Ўзбекистон: Мирзиёев мусулмон болаларнинг Қуръон ўрганишига қўйилган тақиқни оладими? Video O‘zbekiston dunyo yangiliklar

Сурат манбаси, Ўзбекистон президенти матбуот хизмати
Ўзбекистондаги мусулмон фаоллар хусусий тартибда диний таълимга рухсат берилишини талаб қилишмоқда. Янги таҳрирдаги қонунда ушбу тақиқ ўз кучида қолган.
Ҳуқуқшунослар эса Ўзбекистон бу борада ўзи имзо чеккан халқаро шартномаларга амал қилмаяпти, деб айтишади.
Диний қўмита хусусий диний таълим олиш рухсатини талаб қилиб чиққан мусулмонларни мутаассибликда айблади.
Ўзбекистон сенати Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисидаги қонуннинг янги таҳририни тасдиқлади.
Унда хусусий тартибда диний таълим беришга қўйилган тақиқ қолдирилган. Қонун кучга кириши учун уни ҳали Президент Мирзиёев имзолаши керак.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Ўзбекистонда мактабни битирмаган болаларга хусусий тартибда ёки масжид ва бошқа ибодатхоналар қошида диний таълим бериш ё Қуръон ўқитиш қонунан ман қилинган.
Олий ва ўрта диний ўқув юртларида таълим олиш учун фуқаролар Ўзбекистон Республикасининг "Таълим тўғрисида"ги Қонунига мувофиқ умумий мажбурий ўрта таълим олганидан кейин қабул қилинади.
Яъни амалда бола 18 ёшга тўлган бўлиши керак.
Диний олим Мубашшир Аҳмад - диний таълимга бўлган ёш чекловини бекор қилиш ва хусусий диний таълим олишга қонунан рухсат беришни сўраб, Президент Шавкат Мирзиёевга мурожаат қилган.
Унинг айтишича, 18 ёшгача диний таълим олишнинг чекланиши диний ва илмий нуқтаи назардан тўғри эмас.
"Диний жиҳатдан қаралганда ўғил бола 10-12, қиз бола 9 ёшдан балоғатга етади. Ислом шариати баъзи бир ибодатларни унга шу ёшдан бошлаб мажбурий қилади. Демак, бола 8-9 ёшидан намоз ҳақида тушунчаларга, намознинг аҳкомларини билишликка эҳтиёжи бор бўлади. Шунинг учун бу ҳолат диний таълимни барвақтроқ бошлашни тақозо қилади. Илмий жиҳатдан эса ёш боланинг дунё ҳақида тасаввурлари, билим ва тушунчалари 5 ёшда 70 фоиз шаклланиб бўлади, деган илмий изланишларнинг самараси бор. Ана шундан келиб чиқадиган бўлсак ҳам ёшлигидан бола дунёнинг не эканлиги ҳақида тушунчага, уни яратган зот ҳақидаги тушунчаларга, унинг аҳкомлари ҳақидаги тушунчаларга эга бўлишлиги керак, деб ҳисоблаймиз. Ана шу жиҳатлар туфайли диний таълимни эртароқ бошлаш тарафдоримиз", дейди Мубашшир Аҳмад.
Диний таълим радикализмнинг олдини оладими?

Сурат манбаси, BBCUZBEK
Ўзбекистонда масжидлар қошида ҳам диний таълим тақиқланган. Шу боис болаларга Қуръонни ҳатто Ўзбекистонда чоп қилинадиган китоблар ёрдамида ўргатган шахслар ҳам жавобгарликка тортилиши мумкин.
Шу йилнинг май ойида Пахтачи туманидаги масжидда болаларга Диний қўмита рухсати билан чоп қилинадиган "Муаллимис соний" китобидан дарс берган Аслиддин Худойбердиевнинг 15 суткага қамалиши шов-шувларга сабаб бўлганди.
Тошкентдаги "Мирза Юсуф" жоме масжиди имом хатиби Саййид Раҳматуллоҳ Термизий Йўл идораси расмийсини танқид қилганида, имомларнинг "Муаллимис соний" ўқитгани учун жавобгарликка тортилаётганини айтиб ўтди.
"Баъзан емаган сомсамизга пул тўлаймиз. Имомлар "Муаллимис соний" ўқитгани учун жиноий жавобгарликка тортилиб турса, сен йўлни бузиб қурганинг учун, унинг учун давлат бюджетидан ҳақ олганинг учун, сен танқид қилинсанг бўлмайдими. Имомлар "Муаллимис соний" ўқитгани учун гуноҳкор бўлса майлию, бу жаноб айбига яраша танқид қилинишга чидолмаяптилар", дейди Термизий.
Президентга мурожаатдан сўнг Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита диний таълимга оид 3 қисмдан иборат муносабатни чоп қилди.
"Хусусий тартибда диний таълим беришга бўлган чеклов - аҳолининг диний эҳтиёжини қондириш учун ҳеч қандай шарт-шароит мавжуд эмас, деган нотўғри хулосага сабаб бўлиши керак эмас", дейилади унда.
Қўмита муносабатида айтилишича, 2019 йилдан бошлаб Қуръон ва тажвид курслари фаолияти йўлга қўйилган.
Аммо Би-би-си суриштирувидан маълум бўлишича, ушбу курсларга ўрта махсус таълимни битирмаган ёшлар қўйилмайди. Ўқиш учун 18 ёшдан ошган бўлиш керак.
Дин ишлари бўйича қўмита диний таълим масаласини кўтарганларни мутаассибликда айблаган.
Аммо Янгийўл тумани "Халқабод" жоме масжиди имом-хатиби Маъруфхон домланинг айтишича, ёшлар керакли диний таълимни олмагани учун ҳам турли оқимларга кириб кетмоқда.
"Инсонлар маърифатдан, илмдан, Аллоҳдон узилганлиги учун турли адаш йўлларга, боши берк кўчаларга кириб қоляпти. Нима учун бизни келиб, инсонлар чалғитмайди. Нима учун манга келиб ҳеч ким ИШИДга даъват қилмайди, нима учун Ҳизбут таҳрирга бизни келиб даъват қилишмайди. Нотўғри оқимларга нега бизни келиб даъват қилишмайди, бошқа инсонларни қилишади. Биз қайсидир маънода ҳақ йўлни таниганимиз, оқ билан қорани ажратганимиз ва соф эътиқод эгаси бўлганимиз улар бизни адаштира олмаслигига кўзи етади".
Ўзбекистон ўзи имзолаган халқаро шартномани бажармаяптими?

Сурат манбаси, official
Ўзбекистон БМТ бош ассамблеясининг 1981 йил қабул қилган "Дин ва эътиқодга асосланган ҳар қандай муросасизлик ва камситишни тугатиш тўғрисидаги декларация"ни 1997 йил ратификация қилган.
Ушбу халқаро ҳужжатнинг 5-моддаси, 2-бандида ҳар бир бола ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар эътиқодидан келиб чиқиб - диний таълим олишига тўсиқ қўйилмаслиги керак, деб кўрсатилган.
Ҳуқуқшунос Абдувохид Яқубовнинг айтишича, Ўзбекистон ўз зиммасига олган ушбу ҳуқуқий меъёрни бажармаётгани халқаро шартнома талабини бузиш ҳисобланади.
"Имзо қўйган давлатлар шартнома тузяпти ва келишяптики, мана шу фуқароларнинг диний ва сиёсий ҳуқуқларини таъминлаймиз, деб бўйнига оляпти. Ҳа, энди буни бажармаяпти. Демак, бажармаётган бўлса, шартномани бузяпти. Шартномани бузганда нариги тарафлар, 200 га яқин давлат эътироз билдириш ҳуқуқига эга. Сиз бўйнингизга олдингиз, нега бажармаяпсиз, деган талабни қўйиш ҳуқуқига ва бажаришингизни талаб қиламиз, дейиш ҳуқуқига эга. Буни айрим давлатлар бизнинг ички ишларимизга аралашиш, деб баҳолайди-да. Бу ҳеч қандай ички ишингизга аралашиши эмас. Сиз халқаро шартномани тузиш орқали ўзингизнинг ички ишингизни халқаро ишга айлантирдингиз".
Би-би-си Ўзбекистон ҳукумати нима учун ўз зиммасига олган халқаро шартномани бажармаяпти, деган саволни Адлия вазирлигига берди.
Вазирлик матбуот котиби диний либос, таълим - бу ҳаммаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг ваколатидаги масала эканлигини ва қўмитага мурожаат қилиш кераклигини айтди.
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита ҳалича Би-би-си сўровига жавоб бергани йўқ.
Баъзи мусулмон фаолларнинг диний таълим борасидаги талабига Ўзбекистондаги бошқа диний эътиқоддаги жамоалар муносабат билдиргани ҳам ҳалича кўрилмайди.
Азон.уз Бош муҳаррири Абдулазиз Раимов насронийларнинг Тошкентда жойлашган Успенский кафедрал жомесига борганида Тошкент диний семинариясида ёш болаларнинг ҳам диний таълим олиши мумкинлигига гувоҳ бўлганини ёзганди.
Тошкент ва Ўзбекистон митрополити Викентий ушбу мақолага раддия бериб - семинария рус православ черковининг олий ўқув юрти эканлигини айтган ва у ерда мактаб ёшидаги болалар ўқитилмаслигини таъкидлаган.
Аммо руҳоний ўз раддиясида болалар учун халқ тилида "якшанба мактаблари", деб аталувчи суҳбатлар ташкил қилинишини ҳам айтган.
Жавобда бу мактабларда рус православ черковининг диний таълимотлари, урфлари, одатлари ва маросимларига оид тушунтиришлар берилиши қайд қилинган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbe
















