Янгиликлар: Жазирама юртлар учун инновация – у Ўзбекистонни ҳам қутқарадими? O'zbekiston Dunyo Yangiliklar

Кўтарилган қуёш панеллари қишлоқ хўжалиги техникаларининг даладаги фаолиятига тўсқинлик қилмаслигини Чили мисолида ҳам кўриш мумкин

Сурат манбаси, Fraunhofer Chile

Сурат тагсўзи, Кўтарилган қуёш панеллари қишлоқ хўжалиги техникаларининг даладаги фаолиятига тўсқинлик қилмаслигини Чили мисолида ҳам кўриш мумкин
    • Author, Карла Рош
    • Role, Би-би-си Жаҳон хизмати

Яхши хабар...

Алоқадор мавзулар:

Қуёш панеллари ердан баландроқ ўрнатилса, улар тоза энергия бериш билан бирга, ердан экин учун фойдаланиш ва сувни тежашга ҳам имкон беради. Аммо бу усулни ривожланаётган давлатларда қанчалик қўллаш мумкин?

"Биз йилига икки марта ҳосил олар эдик. Аммо ҳозир ёғингарчилик етарли бўлмаганидан биринчи ҳосилни олишга ҳам аранг етишяпмиз", дейди Танзаниянинг Вианзи қишлоғида яшовчи фермер Эмилия Леймонд.

У қурғоқчиликлар чорва ва экинларга қандай таъсир қилишига бевосита гувоҳ бўлганлардан бири.

"Бу ҳаётни қимматлаштиряпти, айниқса, қишлоқ хўжалиги ортидан тирикчилик қиладиганларга."

Леймонд ва Танзаниянинг қарийб 80 фоиз аҳолиси учун яна бир муаммо электр энергия йўқлигидир. Халқаро қайта тикланувчи энергия агентлигининг 2020 йилги маълумотига кўра, мамлакат электрнинг 40 фоизини ГЭСлардан олгани учун қурғоқчил вақтларда аҳвол янада оғирлашади.

Танзания серқуёш ўлка, шунинг учун қуёш энергияси ишончли манба бўлиши мумкин, аммо бунга катта инвестиция керак бўлишидан ташқари, экин учун ерларни ҳам банд қилиши мумкин.

Бунинг бир ечими - агровольтаика бўлиши мумкин, яъни айни бир ердан ҳам деҳқончилик учун, ҳам қуёш панелларининг ердан кўтариброқ жойлаштирилган платформалари ёрдамида энергия олиш учун ҳам фойдаланиш мумкин.

Infografika

Сурат манбаси, .

Агривольтаикалар ердан бир неча метр баландда бўлади, пастда эса экин ўсиши ва чорва ўтлаши учун жой қолади, яна бунга ёмғир сувини тўплаш функцияларини ҳам қўшиш мумкин.

Бу метод айниқса қурғоқчил ойларда асқатади, чунки қишлоқ хўжалиги техникалари дарё ва қудуқлардан сув келтириш учун кўп энергия сарфлайди.

"Бу эса умуман электр энергияси бўлмаган фермерлар учун ҳалокат демакдир", дейди Танзания қишлоқларидан бирида яшовчи Ҳамад Мкопи.

Ҳатто миллий электр тармоқларига уланган Мкопи кабилар учун ҳам электр энергия нархлари ошиши қийинчилик туғдиради.

"Электр энергия нархлари фермерларга оғирлик қилади. Биз учун у юк, деҳқончилик шунинг учун ҳам қимматга тушади."

У ўзи етиштираётган меваларни узоқ вақт сақлаб, яхшироқ нархда сотиш ва камроқ исроф қилиш учун уларни қуритишда қуёш панелларидан флйдаланиши мумкин.

Брукингс институти ҳисоботига кўра, қуёш энергияси ишлаб чиқариш кўмир ёки табиий газда ишлайдиган электр станцияларига қараганда ишлаб чиқариладиган энергия бирлигига камида 10 баробар кўпроқ жой талаб қилиши мумкин. Натижада деҳқончилик учун камроқ ер қолади ва фермерларга бу усул ёқмаслиги табиий.

"Бизга атмосферага камроқ углерод чиқарадиган электр олиш усули керак. Аммо озиқ-овқат етиштириш учун бизга ер ҳам керак... Шундай экан, озиқ-овқат ишлаб чиқаришни энергия учун йўқотиш муаммодир", дейди Шеффилд университети тадқиқотчиси, ҳозирда Танзаниядаги агровольтаика тизими устида ишлаётган доктор Рэндл-Боггис.

Аммо баланд панеллар бошқа қайта тикланадиган энергия манбаларига қараганда камроқ қаршиликка дуч келади, чунки улар қишлоқ хўжалиги ва энергия ишлаб чиқаришни бир вақтда ташкил этишга ёрдам беради.

Ижтимоий нафлари

Вианзи каби қишлоқларда аҳолига электр энергияси етказиш саломатликни сезиларли даражада яхшилашга олиб келиши мумкин, айниқса Танзания каби овқат пишириш ва иситиш учун деярли ҳар доим ёғоч ва кўмир ёқиладиган жойларда.

Агровольтаикалар ишлаб чиқарадиган тоза энергия одамларга электр печлардан фойдаланиш, зарарли тутун билан боғлиқ касалликлар олдини олиш, вақт ва пулни тежаш имконини беради.

Бундан ташқари, кўтарилган панеллар кўпинча тўғридан-тўғри қуёш нурида узоқ вақт қўл меҳнати билан шуғулланадиган фермерлар учун жуда керакли соя беради.

Рэндл-Боггис

Сурат манбаси, Angelina Mbele

Сурат тагсўзи, "Агровольтаика сабабли уч нарсада ютилади: сув, энергия ва озиқ-овқат. Бу шунчаки энергия эмас, балки қуёш энергиясидан яхшироқ фойдаланишдир", дейди доктор Рэндл-Боггис

Доктор Рэндл-Боггис ўтказган академик тадқиқотнинг дастлабки натижалари шуни кўрсатадики, бу соя салқин ҳаво ҳарорати ва кўпроқ тупроқ намлиги бўлган қулай микроиқлим яратади, сабаби бундай ҳолатда сув камроқ буғланади.

Натижада, фермерларда экин етиштириш учун сувга эҳтиёж камаяди, бу кам ёки нотайин ёғингарчилик мавсумида айниқса кераклидир.

"Агровольтаика сабабли уч нарсада ютилади: сув, энергия ва озиқ-овқат. Бу шунчаки энергия эмас, балки қуёш энергиясидан яхшироқ фойдаланишдир", дейди доктор Рэндл-Боггис.

"Мени энг ҳаяжонлантирадиган нарса бу фермерларнинг иқлим ўзгаришига чидамлироқ бўлиб қолишидир."

Иқлим ўзгаришига мослашиш

Чилида сувнинг 70 фоиздан ортиғи қишлоқ хўжалигига сарфланади, бу эса мамлакатни иқлим ўзгариши олдида жуда заиф қилиб қўяди.

"Келажак учун прогноз жуда ёмон", дейди қайта тикланадиган энергияга ихтисослашган муҳандис Дэвид Юнг. У Германиянинг Fraunhofer Chile тадқиқот марказида мамлакатдаги биринчи агровольтаика лойиҳа устида ишламоқда.

Чили сўнгги йилларда қурғоқчиликдан яхшигина азоб чекди, шунинг учун сувни тежаш устувор вазифа ҳисобланади

Сурат манбаси, Fraunhofer Chile

Сурат тагсўзи, Чили сўнгги йилларда қурғоқчиликдан яхшигина азоб чекди, шунинг учун сувни тежаш устувор вазифа ҳисобланади

Бироқ, агровольтаик тизимлар аллақачон қувонарли натижаларни кўрсатмоқда.

"Соя, албатта, сувдан фойдаланиш самарадорлигини оширадиган асосий омилдир", дейди Юнг.

Ўтган ёзда Чилидаги томчилаб суғориладиган райҳон плантациясидаги ўлчовлар агровольтаик панеллар остидаги тупроқ 29% намроқ эканлигини кўрсатди.

Сувни тежаш бутун дунёда тобора долзарблашиб бормоқда: Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти маълумотларига кўра, уч миллиарддан ортиқ одам сув танқислиги юқори ёки жуда юқори бўлган қишлоқ хўжалиги ҳудудларида яшайди.

Яхшироқ ўсимлик навларини экиш

Ҳозиргача агровольтаика бўйича ўтказилган академик тадқиқотлар сояда ўсадиган экинлар ҳосилдорлиги бўйича турли натижа кўрсатган.

Хитойнинг Чжэцзян университети профессори Юэ-Ронг Лян: "Эътибор қилиш керак бўлган энг муҳим нарса - экин турлари", дейди.

У агровольтаикларнинг чой ўсимликларига таъсирини ўрганди ва натижалар жуда ижобий бўлди.

Чжэцзян университети профессори Юэ-Ронг Лян

Сурат манбаси, Professor Liang YR

Сурат тагсўзи, Чжэцзян университети профессори Юэ-Ронг Лян агровольтаикларнинг чой ўсимликларига таъсирини ўрганди ва натижалар жуда ижобий бўлди, дейди у

Чой ўсимликлари қуёш нурига чидамли эмас, шунинг учун соя нафақат уларни "қуёшдан" ҳимоя қилади, балки сифатини яхшилайди ва тезроқ ўсишига ёрдам беради.

Помидор ёки пахта каби бошқа экинларга қуёш нури кўпроқ керак, аммо буни ҳам хали яна тадқиқ этиш лозим.

REN21 ноҳукумат ташкилоти ҳисоботига кўра, кўплаб фермерлар қайта тикланадиган муқобил манбаларга мурожаат қилмоқда - глобал миқёсда сектор 2010 йилда қишлоқ хўжалигидаги барча энергия истеъмолининг 10 фоизидан 2020 йилда 15 фоизгача ўсди.

Аммо сўнгги пайтларда агровольтаик тизимларни ўрнатиш тез суръатда ўсиб бораётган бўлса ҳам, бу ечимни кенгайтириш учун, айниқса, ривожланаётган давлатларда ҳали ҳам муаммолар мавжуд.

Ҳозиргача агроволтаиклардан асосан Европа, Шимолий Америка, Япония ва Жанубий Кореяда фойдаланишади, яъни бошқа ҳудудларда бу технология бўйича етарли тажриба йўқ.

Қуёш панеллари нархи доимий пасайиб бормоқда, аммо нарх ҳали ҳам асосий муаммо бўлиб қолмоқда.

"Энг катта муаммолардан бири сармоя йўқлигидир", дейди доктор Рэндл-Боггис. Танзанияда 104 та панелдан иборат бўлган агровольтаик лойиҳа материаллар ва монтаж билан 40 000 АҚШ доллари туради. Ушбу дастлабки сармоя кўплаб фермерларда бўлмаслиги мумкин, айниқса, қуёш панеллари маҳаллий даражада ишлаб чиқарилмаса.

Бундан ташқари, баъзи мамлакатлар ердан фойдаланишни ҳимоя қилиш учун қуёш панелларидан фойдаланиш чекламоқда (агровольтаиклар бўйича охирги янгиликлардан бехабарлик), шу боис ушбу технологиядан фойдаланишни рағбатлантириш учун қонунчилик ва сиёсатга ўзгартиришлар киритиш талаб қилиниши мумкин.

"Биз баъзи тўсиқларни енгиб ўтишимиз керак, - дейди Юнг, - лекин потенциал жуда катта".

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.