You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Ўзбекистон янгиликлари: Офат нархи, чигирткалар хавфи ва қайта бошланган карантин
Ўзбекистонда коронавирус ҳолати:
- 13 май соат 10:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда аниқланган коронавирус ҳолатлари 2568 тага етган.
- Соғлиқни сақлаш вазирлиги айни вақтга қадар 2046 нафар бемор соғайгани, касалхоналарда яна 512 бемор даволанаётганини маълум қилган. Аҳволи оғирлар бор.
- Ҳозирда, қайд этилган ўлимлар сони 10 та.
- Самарқанд шаҳрида карантин чоралари қайта тиклангани ҳақида хабарлар чиқмоқда.
Расмийлар кўпчилик одамлар чекловларга риоя этишмагани ҳақида айтишган, холос.
Шсамарқандга киришда блокпостлар кучайтирилади, шаҳар ичида ҳаракатланиш ҳам чекланади.
Бухорода офат қанчага тушган?
27 апрель куни Бухорода кузатилган кучли шамол вилоятга қанча етказгани рақамларда маълум этилди.
Хабар қилинишича, даҳшатли табиий офат оқибатида шаҳар ва туманлардаги 41 минг 927 бино талафот кўрган.
Улардан 41 минг 85 таси аҳоли яшайдиган хонадонлар экани айтилмоқда.
Кўрилган зарар миқдори, умумий ҳисобда, 141,6 миллиард сўм этиб белгиланган.
Айни кунларда, 24 минг 322 та аҳоли хонадони, 326 та умумтаълим, 160 та мактабгача таълим, 81 та соғлиқни сақлаш ва 88 та бошқа муассасаларда таъмирлаш-тиклаш ишлари якунлангани маълум қилинган.
Фарғонада ўн минглаб инсон ишсиз қолган
Ўзбекистон миллий ахборот агентлигининг ёзишича, коронавирус пандемияси туфайли Фарғона вилоятидаги 32 мингдан зиёд хонадонлардаги ўн минглаб инсонлар ишсиз қолган.
Айни вақтда ишидан айрилганларнинг умумий сони аниқ айтилмаган.
Шунингдек, агентлик вилоятда 23 мингдан кўпроқ камбағал оилалар борлигини ҳам ёзмоқда.
Навоийда 300 киши эвакуация қилинди
Хабар қилинишича, 13 май куни тунги соат 2:30 дан 04:30 га қадар бўлган вақт оралиғида Навоийнинг Зарафшон шаҳрида сел келган.
Селга кучли ёмғир сабаб бўлгани айтилмоқда.
Хабарда сел туфайли тўрт хонадон қисман зарар кўргани, 300 инсон хавфсиз жойга кўчирилгани маълум қилинган.
"Ҳали чигиртка келгани йўқ"
Kun.uz нашри Қашқадарёга чигирткалар ёпирилгани тўғрисидаги хабарлар ортидан «Ўзагроҳимоя» акционерлик жамияти бошқарув раиси ўринбосари Ражаббой Очиловдан бу ҳақида изоҳ олгани ҳақида ёзмоқда.
Қуйида масъулнинг Kun.uz нашрига берган изоҳини келтирамиз:
"Чигирткалар Қашқадарёга асосан қўшни Туркманистондан келади. Лекин ҳозир кириб келолмайди, чунки чигиртка 4-5 ёшга киргандан кейин қанот чиқаради. Шундан кейин уча бошлайди.
Шамол, ўзининг учиш тезлиги ёрдамида чўл ҳудудларига, Қашқадарёнинг Деҳқонобод, Нишон, Муборак, Таллимаржон туманларига келади ва қишлоқ хўжалиги экинларига зарар етказади.
Охирги 4-5 йил ичида чигирткалар қишлоқ хўжалиги экинларига зарар етказган ҳолатлар бўлмаган. Сабаби техникаларимиз кучли. Дельтаплан, Ҳумо аппаратли машиналар, пуркагичли тракторлар етарли.
Чигирткалар бизни ҳудудга ҳали кириб келгани йўқ. Бу май ойи охири ва июнь ойи бошида, яъни чигиртка қанот чиқаргандан сўнг содир бўлиши мумкин. Айниқса, Қашқадарёнинг Қамаши, Ғузор, Деҳқонобод ҳудудларига ўзимиздаги тоғлардан кўпроқ чигиртка кириб келади. Ҳар йили бунга қарши қаттиқ курашамиз.
Туркманистон кейинги 2-3 йил ичида 150 тадан ортиқ махсус пуркагич тракторларни Ўзбекистондан харид қилди. Туркманистоннинг чўл ҳудудларидаги 1 млн гектар ерида чигирткалар ниҳоятда кўп.
Икки давлат Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, чегара қўшинлари ўртасида битим тузилган. Унга асосан, икки мамлакат ўз ҳудудидаги чигирткаларга қарши курашади. Ҳозир икки томондаям чигирткалар йўқ, кузатиб турибмиз. Шунинг учун бундай хавф йўқ ҳозирча. Лекин бўлиши мумкин".
Алоқадор мавзулар:
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: @bbcuzbek