|
Президентлик сайловидан кейин нима кутилаяпти? | |||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилоти сайловда ҳақиқий рақобат йўқлигини айтган ва 23 декабрдаги овоз бериш жараёнини кузатиш шарт эмас, деган қарорга келган, 21 кишидан иборат чекланган сондаги кузатувчилар гуруҳини Тошкентга йўллаган эди. Умуман Ўзбекистондаги сайловга хориждан қараш қандай? Би-би-си ушбу савол билан сиёсий таҳлилчи Алишер Илҳомовга мурожаат этди. Алишер Илҳомов: Ғарбда албатта ҳеч ким бу сайловнинг натижалари борасида хомхаёлга бораётгани йўқ, эркин ва адолатли эмас дейилган сайловнинг натижалари аввалдан белгиланганлигини ҳамма билади. Бу ерда бошқа бир масала бор - Ғарб яна қудратда қоладиган мамлакат раҳбари билан иш юритармикан? Фикримча, юритади. Чунки Марказий Осиёда бу каби қудратнинг бир қўлдан яна ўша қўлга ўтиши жараёнлари кўплаб кузатилади. Бу реал воқелик сифатида қабул қилинади. Афғонистондаги вазият туфайли Ғарб учун Марказий Осиё республикалари, айниқса, Ўзбекистон билан алоқаларни ушлаб туриш муҳим. Би-би-си: Демак сайлов натижалари қандай бўлмасин, Ғарбнинг муносабати амалий бўлиб қолаверади, шундайми? Алишер Илҳомов: Ҳозир Ғарбда "реал политикс", яъни воқеликдан келиб чиқиб прагматик ёндашувга асосланган сиёсатга қайтиш жараёнлари кузатилмоқда. Мана қаранг, Ўзбекистонга нисбатан жазо чоралари енгиллаштирилган Оврўпо Иттифоқининг йиғилишида Бирмага нисбатан жазо чоралари қатъийлаштирилди. Ваҳоланки, у ерда намойишга чиққан минглаб роҳибларга қарши қурол ишлатилгани йўқ. Ана шу фактнинг ўзи қарама-қаршиликни намоён қилмокда, бу - Ғарб мавжуд воқелик билан иш юритишга қайтаётганлигини кўрсатади. Би-би-си: Лекин Ўзбекистонга нисбатан жазо чоралари вақтинча енгиллаштирилар экан, Оврўпо Иттифоқи мамлакатдаги келгуси жараёнлар, айниқса сайловлар натижаларига қараб келгуси қарор қабул қилинишини билдирганди. Демак сизнинг фикрингизча, Оврўпо Иттифоқининг хулосаси ўзгачароқ бўлиши эҳтимоли кам? Алишер Илҳомов: Фикримча, уларнинг ўрта қарорга келишларини кутиш мумкин. Чунки Оврўпо Иттифоқи фуқаролик жамиятлари ва инсон ҳуқуқлари ташкилотлари томонидан босимга учраши мумкин. Улар Оврўпо Иттифоқи принципиал сиёсат юргизиб, ўз қадриятлари ва тамойилларига содиқ қолишини талаб қилмоқдалар. Бошқа томондан Оврўпода Олмония бошлиқ қатор мамлакатлар энергия ва ҳарбий-геостратегик соҳадаги ҳамкорликка урғу беришни хоҳлайдилар. Ана шу жиҳатлар назарга олинса, қандайдир бир ўртадаги қарорга келиниши мумкин. Би-би-си: Ғарб матбуотида охирги пайтда Ўзбекистондаги сайловлар жараёни ва умуман вазият ҳақида бир қанча мақолалар чоп этилди. Улардаги манзара, юмшоқ қилиб айтганда, рисоладагидан анча узоқ. Ана шундан келиб чиқиб бу сайловлар Ўзбекистоннинг халқаро обрўсини тушириши мумкинми? Алишер Илҳомов: Бу сайлов Ўзбекистоннинг имиджига бирон катта ўзгартириш киритади, деб айтмаган бўлардим, лекин яхши томонга бурмаслиги аниқ. Имиджининг ёмонлашиб кетишига олиб келади деб ҳам айтолмайман, чунки охирги деярли 20 йил мобайнида у ерда ҳеч ким эркин ва адолатли сайловларни кўрмаган. Бу галги сайловлар ҳам одатий ва аввалдан кутилган бир нарса сифатидадир. Бошқа бир муҳим масала шуки, Президент Каримов учун янги муддат осон давр бўлмайди. Чунки шу вақтгача жамиятнинг бир қисмида "бизда ўз конституциямиз бор, у амал килади", деган фикрлар мавжуд бўлган бўлса, улар ҳам барбод қилинди. Конституцияда бир шахс икки муддатдан ортиқ президентликка ўз номзодини суролмайди, деб айтилган. Ҳозир жаноб Каримов камида учинчи бор, 1991 йилдан ҳисобланса тўртинчи марта номзодини қўйди. Шу каби конституциянинг оёқости қилиниши, унинг амал қилишига ишониб келганларда ишончсизлик ва умидсизликни туғдиради. Бошқа томондан иқтисодий-ижтимоий вазиятнинг ёмонлашиши ҳам кузатилмоқда ва халқнинг раҳбариятга ишончининг камайиб боришини кутиш мумкин. Бундай шароитда мамлакатда назоратни ушлаб туриш учун тазйиқларни кучайтириб, демократик қадриятлардан тобора узоқлашишни кутиш мумкин. Би-би-си: Ўзбекистондаги сайловга натижаси аввалдан кутилган ҳодиса сифатида қаралаяпти, дедингиз. Бу галги сайловнинг аввалгиларидан ҳеч қандай фарқловчи жиҳати йўқ, деб ўйлайсизми? Алишер Илҳомов: Ҳеч нимаси билан фарқ қилмайди, 1991 йилги сайлов билан солиштирсак, ҳатто орқага кетиш бор, деб айтсак бўлади. Ўша сайловларда реал муқобил номзод бор эди, бу галги сайловда эса формал муқобил номзодларнинг илгари сурилгани ҳеч нимани англатмайди. Уларнинг ҳукуматпараст партиялардан экнликларини, шунчаки бизда муқобил номзодлар бор деб, кўзбўямачилик қилиш учун муайян рол ўйнаганликларини ҳамма билади. |
ИЧКИ САҲИФАЛАР Ислом Каримов президентликка қайта сайланмоқда23 Декабр, 2007 | Bosh Sahifa 'Ўзбекистонда сайлов бўлиб ўтган'23 Декабр, 2007 | Bosh Sahifa 'Ўзбекистондаги сайловда реал танлов йўқ'23 Декабр, 2007 | Bosh Sahifa Ҳуқуқ ҳимоячилари сайлов қонунлари бузилишидан норози21 Декабр, 2007 | Bosh Sahifa | |||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
| ||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
| ||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||