Skip to main contentAccess keys helpA-Z index
BBCUzbek.com
Рус хизмати
Қирғиз хизмати
Озарбайжон хизмати
Турк хизмати
Араб хизмати
Форс хизмати
Сўнгги янгиланиш: 15 Декабр, 2006 - Published 15:33 GMT
Дўстингизга йўллангПринт - босма кўриниши
ОИ ҳайъати ортга қайтмоқда
Оврўпо Иттифоқи ҳайъати аксар саволларига жавоб ололганини айтади
Ўтган йилги Андижон ҳодисаларини ўрганиш мақсадида Ўзбекистонга борган Оврўпо Иттифоқи ҳайъати ўз сафарини тугатиб Брюсселга қайтмоқда.

Айни сафар режаси Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Владимир Норовнинг Брюсселга ташрифи чоғида келишиб олинган ва натижада Ўзбекистонга нисбатан жазо чоралари бир қадар енгиллаштирилганди.

Ҳайъатнинг бир қисми кеча Андижонга сафар қилганди. Би-би-си ана шу гуруҳ таркибида бўлган Пекка Ойнонен билан боғланиб Андижон сафари тафсилотларини сўраган:

Пекка Ойнонен: Биз хавфсизлик ва ҳуқуқ- тартибот органлари, Бош прокуратура вакиллари, шунингдек маҳаллий ҳокимият аъзолари билан ҳам учрашдик.

Би-би-си: Баъзи ахборот агентликлари Андижонда маҳбуслар билан учрашганингизни хабар бермоқдалар?

Пекка Ойнонен: Йўқ, Андижонда маҳбуслар билан учрашмадик. Ҳайъатимиз вакиллари Тошкентда баъзи маҳбуслар билан кўришишган. Улар Андижон ҳодисаларига алоқадорликда айбланиб қамоқ жазосига ҳукм қилинган маҳбуслар эдилар.

Би-би-си: Ўша маҳбусларнинг аҳволи қандай экан, ҳайъат аъзолари улар билан эркин сўзлашиш имкониятига эга бўлишганми?

Пекка Ойнонен: Мен улар билан шахсан учрашмадим, аммо учрашган вакилимизга кўра, уларнинг аҳволида эътиборни тортадиган бирор жиҳат кузатилмаган. Ва маҳбуслар ўзларига нисбатан муносабат юзасидан ҳеч бир шикоят қилишмаган.

Би-би-си: Бу учрашув расмийлар томонидан "хўжа кўрсинга" уюштирилди дейиш мумкинми?

Пекка Ойнонен: Биласизми, биз буни қандай тақдим қилинган бўлса, шундай қабул қилишга мажбурмиз. Биз буни талабимизга мувофиқ уюштирилган хақиқий учрашув сифатида қабул қилдик.

Би-би-си: Ўзингиз Андижондаги учрашувлардан қониқдингизми, Андижонда қидирган маълумотларингизни топа олдингизми?

 Биласизми, биз учрашувни қандай тақдим қилинган бўлса, шундай қабул қилишга мажбурмиз. Биз буни талабимизга мувофиқ уюштирилган хақиқий учрашув сифатида қабул қилдик.
Пекка Ойнонен

Пекка Ойнонен: Ҳа. Шуни айтиш керакки, об-ҳаво шароити туфайли эрталаб соат тўққизда бошланиши керак бўлган кун тартибини тушки соат иккида бошлай олдик, холос. Кун ботмасдан аввал, яъни соат 5 яримга қолмай орқага қайтишимиз керак эди. Мана шу қисқа вақт ичида Андижон ҳодисалари билан боғлиқ ҳамма ерларни бориб кўришга муваффақ бўлдик. Қамоқхона бараклари, хавфсизлик хизмати биносини қўриқловчи нуқта, ҳокимият биноси, Бобур майдони ва асосий қонли ҳодиса рўй берган кўчани бориб кўрдик. Хуллас, жуда қисқа вақт ичида ҳодисалар билан боғлиқ деярли ҳамма жойни бориб кўришга муваффақ бўлдик. Ва биз кўплаб саволларни кўтардик албатта. Ва ўз саволларимизга жавоб ола билдик.

Би-би-си: Бу жавобларни қониқарли деб топдингизми?

Пекка Ойнонен: Ҳа, жавоблар деярли бизни қониқтирди, бу каби қисқа вақт ичида бундан ҳам кўпроғига умид ҳам қила олмасдик.

Би-би-си: Лекин, бу маълумотлар сизга фақатгина маҳаллий расмийлар томонидан берилди, шундайми?

Пекка Ойнонен: Худди шундай.

Би-би-си: Демак, бу маълумотлар бир томонлама, тўғрими?

Пекка Ойнонен: Албатта, шундай. Бу мутлақо улар томонидан берилган маълумот. Ва биз буни айнан, шундай дея эътиборга оламиз.

Би-би-си: Мустақил инсон ҳуқуқлари фаоллари ва бошқалар билан учрашиб, уларнинг ҳам талқинига қулоқ тутишга ҳаракат қилдингизми?

Пекка Ойнонен: Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари вакиллари билан Тошкентда учрашдик, лекин Андижонда эмас. Андижонда расмийлар бизга гаровга олинган баъзи шахслар билан учрашишни ҳам таклиф қилдилар. Аммо вақт қисқалиги туфайли бунинг имкони бўлмади.

Би-би-си: Сафарингизнинг қисқартирилишига сабаб бўлгани- об- ҳаво шароити дея келтирилаётган сабаб не қадар ҳақиқий деб айтиш мумкин? Баъзи маҳаллий журналистлар бунга шубҳа қилмоқдалар?

Пекка Ойнонен: Мен сизга бир нарсани айтай, Тошкентда ўтказган қарийиб беш кун мобайнида аэропортларда деярли 30 соат вақтимиз кетди. Об- ҳаво жуда ёмонлиги кўриниб турибди. Мана ҳозир ҳам Тошкентдан жўнашимиз керак, лекин бизнинг парвозимиз бекор қилиниб, бир неча соатга кечиктирилди.

Би-би-си: Бугун Тошкентдан учиб кетмоқдасиз, сафарингизни қандай бахолайсиз?

Пекка Ойнонен: Сафаримизнинг биринчи кунини об-ҳаво шароити туфайли йўқотдик. Аммо қолган вақтда иложи борича унумли фойдаланишга ҳаракат қилдик. Кунига 16 соатлаб ишладик. Биз хулосаларимизни Оврўпо Иттифоқи Кенгашига тақдим қиламиз. Кенгаш қарорларни қабул қилади.

ИЧКИ САҲИФАЛАР
Сўнгги янгиликлар
Дўстингизга йўллангПринт - босма кўриниши
BBC Copyright Logo^^ Юқорига қайтиш
Bosh Sahifa|Ob –havo|Dasturlar|To’lqinlar
BBC News >> | BBC Sport >> | BBC Weather >> | BBC World Service >> | Learning English >>
Biz haqimizda|Aloqa|privacy