Ўзбекистон, коронавирус: 11 майдан карантин тартиблари қандай ўзгармоқда? O'zbekiston

Ўқилиш вақти: 2 дақ

Аксар ўзбекистонликлар 11 майдан бошлаб кўчага чиқиш, машина ҳайдаш ёки бошқа вилоятга боришдан иккиланмоқдалар. Кўпчиликни бир савол ўйлантириб қўйган: карантин тугадими ёки ҳали ҳам унга амал қилиш шартми?

Ўзбекистонда карантин чекловлари 10 майга қадар амалда бўлиши белгиланган эди.

Аммо Республика махсус комиссияси 11 майдан бошлаб, карантин чекловлари хавф даражасига қараб тоифага ажратилган шаҳар ва туманлар даражасида алоҳида амалда бўлишини маълум қилди.

Ижтимоий тармоқда одамлар ушбу янги тартибни у қадар тушуна олмагани ҳақида ёзмоқда.

Янги карантин даври

Хўш, 11 майдан бошлаб ўзбекистонликлар карантин талабларига қай тартибда амал қилиши лозим?

Олдинроқ, мамлакат коронавирус хавфи даражасига қараб, рангли ҳудудларга ажратиб чиқилган эди.

Ҳудудларни тоифалаш қуйидаги мезонларга асосан амалга оширилади:

·Қизил ҳудуд - охирги 14 кун ичида коронавирус инфекциясига чалинган шахслар аниқланган ҳудудлар

·Сариқ ҳудуд - охирги 14 кун давомида коронавирусга чалинган шахслар аниқланмаган, бироқ ушбу касалликка чалинган ва даволанаётган беморлар мавжуд бўлган ҳудудлар

·Яшил ҳудуд - коронавирусга чалинган одамлар аниқланмаган ёки аниқланган беморлар тўлиқ соғайган, яъни вирусдан буткул ҳоли ҳудудлар

Аввалига вилоятлар, 11 майдан бошлаб эса вируснинг тарқалиши ва беморларнинг соғайиши динамикасига қараб, вилоятлар ичидаги шаҳар ва туманлар ҳам алоҳида рангли ҳудудларга ажратилиши хабар қилинган.

Махсус комиссиянинг қарорига кўра, маълум ҳудудда касалланиш ҳолати аниқланса ёки, аксинча, 14 кун мобайнида аниқланмаса, унинг рангли тоифаси ўзи жойлашган вилоятдаги бошқа ҳудудларнинг тоифасидан қатъий назар ўзгартирилиши мумкин.

Айтайлик, сиз яшайдиган туман сариқ рангли ҳудуд этиб белгиланган, унга қўшни бўлган туман ҳам айни тоифада, яъни ҳар иккала ҳудудда ўтган 14 кун ичида коронавирусга чалинган бемор аниқланмаган, аммо касалликдан даволанаётганлар ҳали бор.

Агар сизга қўшни туманда коронавирус юқтирган янги бемор аниқланса, у қизил ҳудудга айлантирилади, карантин чекловлари кучайтирилади. Сизнинг туманингиз эса сариқ ҳудудлигича қолиб, карантин талаблари ўзгармайди.

Демак, 11 майдан ҳар бир ҳудудий бирлик учун мустақил бўлган карантин талаблари жорий этилмоқда.

Талаблар қандай ўзгармоқда?

Энди савол туғилади: рангли ҳудудлардаги карантин талаблари бир-биридан нимаси билан фарқ қилади?

Хавф даражаси юқори қизил ҳудудларда карантин талаблари ўтган вақт давомида бутун мамлакат бўйлаб амалда бўлган шаклда тўлиқ жорий этилади, яъни ҳаракатланиш юқори даражада чекланади, машина ҳайдашга куннинг маълум вақтларидагина рухсат берилади.

Сариқ ва яшил ҳудудларда эса савдо мажмуалари, таксилар ва сартарошхоналар ижтимоий масофа ва санитария талабларига риоя қилган ҳолда ишлаши мумкин.

Бир вақтнинг ўзида 2 метрли ижтимоий масофани сақлаш, кўчада ниқобда юриш, кафе-ресторанлар фаолиятига йўл қўйилмаслик, жамоат транспорти ҳаракатига рухсат бермаслик, супермаркет ва бозорларга киришда одамлар тана ҳароратини ўлчаш, шахсий автомобилларни куннинг фақат белгиланган вақтларида миниш каби умумий талаблар барча рангли ҳудудларда номаълум муддатга амалда бўлади.

Ички ишлар вазирлигининг маълум қилишича, вилоятлар ва шаҳарлараро қатновлар чекланганича қолади. Бироқ доимий рўйхатдан ўтган ҳолда ҳудудда меҳнат фаолиятини олиб бораётган ходимлар ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ташиётган деҳқон ва фермерлар ҳудудлараро ҳаракатланиши мумкин.

Бироқ блогерлар ва ижтимоий тармоқ фойданланувчилари қатновлар чекланган бўлса, нега одамлар нега вилоятлар бўйлаб бемалол ҳаракатланиб юрганини савол остига олган.

Айни дамда эса Давлат бош санитария инспектори Нурмат Отабеков мамлакатни рангли ҳудудларга бўлиб чиқиш расмиятчиликдан ўзга нарса эмаслиги, ҳар қандай ҳудудда вирус яна аниқланиши эҳтимоли борлиги, ҳукумат бу йўл билан шунчаки вазиятни тўлиқ англаш олишга ҳаракат қилаётганини маълум қилган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek