|
Ислом Каримов: бир ҳокимият тадрижи | |||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
Матбуот анжуманини кузатган Би-би-си мухбири Моника Уитлокнинг айтишича, Президент Каримов ўз жавобларида унчалик ҳам ўзига ишонмаётгандек кўринарди. "Ундан "Андижонда ким отишга буйруқ берган?", деб сўралган пайт Каримов ўзини йўқотиб қўяёзди ва "ҳеч ким.." деди-ю, яна паст овозда нималарнидир илова қилди. Унинг жавоби аниқ ва қатъий эмасди. Ва бу нарса Каримов учун типик бўлмаган бир ҳолат эди",-дейди Моника Уитлок. Аммо орадан бир неча кун ўтиб, Президент Каримов кутилмаганда Бош прокуратуранинг матбуот анжумани ўтаётган залга кириб келади ва қатъий бир оҳангда Андижон воқеалари юзасидан халқаро текширув ўтказиш талабини рад этади. У ўзининг яқин иттифоқчилари бўлган АҚШ ва Оврўпонинг халқаро текширувга чақириқларини "қабул қилиб бўлмас" деб атайди. Ғарбдан янграётган танқид ва чақириқлар манзарасида Президент Каримов Хитой ва Россиянинг дастагини қўлга киритади. 1989- йилда Хитойнинг Тянанмен майдонидаги воқеалардан сўнг юз берган энг йирик қирғин, деб аталган Андижон воқеаларидан икки ярим йил ўтиб, Ислом Каримов ҳануз ҳокимиятда ва ҳар доимгидан кўра ҳам қудратлироқ кўринади. Америка билан муносабатларнинг ёмонлашиши ва Оврўпо Иттифоқининг жазо чоралари унинг ҳокимиятини заифлата олмаганини ғарблик дипломатларнинг ўзлари ҳам тан оладилар. Британиянинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси Крейг Маррейга кўра, Президент Каримовни қудратда ушлаб турган нарса мамлакатда ҳукм сураётган қўрқув муҳитидир. "Менимча, асосий омил-шафқатсизлик, -дейди жаноб Маррей. - Каримов шафқатсиз одам. Диктаторлар ўз халқига қарши ҳаддан ташқари куч ишлатиш ва уларни ахборот дунёсидан узиб қўйишга қодир бўлган муддатларича ҳокимиятда қола оладилар. Мамлакатда эркин матбуот йўқ экан, эркин фикр алмашиш ва мухолифатга йўл берилмас экан, сизнинг ҳокимиятингизга ҳеч нарса рахна солмайди. Бунинг учун шафқатсиз бўлиш ва куч тизимларини назорат қилиш кифоя". Аммо Ислом Каримов бундан 18 йил муқаддам ҳокимиятга келган пайт унчалик кўзга кўринмаган ва ҳатто баъзилар назарида ўткинчи, деб қаралган бир шахс эди. Ўша пайтлар Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигида ишлаган сиёсатшунос Тошпўлат Йўлдошевнинг айтишича, 51 ёшли Ислом Каримовнинг Марказқўм биринчи котиблигига тайинланиши кўпчилик учун бир "тасодиф" бўлган. "Каримовдан қудратлироқ одамлар бор эди, аммо унинг шахси бир "муроса" сифатида қабул қилинди. Орадан кўп ўтмай, Каримов вазирлик ва вилоят раҳбарларининг кўпчилигини алмаштирди ва раҳбариятда фақат ўзига итоаткор одамларнигина қолдирди. Шундай қилиб, у қисқа вақт ичида давлат машинасини ўзига бутунлай бўйсундирди",- дейди Тошпўлат Йўлдошев. Британиялик таҳлилчи Жон Маккартининг кузатишича, жаноб Каримов ўтган 18 йил мобайнида ўз шахси атрофида қудратли бошқарув тизимини барпо қилди. "Бу кўп жиҳатдан унинг куч тизимлари - Миллий хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги ҳамда қуролли кучларни қаттиқ назорат қилиши билан боғлиқ", - дейди британиялик таҳлилчи. Ўзбекистон ҳукумати яқин-яқингача собиқ совет ҳудудида ўзининг монолитлиги билан ажралиб турган. Нафақат Каримов, балки бошқа баъзи арбобларнинг ҳокимиятдаги умри ҳам президентникига яқинлашиб қолган эди. Аммо сўнгги икки йилда қудратли, деб кўрилган шахслардан баъзилари турли сабаблар билан лавозимларидан четлатилди. Жумладан, ўн беш йил давомида мамлакатнинг ички ишлар вазири лавозимини эгаллаб келган Зокиржон Алматов. Андижон воқеалари манзарасида ички ишлар ва мудофаа вазирлари истеъфога чиқарилди ва куч тизимларида бир қатор тузилмавий ўзгаришлар амалга оширилди. Сиёсатшунос Тошпўлат Йўлдошев Андижон воқеалари Ўзбекистон ҳукумати, хусусан, президент ва куч тизимлари ўртасидаги бўлинишларни ўртага чиқарганига ишонади. "Куч тизимлари раҳбарлари орасида Андижонда тўғри йўл тутилганини савол остига олганлар бўлган. Шунинг учун ҳам Қодир Ғуломов маҳкамага тортилди. Бу тизим ходимлари орасида жорий сиёсатдан норози бўлганларни кўп учратиш мумкин. Аммо улар ҳеч нарса қилишолмайди. Буйруққа бўйсунмаганларнинг аҳволи қандай бўлганини кўриб туришибди", - дейди сиёсатшунос. Ўзбекистондаги омма сўровлари Президент Каримовга халқнинг дастагини ҳеч қачон шубҳа остига олмаган. Британиянинг Ўзбекистондаги собиқ элчисига кўра кўра, бундан беш йил аввал Каримов халқ орасида самимий қўллаб-қувватловга эга эди.
Крейг Маррей. Охирги президентлик сайловлари амалда етмиш ёшни қаршилаётган Ислом Каримовнинг умрбод ҳокимиятда қолишини англатади. Кузатувчиларга кўра, Ўзбекистондаги тузум Президент Каримов шахси асосига қурилган ва у ҳокимиятдан кетгач, вокеаларнинг қандай ривожланишини башорат қилиш қийин. Аммо Президент Каримовнинг маслаҳатчиларидан бўлган сиёсатшунос Рафиқ Сайфуллин бу фикрга қўшилмайди. "Президент Каримовнинг принципи, менинг билишимча, шундай бир тизимни яратишки, токи бу тизим нима бўлишидан қатъи назар, ҳатто энг фавқулодда ҳолатларда ҳам нафақат жамиятни мувозанатда ушлаб туриш, балки унинг ривожланишини таъминлашга қодир бўлсин. Мен Каримовни сал бўлса ҳам биламан ва у ўзидан кейин шундай тизим қолдиришига ишонаман",-дейди Рафиқ Сайфуллин. Аммо ўзбекистонлик инсон ҳуқуқлари фаоли Суръат Икромовнинг айтишича, Президент Каримовнинг яна қанча йил ҳокимиятда қолиши, бу ҳокимиятнинг табиатини ўзгартирмайди. "Репрессиялар кундан-кунга кучайиб бормоқда ва тузум бирон-бир шаклда юмшашининг белгилари йўқ. Каримов сайловлардан кейин демократия беради ёки иқтисодий эркинлик беради, деб ўйлаш соддалик бўлур эди. Менимча, ҳозирги вазият сақланиб қолади ва репрессиялар ҳозиргидан ҳам кучайиши мумкин", - дейди Суръат Икромов. |
| |||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
| ||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
| ||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||