Skip to main contentAccess keys helpA-Z index
BBCUzbek.com
Рус хизмати
Қирғиз хизмати
Озарбайжон хизмати
Турк хизмати
Араб хизмати
Форс хизмати
Сўнгги янгиланиш: 19 Декабр, 2007 - Published 15:54 GMT
Дўстингизга йўллангПринт - босма кўриниши
Ислом Каримовнинг вориси ким бўлади?
Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов
Ислом Каримов лавозимдан кетишига ҳали ҳеч ишора йўқ, аммо ворислик мавзуси қизғин
Ислом Каримов 16 йилдан бери президентлик курсини эгаллаб келмоқда ва ҳали бери уни қўлдан бой берадиган кўринмайди. Яқинлашиб келаётган президентлик сайловларида унинг яна етти йиллик муддатни қўлга киритиши кутилмоқда.

Ислом Каримов 1990 йил 24 март куни Ўзбекистон ССР Олий Кенгашининг сессиясида
Ўзбекистон ССР президенти
этиб сайланди.

1991 йил 29 декабрида муқобиллик асосида ўтказилган президентлик сайловида жаноб Каримов ғолиб чиқди.

Президент сўнгра ўзига қарши фикрдаги ҳар қандай мухолифатчига қарши кенг кўламли кескин курашни амалга ошира бошлади.

Собиқ Шўро ҳудудидаги раҳбарлар орасида ёши энг улуғ авторитар ҳукмдорлардан бири Ислом Каримов 16 йилдан бери Ўзбекистон президенти лавозимида қолмоқда.

 Каримов келгуси муддати даврида, ўйлашимча, ҳукуматни кимга қолдириш ҳақида ўйлай бошлайди
Санобар Шерматова

Шундай экан, хориж матбуоти ва таҳлилчилари орасида у ҳокимиятдан кетган тақдирда, Ўзбекистон президенти курсисига ким ўтириши, жаноб Каримовнинг вориси бор ё йўқлиги борасидаги баҳс айни дамда қизиган.

Аммо, "Ал-Жазира"нинг Марказий Осиёдаги мухбири Жоанна Лиллисга кўра, бир шахсни Каримовнинг вориси дея аниқ тақдим этиш ҳозирча қийин.

"Албатта ворисликка номзодлар бор, аммо айни шароитларда уларни бир-биридан фарқлаш, тўғрироғи кимнидир аниқ ворис бўла олади деб алоҳида ажратиб кўрсатиш мушкул. Агар вазиятни Россияда бўлганидек, масалан Ельцин ҳокимиятдан кетиб, ортидан Путин ворисликни қўлга олгани билан солиштирадиган бўлсак, Путинни ҳам ҳеч ким йиллар оша ворис деб тасвирлаб келмаганди. У кутилмаганда пайдо бўлди. Менинг назаримда, Ўзбекистонда ҳам ўхшаш ҳолат юз бериши эҳтимоли бор. Қулай вақтда ва қулай жойда ҳозир бўлган шахс президентликни қўлга киритиши мумкин. Аммо у ким бўлади, буни айтиш қийин. Туркманистонни олинг, Бердимуҳамедов Ниёзов ортидан ҳокимиятни қўлга киритишини ҳеч ким ташқаридан башорат қилмаганди, " - дейди Жоанна Лиллис.

Гулнора Каримова
Ворислар ҳақидаги баҳсда Гулнора Каримова номзоди устунлик қилади, аммо у носиёсий фаолияти билан машғул
Ворисликни қўлга киритиш учун, суҳбатдош таъбирича, қулай жой ва қулай вақт қачон ва қаерда бўлиши албатта ҳеч кимга аён эмас. Баъзи таҳлилчиларга кўра, Ўзбекистонда яқинлашиб келаётган президентлик сайловлари ҳисобга олинса, ворислик мавзусида баҳс олиб боришнинг ҳали вақти келгани йўқ. Москвалик журналист Санобар Шерматова ҳам шундай фикрда.

"Менимча, бундай савол сўрашга ҳали эрта. У декабр охирида президент этиб сайланади. Каримов энди келгуси муддати даврида, ўйлашимча, ҳукуматни кимга қолдириш ҳақида ўйлай бошлайди," - дейди Санобар Шерматова.

Баъзи таҳлилчилар назарида Ислом Каримов каби президентлар албатта меросни кимга қолдириш ҳақида ўйлашади, аммо муаммо шуки уларнинг ҳеч бирида ворис тайёр эмас. Британиянинг Тошкентдаги мубоҳасали собиқ элчиси Крейг Маррейнинг айтишича, Каримов жаноблари ҳам бу ҳақда бош қотириб келмоқда.

 Баъзилар фикрида жаноб Каримов ҳукмдор оиланинг келажаги ва хавфсизлигини таъминлай оладиган шахсни расмий лавозимга эга сиёсий арбоблар орасидан қидиради

"У охирги йиллар давомида кимга ишониши мумкинлиги ҳақида ўйлаб келган. У ўз оиласи йиққан мулкни тортиб олиб қўймайдиган шахсни топиш ҳақида бош қотирган. Бу каби кимсалар рўйхати ҳар доим ўзгариб туради, чунки бора-бора Каримов бу кимсага бошқа ишонмайман деб
хулоса қилади," - дейди собиқ элчи.

Ўзбекистонда президентликни қўлдан-қўлга топшириш фақат расмий тарзда амалга оширилиши мумкин ва баъзилар фикрида жаноб Каримов ҳукмдор оиланинг келажаги ва хавфсизлигини таъминлай оладиган шахсни расмий лавозимга эга сиёсий арбоблар орасидан қидиради. Хўш, Ўзбекистонда бу каби сиёсий арбоблар мавжудми?

Мустақил журналист Шоҳида Ёқубнинг айтишича, бундай арбоблар сирасига бош вазир Шавкат Мирзиеёв киради, аммо унинг Каримов вориси бўлишига ҳали ҳеч қандай аломатлар йўқ.

"Ўзбекистон сиёсатида яна катта фигура - Миллий Хавфсизлик хизматининг раҳбари Рустам Иноятов. Аммо, менимча, Рустам Иноятов ўз ўрнини топиб бўлди. У ниҳоятда кучли инсон, унинг кучи Ўзбекистон президентиники билан баробар. Чунки у Ўзбекистоннинг энг репрессив, ва ташкилий тарафдан энг профессионал хизматини бошқаради ва унинг учун ана шунинг ўзи кифоя," - дейди Шоҳида Ёқуб.

Алишер Усмонов
Миллиардер Алишер Усмонов ўзбек сиёсатига алоқаси, ёки президентлик амбицияси борасидаги хабарларни рад этган
Ўзбекистон президенти вориси ҳақида баҳс кетганда, табиийки, Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова ҳам кучли номзодлардан бири сифатида намоён бўлади. Сиёсий фанлар доктори ва ҳукуматга маслаҳатчи лавозимида иш юритган Каримова ҳоним нафақат собиқ Шўро ҳудуди, балки Ғарбда ҳам яхши танилган. Аммо, нима учун кўпчилик уни Ўзбекистон ҳукумати тепасида кўра олмайди?

"Бу жуда қизиқ савол. Менимча, Гулнора Каримова ҳеч қачон президент бўла олмайди. Авваламбор, у аёл киши. Иккинчидан, у ёш. Учинчидан, у яхши обрўга эга эмас. Агар Каримов ўз қизини ворис деб тайёрламоқчи бўлган бўлса, Гулноранинг сиёсий карьераси ривожланган бўларди. Лекин, Гулнора бу каби карьерага эга эмас. Нима учун? Гулнора минг хил бошқа иш билан банд. Унинг хайрия ташкилотлари бор, Ўзбекистон ёшлари билан баъзиларида банд. Унинг ўз поп карьераси ривожланаяпти. Ундан ташқари, Гулнора ўз эридан ажралган. Бу ёмон нарса. Яъни, бу Ўзбекистон-ку!" - дейди журналист.

 (Каримов) учун агар Гулнора президент ўрнини эгалласа олам гулистон бўларди. Айнан шу фарзанди оиланинг молиясини назорат этади, кўп ширкатлар ҳам шу қизининг номида. Аммо, муаммо шундаки, ўзбек элитаси аёл президентни қабул қилармикан?
Крейг Маррей

Бироқ, Гулнора Каримова Ўзбекистон билан чекланмайди. Унинг Россияда ҳам тадбиркорлик билан шуғулланиши ва юқори даражали рус сиёсатчилари билан яқинлиги кенг хабар қилинади. Хабарларнинг асл маъноси Ўзбекистоннинг Россия билан охирги икки йил ичида қайта ривожланган яқин муносабати ва бунда Гулнора Каримованинг ўзига яраша ролига ишора қилади. Хўш, бу қандай роль ва унинг таъсири қандай? Москвалик журналист Санобар Шерматовага кўра, Россия сиёсий элитаси Гулнора Каримовани, шубҳасиз, жиддий қабул қилади.

"У, жуда тез-тез бўлмаса ҳам, Россияда турли кечаларни уюштирган ва Россия матбуоти бу кечаларда ким иштирок этиши ҳақида тафсилотли хабарлар берган. Уларда Кремлнинг нуфузли расмийлари, жумладан Россия президентлигига номзод Дмитрий Медведев ҳам меҳмон бўлган," - дейди у.

Бу билан Россия Ўзбекистон президентининг вориси ким бўлишига таъсир қила олади дея хулоса қилиш тўғрими?

"Россия элитаси Ўзбекистонда президентликка кимнинг келиши борасида қандайдир номзодга пул тика олмайди. Россиянинг Ўзбекистондаги сиёсати 10 йил аввалгисидан фарқ қилади. Агар ҳақиқатан Гулнора Каримова Ўзбекистонда муҳим вазифани эгаллайдиган бўлса, уни Россияда расмий мулозим сифатида қабул қилишади," - дейди Санобар Шерматова.

Крейг Маррей
Крейг Маррей жаноб Каримов учун энг асосийси унинг оилавий мулкини ким ҳимоя эта олиши дейди
Собиқ Британ элчиси Крейг Маррей ҳам Гулнора Каримованинг ворисликка мос номзод эканига шубҳа қилади. Бироқ, унинг айтишича, Президент Каримовнинг фикр юритишида, энг аввало ўз оиласининг мулкини ҳимоя этиш устунлик қилади.

"Унинг учун агар Гулнора президент ўрнини эгалласа олам гулистон бўларди. Айнан шу фарзанди оиланинг молиясини назорат этади, кўп ширкатлар ҳам шу қизининг номида. Аммо, муаммо шундаки, ўзбек элитаси аёл президентни қабул қилармикан? Нафақат президент, балки бирон нуфузли мулозим бўлиш учун ҳам унинг маъмурий тажрибаси етарли эмас. Аммо у аҳмоқ ҳам эмас, унинг тадбиркорлик соҳасида олам-олам тажрибаси бор. Бироқ, бу тажрибани йиғиш унинг учун нақадар осон бўлган, у бу тажрибани нормал рақобат муҳитида йиққанми? Гулнора оила исмини қўллаб, ўта йирик мулк йиғишга эришган. Бироқ, бу бировни президентлик ролига тайёрлай олишига мен шубҳа қиламан," - дейди Крейг Маррей.

 (Асқар Акаев) тақдирига қараб, бошқа президентлар ҳам ўйланиб қолишади. Яъни ҳокимиятни бировга топшириш, нафақат ўзини, балки ўз оиласи ва мулкини хавф остига қўйишини англатади
Санобар Шерматова

Нима учун Марказий Осиёда ва, ҳусусан, Ўзбекистон шаротида ворислик мавзуси бу каби қизғин, нега Ўзбекистон президенти ворисга муҳтож бўлиши мумкин? Нима учун Ўзбекистон президенти лавозимда ўзи имконқадар кўпроқ муддатга қолишни истайди? Санобар Шерматовага кўра, бунга мустақилликнинг илк йилларида амалга оширилган хусусийлаштириш жараёни сабаб.

"Аввалига хусусийлаштириш қонунлари мавжуд бўлмагани туфайли, бу жараён ёввойи йўллар билан амалга ошган. Ҳозирги мавжуд раҳбарлар бу жараён давомида йирик мулкдорларга айланишган. Аввало ҳукуматни якка ўз қўлида ушлаб турадиган президентларда ҳукуматдан кетган тақдирида қандайдир жавобгарликка тортилиш қўрқуви бор. Масалан Асқар Акаевни олинг. Қирғиз қонунларига кўра, у дахлсиз шахс, аммо шунга қарамай, унинг фарзандлари, куёви жиноий жавобгарликка тортилди. Бу собиқ президентнинг тақдирига қараб, бошқа президентлар ҳам ўйланиб қолишади. Яъни ҳокимиятни бировга топшириш, нафақат ўзини, балки ўз оиласи ва мулкини хавф остига қўйишини англатади. Шунинг учун ҳам Марказий Осиёда мана шундай саволлар юзага чиқади, яъни сенга ворислик қиладиган шахс сен учун мутлақо ишончли шахс бўлиши керак," - дейди москвалик журналист.

Ўзбекистон сенати
Айни дамда 23 декабрь президентлик сайловлари бирон нимани ўзгартириши кутилмайди
Президент Каримов учун ана шундай ишончли шахслардан яна бири дея россиялик асли ўзбек миллиардер Алишер Усмонов Ғарб матбуотида тез-тез тилга олинади. Унинг ўзи бир неча бор, жумладан Британияда чоп этилувчи "Гардиан" газетасига ёзган мактубида, Ўзбекистон сиёсатига алоқаси йўқлиги ва сиёсатчи бўлишни режаламаётганини таъкидлаган.

Алишер Усмоновнинг ўзбек президентлига кўз тикаётгани борасида саволлар кўпларда туғилмоқда, жумладан Тошкентнинг ўзида ҳам, деб фикр юритади Санобар Шерматова.

"Усмонов Россияда йирик капитал йиққан миллиардер ва у ўзини рус тадбиркори дея тақдим этади. Унинг ўзи президентликка интилиши борлиги ҳақидаги даъволарни рад этган. У билан ишлаган ва уни биладиган кишиларнинг фикрича, у ҳаётни севадиган, шошмасдан кўнгли сокинлик билан иш юритадиган, мияси тадбиркорликка мослашган шахс, ва ҳокимият тепасида бўлиш унинг учун муҳим нарса эмас. Ва шу кишиларнинг тасвирларига ишонадиган бўлсак, Алишер Усмоновнинг Ўзбекистон президенти бўлиш режаси йўқ," - дейди Санобар Шерматова.

 Биз Каримовнинг атрофида, унинг ўрнига ўтириши мумкин бўлган, ўрнига ўтирса халқимиз рўшноликка чиқадиган бир шахсни кўраётганимиз йўқ ҳозирча
Муҳаммад Солиҳ

Ўзбекистон қонунларига биноан, жорий президент ўз ваколатларини ижро этолмай қолган шароитда, Сенат томонидан президентлик лавозимини вақтинча ижро этувчи мулозим уч ойга тайинланади ва бу муддат охирида президентлик сайловлари бўлиб ўтади. Бироқ, Ислом Каримовга эҳтимолий ворис деб кўрилаётган биронта сиёсатчи ҳам Ўзбекистон мухолифатига маъқул эмас. Мухолифатдаги Эрк демократик партияси раҳбари Муҳаммад Солиҳ уларнинг ҳеч бири Каримовдан фарқ этмаслигини айтади.

"Уларнинг баъзиларининг жиҳатлари Каримовникидан ҳам манфий. Шунинг учун, биз Каримовнинг атрофида, унинг ўрнига ўтириши мумкин бўлган, ўрнига ўтирса халқимиз рўшноликка чиқадиган бир шахсни кўраётганимиз йўқ ҳозирча," - дейди Муҳаммад Солиҳ.

Кўп таҳлилчиларга кўра, Ислом Каримовнинг янги муддатга сайланиш ё сайланмаслигидан қатъий назар, жаноб Каримов бир кун келиб президентликни кимга топшириши мумкинлиги, унинг эхтимолий ворислари борасидаги баҳс қизғин бўлиб қолаверади.

Исм
Фамилия*
Манзил
Мамлакат
Электрон манзил
Телефон*
* Ихтиёрий
Фикрингиз
Сиз берган шахсий маълумот bbcuzbek.com томонидан фақатгина талабномангизни қондириш мақсадида ишлатилади
Президент Ислом КаримовСуҳбат
Президент Ислом Каримов шахсиятига назар
Рақсга тушаётган Ислом КаримовБугун
Ўзбекистонда ўйинга тушадиган пайтларми?
Ислом КаримовБаҳс
Президент Каримовнинг муддати қачон тугайди?
Гулнора Каримова-"Гугуша" видеоклипиСанъат
Гулнора Каримова қўшиғи қандай қаршиланди?
Сўнгги янгиликлар
Дўстингизга йўллангПринт - босма кўриниши
BBC Copyright Logo^^ Юқорига қайтиш
Bosh Sahifa|Ob –havo|Dasturlar|To’lqinlar
BBC News >> | BBC Sport >> | BBC Weather >> | BBC World Service >> | Learning English >>
Biz haqimizda|Aloqa|privacy