МИБ ҳақидаги янгиликдан кўпчилик хурсандми? O'zbekiston

Ўзбекистон МИБ ходими

Сурат манбаси, Mib.uz

Ўзбекистонда Мажбурий Ижро Бюроси ташкил этилганига айни уч йил тўлганида унинг айрим ваколатлари олиб қўйилди.

2017 йил 29 майида бу ташкилотни тузишга асос бўлган ваколатлар.

Чунки Мажбурий Ижро Бюроси Ўзбекистон Президентининг "Электр энергияси ва табиий газ етказиб бериш ҳамда истеъмол қилиш соҳасида тўлов интизомини янада мустаҳкамлаш, шунингдек, ижро иши юритиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони билан ташкил этилган эди.

Орадаги уч йилда жамоатчиликда МИБ ҳақида адолатли ташкилот деган таассурот пайдо бўлди, дейиш қийин: Интернет ижтимоий тармоқларида чиндан-да ночор оиланинг рўзғоридаги буюмлар олиб чиқиб кетилаётгани хабар ва видеолари тарқалди, МИБ ходимларини қароқчига ўхшатган шарҳлар ёзилди, аскиячилар пародия қилди ва МИБчилар жисмоний зўравонликларга дуч келган ҳолатлар кузатилди.

Шунинг учун ҳам МИБдан қатор ваколатлар 2020 йил 1 августидан олиб қўйилиши ҳақидаги хабар ижтимоий тармоқларда хурсандлик билан қарши олинаётганини кузатиш, "Хайр МИБ", "4000 доллар билан МИБга ишга кирганлар энди нима қилади?"га ўхшаш изоҳларни ўқиш мумкин.

Ўзбекистон президентининг 2020 йил 18 июндаги "Табиий газ ва электр энергиясини сотиш механизмини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонига кўра, Ўзбекистон Бош Прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий Ижро Бюросидан қуйидаги вазифа ва ваколатлар Энергетика вазирлиги, "Ҳудудий электр тармоқлари" ва "Ҳудудгазтаъминоти" акционерлик жамиятларига олиб берилади:

- электр энергияси ва табиий газ истеъмолини назорат қилиш ва ҳисобга олишнинг замонавий автоматлаштирилган тизимлари, шунингдек, муқобил энергия манбаларини жорий этилишини ташкил этиш ва ушбу жараёнлар устидан мониторинг ўтказишга доир вазифа ва ваколатлар - Энергетика вазирлигига;

- электр энергияси ва табиий газ учун тўловларни ўз вақтида ва тўлиқ ундирилишини таъминлаш, истеъмолчиларнинг қарздорлигини камайтириш, шунингдек, электр энергияси ва табиий газ сотуви ва истеъмолини ҳисобга олишга олиш бўйича вазифа ва ваколатлари - "Ҳудудий электр тармоқлари" АЖ ва "Ҳудудгазтаъминоти" АЖнинг ҳудудий ташкилотларига;

- электр ва газ тақсимлаш тармоқларига ноқонуний уланиш, талон-тарож ҳолатларини аниқлаш, бартараф этиш ва олдини олишга доир ваколатлар - "Ҳудудий электр тармоқлари" АЖ ва "Ҳудудгазтаъминоти" АЖнинг ҳудудий ташкилотларига ҳамда тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга;

- электр энергияси ва табиий газни эҳтиёт қилиш ва улардан фойдаланиш юзасидан истеъмолчиларнинг ҳуқуқий маданиятини ва масъулиятини оширишга доир вазифа ва ваколатлар - Энергетика вазирлиги, "Ҳудудий электр тармоқлари" АЖ ва "Ҳудудгазтаъминоти" АЖга;

- энергия ресурслари учун ҳисоб-китоб қилинишини таъминлаш тизимини комплекс таҳлил қилиш, тизимли муаммоларни аниқлаш, такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқишга доир вазифалар - Энергетика вазирлигига.

МИБ "миссиясини уддалади"

Бундан уч йил олдин айрим кузатувчилар, давлатнинг катта маблағи ва ресурсини сарфлаб МИБдек ташкилотни тузишга эҳтиёж бормиди, деган саволни ҳам қўйишган, бунга жавобан, малакатдаги улкан қарздорлик ва талон-тарож манзарасида бюджетга тўловни таъминлаб берадиган супероргансиз мақсадга эришиш қийин экани айтилганди.

МИБнинг жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими бошлиғи Фаррух Тошпўлатовнинг "Халқ сўзи" газетасига айтишича, Бюро "юртдошларимизда атроф-муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлиш, тўлов интизомига риоя қилиш маданиятини шакллантирган":

"Бюро органлари ташкил этилганидан буён ҳозирга қадар энергия ресурслари, сув истеъмоли ва қаттиқ маиший чиқиндилар соҳасида 94,3 трлн. сўм ундирилди (шундан электр энергияси - 45,8 трлн., табиий газ - 46,1 трлн., ичимлик суви - 1,9 трлн., маиший чиқинди - 0,4 трлн.).

Ўтган давр ичида энергия ресурслари ва сув таъминотидан ноқонуний фойдаланиш ҳамда талон-торож қилиниши билан боғлиқ 1,2 трлн. сўмлик зарар аниқланиб, 1046 та жиноят иши қўзғатилган.

Бюро фаолиятини бошлаган вақтдан буён долзарб масалалардан бири бу албатта, нореал, яъни асоссиз қарздорликлар ҳисобланишининг олдини олиш долзарб масала эди. Бу йўналишда Бюро органлари фаолиятини бошлагандан ҳозирга қадар 1 трлн. 344 млрд. сўмлик нореал қарздорлик бўйича 244 та жиноят иши қўзғатилди.

Фойдаланилмаган энергия ресурслари учун истеъмолчиларга асоссиз қарздорлик ҳисобланиши ҳолатлари бўйича Бюро органлари томонидан 1 трлн. 342 млрд. сўм нореал қарздорлик бўйича жами 146 та жиноят ишлари қўзғатилган.

Энергия ресурслари соҳасида дебитор қарздорлик 2020 йилнинг 1 июнь ҳолатига 14,1 трлн. сўмни ташкил қилиб, ўтган ойга нисбатан (14,5 трлн.) 385 млрд. сўмга камайтирилди.

Энергия ресурслари истеъмолчилари тўлиқ инвентаризация қилинди", деб айтган МИБ жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими бошлиғи.

"Муаммо қарзда эмас, ҳисоб-китобда"

Энди эса электр токи ва газ учун ҳақ тўлашни истамаслик, худди Совет замонидагидек ёки яқиндаги Туркманистондагидек "давлат свет ва газни текин қилиши керак", деган қараш ёки "светчи, газчи билан келишиш"дек муаммо мавжудлигига эътибор қаратила бошланди.

Шу муносабат билан журналист ва блоггер Шуҳрат Шокиржонов ўзининг Телеграм саҳифасида шундай пост қўйди:

"Жуда кўпчилик МИБдан свет ва газ пулини йиғиш ваколати олиб қўйилаётганидан хурсанд.

Буни светчи ва газчи билан келишса бўлиши, МИБчи билан келишиб бўлмаслиги билан изоҳлаш мумкин...

Овоз беринг: МИБ яхши :+1: ишлаётганмиди ёки ёмон :-1:?

Фикр билдиринг: Райгаз+электросетга пул йиғиш қайтарилиши тўғри қарорми?

Муштарийларнинг Шуҳрат Шокиржонов саҳифасида овоз беришлари ҳамон давом этмоқда.

Ўзбекистонлик бошқа блоггер Kurbanoff.net фикрича, МИБ қарздорлик муаммосини барибир ҳал этолмаган.

Чунки Ўзбекистонда муаммо қарзда эмас, ҳисоб-китобда, деб ҳисоблайди Kurbanoff.net.

МИБ фақат коммунал соҳа ва маиший чиқиндилар учун йўналишини тугатаяпти, лекин бюро зиммасига юклатилган суд ва бошқа органларнинг қарорларини ижро этиш функция ва вазифаларини давом эттиради, деб эслатади Республика Бош Прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий Ижро Бюроси.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek