Франция ва Ислом: Макрон мусулмон пешволарига ультиматум қўйди – Fransiya, O'zbekiston, Turkiya, Islom dini, dunyo, yangiliklar

Fransiya prezidenti

Сурат манбаси, Reuters

Франция ва Ислом: Макрон мусулмон пешволарига ультиматум қўйди - Франция президенти энди улардан 15 кун ичида "республика қадриятлари низоми"ни қабул қилишни сўради. Европа давлатлари ичидан энг кўп сондаги мусулмон айнан Францияда истиқомат қилади.

Бу Францияда радикал Исломга қарши кенг қамровли курашнинг бир қисми сифатида тақдим этилган.

Эммануэль Макроннинг чоршанба кунги ультиматуми Франция Мусулмонлар кенгаши қаршисига қўйилган.

Уларга "республика қадриятлари низоми"ни қабул қилишлари учун 15 кун муҳлат берилган.

Франция президенти ва Ички ишлар вазири ўнга яқин дин пешвоси билан Елисей саройида учрашган.

Низомда умумиятла сиёсий Исломдан воз кечиш ҳақида сўз бориши айтилган.

Унда Ислом сиёсий ҳаракат эмас, дин экани қатъий таъкидланиши маълум бўлган.

Бундан ташқари, низомда мусулмон жамоаларининг фаолиятига "четдан аралашув"нинг ҳам тақиқланиши англашилган.

Homage to Samuel Paty in Montpellier, 21 Oct 20

Сурат манбаси, AFP

Сурат тагсўзи, Мамлакат мотамда

Воқеаларнинг бу каби ривожи Францияда қарийб бир ойнинг ичида устма-уст юз берган учта ҳужум ортидан бўй кўрсатган. Ҳужумлар радикал исломчиларнинг иши сифатида кўрилган.

Ҳужумларнинг бирида Ислом дини пайғамбари ҳажв қилинган карикатурани ўқувчиларига кўрсатиши ортидан, бир мактаб ўқитувчисининг боши танасидан жудо қилинган.

Ҳужумлар ортидан, президент Эммануэль Макрон Франциянинг дунёвий қадриятларини қатъий ҳимоя қилиб чиққан.

Хабарларга кўра, Франция Мусулмонлар кенгаши Уламолар Миллий кенгашини тузишга рози бўлган.

Маълум бўлишича, бу кенгаш имомларга расман аккредитация беради, одоб-ахлоқ қоидаларини бузган тақдирларида, у бекор қилинади.

The Pantin mosque - closed by the French authorities

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Пантиндаги масжид масъуллар томонидан ёпиб қўйилган

Президент Макрон, ўз таъбирича, Франциядаги "исломий бўлгинчилик"ка қарши курашишга қаратилган янги чораларни ҳам эълон қилган.

Бу чора-тадбирлар радикаллашувнинг олдини олишга қаратилган кенг қамровли қонун лойиҳасини ҳам ўз ичига олади. Дин давлат ва мактаблардан четда тутилади.

Чоршанба куни эълон қилинган янги чоралар уйда таҳсил олишни чеклайди.

Давлат хизматчиларини диний заминда қўрқитишларга қарши оғирроқ жазоларни кўзда тутади.

Қонунга мувофиқ, ҳар бир болага идентификация рақами берилади, бу рақам уларнинг мактабга боришини кафолатлаш учун ишлатилади.

Қонунни бузган ота-оналар учун олти ойгача қамоқ жазоси ва катта миқдордаги жарима кўзда тутилади.

Қонун лойиҳаси келаси ой бошида муҳокамага қўйилади.

Уни кўришга муваффақ бўлган "Франс-пресс" ахборот агентлигининг ёзишича, бошқаларга оид шахсий маълумотларни бегоналар топиб, унга зиён етказиши мумкин бўлган шаклда тарқатилиши ҳам тақиқланади, бундан кейин жиноят ҳисобланади.

President Erdogan and Emmanuel Macron

Сурат манбаси, Reuters/Getty

Сурат тагсўзи, Туркия ва Франция президентлари

Яқинда президент Макрон дунёвийлик ва сўз эркинлиги Франция Республикасининг асосий қадриятларидан бири эканлигини эслатаркан, Исломни "инқирозга учраган дин", деб атади.

Нашрларда Исломда тақиқланган ва мусулмонлар учун ҳақоратли ҳисобланган иш - Муҳаммад пайғамбар(с.а.в) карикатураларини нашр этиш ҳуқуқини ҳимоя қилди.

Айни мазмундаги чиқиши ортидан, Макрон қатор исломий давлатлар томонидан "ҳужум"га учради, ҳақоратлар ва танқидлар остида қолди, давомий оммавий намойишлар кузатилди, француз товарларини бойкот қилишга бўлган чақириқлар янгради.

Франция ва Туркия президентлари орасида даҳанаки жанг қизиди.

Францияда 5,7 миллиондан ортиқ мусулмон яшайди - бу мамлакат аҳолисининг тахминан 8,8 фоизини ташкил этади.

Қолган Европа давлатлари билан қиёсланганда, энг кўп сондаги мусулмон айнан Францияда истиқомат қилади.

Anti-Islamophobia rally in Paris, 27 Oct 20

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Мусулмонлар мамлакатдаги Исломофобияга қарши намойишга чиқишган

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek