Ўзбекистон: Ёз чилласи 50000 дарахт кўчириладиган вақтми? O'zbekiston Dunyo Yangiliklar

Соя салқин бериб турган кўп йиллик дарахт.

Сурат манбаси, Gazeta.uz

Ёз жазирамасида дарахтни жойидан кўчириш уни чопиб ташлашга тенглиги айтилади.

Аммо шу кунларда 50 мингдан ортиқ дарахтни жойидан кўчиришга қарор қилингани жамоатчилик норозилигига сабаб бўлмоқда.

Ўзи Ўзбекистон саҳролашаётгани, Ўзбекистонни сув билан таъминлаб турган Қирғизистон ва Тожикистондаги кўп асрлик музликлар шиддат билан эриб бораётгани мутахассисларда хавотирларни уйғота бошлаган.

Алоқадор мавзулар:

Аввал кузатилмаган ҳолатлар, дейлик, Тошкентдек йирик шаҳарларда кучли чанг бўронлари кўпайиб бораётганини бутун Ўзбекистон бўйлаб дарахтлар кўп сонда кесиб ташлангани ҳам баттар ёмонлаштирмайдими, деган саволларни ҳам ўртага чиқаради.

Шунинг учун ҳам жамоатчилик Президент Мирзиёевдан дарахт кесишни тақиқлашни сўраган, Сенат дарахт кесгани учун жавобгарликни кучайтирганди.

Аммо бу чоралар ҳамон кўзланган натижани бераётгани йўқ, ҳамон соя-салқин бериб турган кўп йиллик дарахтлар аёвсиз кесиб ташланаётгани хабарлари чиқиб турибди.

Бугун таниқли ўзбекистонлик блогер bakiroo ўзининг Телеграм каналида дарахтларни кўчириш хабаридан хавотирларини изҳор этди:

bakiroo Телеграм канали скриншоти

Сурат манбаси, Telegram\bakiroo

Хусусан, изоҳда шундай дейилади:

"Табиат" вазири Абдуҳакимовга 53 174 туп дарахтни ўлдиришга хулоса бериш топширилган.

Бош вазир ўринбосари Жамшид Ходжаев имзолаган 2023 йил 21 июлдаги 58- сонли ҳукумат баённомаси билан Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Абдуҳакимовга Бухоро вилоятида 31 371 туп, Сурхондарё вилоятида 21 803 туп дарахтларни кўчиришга хулоса бериш топширилган. Ижро учун берилган муддат эртага, 28 июль куни тугайди. Ҳужжат нусхаси мавжуд.

Ўзбекистонда дарахт кўчириш бу дарахт кесишнинг чиройли ниқобланган варианти ҳисобланади. Ҳамма ўзбек чиновниклари тупуриб қўйган мораторийнинг айланиб ўтишнинг энг кўп тарқалган кўриниши.

Жаноб Ходжаев ё жаноб Абдуҳакимов ўзларининг ҳовлисида охирги марта қачон дарахт кўчириб кўришганини билмайман. Агар уларда бундай тажриба ўтказиш режаси бўлса, ўз ҳовлиларида бемалол амалга оширишлари мумкин. Лекин ақли бор одам биладики, июль ойида дарахт кўчириш бу дарахт қотиллиги билан баб-баравар.

Ўзбекистон бу бизнинг ҳовлимиз, биз шу ерда яшаймиз. Сиз ва сизларнинг уруғингиз эртага соя-салқин захира ҳовлиларга кўчиб кетиши мумкиндир, лекин ўзбекистонликларда захира ҳовли йўқ. Бухоро бу бухороликларнинг ҳовлиси, Сурхондарё бу сурхондарёликларнинг ҳовлиси. Уларнинг розилиги бўлмаса, битта дарахтнинг битта барги тўкилмаслиги керак.

Экология вазири ўринбосари Обиджон Қудратов

Сурат манбаси, .

Ўйлашимча, қарор аллақачон қабул қилиб бўлинган, эрталабдан кесиш бошланади. Фақат Давлат раҳбари ва жамоатчиликнинг иродасигина бу яширин қотилликни тўхтатиб қолиши мумкин".

27 июл куни Тошкентда ўтказилган матбуот анжуманида йўл қурилиши муносабати билан дарахтларни кесиш режаланаётгани ҳақидаги савол Экология вазири биринчи ўринбосари Обиджон Қудратовга берилди.

Обиджон Қудратов айтишича, ушбу лойиҳа Экология вазирлиги томонидан рад этилган.

"Бу ҳали лойиҳа жараёнида. Лойиҳа ҳужжатлари вазирлик билан келишилмаган, рад этилган. Йўл бўйида кесилиши мумкин бўлган дарахтларни асраб қолиш бўйича тегишли инстанцияларга қўшимча равишда хатлар билан мурожаат қилдик.

Бундан ташқари, жамоатчилик эшитувини ташкил қилиб, улар розилик билдиргандан кейингина қарор қабул қилиш тўғрисида Вазирлар Маҳкамаси билан келишиб олганмиз. Албатта, Сурхондарё ва Бухоро вилоятларида жамоатчилик эшитуви ўтказилади.

Дарахтларни асраб қолиш бўйича, биринчи навбатда, ўзимиз ўша жойга бориб, дарахтларни ҳимоя қилиш чораларини кўрамиз", дея Экология вазири биринчи ўринбосари Обиджон Қудратовдан иқтибос келтирди Daryo.uz нашри.

https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002