Жаҳон Банки 2023 йилда Ўзбекистонга нимани башорат қилмоқда? O'zbekiston Dunyo Yangiliklar

Ўзбекистон. Бозор. Нон савдоси

Сурат манбаси, Getty Images

Жаҳон Банки башорат қилишича, Россиядаги рецессия ва Хитойдаги иқтисодий ўсиш сустлиги, айниқса, Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ мамлакатларидаги иқтисодий фаоллик даражасига салбий таъсир кўрсатади.

Жаҳон Банки ўзининг "Дунё иқтисодиёти истиқболлари" ҳисоботини эълон қилди, ҳисоботда глобал рецессияни башорат этди.

Бундан олдин Халқаро Валюта Жамғармаси ҳам глобал экономиканинг учдан бири рецессияга тушади деб башорат қилган эди.

Алоқадор мавзулар:

Жаҳон Банкига кўра, Россиянинг Украинага бостириб кириши Марказий Осиё мамлакатлари, хусусан, Ўзбекистон иқтисодига ҳам салбий таъсир қилади, деб кутилган, бироқ 2022 йилги кўрсаткичлар дастлабки прогнозлардан яхшироқ бўлган.

Банк ҳисоб-китобига кўра, 2022 йили Ўзбекистонда Ялпи Ички Маҳсулот ўсиши даражаси 5,7 фоизни ташкил этган.

2023 йилда бу ўсиш 4,9 фоизни ташкил этиши мумкин, дейди Жаҳон Банки.

Банк Қозоғистон ва Қирғизистон учун 3,5 фоизлик, Тожикистон учун 5 фоизлик ўсишни кутаяпти.

Бутун жаҳонда инфляция даражаси кўтарилиб кетгани, марказий банкларнинг фоиз ставкаларини оширишга мажбур бўлаётганлари, инвестициялар қисқаргани, Россиянинг Украинага босқини оқибатида таъминот занжирларининг узилгани дунё иқтисодиёти ўсиши секинлашишига олиб келаяпти, дейди Жаҳон Банки.

Банк бутун дунёда иқтисодий вазият беқарор бўлиб турибди, деб ҳисоблайди.

"Инфляциянинг кутилганидан тезлашиши, уни тийиб туриш учун фоиз ставкасини бирданига кўтаришга тўғри келиши, COVID-19 пандемиясининг янги тўлқини ёки геополитик тарангликнинг ортиши жаҳон иқтисодиётини рецессияга итариши мумкин. Бу дегани, сўнгги 80 йиллик давр мобайнида бир ўн йилликнинг ичида иккита глобал рецессия рўй беради", деганидир", дейилади Жаҳон Банкининг чораклик ҳисоботида.

Прогнозларга кўра, 2023 йили дунё иқтисоди 1,7 фоиз, 2024 йили эса 2,7 фоиз ўсади.

Иқтисодий ўсишнинг кескин пасайиши ҳамма жойда кутилаяпти, дейди Жаҳон Банки.

BBC.COM/UZBEK билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek