Президент ортидан Бош вазир Тошкентда, Мирзиёев томонидан “синалган” одам ва ўпирилиб тушган йўл - O‘zbekiston Mirziyoyev dunyo yangiliklar

Сурат манбаси, official
Ўзбекистонга навбатдаги ташриф, президент сайлови йилида янги матбуот котиби ва мамлакатдаги қурилишлар сифатидан яна хавотирлар - bbcuzbek.com дайжести.
Ташриф
Қирғизистоннинг янги Бош вазири Тошкентга келди.
Улугбек Машариповнинг Ўзбекистонга сафари Қирғизистон президенти Садир Жапаровнинг ишчи ташрифидан икки ҳафта ўтиб амалга ошмоқда.
Расмий хабарларга кўра, Қирғизистон Бош вазири 25-26 март кунлари Ўзбекистонда бўлади.
Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги икки томонлама ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро қўшма комиссиянинг навбатдаги йиғилишида иштирок этади.
Улугбек Машариповни пойтахт Тошкент халқаро аэропортида Ўзбекистон Бош вазирининг шахсан ўзи қарши олган.
Бу икки Бош вазирнинг иккинчи бор кўришуви бўлган.

Сурат манбаси, official
Икковлон илк бор ўтган ой Олма отада, ЕвроОсиё ҳукуматлараро кенгаши йиғилиши теграсида учрашишган.
Бош вазирлар савдо-иқтисодий, сармоявий, қишлоқ хўжалиги, маданий-гуманитар, сув-энергетика ва транспорт соҳаларидаги икки томонлама ҳамкорликнинг кўплаб масалаларини муҳокама қилишган.
Ўзбекистон томони президент бошчилигида "қирғиз халқини ҳар қандай ташаббус билан қўллаб-қувватлаш"га ваъда берган.
Улар икки давлат ўртасидаги чегараларни делимитация қилиш масаласига ҳам тўхталишган.
Ўшанда Бош вазирлар ўртасидаги учрашув кун тартибидан Сўх йўли муаммоси жой олган-олмагани номаълум қолган.
Аммо Қирғизистон президентининг шу ой бошидаги Тошкентга амалий ташрифи ортидан, Шавкат Мирзиёев Садир Жапаров билан "чегара бўйича муносабатлари тарихида биринчи марта жуда қаттиқ ва аниқ келишиб олишгани"ни баён қилган.
Ўзбекистон ва Қирғизистон чегара масалаларини "уч ой ичида ҳал қилиш" ниятида экани маълум бўлган.
Ўзаро чегарадаги ўтиш пунктларининг тўлақонли ишлашини таъминлаш бўйича ҳам "амалий қадамлар белгиланган"и айтилган.

Икки кунлик амалий ташриф ортидан, Қирғизистон томонидан устма-уст янграган баёнотлар мазмун ва оҳангидан Сўх йўли муаммоси ҳалича буткул барҳам топмагани англашилган.
Энг сўнггида вазиятга шахсан ўзи ойдинлик киритгандек кўринган Қирғизистон президенти Сўхга йўлак эмас, авиақатновга рухсат берганликларини айтган.
Қирғизистон президенти сайтида нега дастлаб бошқача маълумот берилгани сабаби маълум эмас. Бунга ойдинлик киритиш уринишлари ҳозирча самара бермаган.
Улугбек Машариповнинг ташрифи Ўзбекистон Қирғизистон томонининг бу қабила баёнотларига ҳалича ўзининг расмий муносабатини билдирмаган бир манзарада амалга ошган.
Ўзбекистонга бевосита чегарадош Қирғизистонда бир миллиондан ортиқ ўзбеклар ҳам яшайди.
Янги матбуот котиби
Президент Шавкат Мирзиёев кеча, 24 март куни ўзининг янги матбуот котибини таништирган.
Видеоселектор йиғилиши тафсилотларидан бу лавозимни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирининг ўринбосари эгаллагани маълум бўлган.
Шавкат Мирзиёевнинг айтишича, "кўп ўйлаб, шу қарорга келган", Шерзод Асадовни президентнинг матбуот котиби этиб тайинлаш тўғрисидаги фармонга имзо чеккан.
Шерзод Асадов Президент Администрацияси раҳбарининг ўринбосари - президент матбуот котиби этиб тайинланган.
"Шерзод Асадовнинг тажрибаси катта, уни кўп синадим. Ҳозир бизга шундай ақлли одамлар керак. Ташқи дунёни билган, ички дунёни билган", - деб айтган Шавкат Мирзиёев.

Сурат манбаси, official
Ўзбекистон президентининг сўзларидан маълум бўлишича, Шерзод Асадов "давлат сиёсатининг ёритилишига ҳам масъул бўлади".
Агар, маҳаллий нашрларда келтирилаётган иқтибосларга таянилса, Шавкат Мирзиёев Шерзод Асадовга "жуда масъулиятли вазифа топширилаётгани" таъкидларкан, "у ҳам катта кураш майдонига кираётгани"ни айтган.
Янги тайинлов Ўзбекистонда президент сайлови йилига тўғри келган.
Бунгача ҳозирда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори бўлган Асад Хўжаев ва Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов президент Шавкат Мирзиёевга матбуот котиблик қилишган.
Ўтган йил ёзидан бошлаб, Ўзбекистон президенти матбуот котибининг вазифаларини Президент Администрацияси раҳбарининг Оммавий ахборот воситалари бўйича ўринбосари бажариб келаётгани айтилган.
Комил Алламжонов сўнгги янгиликка ўз муносабатини билдирган.
"Шерзод Асадовни тажрибали, халқаро ташкилотлар талабларини яхши тушунадиган етук кадрлардан бири, деб ҳисоблаши"ини айтган.
"Ушбу тайинлов фақат яхшиликка хизмат қилади", деб ўйлаши ҳақида ёзаркан, Комил Алламжонов, "Шерзод Асадовни осон бўлмаган, масъулиятли ва шарафли вазифа билан қутлаб, унга омад тилаб қолган".
Кучли брендсиз UzAutoMotors

Сурат манбаси, official
Fitch Ratings агентлиги илк бор UzAutoMotors'нинг "Барқарор" прогнозли узоқ муддатли кредит рейтингини тасдиқлаган.
Бир вақтнинг ўзида агентлик монополь компаниянинг заиф жойларини ҳам санаб ўтган.
Маълум қилинишича, UzAutoMotors маҳсулотлар ассортименти кўлами торлиги ва савдолари бир мамлакатда жамланиб қолганидан бошқа автомобиль ишлаб чиқарувчилар қаршисида ожизроқ саналади.
Шунингдек, бошқа компаниялар билан рақобатни чекловчи кучли бренднинг мавжуд эмаслиги ҳам UzAutoMotors фаолиятига салбий таъсир кўрсатади.
Бундан ташқари Fitch Ratings компания долларда сотиб олиб, сўмда сотгани туфайли ҳам валюта хатарига учраши мумкинлигини таъкидлаган.
Агентлик маълумотларига кўра, компания операцион чиқимларининг 60 фоизга яқини хорижий валюта ҳисобига тўғри келади.
Йўли чўккан "Амирсой"

Сурат манбаси, official
Бўстонлиқ туманидан "Амирсой" сиҳатгоҳига олиб борувчи йўл чўккани сабаб автомобиллар ҳаракати вақтинча тўхтатилган.
ИИВ ЙҲХББ ҳодиса жойига зудлик билан ФВВ ва бошқа идоралар ходимлари етиб борганини маълум қилган.
Созлаш ишларидан сўнг йўлнинг ҳолати тўғрисида қўшимча ахборот берилиши хабар қилинган.
Расмийлар дам олишни режалаган фуқаролардан вақтинча "Амирсой" томон ҳаракатланмасликни сўраган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek


















