Skip to main contentAccess keys helpA-Z index
BBCUzbek.com
Рус хизмати
Қирғиз хизмати
Озарбайжон хизмати
Турк хизмати
Араб хизмати
Форс хизмати
Сўнгги янгиланиш: 23 Декабр, 2007 - Published 12:38 GMT
Дўстингизга йўллангПринт - босма кўриниши
'Ўзбекистондаги сайловда реал танлов йўқ'
Ўзбекистон президентлик сайловида реал танлов йўқ, дея баёнот тарқатган халқаро инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти Human Rights Watch.

Ташкилотга кўра, 23 декабр сайловини на адолатли, на эркин деб аташ мумкин.

Баёнотда айтилишича, Ўзбекистонда мустақил матбуот ва мухолиф сиёсий фаолиятга қўйилган чекловларнинг узоқ муддат давомида ҳужжатлаштирилгани мамлакатда рақобатчилик асосида сайлов жараёни бўла олмаслиги далолатидир.

Human Rights Watchнинг Оврўпо ва Марказий Осиё бўйича раҳбари Ҳолли Картнернинг айтишича, "адолатли ва эркин сайловлар ўтиши учун ҳеч қандай шароит мавжуд эмас. Тўртта номзод кўрсатилган бўлса ҳам рақобатли жараён ҳақида гапириш мантиққа тўғри келмайди. Ҳаққоний танлов мавжуд эмас."

Ўзбекистон Марказий сайлов коммиссияси президентликка номзод сифатида тўрт номзодни, жумладан Президент Ислом Каримовни рўйхатдан ўтказди.

Бироқ Оврўпада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилоти ҳайъатининг ички ҳисоботида айтилишича, барча номзодлар Президент Каримов сиёсатини очиқ қўллаб-қувватлаганлар.

Номзодлар улар орасида баҳслар ўтказилмагани ва рақобатчилик руҳида тайёрланган сайловолди материалларнинг йўқлигини рақобатли сайловлар ўзбек анъаналарига тўғри келмаслиги билан тушунтиришган.

Ўзбекистонда сиёсий мухолиф партиялар очиқ фаолият юрита олмайдилар ва мамлакатда Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилоти эркин ёки адолатли деб билган биронта ҳам сайлов ўтказилмаган.

"Бирлик", "Эрк", "Озод деҳқонлар" ва "Серқуёш Ўзбекистоним" каби мухолиф партия ва ҳаракатларнинг рўйхатдан ўтишларига йўл қўйилмаган ёки йиғилиш ўтказишларига рухсат берилмаган.

2006 йилнинг март ойида "Серқуёш Ўзбекистоним" коалицияси раҳбарлари Санжар Умаров ва Нодира Ҳидоятова сиёсий баҳоналар билан ўн тўрт ва ўн йилга маҳкум этилди.

Умаровнинг ҳукми кейинчалик етти йилга қисқартирилиб, Ҳидоятова эса шартли равишда озодликка чиқарилди.

Санжар Умаровнинг ҳимоячиси Виталий Красиловский давлат матбуотида унинг террорчиларни қўллаб-қувватлаши ҳақида мақолалар чоп этилганидан сўнг мамлакатни тарк этишга мажбур бўлган, дейилади инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти баёнотида.

Ҳукумат сўз эркинлигини қаттиқ тақиқлаб қўйган ва танқидий мақолалар ёзган мустақил журналистлар жазога тортилган.

Танқидий ахборот тарқатаётган "Фергана.ру", "Мусулмон Ўзбекистан" ва Human Rights Watchнинг интернет саҳифалари расмийлар томонидан тўсиб қўйилган бўлиб, уларга кириш имкони йўқ.

Шу билан бирга сайлов жараёнини ва Ўзбекистондаги демократияни мақтаб чиққан хорижликларга давлат назоратидаги оммавий ахборот воситалари етарли вақт ажратмоқда, дея ёзилади баёнотда.

ТАШҚИ САЙТЛАР
Би-БИ-Си ташқи саҳифа –сайтлар учун маъсул эмас
Сўнгги янгиликлар
Дўстингизга йўллангПринт - босма кўриниши
BBC Copyright Logo^^ Юқорига қайтиш
Bosh Sahifa|Ob –havo|Dasturlar|To’lqinlar
BBC News >> | BBC Sport >> | BBC Weather >> | BBC World Service >> | Learning English >>
Biz haqimizda|Aloqa|privacy