Ўзбекистон: «Афсуски, янги рекорд» ва касаллик 2-3 ойда чекинадими? O'zbekiston, koronavirus

Ўқилиш вақти: 3 дақ

Ўзбекистон: «Афсуски, янги рекорд» ва касаллик 2-3 ойда чекинадими? - Коронавирусдан 38-ўлим. Абу Сахий вақтинча ёпилди. «Қўлимизда на қўлланма, на дори бор» - bbcuzbek.com дайжести.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги 6 июль куни 342 ҳолатда касаллик аниқланиб, янги рекорд қайд этилганини билдирмоқда.

Кун давомида карантин муассасаларида 204, аҳоли орасида эса 116 нафар инсонда коронавирус инфекцияси аниқланган.

7 июль соат 10:00 ҳолатига кўра эса, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 97 нафарга кўпайиб, 10459 нафарни ташкил этмоқда.

Янги касалланиш ҳолатларининг 35 таси карантин марказидаги одамлар, 62 таси эса аҳоли орасида аниқланган.

Шу пайтга қадар 6690 бемор соғайган, 3731 инсон шифохоналарда қолмоқда.

Улардан 25 нафари оғир, 11 нафари эса ўта оғир аҳволда экани айтилмоқда.

Ўзбекистон: Бир кунда уч ўлим - эпидемия чўққига чиқдими? O'zbekiston, коронавирус - BBC News O'zbek

Пандемия тугашини башорат қилмайман — Шодмонов

Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов Қалампир.уз нашри мухбирининг саволларига жавоб бера туриб, пандемия қачон тугаши номаълум эканини билдирган.

«Буни шу кунгача кўплаб олимлар башорат қилишга ҳаракат қилди. Лекин бирортасининг тахмини тўғри чиққани йўқ. Шунинг учун мен ҳам башорат қилмайман. Айтиш жуда қийин», деган вазир.

Алишер Шодмонов касалликнинг тўхташи одамларга боғлиқлигини таъкидлаган.

«Ҳаммаси сизу бизга, халқимизга боғлиқ. Аниқ қоидалар бор. Уларга риоя этилса, итоат қилинса, биз бу касаллик устидан ғолиб чиқа оламиз. Шундагина касалликдан 2-3 ойда қутилиб кетишимиз мумкин. Акс ҳолда бу вирус узоқ йиллар давомида организмимизда сақланиб қолиши мумкин».

Шунингдек, вазир эпидемия Ўзбекистонда ўзининг юқори чўққисига чиқдими, деган саволга шундай жавоб берган:

"Ҳали "пик" ҳолатга чиққанимиз йўқ. Биз ўсишда давом этяпмиз".

38-ўлим

7 июль куни ССВ Самарқанд вилояти Ургут туманида яшовчи 61 ёшли О.Н.нинг 27 июнь куни вилоят юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилгани, аммо кўрсатилган муолажаларга қарамай, бемор ҳаётдан кўз юмгани ҳақида маълум қилди.

Хабарга кўра, касаллик беморда икки томонлама пневмония, ўткир нафас етишмовчилигининг 3-даражаси асорати билан кечган.

Бемор бундан аввал сурункали буйрак етишмовчилиги, гипертония касаллиги, юрак ишемик касаллиги, ўткир миокард инфаркти билан ҳам оғриган.

«Шифокорларнинг стандартлар асосида ўтказган тезкор реанимацион муолажаларига қарамасдан бемор ўткир нафас ва ўткир юрак қон-томир етишмовчилигидан вафот этди», дейилади вазирлик хабарида.

6 июль куни давомида 3 нафар бемор ҳаётдан кўз юмгани маълум қилинган.

Абу Сахий вақтинча ёпилди

"Tashkent Trade Center" (Абу Сахий) савдо маркази маъмурият ишчилари ва савдо ходимларида коронавирус инфекцияси борлиги аниқланган.

Оқибатда, марказ профилактика тадбирлари ўтказиш мақсадида вақтинча ёпилди, дея хабар бермоқда Чилонзор туман ҳокимлиги.

Савдо маркази маъмурияти ходимлари ва тадбиркорлардан 6 июль куни коронавирус инфекциясига намуна олинган.

«Қўлимизда на қўлланма, на дори бор»

Бош давлат санитария инспектори Нурмат Отабеков Ўзбекистон 24 телеканалига берган интервьюсида айни вақтда коронавирусга қарши курашда ниқобдан ўзга чора маълум эмаслигини билдирган.

«Коронавирус пандемияси бошланганига салкам ўн ой бўляпти. Шу пайтгача қўлимизда нима бор? Қўлимизда асосли тавсия, дори воситаси, ҳимоя қўрғонини шакллантирадиган вакцина йўқ», деган у.

У оммавий равишда ниқоб тақиш вируснинг кенг тарқалиб кетишига йўл қўймаётганини тилга олган.

Бундан ташқари Отабеков одамлар ўзининг касал эканини яшираётгани ҳам касалликнинг кенг кўламда ортиб кетаётганига сабаб бўлаётганини маълум қилган.

«Бизда одамлар бемор эканлигини тан олгиси келмайди. Ҳатто, тана ҳарорати кўтарилиб, томоғи ачишиб, нафас олиши қийинлашиб, ҳид, таъм билмай қолгунгача ҳам у ўзини соғлом, деб ўйлайди. Ҳозирда юзага келаётган оғир ҳолат касал эканлигимизни тан олмаслигимиз билан боғлиқ».

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek