бунгача Озодлик радиосининг қирғиз хизмати фаолиятини тўхтатиш бўйича ҳам Маданият вазирлиги судга мурожаат қилган ва нашр сайти тўсиб қўйилган. 7 ойлик судлашув ва ўзаро "келишув" асосида Азаттиқ сайтига қўйилган чеклов олиб ташланган.
Кузатувчилар, Марказий Осиё давлатлари орасида нисбатан сўз эркинлиги мавжуд бўлган Қирғизистонда, сўнги пайтларда мустақил журналистлар таъқиб қилиниб, инсон ҳуқуқлари бузилаётганини айтишмоқда.
https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002















