Қатар 2022: Путиннинг иши, Россиянинг четлатилиши, исён хавфи ва ‘ақлнинг бузилиши’ – жаҳон чемпионатини Ғарб сиёсийлаштирмоқдами? Qatar Futbol Dunyo Yangiliklar

Vladimir Putin

Сурат манбаси, Getty Images

Ўқилиш вақти: 9 дақ

Қатардаги Жаҳон Чемпионатини Ғарб нега бунчалик сиёсийлаштирмоқда?

ФИФА ва Қатардаги жаҳон чемпионати ташкилотчилари устма-уст хавотирда.

Алоқадор мавзулар

Чемпионат бошланиши арафасида турнирнинг расмий элчиси гомосексуализмни "ақлнинг бузилиши", деб атади.

Қатарнинг собиқ футболчиси Холид Салмоннинг Германиянинг ZDF телерадиокомпаниясига берган баёноти Жаҳон чемпионати билан боғлиқ муаммолар, жумладан, ишчилар ҳуқуқлари, сўз эркинлиги ва Украинадаги уруш билан боғлиқ муаммолар рўйхатини кенгайтирди.

Ўсиб бораётган баҳс-мунозаралар Қатар чемпионати тарихдаги энг сиёсийлашган жаҳон чемпионати деб аталишига сабаб бўлди.

ЛГБТ ҳуқуқлари

Швейцариянинг Цюрих шаҳридаги ФИФА музейида ЛГБТ норозилиги

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Швейцариянинг Цюрих шаҳридаги ФИФА музейида ЛГБТ норозилиги

Ливерпуль футбол клубининг ЛГБТ+ Коп Аутс гуруҳи асосчиси Пол Аманн: "Дастлаб, мен улар меҳнат муҳожирлари ҳаётини яхшилаш чоралари қатори ЛГБТ+ одамлар ҳаётини яхшилаш учун ҳам қандайдир чора-тадбирлар ишлаб чиқади деб умид қилгандим", дейди.

У 2019 йилда эри билан Жаҳон чемпионати ташкилий қўмитаси томонидан уюштирилган гастроль доирасида Қатарга таклиф қилинган.

Қатарда бир жинсли муносабатлар ва бу муносабатларни тарғиб қилиш қонун билан тақиқланган ва жаримадан тортиб ўлим жазосигача бўлган жазоларни ўз ичига олади.

Аммо Жаҳон чемпионати раҳбарияти "ўйинларни томоша қилиш учун исталган одам мамлакатга ташриф буюриши мумкин"лиги ва ҳеч ким камситилмаслигини айтмоқда.

Аммо Холид Салмон интервьюси каби воқеалар Полнинг чемпионатга нисбатан аввалги оптимизмини камайтирган.

"Афсуски, Қатар вазиятни яхшилаш учун ўзгартиришлар қилишга мажбурланса ҳам, у ЛГБТга нисбатан камситишни икки баравар оширди."

Гейларнинг қамоққа ташланиши ва конверцион терапиядан фойдаланилаётгани ҳақидаги хабарлар Полнинг жаҳон чемпионатига бориш қарорини ўзгартиришини англатарди.

"Қатар ҳукумати ЛГБТ+ одамларига шундай шафқатсиз муносабатда бўлишда давом этаётгани маълум бўлганидан кейин чемпионатда иштирок этиш ҳақида ўйлаш нодонликдир".

Ўйинчилар норозилик билдирмоқда

Немис футболчилари жаҳон чемпионати саралаш ўйини олдидан норозилик билдиришди

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Немис футболчилари жаҳон чемпионати саралаш ўйини олдидан норозилик билдиришди

Халқаро сиёсатчилар ва инсон ҳуқуқлари гуруҳлари танқидидан ташқари, майдондан ҳам норозилик овозлари янграмоқда.

Дания ўйинчилари бренд логотиплари деярли кўзга ташланмайдиган одми либосда майдонга тушмоқчи.

Дания жамоаси сардори, шу жумладан, бошқа тўққиз мамлакат - Англия, Франция, Германия ва Бельгия вакиллари ҳам OneLove камалак логотипини қўлларига тақиб майдонга тушади.

Жамоаларнинг сўровига қарамай, ФИФА бу логотиплардан фойдаланиш ўйинчиларга ўйинлар вақтида сиёсий баёнотлар беришни тақиқловчи жаҳон чемпионати қоидаларини бузиши ёки йўқлигини маълум қилмаган.

Халқаро спорт ҳуқуқшуноси доктор Грегори Иоаннидиснинг фикрича, футбол раҳбарияти чегарани қаерга чизиш кераклигини аниқлашда қийин вазифага дуч келмоқда.

"Яқинда норвегиялик футболчилар ўз формаларига "Бу сиёсий баёнотга тенгми?" деб ёзишганди."

"Билмайман, сиёсий баёнот нима эканлигини тушунтириб бера оласизми? Менимча, ҳеч ким тушунтира олмайди ва бу айни пайтда ФИФА олдида турган муаммо".

Пол Аманнинг фикрича, гейлар ҳуқуқлари "сиёсат эмас, асосий ижтимоий муаммолардандир" ва футболчилар бу ҳақда гапиргани учун жазоланмаслиги керак.

Аммо турнир бошланганда мухлислар (ва футболчилар) қоидалар қандай ижро этилишини билиб олишади.

Ишчилар ҳуқуқлари

Қатарда жаҳон чемпионати учун қурилаётган стадион

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Қатарда жаҳон чемпионати учун қурилаётган стадион

Қатарда қурилиш ишчиларини қўллаб-қувватлаш ҳам баъзи фаоллар ўйинчилар гапириши керак, деб ҳисоблайдиган яна бир масаладир.

"Ўйлайманки, ФИФАнинг "Бу сиёсий иш, бунинг учун жазоланасиз" дейиши жуда нотўғри", дейди Мустафо Кадри, "Equidem" инсон ҳуқуқлари ва меҳнат ҳуқуқларини ўрганиш бўйича консалтинг фирмаси асосчиси.

Улар Қатардаги ишчилар, жумладан, Жаҳон чемпионати учун стадионлар қуришда ёрдам берганлар билан суҳбатлашди ва ишчилардан ишга жойлашиш учун ҳақ олинганини, улар маош олишда муаммоларга дуч келганини ва хавфли даражада юқори ҳароратларда ишлашга мажбур бўлишларини аниқладилар.

Айрим хабарларга кўра, 2010 йилда жаҳон чемпионатига мезбонлик қилиш ҳуқуқини ютганидан бери 6000 дан ортиқ меҳнат муҳожири ҳалок бўлган.

Бироқ Қатар ҳукумати маълумотлар нотўғри эканлигини ва 37 киши Жаҳон чемпионати стадионлари қурилишида ҳалок бўлгани, улардан фақат учтаси "иш билан боғлиқ" эканлигини айтди.

Мамлакат расмийлари хорижлик ишчиларни иш жойини ўзгартириш ёки мамлакатни тарк этиш учун иш берувчидан рухсат олишга мажбур қиладиган "кафала" тизими бекор қилинганини шарт-шароитлар яхшилангани далолати сифатида гапирмоқда.

Аммо Мустафонинг айтишича, баъзи ислоҳотлар "айрим ишчиларга албатта фойда келтирса-да, ўзгаришлар етарлича узоққа бормагани аниқ".

Баҳсли ғолиб

ЛГБТ ва ишчилар ҳуқуқлари аҳволи борасидаги танқидлар кўпчиликда ФИФАнинг Қатарга мезбонликни топшириш қарорига шубҳа уйғотди.

Жараён коррупция айбловлари билан бирга кечди: 2015 йилда Швейцария прокурорлари ва АҚШ Адлия вазирлиги иккита тергов бошлади.

Қатар доимо ҳар қандай қонунбузарликни рад этиб келган ва 2017 йилда ФИФАнинг ўз тергови ҳам бу даъвони тасдиқлаган.

Қарор тўғри бўлганини таъкидлаётганлар спорт орқали мамлакатларга очиқлик ва ўзгаришга ёрдам бериш мумкинлигини айтмоқда, бироқ Мустафонинг фикрича, ФИФА "мавжуд инсон ҳуқуқлари муаммоларига кўпроқ эътибор қаратган" бўлса ҳам, "имкониятдан етарлича фойдаланмаган".

Доктор Грегори Иоаннидиснинг айтишича, ФИФА турнирни Қатарга беришининг сабабларидан бири у ерда ўзгаришлар бўлишини дастаклашдир.

"Улар инклюзив муҳит яратмоқчи. Ва агар сиз бу мамлакатни дунёга очсангиз, уни шахсий эркинликларга ва бошқа ҳуқуқларга бошқача қарашга ишонтира оласиз".

Аммо гейлар ва ишчилар ҳуқуқлари бузилаётгани танқид қилинаётгани кўпчиликни ФИФА нотўғри қарор қабул қилган деб ўйлашга мажбур қилди.

Чиқариб юборилган

ФИФА мажлиси

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, ФИФА февраль ойида Россия терма жамоасини жаҳон чемпионатидан четлатганини эълон қилди

ФИФАнинг халқаро миқёсда кўпроқ мақталган ишларидан бири Россияни саралаш босқичида турнирдан четлаштирганидир.

Мамлакатларнинг майдонда ёки маъмурий қоидабузарликлари учун дисквалификация қилиниши одатий ҳол бўлмаса ҳам, жамоанинг футбол билан боғлиқ бўлмаган сабаблар билан дисквалификация қилиниши ўта ноодатий ҳолдир.

Фақатгина Германия ва Япония Иккинчи жаҳон урушидан кейин ва Жанубий Африка апартеид даврида бу каби жазоларга дуч келган.

"ФИФА сиёсий баёнотларни ўйинга аралаштирмасликка ҳаракат қилади, аммо ФИФАнинг ўзи сиёсий ташкилот", дейди доктор Иоаннидис ушбу қарор ҳақида.

"ФИФА сиёсий қарорлар қабул қилиши керак."

Россияни бутунлай четлатиш тўғрисидаги қарор плей-офф босқичидаги бошқа давлатлар - Польша, Чехия ва Швеция Украинага босқиндан норозилик сифатида Россия жамоасига билан майдонга тушишдан бош тортганидан кейингина қабул қилинди.

Агар шундай қилмаса, ФИФА "бошқа иштирокчи давлатлар томонидан бўладиган инқилоб хавфига" тушиши мумкин эди, дея қўшимча қилади доктор Иоаннидис.

Ислоҳот

2022 йилги жаҳон чемпионати логоси

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Қатар 2020 йилги жаҳон чемпионатига мезбонлик қилиш ҳуқуқини 2010 йилда қўлга киритган ва ўшандан буён зиддиятлар марказида қолиб келади

Қаршиликларга қарамай, Қатар амири Тамим бин Ҳамад Ал-Таний ўз мамлакати жаҳон чемпионатига мезбонлик қилгани ҳақидаги танқидларга шундай жавоб берди: "Яқин Шарқ ўнлаб йиллар давомида дискриминациядан азият чекмоқда ва мен бундай дискриминация асосан бизни танимайдиган ва баъзи ҳолларда бизни танишни истамайдиган мамлакатлар томонидан бўлаётганини аниқладим".

Шунингдек, у "бошқа қитъалардаги бошқа мамлакатларда йирик спорт мусобақалари ўтказилганда уларга ҳам мисли кўрилмаган ҳужумлар бўлган"ини ва Қатар эришган "ривожланиш, ислоҳот ва тараққиётдан фахрланишини" айтди.

Аммо турнир яқинлашганда норозилик ва баҳс-мунозаралар майдонда ҳам, ундан ташқарида ҳам давом этаверса, бу Жаҳон чемпионати футболдан бошқа сабабларга кўра ҳам матбуот сарлавҳалардан жой оладиган кўринади.

Жаҳон Чемпионати 2022: Қатар қурилишлари қонга ботганми? Видео

Umesh Kumar Yadav

Сурат манбаси, Umesh Kumar Yadav

Сурат тагсўзи, Умеш Кумар Ядав ўзининг Tik Tok аккаунтини тез-тез янгилаб туришни ёқтирарди

Қатардаги жаҳон чемпионати қурилишларида беш миллион осиёлик меҳнат муҳожири ишлаган. Улардан шунча кўпи ўлганми?

Видео: Қатар-2022 мажруҳ этган непалликлар

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Қатар якшанба куни бошланадиган футбол бўйича жаҳон чемпионати олдидан ўз инфратузилмасини барпо этди. Қурилиш лойиҳаларида Жанубий Осиёдан келган беш миллион муҳожир иш билан таъминланган. Непалдан бориб ишлаган оилалар Би би сига қурилишда хавфсизлик қоидалари бузилиши уларнинг яқинлари ўлимига сабаб бўлганини айтишди.

10 ноябрь куни эрта тонгда Қатар ҳавойўлларининг QR 644 рейси Непалнинг Катманду аэропортига қўнди.

Самолётдан туширилган юклар орасида катта оқ ёғоч қути ҳам бор эди. Устида "Марҳум Умеш Кумар Ядавнинг жасади, 32 ёшли эркак, непаллик" деб ёзилган.

Катмандудан 250 километр жануби-шарқда жойлашган Голбазарда отаси ғиштин уйи олдида ҳўкизини боғлаяпти. У дунёнинг энг қашшоқ мамлакатларидан бирининг энг қашшоқ ҳудудларида яшайди, у ерда турмуш оғир.

Ўғли Умешга дунёнинг энг бой давлатларидан бири бўлган Қатарда иш таклиф қилинганида, Лакшман Ядав иш топишга ваъда берган бандлик агентига 1500 доллар тўлаш учун баъзи ҳўкизларини сотган.

Умешнинг яқинлари
Сурат тагсўзи, Умешнинг ота-онаси Лакшман ва Сумитра ўғлини Қатарга ишлашга жўнатиш учун чорва молларини сотишган

Агентлар нафақат Непал, балки Бангладеш ва Ҳиндистоннинг қашшоқ ҳудудларига тез-тез бориб, ёшларга виза олиш учун катта миқдордаги пул эвазига хорижда даромадли ишларни таклиф қилади.

Ишчиларнинг иш шартномалари кўпинча ўзгартирилади, бу эса оилаларга қариндошлари қаерда ва ким учун ишлашини билишни қийинлаштиради.

Дҳануша ҳудудида икки соатлик йўлда Кришна Мандаланинг уйи жойлашган. Унинг отаси Ситеш 4 йил аввал Қатарга ишлагани кетган эди.

Sitesh mandal

Сурат манбаси, Sitesh Mandal

Сурат тагсўзи, Тўрт йил аввал Қатарга ишлашга кетган Ситеш ўғлига ишдан сельфи жўнатган

Баъзан Ситеш ишда бўлганида ўғлига селфи юборарди. "У менга сув цистерналари билан ишлашини айтганди, лекин у қилаётган иши ҳақида бизга кўп гапирмаган", дейди Кришна.

Ситеш 12 октябрь куни қайтиши керак эди. Аммо бир неча кун олдин Кришнага отаси бахтсиз ҳодисада вафот этгани ҳақида қўнғироқ қилишди.

Оилавий дўстларидан бирининг айтишича, Ситеш пойтахт Доҳада етти метр ер остидаги канализация қувурларида ишлаётганганида, ер босиб қолган. Унинг ўлим ҳақидаги гувоҳномасида у "қаттиқ нарса урилгани сабабли бир нечта жароҳат олгани" айтилади.

Кришнанинг айтишича, у отасининг иш берувчисидан бирорта ҳам қўнғироқ ёки товон пули таклифини олмаган. Би-би-си изоҳ учун Ситеш ишлаган компания билан боғланди, бироқ улар жавоб бермади.

Голбазарлик Лакшман ўғлининг Қатардаги ҳаёти ҳақида унчалик кўп маълумотга эга эмас эди - унинг смартфони йўқ ва Умеш TikTok'га жойлаштирган кундалик янгиликларни кузата олмасди.

Унинг видеоларида у ялтироқ Қатар осмонўпари қаршисида ёки бошқа меҳнат муҳожирлари билан ётоқхонада рақс тушаётганини кўриш мумкин.

Умеш, шунингдек, қурилиш майдончаларида ишлаётгани - зинапоядан жилмайиб тургани ёки ҳатто ҳақиқий TikTok услубида - синов тариқасида оғир бетон блокларни кўтараётгани видеоларини бўлишган эди.

26 октябрь куни Умеш бўлажак жаҳон чемпионатини тарғиб қилиш мақсадида тунда осмонўпар бинолар олдида рақс тушаётгани акс этган видеони эълон қилди.

Бу унинг қилган охирги пости эди.

Умешнинг Қатарда ишлайдиган Лакшман исмли амакиваччасига 27 октябрь куни унинг вафот этгани ҳақида қўнғироқ қилишди. Нима воқеа бўлганини билиш учун у бошқалар билан қурилиш майдончасига борди.

"Улар бизга Умеш ҳавоза кўтарилаётганда бир нарсага урилиб синиб, қулаган деб айтишди", дейди у.

Ҳалокат сатҳи
Сурат тагсўзи, Умешнинг амакиваччасига юборилган суратда бир неча қаватли бинонинг ён томонида осилиб қолган синган искала тасвирланган

"Улар иш жойидаги хавфсизликни таъминлашлари керак эди, - дейди Лакшман. - Улар ҳамма нарсани текширишлари ва шундан кейингина одамларга ишлашга рухсат беришлари керак эди."

Би-би-си Умеш ишлаган қурилиш компанияси билан боғланди ва улар унинг ўлимига сабаб бўлган хавфсизлик бузилишини қатъий рад этишди.

"Авария унинг бепарволиги ва эҳтиётсизлиги натижасида содир бўлган, - дейилади уларнинг баёнотида. - Ҳалок бўлган ишчи воқеа жойида ўзини ўта эҳтиётсиз тутган, бошқа ҳамкасблари каби хавфсизлик шароитлари ҳақида кўп марта хабардор қилинган, аммо натижа бўлмаган.»

Қатардаги жаҳон чемпионати қурилиши бошланганидан бери оғир шароит ва меҳнат муҳожирлари ҳалок бўлаётгани ҳақида хабарлар пайдо бўлди.

Қатар ҳукумати "лойиҳаларимиздаги барча ишчиларнинг саломатлиги, хавфсизлиги ва қадр-қимматини таъминлаш" мажбуриятини олганини айтди. Расмийлар Би-би-сига саломатлик ва хавфсизлик қоидаларини яхшилаганини айтганди.

Дафн маросими
Сурат тагсўзи, Умеш Кумар Ядавнинг тобути Непалга олиб келинганидан кейин унинг оиласи дафн маросимини ўтказди

Аммо Бизнес ва Инсон Ҳуқуқлари Ресурс Маркази томонидан Би-би-сига тақдим этилган янги маълумотлар шуни кўрсатдики, ўтган йили 140 га яқин ишчилар ҳуқуқлари бузилган, уларнинг ярмига яқини соғлиқ ва хавфсизлик масалалари билан боғлиқ.

Уларнинг фикрича, ҳақиқий кўрсаткич юқорироқ бўлиши мумкин, бу қисман қасосдан қўрқишдир.

Би-би-си олти йил давомида Жанубий Осиё бўйлаб ишчилар учун ўндан ортиқ ўлим гувоҳномаларини кўриб чиқди. Кўпчилигида ўлим сабаби сифатида "кўп зарбали жароҳат" келтирилган. Оилаларнинг айтишича, улар ҳали ҳам жавоб олишни хоҳлашади.

Умешнинг тобути аэропортдан Голбозорга олиб кетилаётганда, унинг отаси Лакшман ва бошқа ўнлаб қишлоқдошлар унинг сўнгги маросимига - ўтин ва пичан териб, олов ёқишга ҳозирлик кўраётган эди.

Непалда тўнғич ўғилнинг олов ёқиши анъанага айланган. Лакшман Умешнинг ўғли, 13 ойлик Сушантга олов ёқиши учун чўп бераётганди.

"У бизни қўллаб-қувватлаган. Тўлашимиз керак бўлган кредитларимиз бор, унинг болаларини боқишимиз керак, - дейди Умешнинг онаси Сумитра кўзлари ёшга тўлиб. - У менинг қаҳрамоним эди."

Мақолани тайёрлашда Ражнееш Бҳандари, Раммоҳан Патерия ва Мригакши Шукла ҳам ёрдам берган.

Қатар 2022: ЛГБТ, Украина уруши, Эрондаги намойишлар... - 'гап-сўзни йиғиштириб, ҳамма футболга қарасин...'

Қатар жаҳон чемпионати

Сурат манбаси, GABRIEL BOUYS

Футболни сиёсий ёки мафкуравий "жанглар"га тортманг, ўзгаларга "ахлоқ-одоб ўргатманг" - ФИФА жаҳон чемпионати арафасида барча иштирокчи давлатларга ёзма мурожаат билан чиқди.

Футбол бўйича жаҳон чемпионлиги учун эса, дунёнинг жами 32 миллий терма жамоаси беллашади.

ФИФА улар барчасини "бор эътиборларини футболга қаратишга" чақирди.

Мезбон Қатар бир жинсли муносабатларга нисбатан позицияси, инсон ҳуқуқлари бўйича обрўси ва меҳнат муҳожирларига нисбатан муносабати учун танқид қилиб келинмоқда.

Турнир 20 ноябрь куни бошланади.

Жаҳон чемпионатини Қатарга бериш хато бўлганми? Ўзбек футбол мухлислари нега Россия билан ўйинга норозилик билдиряпти?

Blatter

Сурат манбаси, Getty Images

ФИФА собиқ президенти Зепп Блаттер футбол бўйича Жаҳон чемпионати - 2022 ни Қатарга бериш хато бўлганини айтди. У чемпионат Россияга берилиши тўғри қарор эканлигини билдирган. Айрим ўзбек мухлислари Ўзбекистоннинг Россия билан ўртоқлик ўйин ўтказишига норозилик билдирмоқда.

2022 йилги футбол бўйича жаҳон чемпионати: Қатар стадион ишчиларига қандай муносабат қилмоқда?

Qatardagi ishchi

Сурат манбаси, Getty Images

2021 йил февраль ойида Guardian газетаси Қатар жаҳон чемпионатига мезбонликни ютиб олгандан бери бу мамлакатда Ҳиндистон, Покистон, Непал, Бангладеш ва Шри-Ланкадан келган 6500 нафар меҳнат муҳожири вафот этгани ҳақида хабар берган эди.

Қатар финал учун еттита стадион, янги аэропорт, янги метро ва янги йўллар қурган.

Финал ва яна тўққизта ўйинга мезбонлик қиладиган стадион янги шаҳарнинг марказий иморати ҳисобланади.

Аммо лойиҳаларда ишлаётган 30 минг меҳнат муҳожирига нисбатан муносабати учун давлат танқид остига олинмоқда.

Қатар-2022: Дрон футбол чемпионатига қандай хавф солади?

Dronlar

Сурат манбаси, FORTEM TECHNOLOGIES

20 ноябрдан 18 декабргача Қатарда ўтадиган футбол бўйича Жаҳон чемпионатида дронга қарши хавфсизлик тизими ишлаши айтилмоқда.

Учувчисиз учоқлардан отиладиган тўрлар "бузғунчи" дронларни уриб тушириб, майдонлардаги хавфсизликни кафолатлайди.

Fortem Technologies компанияси Қатар Ички ишлар вазирлиги билан келишувга кўра, тўхтатувчи дронлар билан таъминлайди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek