Ўзбекистон: Президент қаршисида танқидга учраган “Ёр-ёр”, ишлашга мажбурланган ўқувчилар ва Туркия фуқаросига қандай муҳим вазифа берилди? O'zbekiston, yangiliklar

Сурат манбаси, Screenshot
- Президент қаршисида оммабоп ток-шоулар танқидга тутилди;
- Туркия фуқароси "Ўзтиблойиҳа"га директор бўлди;
- Тошкент вилоятида террорчи ташкилот аъзолари қўлга олингани хабар қилинди;
- Юқори Чирчиқда мактаб ўқувчилари мажбурий меҳнатга тутилди;
- Ўзбекистон қайси давлатга энг кўп экспорт қилмоқда?
Алоқадор мавзулар:
- Ўзбекистон: Аёллар мавзулари трендда, зўравонлик ва мажбурий меҳнат давом этаяптими?
- Ўзбекистон: Ҳоким ўзига "ҳурматли" дея мурожаат қилмасликни сўради ва пойтахт ҳудудига ўтган Қибрай маҳаллалари
- Ўзбекистон: Мирзиёев Москвада, прокурорлар жазога тортилди, минглаб вакцина олмаганлар ишдан четлатилди ва ис гази қурбонлари
- Ўзбекистоннинг Афғонистондаги бош мақсади нима ва бензин тез кунда арзонлайдими?
Танқидга учраган "Ёр-ёр"

Сурат манбаси, official
Ўзбекистонлик телетомошабинлар орасида машҳур бўлган "Маҳаллада дув-дув гап" ва "Ёр-ёр" ток-шоулари президент қаршисида танқидга учраган.
Kun.uz нашрининг ёзишича, 23 ноябрь куни президент Шавкат Мирзиёевнинг Шайхонтоҳур туманига ташрифи чоғида "Нуроний" жамғармасининг Тошкент шаҳар кенгаши раиси Рустам Калонов бу кўрсатувларни танқидга тутган.
"Мана, муҳтарам президент, маҳаллаларга катта эътибор беряпсиз. Лекин бир фикр бор эди - "Севимли" телеканалида "Маҳаллада дув-дув гап" деган кўрсатув бор. Умуман бизнинг анъаналаримизга зид. Қандай қилиб уни оила даврасида томоша қилиш мумкин, ҳайронман.
Яна "Ёр-ёр" дегани ҳам бор. Унда чиқиб хотинлар эр топаман дейди, эркаклар хотин. Яхши эркак бўлса ўзи хотин топиб олади", Калонов сўзларини келтирган нашр.
Kun.uz президент Мирзиёев Бош вазир Абдулла Ариповдан бу масалани ўз назоратига олишни сўрагани ҳақида ёзган.
SevimliTV'даги "Маҳаллада дув-дув гап" ва Zo'rTV'даги "Ёр-ёр" ток-шоулари мамлакатда энг оммабоп телекўрсатувлардан саналади.
Турк меъмори ва "Ўзтиблойиҳа"

Сурат манбаси, official
Эндиликда, туркиялик мутахассис Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизимидаги қурилишларни лойиҳалаштиришга раҳбарлик қилади.
ССВнинг хабар қилишича, Туркия фуқароси Гурак Каймак "Ўзтиблойиҳа" МЧЖга директор этиб тайинланган.
Мазкур МЧЖ вазирликнинг соғлиқни сақлаш муассасаларини лойиҳалаш бўйича бош ташкилоти ҳисобланади.
Маълум қилинишича, бундан буён ҳудудларда маҳаллий ҳокимликлар томонидан тасдиқланаётган ҳар бир тиббиёт муассасаси лойиҳаси Каймак бошчилигидаги "Ўзтиблойиҳа" томонидан тасдиқланиши белгиланган.
ССВнинг маълумотларига кўра, 48 яшар Каймак меҳнат фаолиятини Истанбул халқаро аэропорти қурилишида қатнашган "MNG HOLDING" компаниясида бошлаган.
Кейинроқ Руминиядаги қатор банк бинолари, Туркиядаги тиббиёт муассасаларини лойиҳалаштириш ишларида иштирок этган.
Вазирлик хабарида Каймак "International Hotel Tashkent" меҳмонхонаси биносини лойиҳалаштиришда ҳам фаол бўлгани маълум қилинган.
"Катиба Тавҳид вал-Жиҳод" аъзолари

Сурат манбаси, official
Тошкент вилояти ИИББ Тошкент туманида террорчи ташкилотнинг яширин жамоати аъзолари қўлга олинганини хабар қилган.
Расмий хабарда айтилишича, 23 ноябрь куни қўлга олинган шахслар "Катиба Тавҳид вал-Жиҳод" аъзолари бўлган ва мазкур ташкилот ғояларини тарғиб қилиб келган.
"Улар жамоат бўлиб шаклланишлари давомида турли диний экстремистик ва террористик ташкилотларнинг ғоявий раҳнамолари ҳисобланган "Абдуллоҳ Зуфар" ва "Содиқ Самарқандий"нинг аудио ва видео маърузаларини тарқатган ҳолда сафларини кенгайтириш билан шуғулланишган", дейилади вилоят ИИББ хабарида.
Шунингдек, хабарда жамоат аъзолари Суриядаги жангариларга ёрдам бериш мақсадида маблағ тўплагани ҳақида ҳам сўз боради.
Мажбурий меҳнатга жалб қилинганлар

Сурат манбаси, Screenshot
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Тошкент вилоятида мактаб ўқувчилари мажбурий меҳнатга жалб этилганини аниқланганини маълум қилган.
Бундан аввал ижтимоий тармоқда Юқори Чирчиқ туманидаги 23-мактаб ўқувчилари муассаса ҳовлисида мажбуран ишлатилгани таъкидланган видео тарқалган эди.
Вазирлик мазкур ҳолат юзасидан ўрганиш олиб борилиб, ўқувчилар, ҳақиқатан, 15 ноябрь куни синф раҳбари томонидан мактаб ҳовлисида ишлашга мажбур қилингани аниқланганини билдирган.
Расмий хабарда бу каби ҳолат ҳафтасига кўп маротаба такрорланиб келгани ўз тасдиғини топгани ҳам таъкидланади.
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳолат юзасидан далолатнома тузилиб, қонуний чора кўриш учун Тошкент вилоят прокуратурасига юборилганини қўшимча қилган.
$32 миллиардлик ташқи савдо айланмаси
Январь-октябрь ойларида Ўзбекистон ташқи савдо айланмаси $32,6 миллиардни ташкил этган.
Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, экспорт $12,4 миллиард, импорт $20,2 миллиардга тенг бўлган.
Ушбу давр давомида мамлакат импортида Россия ($4,2 миллиард), Хитой ($4 миллиард) ва Қозоғистон ($2,2 миллиард) энг юқори улушга эга бўлган.
Бир вақтнинг ўзида, Ўзбекистон экспортида юқори улушга эга бўлган ҳамкор давлатлар рўйхатида Хитой ($2,1 миллиард), Россия ($1,7 миллиард) ва Туркия ($1,4 миллиард) пешқадамлик қилган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek















