Ўзбекистон: ИИВ 50 та автозак сотиб олди ва Ҳаж мавсуми қачон бошланади? Янгиликлар, O‘zbekiston, Mirziyoyev, dunyo, yangiliklar

Сурат манбаси, official
Ички ишлар вазирлиги деярли 24 миллиард сўмга 50 та махсус контингентларни ташувчи транспорт воситаси - автозак сотиб олган. Жапаров Ўзбекистонга келди. Ҳаж сафарига рухсат берилдими? bbcuzbek.com дайжести.
Автозак
Ички ишлар вазирлиги деярли 24 миллиард сўмга 50 та махсус контингентларни ташувчи транспорт воситаси - автозак сотиб олган.
Gazeta.uz нашри ИИВ томонидан жорий йил бошидан буён давлат харидлари доирасида автомобиллар ва техника сотиб олиш бўйича тузилган шартномаларга эътибор қаратган.
Нашрнинг ёзишича, вазирлик ўтган икки ойдан кўпроқ вақт давомида деярли 48,5 миллиард сўмга автомашиналар ва техника сотиб олган.
Хусусан, 50 та автозак, 16 та тентли юк машинаси, 30 автобус ва бошқа транспорт воситаларини сотиб олиш бўйича шартномалар имзоланган.
Тармоқ фойдаланувчилари, айниқса, кўп миқдорда автозаклар харид қилинаётганига эътибор қаратганлар.
Автозак - маҳбуслар, айбланувчилар ва гумонланувчиларни ташишга мўлжалланган махсус жиҳозланган транспорт воситаси.
Бундай автомобиллар пост-Совет давлатлари ҳудудида, айниқса, Россиядаги мухолифатчи Алексей Навалний таъсири остида ташкил этилган оммавий намойишларда норози инсонларни ҳибсга олишда кенг қўлланилиши ортидан эътиборга тушган.
Шу сабабдан ҳам ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегментида ҳар бирининг нархи 479,2 миллион сўм бўлган автозаклар хариди "яқинлашиб келаётган президент сайловига тайёргарлик" ўлароқ кўрилган фикрлар кўзга ташланган.
Шунингдек, автозаклар сотиб олиниши "Навалний таъсири» сифатида тасвирланган қарашлар юзага чиққан.
Би-би-си нега бундай кўп сондаги автозаклар сотиб олинишига эҳтиёж туғилгани сабабини сўраб, ИИВга мурожаат қилди.
Вазирлик матбуот котиби Шоҳруҳ Ғиёсов бундай харажатлар ички ишлар органлари моддий-техник таъминотини такомиллаштириш мақсадида ҳукумат томонидан ишлаб чиқилган режа ҳамда топшириқлар асосида амалга оширилишини билдирди.
«Барча харажатлар қонунчиликда ўрнатилган тартибда, ички ишлар органлари тўғрисидаги қонунда белгиланган вазифаларини бажаришга қаратилади», дея ёзди у Би-би-си саволларига жавобан.
Жапаров Ўзбекистонга келди

Сурат манбаси, official
11 март куни Қирғизистон президенти Садир Жапаров пойтахт Тошкентга келган.
Аэропортда уни Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов кутиб олган.
Бу яқинда сайланган қўшни мамлакат президентининг Ўзбекистонга илк ташрифидир.
Расмий хабарда президент Жапаров Ўзбекистонга ташрифини Тошкентдаги Мустақиллик ва эзгулик монументи пойига гул қўйишдан бошлагани маълум қилинган.
Шундан сўнг Қирғизистон президенти Шавкат Мирзиёев билан учрашиш учун Кўксарой қароргоҳига йўл олгани қўшимча этилган.
Садир Жапаров 12 мартга қадар Ўзбекистонда бўлади.
Ҳаж сафарига рухсат берилдими?

Сурат манбаси, Reuters
Дин ишлари бўйича қўмита ижтимоий тармоқда «Ҳаж мавсумига рухсат берилди» мазмунида тарқалаётган хабарларга муносабат билдирган.
Қўмитанинг маълум қилишича, бундай хабарлар «ҳеч қандай расмий асосга эга эмас».
«Ҳаж ва Умра тадбирларини ташкил этиш бўйича Саудия Арабистони ҳукумати томонидан ҳозирга қадар ҳеч қандай расмий қарор эълон қилинмаган», дейилади қўмита баёнотида.
Расмий баёнотда зиёрат мавсуми қачон бошланиши кутилаётганига ойдинлик киритилмаган.
Қўмита ўзбекистонликларни бундай «асоссиз ва чалғитувчи хабарларга ишонмаслик»ка чақирган.
Эмланганлик сертификати

Сурат манбаси, unicef
Коронавирусга қарши вакцина олган ўзбекистонликларга эмланганлик ҳақида тегишли сертификат берилади.
Бу ҳақда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи Баҳодир Юсупалиев маълум қилган.
Унинг сўзларига кўра, оммавий эмлаш жараёнида муҳим аҳамиятга эга шприц таъминоти, хавфсиз қутилар таъминоти ва бошқалар учун 6 миллиард сўмдан зиёд маблағлар ажратилган ҳамда харидлар амалга ошириляпти.
10 мингдан ортиқ вакцинаторлар, патронаж ҳамширалари, 33 мингдан ортиқ шифокорлар эса эмлаш жараёнига тайёргарлик кўрмоқда.
«Биринчи навбатда, эмланадиган аҳоли вакилларини электрон рўйхатга олиш ишлари олиб бориляпти. Янги эмлаш.уз деб номланган сайт яратилди.
Вакцина олган фуқаролар бу сайтда рўйхатдан ўтказиб борилади. Уларга эмланганлик ҳақида тегишли сертификат ҳам берилади», деган Баҳодир Юсупалиев.
$1,3 миллиардга уч электр станция

Сурат манбаси, official
Туркия компанияси Тошкент ва Бухоро вилоятларида учта электр станциясини қуради.
4 март куни президент Шавкат Мирзиёев бу борадаги қарорга имзо чеккан.
Маълум этилишича, Туркиянинг Aksa Enerji Üretim A.Ş. компанияси Ўзбекистон ҳукумати билан ҳамкорликда Тошкент вилоятида қуввати 240 МВт бўлган буғ-газ электр станцияси ва қуввати 230 МВтга тенг газ-поршенли электр станцияси қуради.
Шунингдек, имзоланган шартномаларда Бухоро вилоятида қуввати 270 МВт бўлган газ-поршенли электр станция қуриш кўзда тутилган.
Норма.уз ахборот-ҳуқуқий порталининг ёзишича, ҳар бир лойиҳа бўйича $450 миллиондан тўғридан-тўғри инвестициялар жалб этилади.
Президент қарорида «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ 25 йил давомида электр энергиясини кафолатланган тарзда сотиб олиши белгилаб қўйилган.
Шу йилнинг январь ойида Саудия Арабистонининг ACWA Power компанияси Сирдарё вилоятида қуввати 1,500 МВт бўлган иссиқлик электр станцияси қуришга киришган эди.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek


















