Толибон Ўзбекистон ва Тожикистонга янада яқинлашдими? Россия аллақачон хавотирда video O‘zbekiston, Afg‘oniston, Mirziyoyev, dunyo, yangiliklar

    • Author, Феруза Раҳмон
    • Role, Би-би-си Ўзбек хизмати, Лондон
  • Ўқилиш вақти: 7 дақ

Ҳозир Толибон Афғонистоннинг Марказий Осиёга чегарадош шимоли ва шимоли-шарқида босиб олмаган бор-йўғи иккита вилоят маркази қолди. Маршал Дўстум ҳануз Мозори Шарифда. Вазиятга Россия Мудофаа вазирининг шахсан ўзи эътибор қаратди. Бу Ўзбекистон, Марказий Осиё учун нимани англатади?

Файзобод кеча, 11 август куни Афғонистоннинг Толибон назорати остига ўтган сўнгги шимолий-шарқий вилояти маркази бўлди.

Ҳатто афғон масъулларининг ўзлари ҳам Бадахшонни босиб олиш билан ҳаракат мамлакатнинг бутун шимоли-шарқи назоратини ўз қўлига олганини эътироф этишди.

Бадахшон Афғонистоннинг Тожикистон, Хитой ва Покистонга бевосита чегарадош вилояти бўлади.

Афғонистоннинг Толибон кечаётган ҳафтада марказини босиб олган бошқа бир шимолий-шарқий вилояти Қундуз эса, ҳаракатнинг сўнгги икки ой ичида бутун мамлакатда қўлга киритган энг йирик ютуғи бўлгани айтилди.

Қундуз ҳам Марказий Осиёга бевосита чегарадош.

Афғонистон ва Тожикистон ўртасидаги энг йирик Шерхон Бандар порти ҳам Қундуз яқинида жойлашган.

Шерхон Бандар Афғонистондаги энг йирик ва халқаро аҳамиятга молик портлардан бири бўлади.

Мазкур порт ҳали июнь ойидаёқ Толибон назорати остига ўтган.

Ҳаракат сўнгги хорижий иттифоқ қўшинлари ҳам Афғонистонни тарк этишга киришган саноқли ҳафталарнинг ўзидаёқ Афғонистон шимоли, шимоли шарқи ва ғарбидаги деярли барча портлар, энг муҳим назорат-ўтиш нуқталари, савдо, транзит йўлларини ўз қўлига олган ва улар ҳануз толиблар назорати остида қолмоқда.

Куни-кеча Афғонистон Молия вазирининг ҳам қисман худди шу сабаб ўз лавозимидан истеъфо берганига оид хабарлар ҳам олинган.

Бу портлар, савдо ва транзит йўлларидан Афғонистон бюджетига миллионлаб доллар фойда келган.

Толибларнинг бу галги стратегиясига баҳо бераркан, айрим минтақавий экспертлар ҳаракат бу гал Афғонистон иқтисодини ҳам қўлга олиш, бу билан ҳам ҳарбийси бўладими ёки сиёсийси, ўзининг мақсадига эришиш имкониятларини янада яхшилаш, кучайтириш истагида эканини айтишади.

Афғонистон шимолида толиблар ҳалича қўлга кирита олмаган халқаро аҳамиятга молик иккита йирик порт - Ҳайратон ва Оқина қолган, холос.

Ҳайратон Афғонистоннинг Ўзбекистонга чегарадош шимолий Балх, Оқина эса, Туркманистонга қўшни шимолий Фарёб вилоятида жойлашган.

Мозори Шариф ва Маймана Афғонистоннинг ҳалича Толибон назорати остига ўтмаган икки шимолий шаҳри бўлади.

Давомий жанглар

Балх Афғонистоннинг уч Марказий Осиё давлати - Ўзбекистон, Тожикистон ва Туркманистонга чегарадош.

Толиблар, тўртинчи кундирки, Балх маркази Мозори Шарифни ҳам олиш ҳаракатида.

Орада, ҳафталарки, ўзларининг қуршовларида бўлган Майманага ҳам бир неча бор ҳужум қилишган.

Аммо ҳозирча бу икки шаҳарни олишга муваффақ бўлишмаган.

Айниқса, Мозори Шарифни бой бериш - амалдаги Афғон ҳукумати учун энг катта ютқизиқ ва жиддий зарба бўлиши айтилади.

Кеча, 11 август куни президент Муҳаммад Ашраф Ғанининг шахсан ўзи Афғонистон шимолида катта таъсирга эга ва энг қудратли шахсиятлардан бири сифатида кўрилувчи маршал Абдулрашид Дўстум билан бирга кетма-кет Мозори Шариф шаҳрига етиб келган.

Шаҳарда экан, ўзининг сиёсий мухолифлари бўлган таниқли собиқ жиҳодий қўмондонлар билан кўришган, улар билан бутун шимол вазиятини муҳокама қилган, кучларини Толибонга қарши мувофиқлаштириш масаласини келишиб олган.

Бунақаси Толибон сўнгги кунларда Афғонистон шимоли ва шимоли-шарқида қўлга киритган бирор бир шаҳар мисолида кўрилмаганди.

Маршал Дўстумнинг ҳали-ҳануз Мозори Шариф шаҳрида экани, унинг Афғонистон шимоли ва шимоли-шарқи бўйлаб кенг кўламли янги ҳарбий амалиётларга ҳозирлик кўраётгани айтилади.

У ўзининг Мозори Шарифга Афғонистон шимолини толиблардан тозалаш учун келганини айтган.

Аммо режаланаётган амалиётга айнан ким масъул бўлиши, унинг қачон ва қандай йўлга қўйилиши тафсилотлари ҳозирча маълум эмас.

Толибон Афғонистон шимоли ва шимоли-шарқидаги аксарият вилоятлар марказларини маршал Дўстум Туркияда бир неча ҳафта даволаниб, Афғонистонга қайтган саноқли кунларнинг ичида эгаллаб олган.

Навбатдаги огоҳлик

Толибоннинг сўнгги ютуқлари ортидан Россия Мудофаа вазири ҳаракат Афғонистоннинг Ўзбекистон ва Тожикистон билан чегарасини назорат қилаётганини айтиб чиққан.

Бунинг ўзлари учун "муҳим" эканини таъкидларкан, Сергей Шойгу толибларнинг чегараларни бузмаслик ва унга туташ ҳудудларга ҳужум қилмаслик ваъдасини ҳам эслатган.

Сиёсий қаноти юқори мартабали ҳайъатининг ўтган ой Москвага ташрифи чоғида Толибон Россияни Марказий Осиё чегараларини бузмасликка ишонтиргани расман хабар берилганди.

Аммо, Россия Мудофаа вазирининг баён қилишича, бунга қарамай, ҳамкорликдаги ўқув машғулотларини давом этдиришади.

Россия барча Марказий Осиё давлатларининг энг йирик ҳарбий ва ҳарбий-техник ҳамкори бўлади.

Сергей Шойгу, шунингдек, "тўғридан-тўғри тажовуз қилинган тақдирда", КХШТ чегараларини ҳимоя қилиш учун Россия Тожикистон ва Қирғизистондаги базаларини ишга солишини ҳам айтган.

Марказий Осиё давлатлари орасидан фақат Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон Россия шамсияси остидаги Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти аъзолари саналишади.

Унинг фикрича, бу давлатлар Афғонистон йўналишида Россиянинг кўмагига муҳтож.

Сергей Шойгуга кўра, айни ўринда гап Россиянинг хавфсизлиги билан боғлиқ.

Россия Мудофаа вазири ўзлари учун Ўзбекистон ва Тожикистоннинг провокацион хатти-ҳаракатларни даф этишга шай бўлишлари муҳим эканини ҳам айтиб ўтган.

Толибоннинг сўнгги ҳафтадаги ютуқлари эса, Россиянинг Афғонистон чегараси яқинида Ўзбекистон ва Тожикистон билан ҳамкорликда ўтказган икки ва уч томонлама ҳарбий ўқув машғулотлари билан деярли бир вақтга тўғри келган.

Бошқа томондан, Толибоннинг Исломий Амирлиги қудратда бўлган 90-йиллар охири ва 2000-йиллар бошларида ҳам бирор бир чет давлатига тўғридан-тўғри дахл қилгани ҳам кўрилмаган.

Минтақавий сиёсий таҳлилчилар орасида россиялик сиёсатчиларнинг Афғонистон таҳдидаги оид, айниқса, сўнгги йилларда кучайиб бораётган огоҳликларини расмий Москванинг геосиёсий мақсадларига йўйиб, таҳлил ва талқин қилаётганлари ҳам оз эмас.

Халқаро миқёсда эътироф этилган сўнгги ҳисоб-китобларда Толибон ҳозир Афғонистоннинг 65 фоизини назорат қилаётгани айтилади.

Ўзи эса, шу пайтгача Афғонистон ҳудудининг 85-90 фоизини қайта қўлга киритганини иддао қилади.

Афғонистон ҳукумати эса, айнан мамлакатнинг йирик шаҳарларини ҳимоя қилиш учун аксарият туманлардан ўзлари чиқиб кетганликларини айтган, буни толибларнинг ютуғи сифатида эътироф этмай келаётганди.

Толибон сўнгги хорижий иттифоқ қўшинлари ҳам Афғонистонни тарк этишга киришган ўтган икки ой ичида мамлакатнинг бирор бир ерида шимол ва шимол-шарқдагисичалик ютуққа эришмаган.

90-йилларда ҳаракат бу минтақаларни энг сўнггида ва катта қийинчилик билан қўлга киритишга муваффақ бўлгани эса, бугунги воқеъликнинг аҳамиятини янада бўрттирган.

Ўзбекистон Афғонистон Толибон ҳаракати сиёсий қаноти билан расман, фаол ва тўғридан-тўғри музокаралар олиб бориб келаётган ягона минтақа давлати бўлади, ўзининг Афғонистондаги иқтисодий манфаатларини ҳам расман ва ошкора баён қилиб келади.

Толибон Тошкентга 2019 йилги амалий ташрифи чоғида Афғонистоннинг ўзлари назорат қиладиган ҳудудларида Ўзбекистоннинг лойиҳаларини қўлларидан келганича қўллаб-қувватлашини ҳам маълум қилган.

Ўтган йил Доҳада "Ўзбекистон 24" телевизион каналига берган интервьюсида ҳам Толибон ҳаракати сиёсий қанотининг раҳбари Мулла Абдулғани Бародар Ахунд "келгусида Афғонистон томонидан Ўзбекистон ёки Марказий Осиёдаги бошқа мамлакатларга хавф ёки таҳдид пайдо бўлишига йўл қўймасликлари"ни айтган.

АҚШ билан худди ўша йилнинг февраль ойида имзолашга муваффақ бўлишган "тарихий" тинчлик битимига амал қилишларини билдирганди.

Ўзбекистон минтақанинг энг йирик мусулмон давлати бўлади.

Халқаро рейтингларда Қуролли кучларининг Марказий Осиёдаги энг жанговари экани ҳам айтилади.

АҚШ ва Нато кучлари 11 сентябргача Афғонистонни деярли буткул тарк этишади.

Афғонлараро мулоқотлар ҳалича иш бермаган.

Бугунги вазият ростмана музокаралар ва ёки устма-уст бўҳронга йўл очишига оид башоратлар бор.

Толибоннинг сўнгги ютуқлари Марказий Осиё учун нимани англатади?

Камолиддин Раббимов,

Сиёсий таҳлилчи, Ўзбекистон-Франция

"Кузатишлар шуни кўрсатадики, Марказий Осиё давлатлари пойтахтларида, айниқса, Афғонистон билан бевосита чегарадош Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистонда толибларнинг шиддат билан афғон ҳудудларини қўлга олишини бироз фарқли ташвиш билан кузатиб боришмоқда.

Тожикистон яқинда ўз тарихидаги энг йирик ҳарбий ўқув машқларини ўтказди.

Бу билан бир вақтни ўзида бир қанча мақсадларни ва вазифаларни кўзлаган бўлиши аниқ.

Бир томондан ўз аҳолисини тинчлантириш бўлса, бошқа томондан, Тожикистонда мавжуд авторитар тизимни "тинчлик ва барқарорлик посбони" сифатидаги имижини ошириш ва мустаҳкамлаш ҳисобланади.

Энг асосийси эса, барибир, бу билан Афғонистон толибларига,"агар бизнинг тинчлигимизга раҳна солмоқчи бўлсангиз, биз бунга шиддат билан қаршилик кўрсатамиз!" деган муждани бериш эди.

Туркманистонда ҳам толибларнинг фаоллашувига сезиларни ташвиш билан қарашмоқда.

Лекин бу давлат йирик ҳарбий ўқув машқларини ўтказиш каби табдирларга қўл урмади.

Ўзбекистон яқинда Россия Федерацияси ва минтақанинг бошқа давлатлари билан биргаликда ҳарбий ўқув машқларини ўтказди.

Бир томондан, бу ўқув машқлари олдиндан режаланган эди. Яъни, фавқулодда ўқув машқлари эмасди.

Бошқа тарафдан эса, сценариясига кўра, асосан "жанубдан келиши мумкин бўлган таҳдид"ларга ҳарбий жавоб беришга қаратилган эди.

Айни ўринда шуни ҳам айтиб ўтиш керакки, кейинги йилларда Ўзбекистон деярли барча қўшни, қолаверса, Туркия, Покистон ва бошқа давлатлар билан ҳам ҳарбий ўқув машқлари ўтказиб келмоқда.

Лекин бугун Марказий Осиё давлатлари пойтахтларидаги Афғонистонда толибларнинг фаоллашуви борасидаги кайфият "паника" эмас, буни "ташвиш билан кузатиш", дейиш мумкин.

Яъни, бугун Тошкент, Ашхобод ва Душанбеда ҳам толибларга нисбатан "кафолатланган ҳаёт-мамот таҳдиди" деб эмас, кўпроқ "Афғонистон чегараларидан чиқиши кутилмаётган, масъулиятли бўлишга интилаётган жангари сиёсий куч" сифатида қараш устуворлик қилади.

Марказий Осиёда, қолаверса, дунё давлатларида шаклланган тасаввурларга кўра, толиблар шундай кучки, улар Афғонистоннинг барча ҳудудларини, Кобул ҳокимиятини қўлга киритишга қодир ва улар ушбу давлат ҳокимиятига бўлган амбицияларидан, даъволаридан ҳеч бир ҳолатда воз кечмайдилар.

Айни пайтда, толибларнинг сиёсий тафаккури ўтган йигирма йил ичида анча жиддий ўзгаришга учради.

Кейинги йилларда Толибон раҳбариятининг такрор ва такрор баёнотлари, ишонтиришларининг замирида битта ғоя ва мужда ётади: "Биз Афғонистон ҳокимиятига даъволаримиздан воз кечмаймиз, лекин, ҳеч бир қўшни давлатга таҳдид қилмаймиз ва бу гал бошқаларга Афғонистондан яна жой бериб, ўтмишдаги хатоларимизни такрорламаймиз!".

Айтиш керакки, бугун Марказий Осиё давлатлари пойтахтларида Толибон ҳаракати раҳбарларининг юқоридаги мазмундаги баёнотларига ишонч, қолаверса, умид анча юқори.

Ўзбекистон Толибон феноменининг сўнмаслигини, аксинча, Афғонистондан Ғарб коалицияси чиқиб кетиши ортидан, бу ҳаракат ҳарбий-сиёсий жиҳатдан кучайишини инобатга олиб, бевосита мулоқотларни икки-уч йил олдин бошлаб юборган эди.

2019 йилда Толибон ҳаракатининг бир қанча раҳбарлари амалий ташриф билан Ўзбекистонга келишган, Тошкентдан ташқари, Самарқандга ҳам боришган, зиёрат қилишганди.

Бугун минтақа давлатлари ҳукуматлари Афғонистон ҳокимиятига толиблар келишини исташмаса-да, бунга руҳан тайёр туришибди.

Афғонистонда толибларнинг шиддат билан ҳудудларни ўз назоратига олишлари бу яқин йиллар ичида Марказий Осиё давлатларига бир қанча жиҳатдан салбий таъсир ўтказиши аниқ.

Биринчидан, Марказий Осиё минтақаси яна олдингидек қайноқ фронтбўйи ҳудудга айланади.

Афғонистонда фуқаролик уруши, жиддий тўқнашувлар потенциали ошиб бормоқда.

Жумладан, бу давлат ичидаги этник зўриқишлар, тўқнашувга мойилликлар янада ошиши мумкин.

Иккинчидан, Афғонистондан Марказий Осиёга қочқинлар потенциали кучайди.

Шу пайтгача афғон фуқаролари Марказий Осиё давлатлари, жумладан, Ўзбекистонга борди-келди масаласида, нисбатан эркин эди.

Кейинги мураккаб вазият фонида, Ўзбекистон, қолаверса, Тожикистон ва Туркманистон ҳам кўп сонли қочқинлар оқими пайдо бўлишидан хавотир олиб, борди-келди жараёнларини кескин қисқартирди. Чегарадаги назорат тартиби, табиийки, жиддий кучайтирилди.

Учинчидан, Афғонистондаги мураккаб вазият Марказий Осиёнинг сармоя ва савдо-иқтисодий муҳитига жиддий салбий таъсир кўрсатади.

Чунки потенциал янги хорижий сармоядорлар Афғонистон омилини бутунлай соқит қила олмайдилар.

Шунинг билан бирга, ҳозирча умид қилишга асослар мавжудки, маълум муддатдан кейин, Афғонистондаги ўзаро ҳокимият талашуви масаласи ёпилгач, янги вазиятда савдо-иқтисодий лойиҳалар, транспорт коммуникациялари, олдингидек ёки янада изчилроқ фаолиятга тушиши мумкин.

Демак, Афғонистондаги вазият минтақа давлатларини безовта қилади, айни пайтда, ҳеч бир пойтахт толибларни ўз хавфсизлигига яширинча ёки ошкора таҳдид сифатида кўраётгани йўқ.

Шу сабаб ҳам, вазиятни имкон қадар вазминлик билан, совуққонлик билан кузатиш давом этмоқда".

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek