You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Ўзбекистон: Коронавирус қачон йўқолади? O'zbekiston, koronavirus
Ўзбекистон: Коронавирус қачон йўқолади? - бу саволга шахсан Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирининг ўзи жавоб берди. Шарти ва муддатини айтди.
Qalampir.uz интернет нашрининг вазир Алишер Шодмонов билан суҳбати Ўзбекистонда коронавирус билан боғлиқ янги рекорд қайд этилган бир кунга тўғри келди.
Кеча, 6 июль куни кундалик рақамлар жаъми 342 тани ташкил этди.
Ўзбекистонда коронавирус расман шу йилнинг 15 март куни аниқланган.
Аммо орада кечган қарийб тўрт ой ичида бу каби кўрсаткич кўзга ташланмаганди.
Ўзбекистон: Бир кунда уч ўлим - эпидемия чўққига чиқдими? O'zbekiston, коронавирус - BBC News O'zbek
Соғлиқни сақлаш вазири аввалига, "буни башорат қилмаслиги, айтиш жуда қийинлиги"ни таъкидлаган.
Сабабини эса, "Буни шу кунгача кўплаб олимлар башорат қилишга ҳаракат қилгани, лекин бирортасининг тахмини тўғри чиққани йўқ"лиги билан изоҳлаган.
Аммо бунинг ортидан, Ўзбекистонда коронавируснинг йўқолиши одамларга боғлиқ эканини айтган.
Алишер Шодмонов ўз жавобида, "Аниқ қоидалар бор"лигини эслатган, "уларга риоя этилса, итоат қилинса, бу касаллик устидан ғолиб чиқа олишлари"ни баён қилган.
"Шундагина, касалликдан 2-3 ойда қутилиб кетишлари мумкин"лигини таъкидлаган.
"Акс-ҳолда бу вирус узоқ йиллар давомида организмимизда сақланиб қолиши мумкин", - деган.
Ўзбекистон ва коронавирус
Ўзбекистонда сўнгги ҳафталарда коронавирусга чалиниш ҳоллари кескин ортган.
Кундалик рақамлар рекорд даражага етган. Бир кунда уч юздан ортиқ ҳоллар қайд этилган.
Бу каби рақамлар яна расмий хабарларда ўз ифодасини топган.
Мавжуд ҳолат орада одамлар ичида турли миш-мишларни ҳам пайдо қилган.
Масъуллар ўзларини карантин чораларига риоя қилдириш учун рақамларни атайдан бўрттириб кўрсатишётганига оид гап-сўзлар ҳам келиб чиққан.
Расмийлар, ҳатто, расман раддия беришгача боришган.
Бунақаси ҳам шу пайтгача кузатилмаганди.
Бугунга келиб Ўзбекистонда жаъми рақамлар расман 10 мингдан ортган.
Вафот этганлар сонида ҳам жиддий ўсиш кузатилган.
Бир кунда учта ўлим ҳолати ҳам қайд этилган.
Коронавирус аҳоли орасида тарқалишни бошлаган.
Манбаси номаълум бўлган ҳолатлар сони ошган.
Ўзбекистон Қозоғистондан кейин минтақанинг энг кўп коронавирус тарқалган иккинчи давлати бўлиб турибди.
Мамлакат масъуллари яқин-яқингача коронавируснинг иккинчи тўлқинига оид хавотирларни расман рад этиб келишган.
20 апрелдан бошлаб эса, карантин чораларини босқичма-босқич юмшатишга киришишган.
Ўзбекистонда коронавирус манбаси асосан мамлакатнинг четдан қайтган фуқаролари бўлишган.
Сўнгги кунларда рекорд сонда қайд этилаётган кундалик ҳолатларнинг аксарияти ҳам яна уларнинг ҳисобига тўғри келаётгани кўрилган.
Истиқбол
Ўзбекистон минтақанинг энг кўп - миллионлаб сондаги фуқаролари четда турли иш, юмуш ва таҳсилда банд давлати бўлади.
Айнан улар аксарияти ҳозир бўлганлари эса, дунёнинг энг кўп коронавирус тарқалган мамлакатлари экани кўрилади.
Глобал коронавирус пандемияси четдаги ўзбекистонликларни ҳам оғир вазиятда қолдирган, кўпчилик ортга қайтиш истагида.
Ўзбекистон шу кунларда ҳам ўн минглаб фуқароларини ортга қайтариш ҳаракатида.
Устига устак, Ўзбекистон дунёнинг ёзи жазирама иссиқ давлатларидан бири саналади.
Бу каби об-ҳаво шароитида аҳолининг карантин чораларига қанчалик қатъий риоя эта олишларининг ўзи жиддий эътибор талаб савол, мавзу ва муаммолардан бири бўлади.
Коронавирусга қарши вакцина ҳали-ҳануз тайёр эмас, касалликни тўлиқ даволаши мумкин бўлган дори-дармонлар ҳам деярли имконсиз.
Масъуллар шу ой бошида "Ўзбекистон коронавирус тарқалишининг энг ёмон сценарийсига ҳам тайёр"лигини баён қилишган.
Куни-кеча коронавирус симптомларсиз кечаётган беморларнинг уйда даволанишларига ҳам расман рухсат беришган.
Худди шу манзарада Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти Қозоғистон ва Қирғизистондаги коронавирус билан боғлиқ хавфли тенденциядан ўз хавотирларини изҳор этиб чиққан.
Ташкилотга кўра, карантин чоралари юмшатилиши ортидан, бу икки давлатда ҳам вирусга чалинганлар сони жадаллик билан орта бошлаган.
Қозоғистон 5 июлдан бошлаб ҳатто яна қатъий карантин чораларига қайтган, бу ишга расман қўл урган дунёнинг биринчи давлатига айланган.
Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилотининг куни-кеча огоҳлантиришича эса, энг ёмони ҳали олдинда бўлиши мумкин.
Qalampir.uz интернет нашри Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазири билан шу суҳбатининг ўзида "Ўзбекистонда коронавирусга чалиниш "пик"ка чиққан-чиқмаган"и билан ҳам қизиққан.
Нашрнинг бу саволига вазир, "Йўқ, ҳали "пик" ҳолатига чиққанимиз йўқ. Биз ўсишда давом этаяпмиз", - деб жавоб берган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek