Ўзбекистон: Янги коронавирус рекорди ва террорчилар ови - O'zbekiston

Ўқилиш вақти: 2 дақ

Июнь ойининг сўнгги куни коронавирус инфекцияси билан боғлиқ рекорд янгиланиб, 281 ҳолатда касаллик қайд этилган.

"Шундан 255 нафари Карантин муассасаларида, 25 нафари аҳоли орасида (шундан 13 нафари Тошкент шаҳрида, 9 нафари Тошкент вилоятида, 3 нафари Самарқанд вилоятида), 1 нафари эса халқаро юк ташувчи автомашина ҳайдовчилари орасида аниқланган", дея хабар берган Соғлиқни сақлаш вазирлиги.

Бундан ташқари, кун давомида коронавирус юқтирган икки бемор оламдан ўтган.

Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, 1 июль соат 17:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 168 нафарга кўпайиб, 8671 нафарни ташкил этмоқда.

Адолат борлигига ишонч

Ўзбекистон: Энди ҳалол миллионерлар пайдо бўладими? Мирзиёев, O'zbekiston - BBC News O'zbek

30 июнь куни президент Шавкат Мирзиёев раислигида одил судловни таъминлаш ва коррупцияга қарши курашиш борасидаги вазифалар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди

Йиғилиш давомида 2018-2019 йилларда биринчи инстанция судларида жами 192 та жиноят иши бўйича 307 нафар шахс оқланган бўлсада, ҳеч қайси ҳолатда прокурор айбловдан воз кечмагани тилга олинган.

Шу боис тергов жараёнидаги хатолар суд мажлисида аниқланса, прокурор суднинг тугашини кутиб ўтирмасдан, ўз ташаббуси билан айбловдан воз кечадиган тартиб жорий этилиши лозимлиги қайд этилган.

"Суд биносига келган ҳар бир инсон Ўзбекистонда адолат борлигига ишониб чиқиб кетиши керак. Бу Президент талаби!" дея таъкидлаган давлат раҳбари.

Бундан ташқари суд тизимида эскилик сарқити бўлган, ўз номи билан ҳам суднинг мазмун-моҳиятига тўғри келмайдиган "назорат тартибида ишларни кўриш" амалиётидан тўлиқ воз кечилиши ҳам маълум этилган.

Президент Шавкат Мирзиёев судьяларнинг адолатли қарор қабул қилишларига таъсир ўтказувчи барча омилларни, шу жумладан Олий суд раиси ва Бош прокурорнинг протест келтириш ҳуқуқини бекор қилиш таклифини илгари сурган.

Парламент палаталари ушбу таклифни кўриб чиқиши хабар қилинмоқда.

Тошкентда 'террорчи ташкилот тарафдорлари' қўлга олинди

30 июнь куни Ўзбекистон Республикаси ДХХ, ИИВ ҳамда Тошкент шаҳар ДХХБ, ИИББ ходимлари билан ҳамкорликда Тошкент шаҳри ҳудудида яширин фаолият олиб борган "Тавҳид ва жиҳод катибаси" халқаро террористик ташкилотининг бир гуруҳ тарафдорлари фош этилди, дея хабар бермоқда Ички ишлар вазирлиги.

Олмазор ва Шайхонтоҳур туманлари ҳудудидаги 8 та манзилларда тинтув тадбирлари ўтказилиб, 11 нафар шахслар ички ишлар идораларига келтирилган.

"Мазкур шахслар ҳозирда Сурияда террористик фаолият олиб бораётган «ТЖК» жангариларининг ғоявий таъсирига тушган ҳолда Тошкент шаҳрида яширин гуруҳ тузиб, ноқонуний йиғилишлар давомида интернет тармоғи орқали кўчириб олинган экстремистик мазмундаги материалларни муҳокама қилиб келишган ҳамда «ҳижрат» ва «жиҳод» амалларини бажариш мақсадида Сурия давлатига чиқиб кетишни режалаштиришган", дейилади вазирлик хабарида.

Маълумот ўрнида, "Тавҳид ва жиҳод катибаси"Ўзбекистон Республикаси Олий судининг 2016 йил 26 сентябрдаги қарори билан террористик деб топилиб, мамлакат ҳудудида унинг фаолияти тақиқланган.

Бухорода автобуслар ҳаракати тўхтатилди

Аҳоли орасида коронавирус инфекцияси тарқалиши суръати ошгани ортидан 30 июндан Бухоро вилоятида жамоат транспорти ҳаракати номаълум муддатга тўлиқ тўхтатилган.

Шу билан бирга йўналишсиз таксиларнинг карантин талабларига риоят этган ҳолда ҳаракатланиши қатъий назорат остига олиниши айтилмоқда.

Дўстлик тумани ёпилди

Коронавирус инфекцияси тарқалиши олдини олиш мақсадида Жиззах вилоятидаги Дўстлик туманига кириш ва чиқиш 30 июндан бошлаб тўхтатилди.

Бу ҳақида туман ҳокимлиги ахборот хизмати маълум қилмоқда.

Навоий бепул WiFi билан қопланади

Вилоят ҳокими Қобул Турсунов Навоий шаҳрининг барча ҳудудини бепул WiFi билан қамраб олиш кўзланган лойиҳанинг ишга туширилишини бошлаб берган.

Хабарда ушбу лойиҳа Ўрта Осиёда ягона бўлиб, айнан Навоий шаҳрида амалга оширилаётгани ва, натижада, шаҳарнинг барча ҳудудларини ягона марказлашган бепул WiFi тармоғи билан қамраб олиш режалаштирилгани айтилади.

Лойиҳани амалга ошириш йўлида Латвиядан 218 миллион сўмлик WiFi қурилмаси олиб келингани, йил охирига қадар 400 та роутер шаҳар бўйлаб ўрнатиб чиқилиши кутилмоқда.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek