Тимбуктунинг ноёб қўлёзмалари йўқ қилинган бўлиши мумкин

Сўнгги янгиланиш 30 январ 2013 - 10:07 GMT
  • Малининг қадимий Тимбукту шаҳрида Африка ва Ислом тарихига алоқадор бебаҳо қўлёзмалар сақлаб келинган. Айни пайтда Франция ва Мали қўшинлари Тимбуктуга яқинлашишаркан, ортга чекинаётган Исломий жангарилар ушбу нодир асарларни йўқ қилишган ва ё ўзлари билан бирга олиб кетишган бўлиши мумкинлиги айтилмоқда.
  • Аҳмад Баба институтига тегишли бўлган энг муҳим коллекция 2009 йил мана бу янги бинога кўчирилганди. Яқинда кутубхонадан олинган видеотасвирда куйиб кул бўлган китоблар, бўм-бўш қутилар акс этган. 2010 майида Би-би-сининг Африка Хизмати журналисти Мануел Толедо борган пайти кутубхона мана бундай кўринишга эга бўлган
  • 13 асрда битилган Қуръони Карим тафсири кутубхонадаги энг қадимий қўлёзмалардан бири бўлган. Аҳмад Баба институти ходимлари Би-би-сига айтишларича, 2, 000га яқин қўлёзма йўқолган бўлиши мумкин. 28, 000 таси пойтахт Бамакога олиб кетилган.
  • Марказ Тимбуктунинг буюк олимларидан ҳисобланган Аҳмад Баба номи билан аталади. Унинг қатор машҳур асарлари Марокашда яшаган пайтлари яратилган. 1599 йилда битилган Марракеч қўлёзмаси ана шундай асарлардан биридир. Олим 1627 йилда Тимбуктуда оламдан ўтган.
  • Қўлёзмалар илм-фаннинг турли соҳаларини қамраб олган. Нуриддин бин Муҳаммад Аҳмад томонидан битилган қизил рангли қўлёзмалар астрономияга, пастдан чап томондаги 18 асрда кўчирилган қўлёзма фармацевтика алоқадор.
  • 2010 йил институт тадқиқотчилари фахр билан матнлар Африка қадимий ёзма тарихига эга эканидан далолат беришини айтишганди. Тимбукту Университети 15 асрда Ғарбий Африкадаги энг муҳим илм-фан масканларидан бири бўлган ва минглаб олимлар эътиборини тортган.
  • Қўлёзмалар қайта тикланишидан олдин компютерга жойланган. Бу билан ҳар қандай эҳтимолга қарши матнлар асл шаклини сақлаб қолиш ҳамда уларни интернетга жойлаш ҳам кўзда тутилган. Лойиҳанинг узоқ йилларга чўзилиши кутилганди. Ҳозир ушбу электрон нусхалар сақланган компютер хотираси Бамакога олиб кетилгани хабар қилинади ва йўқолган матнларнинг кўплари ўша ерда бўлиши мумкинлигига умид қилинмоқда.
  • Кўплаб қўлёзмаларни Тимбуктудаги оилалар асрлар бўйи асраб келишган. Саҳрои Кабирнинг жанубий четида жойлашган минтақадаги иссиқ иқлим ҳам ушбу нодир асарларнинг асл қиёфасини сақлашга ёрдам берган. Мана бу Муҳаммад (С.А.В)нинг таржимаи ҳолининг 17 асрдаги нусхаси.
  • Китобларни қайта тиклаш жараёнида улар учун ҳашоратлардан сақловчи китоб ғилофлари ҳам ясалган.Аҳмад Баба институти тадқиқотчилари бу усулни ўзларидан қўлёзмаларни давлатга сотишни истамаган одамларга ҳам ўргатишган.
  • Қўлёзмалар Ғарбий Африкада ўша пайтлар мавжуд бўлган ёзувларда битилган.
  • Тимбуктуда ҳамон жуда кўп қўлёзмалар коллекцияси мавжуд. Ишонилишича, уларда юз минглаб ҳужжатлар жам бўлган. Ушбу қўлёзмаларни оилалар асрлар давомида ўз авлодлари мерос қилиб қолдиришган. Ўз мавқеларидан чекинаётган исёнкорлар мазкур бебаҳо асарларнинг қанчасига зиён етказиб улгуришгани эса, ҳозирча маълум эмас.

Videos and Photos

BBC © 2014BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.

]]>