Германия эксперти Ўзбекистон ичидаги овчилик нақадар қонунийлигини савол остига олди - video O‘zbekiston dunyo

Сурат манбаси, Screenshot/Youtube Yevgeniy Shirokov
Ҳайвонот оламини ҳимоя қилиш борасидаги Ўзбекистоннинг халқаро мажбуриятларини ўрганган германиялик мутахассис Ўзбекистондаги овчилик нақадар қонунийлигини савол остига олди.
Ёввойи ҳайвонларни асраш йўлида курашувчи Pro Wildlife ташкилотининг Мюнхендаги вакили, биолог Даниэла Фрейернинг айтишича, россиялик овчи овлаб ўлдирган жонзотлар бўйича Ўзбекистон ҳукумати халқаро ҳисоботларга маълумот бермай туриб, уларнинг ўлдирилишига рухсат берган.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Шунингдек, Фрейер хоним Ўзбекистондаги қўнғир айиқлар сони атиги 100 атрофида экани, яъни Давлат Экология қўмитаси айтганидек 500 атрофида эмаслигини билдирди. Унга кўра, россиялик овчи ўлдириши рухсат берилган айиқ ва морхўр ҳайвонларнинг халқаро савдосига қарши курашувчи CITES халқаро битимининг биринчи иловасига киритилган.
Ўзбекистон ичидаги фаоллар айни дамда Қизил китобга киритилган жонзотларни овлаш рухсат қандай тамойилларга таянилган ҳолда берилишини савол остига олишмоқда. Бир фаолнинг айтишича, Қизил китобдаги жонзотларнинг сонини сунъий тарзда кўпайтириб кўрсатиб, уларни овлаш квотаси каттароқ бўлишига эришилаётган ҳоллар кўп.
Ўзбекистонда қизил китобга киритилган бир нечта жонзотларни, хусусан қўнғир айиқ, бурама шохли така - морхўр ва Бухоро қўйини россиялик овчи отиб ўлдириши жамоатчилик орасида кескин норозиликларга сабаб бўлди. Бу овга рухсат берган Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси йўқолиб кетаётган жонзотларни овлаш орқали уларни асраб қолиш ишларига маблағ йиғилиши ва бу нормал халқаро тажриба эканини айтади.
Ибрат Сафо Даниэла Фрейердан аввало бу нақадар нормал халқаро тажриба экани ва унинг шартлари ҳақида сўради.
Фрейер: Афсуски, жаҳонда ҳали ҳам қаттиқ қўриқланувчи ҳайвонлар ови - трофи овчилиги, яъни ўлжани кўз-кўз қилувчи овчиликка рухсат берадиган давлатлар бор. Африка давлатлари, Канада, Европада ва Ўзбекистон каби Осиёдаги давлатлар бунга рухсат беради. Овчилар ўз ўлжасини олиш учун баъзи ҳолларда буткул йўқ бўлиб кетиш арафасида бўлган жонзотларни ҳам ўлдиришга рухсат олишади.
Би-би-си: Бунга рухсат берувчи давлатлар ана шундай овчилик ортидан келиб тушадиган пул - масалан, Ўзбекистонда Тяншань айиғи ва Туркистон силовсини учун уч минг доллар - ўша ҳайвонларни асраб қолиш саъй ҳаракатларига сарфланади дейишади. Ҳақиқатдан шундайми?
Фрейер: Ҳа, одатда ўлжа овчилиги шундай оқланади. Яъни, ундан келиб тушадиган пул ҳайвонларни асрашга ёки шу ҳайвонлар билан ёнма-ён яшайдиган аҳолига берилиши айтилади. Лекин, кўп давлатларда бу маблағ аслида табиатни асраш чоралари ёки шу ҳайвонларни асраш йўлида ишлайдиган одамларга етиб бормайди. Кўп ҳолларда бу баҳона сифатида қўлланилади. Ўлжа овчилиги бу каби бебаҳо жонзотларни асраб қолиш ҳаракатларига буткул нотўғри муждани беради. Биласиз, қўнғир айиқларни турли мақсадларда овлашади, масалан Хитойда уларнинг кафтини ва ўт пуфагини дори деб сотишади. Қандай қилиб биз бу ҳайвонни кафти учун овламанг деб туриб, ўзимиз расман бадавлат овчиларга шу ҳайвонни ўлдиришга рухсат беришимиз мумкин? Бу аҳолига буткул нотўғри муждани беради.

Сурат манбаси, Ecologuz
Би-би-си: Бир халқаро ҳисобот, Трофи овчиликни ман этиш йўлидаги кампания (CBTH) кўрсаткичларида бу маблағнинг 97 фоизи асл мақсадга етиб бормаслиги, ва одатда коррупциялашган амалдорлар орасида йўқ бўлиб кетиши айтилган. Бу жуда катта пул, шундаймасми?
Фрейер: Ҳа, албатта. Табиатга етиб борадиган пул бир давлатдан иккинчисига қараб фарқ қилади. Аммо, бир нечта халқаро тадқиқотлар аниқлашича, жуда кам маблағ тўғри мақсадда сарфланади. Кўп ҳисоботларда пул элита ёки коррупциялашган амалдорлар қўлида қолиб кетиши, ҳамда пулнинг аксар қисми ов саноати ичида қолиши аниқланган. Ов саноати деганда овни таклиф қилувчи фирмалар, овчиларга ҳамроҳлик қилувчи маҳаллий профессионал овчилар назарда тутилади. Кўплар пул ишлайди, лекин ёввойи жонзотлар билан яшаётганлар эмас. Аҳлоқий жиҳатдан ҳам, бу ҳайвонларнинг ўлжа учун ўлдирилишини ҳеч қандай йўл билан оқлаб бўлмайди. Бу завқ олиш учун ўлдириш холос. Улар шундан завқланадилар. Ва иложи борича энг ноёб, йўқолиб бораётган ҳайвонни ўлдиришга уринадилар. Нуфузли халқаро IUCN, яъни Табиатни асраш халқаро уюшмаси баёнот чиқариб «ўлжа овчилиги табиатни асраш учун ишлатилиши мумкин эмас» деб айтган. Кўплаб бошқа ташкилотларга ҳам бу тажрибага қарши.
Би-би-си: Ўзбекистон Экология қўмитаси мамлакатдаги қўнғир айиқлар сони 500 атрофида деяпти, аммо бу сонни маҳаллий фаоллар савол остига олишяпти. Сизда бу кўрсаткичлар борми?
Фрейер: Мен IUCN ҳисоботига қарадим ва унда Ўзбекистонда 100тача қўнғир айиқ борлиги айтилган. Бу 2019 йилги ҳисобот. Бу каби айиқлар яшайдиган барча давлатларни қўшсак, уларнинг умумий сони мингтача экани қайд этилган. Бу ўта кам сон. Ва бу каби кам сонли жонзот турига ов ташкиллаштириш жуда катта масъулиятсизлик. Бу овчи ўлдирган ҳайвонларнинг барчаси ҳимоя остидаги жонзотлар. Ҳайвонларнинг халқаро савдосига қарши курашувчи CITES халқаро битими, хавф остидаги ҳайвонлар савдоси бўйича халқаро конвенцияда морхўр ва қўнғир айиқ Битимнинг биринчи иловасига киритилган. Бу дегани улар қатъий ҳимоя остида. Уларни ўта камдан-кам ҳолларда, ва фақатгина экспорт ва импорт қилувчи давлатлар келишуви билангина кўчириш мумкин. Аммо, морхўр ва айиқ мисолида, бундай бўлганига шубҳам бор.
Би-би-си: Экология қўмитаси берган баёнотда айиқларнинг тутилиши ёки табиатдан ажратиб олинишига квота берилган, лекин овлаб ўлдириш айтилмаган. Бу ҳайвонлар, айтайлик, сони кўпайиб кетган тақдирда ҳам, уларни ўлдирмай назорат қилиш мумкинми?

Фрейер: Албатта мумкин. Мисол учун, сут эмизувчи ҳайвонларнинг ўзаро кўпайиши, яъни репродуктив даражасини назоратга олиш ва уларни тириклайин ушлаш мумкин. Масалан, филлар борасида кўп дастури амаллар бор. Лекин, гап шундаки, биз муҳокама қилаётган ҳайвонларни назорат қилишга ҳожат йўқ, чунки улар ўта ноёб! Шундай ҳоллар бўладики, ҳайвон одамларнинг уйига кириб боради, ёки айиқ аричилик саноатига ҳужум қилади ва ҳоказо. Лекин буни бартараф этиш усуллари кўп. Бу усуллар қўлланиб фойда бермагандан кейингина ўлдирилиши мумкин. Аммо Ўзбекистонда бундай бўлганини кўрмадим. Бу ҳайвонлар у ерда жуда кам, ва айиқ шундоқ ҳам эндигина уйқудан уйғонган ва заиф бўлган. Шу сабаб, менга бу бир баҳонадек туюлди. Ундан ташқари, ғалати жойи шуки, квотада бу ҳайвон ўлдирилиши керакми ёки тириклайин тутилиши - бу ҳам айтилмаган. Масалан CITES квотасида ҳайвон ўлдирилиши керакми ёки тутилиши батафсил ва аниқ кўрсатилади. Ўзбекистон бу ҳайвонларнинг ҳеч бирига янги квоталарни топширмаган. 2019 йил охиргиси бўлган, 2020 йилда «тайёрланяпти» дейилган, 2021 йил учун эса умуман квотани кўрмадим. Нега квота чоп қилинмаган бир вақтда, Ўзбекистон ҳукумати уларнинг ўлдирилишига рухсат берди?
Би-би-си: Ўзбекистонда кўплар агар бу жонзотлар ўлдирилишига рухсат берилса, унда Қизил китобнинг борлигидан нима фойда деб сўрашмоқда.
Фрейер: Ҳа, шахсан мен биолог сифатида бу одамлар фикрига 100 фоиз қўшиламан. Лекин, афсуски, қизил китобга киритилганининг ўзи бу жонзот ҳимояланганини англатмайди. Иккита масала бор - Қизил китоб сизга бирон ҳайвон турининг қанчалар хавф остида эканини ва қанчалар камайиб бораётганини билишга ёрдам беради. Шундай экан, менинг фикримда, улар камаяётган бўлса, уларни овламаслик керак. Иккинчи масала - қонуний ҳимоя. Ҳукумат бунинг учун ўша жонзотни ов қилинадиган ҳайвонлар рўйхатига киритмаслиги керак ва аниқ-таниқ қилиб овни тақиқлаши керак. Бу ҳукуматга боғлиқ.
Би-би-си: Яна овдан тушадиган маблағга қайтсак. Ҳукумат бу жонзотларни асрашда қандайдир бой овчининг пулига таяниб қолмасдан, ўзи бюджетдан шунга пул ажратиши керак эмасми?
Фрейер: Ҳа, шундай. Агар ҳукумат бу ҳайвон турларига ғамхўрлик қилишда ўз молиясига эга бўлмаса, уларни кузатадиган мутахассисларга эга бўлмаса, бу ҳаракатларни бошқарувчи менежмент ва ижрочи кучларга эга бўлмаса, демак унда овчиларни ҳам назорат қилишга пули йўк. Агар ҳукумат ўз чўнтагидан буларга маблағ ажратмаса, у ўлжа овчилигини ҳам назорат қилолмайди.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: @bbcuzbek












