Ўзбекистон Доҳада Толибон билан савдо масаласини муҳокама қилдими? O‘zbekiston, Afg‘oniston, Mirziyoyev, dunyo, yangiliklar

Айрим Ғарб нашрларининг ёзишича, Ўзбекистон, Туркманистон ва Россия вакиллари Толибоннинг Бош музокарачиси билан учрашишган. Хабар ҳаракат Афғонистоннинг Марказий Осиёга чегарадош шимолини деярли буткул босиб олган бир пайтда ўртага чиққан.

Бу ҳақда Озодлик(RFE/RL) радиосининг Туркман хизмати Толибон ҳаракатининг сўзчиси билан суҳбатига таяниб кеча, 12 август куни хабар берган.

Хабар тафсилотларидан маълум бўлишича, Афғонистондаги вазиятни муҳокама қилиб олиш учун Толибон ҳаракати сиёсий қанотининг раҳбари шу ҳафта чоршанба куни Қатар пойтахтида Туркманистон Ташқи ишлар вазири ва Ўзбекистон президентининг махсус вакили билан учрашган.

Толибон сўзчисининг айтишича, Мулла Абдул Ғани Бародар Ахунд улар билан савдо-сотиқ дохил минтақавий аҳамиятга молик масалаларни гаплашиб олган.

Толибон сиёсий идораси вакили Сухайл Шаҳиннинг твитидан бунга ўхшаш мулоқот Россиянинг Афғонистон бўйича махсус вакили билан ҳам кечгани маълум бўлган.

Унинг твитида ёзилишича, ушбу учрашув чоғида Толибон ҳайъати ўзларининг ҳали-ҳануз афғон можаросига тинч йўл билан ечим топиш аҳдига содиқ эканликларини баён қилган.

"Аммо бошқа томонлар бунга тўсқинлик қилмасликлари лозим"лигини таъкидлаган.

Сухайл Шаҳинга кўра, "Замир Кабулов уларнинг мавқеъларини олқишлаган, мамлакати афғон можаросига ечим топишда кўмаклашиш ва тинчлик жараёнини тезлаштириш аҳдида эканига яна бир бор ишонтирган".

Ўзбекистон томони Доҳада Толибон музокарачиси билан бўлиб ўтгани айтилаётган учрашув ҳақида ҳозирча расман хабар бермаган.

Аммо ўзининг твитида Туркманистон ва Россия вакиллари билан учрашув тафсилотларига тўхталиб ўтган Сухайл Шаҳин ҳам Ўзбекистоннинг номини тилга олмаган.

Толибон Афғонистон шимолидаги шаҳарларни устма-уст босиб олишга киришган бир манзарада, шу ҳафта бошида АҚШнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Залмай Халилзод улар билан музокаралар олиб бориш учун Қатар пойтахтига жўнаб кетган.

Унинг худди шу сафари манзарасида Доҳада Ўзбекистон, Туркманистон ва Россия вакилларининг ҳам Толибон билан мулоқот қилишларига оид хабарлар бўй кўрсатганди.

Афғонистон, Толибон ва Марказий Осиё

Ўзбекистон ва Туркманистон Марказий Осиёнинг Афғонистонга чегарадош учта давлатидан иккитаси бўлади.

Толибон сўнгги бир ҳафтанинг ўзида Афғонистон шимоли, шимоли-шарқи, шимоли-ғарби ва ғарбини деярли тўлиғича эгаллаб бўлган.

Бу ердаги қатор портлар, энг муҳим назорат-ўтиш нуқталари, савдо, транзит йўлларини ўз қўлига олган.

Уларнинг орасида Афғонистоннинг Тожикистон ва Туркманистон билан икки ўртасида жойлашган минтақавий аҳамиятга моликлари ҳам бор.

Ҳозир ҳам Толибон назорати остида қолаётган мазкур портлар, савдо ва транзит йўллари Афғонистон бюджетига йилига миллионлаб доллар фойда келтирган.

Афғонистон шимолида толиблар ҳалича босиб олишга муваффақ бўлмаган халқаро аҳамиятга икки йирик порт қолган, холос.

Ҳайратон Ўзбекистон, Оқина эса, Туркманистон яқинида жойлашган.

Биргина Ҳайратоннинг ўзидан Афғонистон импортининг ярмига яқини ўтиши айтилади.

Ўзбекистон ва Ҳайратонни ҳар томонлама боғловчи "Дўстлик" кўприги эса, Шимолий Таъминот йўлининг энг муҳим узви сифатида ҳам кўриб келинган.

Россия Мудофаа вазири куни-кеча ҳаракат Афғонистоннинг Ўзбекистон ва Тожикистон билан чегара ҳудудларини назорат қилаётганидан жиддий хавотир ҳам билдириб чиққан.

Худди шу чиқишида толибларнинг Марказий Осиё чегараларини бузмасликка оид яқинда ўзларига берган ваъдаларини ҳам эслатиб ўтганди.

Афғонистон, Ўзбекистон ва Толибон

Толибон ҳозир Афғонистоннинг Ўзбекистонга бевосита чегарадош ягона шимолий вилояти Балхнинг маркази - Мозори Шариф шаҳрини олиш ҳаракатида.

Жангарилар шу ҳафта бошида Мозори Шарифга қарши ўз ҳужумларини эълон қилишган ва бугун, бешинчи кундирки, шаҳар назорати учун жанг қилишмоқда.

Орада Балхнинг Ўзбекистонга бевосита чегарадош иккита туманидан биттасини ҳам босиб олишган, Ҳайратонга ҳам ҳужум қилишган, аммо уни қўлга кирита олишмаган.

Афғонистоннинг ўзларига чегарадош минтақаларидаги воқеаларнинг сўнгги бир ҳафталик ривожига ҳозирча бирор бир Марказий Осиё давлати ўзининг расмий муносабатини билдириб чиқмаган.

Ўзбекистон ҳали июнь ойидаёқ Афғонистон билан чегарасини бир томонлама ёпган, аммо бунга жанубий қўшнисидаги ковид билан боғлиқ кескинлашиб бораётган вазиятни сабаб қилиб келтирган.

Орада ва яқинда аввалдан режаланганини айтиб, Афғонистон билан чегараси яқинида ўзи, бунинг ортидан, Россия билан қўшма ҳарбий машғулотлар ўтказган, Россия ва Тожикистон билан уч томонлама уюштирилганига ҳам бош қўшган.

Толибон, музокара ва мулоқотлар

Ўзбекистон, Туркманистон ва Россия сўнгги йилларда тинчлик жараёни доирасида эканини айтиб, толиблар билан фаол музокара олиб бориб келаётган давлатлар бўлишади.

Россия ва Туркманистон қолган хорижий иттифоқ қўшинлари ҳам Афғонистонни тарк этишга киришган ўтган икки ой ичида Толибон сиёсий қаноти юқори мартабали ҳайъати амалий ташриф билан бўлиб қайтган тўртта минтақа давлатидан иккитаси экани ҳам кўрилган.

Ўшанда бу ташрифларнинг расмий Москва ва Ашхобод таклифи билан амалга ошгани айтилган.

Россия Ташқи ишлар вазирлигида кечган музокараларни ўшанда ҳам Афғонистон бўйича Путиннинг махсус вакили Замир Кабулов олиб боргани айтилган.

Москвадагисидан фарқли тарзда, толибларнинг Туркманистон пойтахтидаги музокаралари тафсилотлари кенг матбуот учун имконсиз қолган.

Фақат Толибон томони ҳайъатининг, "икки томонлама савдо, сиёсий алоқалар, хавфсизлик ва чегара масалаларини муҳокама этиб олиш учун" Ашхободга борганлигини маълум қилганди.

Сухайл Шаҳиннинг твитидан англашилишича, Доҳада 11 август куни бўлиб ўтган мулоқотлари чоғида ҳам тарафлар худди шу масалаларни гаплашиб олишган.

Толибон ҳаракати сиёсий қаноти юқори мартабали ҳайъатининг Ашхободга ўтган ойги ташрифи жорий йил ҳисобидан иккинчиси бўлган.

Туркманистон Тожикистондан кейин Марказий Осиёнинг Афғонистон билан энг узун чегарага эга иккинчи давлати.

Афғонистон орқали ўз газини экспорт қилиш, транзит имкониятларини ҳам яхшилиш саъй-ҳаракатида.

Туркманистон Афғонистондаги қайта тиклаш ишларига ҳам бош қўшган, мамлакатни электр энергияси билан таъминлашда ҳам ҳиссаси бор.

Афғонистонда Исломий Амирлиги қудратда бўлган пайтда ҳам, Толибон билан алоқаларини узмаган саноқли мамлакатлардан бири.

Ўзбекистон, Афғонистон ва Толибон

Ўзбекистон Афғонистон Толибон ҳаракати сиёсий қаноти билан расман, фаол ва тўғридан-тўғри музокаралар олиб бориб келаётган ягона минтақа давлати бўлади.

Расмий Тошкент, айниқса, сўнгги йилларда ўзининг Афғонистондаги иқтисодий манфаатларини ҳам расман ва ошкора баён қилиб келади.

Афғонистон билан ўз алоқаларини ҳар томонлама кенгайтириш ва мустаҳкамлаш ҳаракатида.

Толибон Тошкентга 2019 йилги амалий ташрифи чоғида Афғонистоннинг ўзлари назорат қиладиган ҳудудларида Ўзбекистоннинг лойиҳаларини қўлларидан келганича қўллаб-қувватлашини ҳам маълум қилган.

Ўтган йил Доҳада "Ўзбекистон 24" телевизион каналига берган интервьюсида ҳам Толибон ҳаракати сиёсий қанотининг раҳбари Мулла Абдулғани Бародар Ахунд "келгусида Афғонистон томонидан Ўзбекистон ёки Марказий Осиёдаги бошқа мамлакатларга хавф ёки таҳдид пайдо бўлишига йўл қўймасликлари"ни айтган.

АҚШ билан худди ўша йилнинг февраль ойида имзолашга муваффақ бўлишган "тарихий" тинчлик битимига амал қилишларини билдирган.

Расмий Тошкент сўнгги тўрт йил ичида Толибон сиёсий қаноти юқори мартабали ҳайъатининг амалий ташриф билан икки бор Ўзбекистонга келишига эришган.

Сўнгги, 2019 йилгиси қанчалик "илиқ" кечгани билан расмий Кобулнинг ошкора эътирозига ҳам сабаб бўлгани кўрилган.

Ўзбекистон "сиёсий жараёнлар фақат афғонлар томонидан ва Афғонистон халқи етакчилигида олиб борилиши лозим", деган асосий тамойилларига содиқ қолишларини такрорлаб келади.

"Томонларнинг миллий ярашувга эришиш йўлидаги саъй-ҳаракатлари ва интилишларини қўллаб-қувватлаши"ни айтади.

Афғонистон ва афғон можаросига тинч йўл билан ечим топиш - президент Шавкат Мирзиёев яхши қўшничилик сиёсати, янгича минтақавий дипломатиясининг диққат-марказида турган масалалардан бири бўлади.

Худди шу уринишлари янги Ўзбекистоннинг ташқи имижи учун ҳам муҳим аҳамият касб этувчи фактор, воқеъликлардан бирига айлангани кўрилади.

Аммо минтақадаги ўйинчи давлатлар ўртасидаги геосиёсий тўқнашувлар, толибларни ҳам ўз ичига олувчи Афғонистондаги келажак давлат бошқарувининг табиати юзасидан музокарачи томонларнинг қанчалик бир тўхтамга кела олишлари ва Толибон сафларидаги тарқоқлик бу мулоқотларнинг амалда қанчалик самарали бўлишини савол остига олмай қўймаган.

Афғонистон ва Толибон

Халқаро миқёсда эътироф этилган сўнгги, сешанба кунги ҳисоб-китобларда Толибон ҳозир Афғонистоннинг 65 фоизини назорат қилаётгани айтилади.

Аммо орада кечган уч кун ичида ҳаракат Афғонистоннинг яна қатор шаҳарларини қўлга киритгани кўрилади.

Ҳаракатнинг ўзи эса, бунгача ҳам Афғонистон ҳудудининг 85-90 фоизи ўзининг назорати остида эканини иддао қилиб келган.

Толибон сўнгги хорижий иттифоқ қўшинлари ҳам Афғонистонни тарк этишга киришган ўтган икки ой ичида мамлакатнинг бирор бир ерида шимол ва шимол-шарқдагисичалик ютуққа эришмаган.

Афғонистон ҳукумати эса, айнан мамлакатнинг йирик шаҳарларини ҳимоя қилиш учун аксарият туманлардан ўзлари чиқиб кетганликларини айтган, буни толибларнинг ютуғи сифатида эътироф этмаган.

Аммо ўтган бир ҳафтанинг ўзида мамлакат шаҳарларининг ярмига яқини ҳам толиблар қўлига ўтган.

АҚШ ва Нато кучлари 11 сентябргача Афғонистонни деярли буткул тарк этишади.

Афғонлараро мулоқотлар ҳалича иш бермаган.

Бугунги вазият эса, ростмана музокаралар ва ёки устма-уст бўҳронга йўл очишига оид башоратлар бор.

Расмий Вашингтон ўтган йил ҳаракат билан имзолаган "тарихий" битим эса, афғонлараро мулоқотлар ортидан мамлакатда толибларни ҳам ўз ичига олувчи коалицион ҳукуматнинг қудратга келишини кўзда тутади.

Афғонистонда доимий сулҳга худди шу орқали эришишга умид қилинади.

Аммо Толибоннинг сўнгги ютуқлари аллақачон олти ойнинг ўзидаёқ амалдаги қонуний ҳукуматнинг қулаши, Афғонистонда воқеалар даҳшатли тус олиши, мамлакатнинг фуқаролар урушига юз тутиши мумкинлигига оид башорат ва жиддий хавотирларга сабаб бўлмай қолмаган.

Афғонистонлик айрим юқори мартабали масъулларнинг ошкора даъволарига таянилса эса, Толибон ўз сиёсий мақсадига эришмагунча ҳужумларини давом эттираверади.

Айрим минтақавий сиёсий таҳлилчиларга кўра, "Ўзбекистон Толибон феноменининг сўнмаслигини, аксинча, Афғонистондан Ғарб коалицияси чиқиб кетиши ортидан, бу ҳаракат ҳарбий-сиёсий жиҳатдан кучайишини ҳали бундан анча аввал англаб етган".

Афғонистонга бевосита чегарадош учинчи минтақа давлати бўлган Тожикистон эса, яқинда ўзларининг "Толибон билан ҳеч қачон музокара олиб бормаганликлари" ва Афғонистонда қонуний ҳукумат ўлароқ ҳамиша расмий Кобулни кўриб келганликларини айтган.

Худди шу манзарада Қатар пойтахти Доҳада уч кунлик музокараларини якунлаган кенгайтирилган учлик - АҚШ, Россия ва Хитой ҳам томонларни зудлик билан зўравонликларга чек қўйишга чақиришган.

Учовлон Афғонистон бўйича тинчлик жараёнини жадаллаштиришга ҳам келишиб олишган.

Хитой Толибон ҳаракати сиёсий қанотининг юқори мартабали ҳайъати охирги икки ой ичида амалий ташриф билан борган сўнгги минтақа давлати бўлган.

Расмий Пекин худди шу мулоқотлари чоғида айнан тинчлик жараёнини назарда тутиб, Толибонни Афғонистондаги "муҳим ҳарбий ва сиёсий куч", деб ҳам атаганди.

Учта ядровий ва геосиёсий қудратнинг Доҳада янграган бу даъватига Афғонистондаги рақиб томонларнинг муносабати ҳозирча маълум эмас.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek