Шавкат Мирзиёев тўйи, чигиртка балоси ва бир миллиард танга – O'zbekiston, коронавирус ва дунё

Шавкат Мирзиёев тўйи, чигиртка балоси ва бир миллиард танга - глобал коронавирус пандемияси манзарасида Ўзбекистон ва минтақада нима гап? Сарлавҳаларга чиққан сўнгги янгиликлар:

bbcuzbek.com дайжести

Ўзбекистон:

28 май куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев оила қурганига роппа-роса 37 йил бўлди.

Бу санага унинг кенжа қизи - Ўзбекистон Мактабгача таълим соҳаси сиёсатини шакллантириш ва юритиш Бош бошқармаси бошлиғи Шаҳноза Мирзиёев ойдинлик киритган.

Шаҳноза Мирзиёева президент отаси ва мамлакат биринчи хоними онасига ўз табригини Instagram акаунти орқали йўллаган.

Жуфтликни "самимий севги, садоқат ва ўзаро ҳурматнинг ёрқин намунаси"га қиёс берган. "Аллоҳ инояти билан барчамизнинг оилаларимиз худди сизники каби мустаҳкам ва бахтли бўлсин", дея тилаб қолган.

Ўз постига икковлоннинг вальс устида акс этган суратларини ҳам илова қилган.

Бунақаси Президент Шавкат Мирзиёев қудратга келган ўтган тўрт йилча вақтнинг ичида кузатилмаган.

Шаҳноза Мирзиёеванинг табриги глобал коронавирус пандемияси, Ўзбекистон кетма-кет саҳна бўлган табиий офатлар ва Сардобадаги техноген ҳалокат билан боғлиқ хабарлар ҳали-ҳануз ўзининг долзарблигини йўқотмаган бир фонда бўй кўрсатган.

Кеча, пайшанба куни вақт анчайин кеч эса-да, унинг Ўзбекистондаги айрим интернет нашрларининг диққат-эътиборини ўзига тортган, Telegram каналида улашилган хабарга айлангани ҳам кўрилган.

Шавкат Мирзиёев ва Зироатхон Мирзиёева уч фарзанднинг ота-онаси бўлишади.

Тўнғич қизлари Саида Мирзиёева Ўзбекистон Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси ўринбосари бўлади.

Ўғиллари Миралишер Мирзиёев эса, ҳали мактаб ўқувчиси.

Аммо фарзандлари орасидан шу пайтгача Саида Мирзиёева ўзининг фаоллиги билан яққол кўзга ташланиб турган.

Президент оиласи

Айнан Саида Мирзиёева Ўзбекистонда асосан расмий минбарлардан нутқ сўзлайдиган давлат раҳбарининг ҳозиргача кўрилмаган инсоний қиёфасини, таъбир жоиз, кенг оммага очиш ва намоён этишга муваффақ бўлган инсон бўлади.

Унинг ўз мақомларида экан, турли хайрия лойиҳаларига бошчилик қилиш, Ўзбекистон ташқи имижини яхшилашга қаратилган тадбирларга қўл уриш баробарида ўз оиласини янада халққа яқинлаштириш саъй-ҳаракатида экани ҳам кўрилади.

Президент отаси, мамлакат биринчи хоними бўлган онаси ва қолган оила аъзоларини ижтимоий мулоқот тармоқларида таваллуд кунлари билан табриклаган, Ҳайит кунларида уларнинг кундалик қиёфадаги суратлари билан бўлишиб, Ўзбекистон ичкарисию ташқарисида кўпчиликни ҳайратга солган, дунёнинг янги Ўзбекистонга ўзгача кўз билан қарашига сабаб бўлган ҳам уларнинг тўнғич қизлари бўлади.

Шаҳноза Мирзиёева Мактабгача таълим вазирлигида опасидан аввалроқ иш бошлаган.

Отаси Шавкат Мирзиёев расман қудратга келишидан йил ўтиб, вазирлик тизимида Мактабгача таълим муассасалари фаолиятини ташкил этиш бошқармаси бошлиғи ўринбосари этиб тайинланган.

Телевидение орқали намойиш этилувчи хабарлар ва вазирлик сайтида Шаҳноза Мирзиёева асосан боғчалар очилиши, мактабгача таълим борасидаги анжуман ва тадбирларда иштирок этаётган қиёфада намоён бўлади.

Маҳаллий кузатувчилар орасида эса, президент кичик қизининг бу лавозимга тайин этилишини янги вазирлик фаолиятини юриштириб олиш, вазирликка аввалбошдан кенг жамотчилик ишончини уйғотиш ҳаракати сифатида баҳо берганлари ҳам йўқ эмас.

Шаҳноза Мирзиёева ижтимоий мулоқот тармоқларидаги постларининг ҳам асосан шахсий экани кузатилади.

Унинг ота-онасига йўллаган табригига оид хабарлар ўтган бир неча соат давомида турли ижтимоий тармоқларда юзлаб марта ёқтирилган, ўнлаб коментларга сабаб бўлган.

Кўпчилик икковлонни тўй кунлари санаси билан муборакбод этган, бахт тилаган, қўша қаришларини айтган.

Яна бирлари "бугун ҳамма каналлар шу мавзуни кўтариб чиқибди. Бунга нима дейишни ҳам билмайсан", деб ёзган бўлса, коментлар орасида "Карантин-чи?", деган савол қўйганлари борлиги ҳам кўзга ташланган.

Аммо Ўзбекистон президенти ва биринчи хонимининг бу санани қаерда, қандай нишонлаганликлари тафсилотлари маълум эмас.

Президент Мирзиёевнинг кеча, пайшанба куни мамлакат иқтисодиётида рақобат муҳитини таъминлаш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги устувор вазифалар муҳокамасига бағишланган йиғилишда банд экани кўрилган.

Бугунги расмий хабарлардан Ўзбекистон раҳбарининг Тошкент шаҳрининг Сергели ва пойтахт вилоятининг Зангиота туманларига бориш, аҳоли учун яратилаётган шароитлар билан яқиндан танишиш режасида экани англашилган.

Ўзбекистон биринчи хоними эса, сўнгги бор 21 май куни - Рамазон ҳайити арафасида тўнғич қизи Саида Мирзиёева билан бирга Сардоба сув омбори жабрдийдалари билан учрашган пайтда расман кўриниш берган.

Энди чигиртка балоси

Қозоғистон:

Қозоғистонда чигирткалар босқини ўтган бир кеча-кундузда сарлавҳаларга чиққан хабарга айлангани кўрилган.

Аллақачон дунёнинг қатор давлатларини ўз забтига олган бу йилги чигирткалар босқини ўтган чорак асрда кузатилмаганига қиёс берилган.

Устига устак, мамлакатлар глобал коронавирус пандемиясининг ўз иқтисодларига салбий таъсирини юмшатиш ташвиши ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш қайғусида бўлган бир манзарада бўй кўрсатгани билан алоҳида ташвишга молик яна бир муаммога айланган.

Чигирткалар аллақачон Ўзбекистонга бевосита чегарадош Туркманистон, Тожикистон ва Афғонистонга ҳам кириб борганига оид хабарлар олинган.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти эса, ҳатто, чигирткалар босқини сабаб, ҳосил вайрон бўлиши ва бу дунёнинг аксарият давлатларида оммавий очарчиликка олиб келиши мумкинлигидан ҳам хавотирда.

Қозоғистон минтақанинг энг йирик ғалла етиштирувчи давлатларидан биттаси бўлади, Ўзбекистон ҳам унинг асосий харидорларидан бири саналади.

Хабарларга кўра, Қозоғистон чигирткалар босқинига бас келиш учун пандемия шароитида ҳам давлат бюджетидан бир миллиард танга ажратган ва барча лозим чора-тадбирларни кўриш ҳаракатида.

Қозоғистон ҳукуматининг бу қарорига, ҳатто, пандемияга қўшимча асосий экспорт маҳсулоти бўлган нефть қийматининг жаҳон бозорида қанчалар арзонлашиб кетганидан кўрган зиёни ҳам таъсир қила олмаган.

Ҳозирча қолган бирор бир Марказий Осиё давлатидан бунга ўхшаш хабар олинмаган.

Тожикистон:

Айнан чигирткалар босқичи шу кунларда Тожикистонда ҳам алоҳида хавотирга сабаб мавзулардан бири экани кўрилган.

Хабарларга кўра, чигирткалар аллақачон Тожикистоннинг Ўзбекистонга ҳам бевосита чегарадош жанубига ёпирилишган.

Чигирткалар босқини яна мамлакатнинг энг йирик қишлоқ хўжалик минтақаси бўлган Хатлонда кузатилган.

Тожикистон жорий пайтда шундоқ ҳам глобал коронавирус пандемиясидан энг кўп зиён чекаётган иккита минтақа давлатидан биттаси бўлади.

Қирғизистон билан бирга Марказий Осиёнинг иккита камбағал мамлакат биттаси саналади.

Мамлакатдаги кўпчиликнинг тирикчилиги четда меҳнат муҳожирлигида банд фуқаролари ортга юбораётган маблағлар орқасидан ўтади.

Айнан пандемия сабаб, улар ўзларининг қанчалик қийин аҳволда қолишгани эса, сўнгги ҳафталарда сарлавҳаларга чиқаётган хабарларга айланган.

Президент Эмомали Раҳмон ҳам пандемия боис, аллақачон озиқ-овқат хавфсизлиги қайғусига тушиб қолган.

Чигирткалар босқинидан аввал "ернинг ҳар бир қаричидан унумли фойдаланиш"га чақириш эмас, ҳатто буйруқ ҳам берганди.

Маҳаллий масъулларнинг айрим Ғарб нашрларига айтишларича, чигирткаларга бас келиш учун лозим чора-тадбирлар кўрилмоқда.

Лекин уларнинг айнан нималардан иборат экани бу хабарларда очиқланмаган.

Маҳаллий деҳқонлар эса, хавотир ва шикоятда.

Уларга кўра, чигирткаларга қарши кураш шу суръатда борадиган бўлса, бу йилги ҳосилларидан асар ҳам қолмайди.

Сўнгги икки йил ичида дунёда чигирткалар босқинининг хавотирли тус олиб бораётгани кузатилади.

Ўзбекистон:

Шу ой бошларида кибер фазода айрим ўзбекистонликларнинг чигирткалар босқинига оид хавотирли видеопостлари ҳам кўзга ташланган.

Худди шу фонда масъуллар айрим маҳаллий интернет нашрлари билан суҳбатларида вазиятни кузатиб туришгани, шунинг учун бундай хавф ҳозирча йўқ"лигини айтишган.

"Лекин бўлиши мумкин"лигини назардан соқит этишмаган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek