Янги кодексдан хавотир: Ўзбекистонда энди нима жиноят саналиши мумкин? Янгиликлар, O‘zbekiston, Mirziyoyev, dunyo, yangiliklar

Сурат манбаси, official
Human Rights Watch Ўзбекистоннинг янги таҳрирдаги Жиноят кодекси лойиҳасини танқид қилиб чиққан. Ўзбекистонга ЮНEСКОдан $435 минг ёрдам. Инфляциянинг асосий сабаби ва бепул "права". bbcuzbek.com дайжести.
Танқид
Human Rights Watch халқаро инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти Ўзбекистоннинг янги таҳрирдаги Жиноят кодекси лойиҳасини танқид қилиб чиққан.
Ташкилотнинг маълум қилишича, лойиҳа жузъий ижобий ўзгаришларни таклиф қилсада, унда сўз эркинлиги, йиғилишлар ва диний ҳуқуқларни поймол этувчи бандлар сақланиб қолинган.
HRW Кодекс лойиҳасидаги 282-модда (Жамоат бирлашмалари ёки диний ташкилотларни қонунга хилоф равишда тузиш) ва 284-модда (Йиғилишлар, митинглар, кўча юришлари ёки намойишлар уюштириш, ўтказиш тартибини бузиш)га эътибор қаратган.
"Бу моддалар бекор қилиниши лозим ва ўз фикрини эркин изҳор этиш, йиғилиш ёки бирлашиш жиноятга тенглаштирилмаслиги шарт", дейилади ташкилот баёнотида.
HRW, шунингдек, халқаро инсон ҳуқуқлари гуруҳлари Ўзбекистон ҳукуматини "тинч норозилик билдириш ҳамда диний ва эътиқод эркинлигини жиноятга тенглаштириб келган" Жиноят кодексидаги "экстремизм"га оид ҳолатлар (амалдаги Кодекснинг 244-1 ва 244-1-моддалари)ни қайта кўриб чиқишга чақириб келганини ҳам тилга олган.
"Ҳужжат лойиҳасида фақатгина ҳар икки моддадаги экстремизмнинг "диний" сифати олиб ташланган холос, бошқа жиҳатдан, ушбу ҳолатлар мазмуни тўла сақланиб қолинган. Лойиҳада "экстремизм" ўзида нимани англатишига таъриф берилмаган", таъкидлайди инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти.
Янги таҳрирдаги Жиноят кодекси лойиҳаси Бош прокуратура томонидан 22 февраль куни жамоатчилик муҳокамасига қўйилган эди.
Ҳозирча, Ўзбекистон томони ушбу танқидларга муносабат билдиргани кўзга ташланмаган.
ЮНEСКОдан $435 минг ёрдам

Сурат манбаси, Reuters
ЮНEСКО Ўзбекистондаги ўқитувчилар малакасини оширишга 435 минг АҚШ доллари ажратади.
Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги хабар бермоқда.
Қайд этилишича, Тошкентда "Ўзбекистонда ўқитувчиларнинг малакасини ошириш ёндашувларини мослаштириш ва кўламини кенгайтириш" илмий лойиҳа Бошқарув қўмитасининг виртуал йиғилиши бўлиб ўтган.
"Икки йиллик лойиҳа (2020-2022) доирасида Қорақалпоғистон Республикаси, Навоий ва Тошкент вилоятларида 150 мактаб ва 600 дан ортиқ ўқитувчиларни жалб этган ҳолда уларнинг малакасини ошириш модели ишлаб чиқилади", дейилади вазирлик хабарида.
Инфляциянинг асосий сабаби

Сурат манбаси, official
Январь-февраль ойларида озиқ-овқат нархларининг ўсиши умумий инфляцияга салмоқли ҳисса қўшган.
Айниқса, шакар, ўсимлик ёғи, товуқ гўшти ва мева-сабзавотлар нархи кўтарилган.
Марказий банкнинг маълум қилишича, ўтган икки ой мобайнида шакар нархи 3,7 фоизга, ўсимлик ёғи - 3 фоизга, товуқ гўшти - 5,7 фоизга, мева ва ёнғоқлар - 5 фоизга, сабзавот ва дуккакли маҳсулотлар - 3,2 фоизга ўсди.
Йиллик инфляция даражаси эса январда 11,6 фоиз, февраль ойида эса 11,4 фоиз бўлган.
Озиқ-овқат нархлари эса йиллик ҳисобда ўртача 14,6 фоизга ошган ва умумий инфляцияга оширувчи таъсири 6,2 фоиз бандни ташкил этди.
"Умуман олганда, ташқи сектордаги ўзгаришлар ва озиқ-овқат маҳсулотларининг жаҳон бозорларидаги нархларининг деярли бир йилдан бери давом этаётган ўсиши қисқа муддатли истиқболда инфляцияга оширувчи босимни юзага келтириши мумкин", дейилади расмий ахборотда.
Бепул "права"

Сурат манбаси, official
1 апрелдан бошлаб айрим ёшлар ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун бепул ўқитилади.
Бу ҳақда "Ватанпарвар" ташкилоти маълум қилган.
Хабарда айтилишича, "Темир дафтар" ва "Ёшлар дафтари"га киритилган муҳтож оилалар фарзандларини "Ватанпарвар" ташкилотининг ўқув муассасаларида "ВС" тоифали ҳайдовчиларни тайёрлаш бўйича бепул ўқитилиши йўлга қўйилади.
$900 миллионлик ўтказма

Сурат манбаси, BBCUZBEK
Январь-февраль ойлари давомида Ўзбекистонга хориждан $892 миллион миқдорида пул юборилган.
Марказий банк бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан $107 миллион ёки 14 фоизга кўп эканини билдирмоқда.
Мамлакатдан хорижга юборилган пул маблағлари эса $215 миллионни ташкил этган.
Бундан аввал 2020 йил давомида Ўзбекистонга келиб тушган пул ўтказмалари $6,03 миллиардга етгани хабар қилинган эди.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek


















