Каримов Тожик халқига умид бахш этди

Сурат манбаси, Tajik President Press Office
"Қўшниларим телевизорда Ислом Каримовнинг кеча Имомали Раҳмон билан қучоқлашиб кўришганини кўриб, хурсанд бўлиб кетишибди".
"Улар менинг олдимга келиб, энди Ўзбекистон билан муносабатларимиз яхшиланадими, ўртадаги қийинчилик ва муаммолар ҳал бўладими, виза тизими бекор бўлиб, борди-келди очиладими, деб сўрашмоқда".
Би-би-сининг душанбелик мухбири Мардон Муҳаммад Ўзбекистон президентининг ўтган 6 йил давомида илк бора Тожикистонга келгани ўз ҳамюртлари орасида ана шундай умид ва хурсандчилик билан қаршилаётганини айтади.
Мухбиримизга кўра, сўнгги бир йил ичида Тожикистон матбуотида Ўзбекистонни танқид қиладиган чиқишлар кескин камайган.
Ислом Каримов Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти саммитида иштирок этиш учун Тожикистонга борган.
Тожикистон ҳукумати ҳам бу ташрифга алоҳида эътибор қаратиб, меҳмонлар шарафига ташкил этилган концертда айнан ўзбекча мусиқа ва рақс намойиш этди ҳамда залдаги йирик экрандан Тошкент манзараларини кўрсатиб турди.
"Мустаҳзод" ашуласи - ҳам ўзбеклар ва ҳам тожикларнинг миллий мумтоз санъат асари. Лекин мезбон Тожикистон айнан ўзбекча "Мустаҳзод"ни намойиш этди.
Раққосалар ҳам Фарғона беқасамида саҳнага чиқдилар.
Бу ўзбек ва тожик халқларининг қанчалик яқинлигини кўрсатувчи санъат асари ва Тожикистоннинг ўз қўшниси Ўзбекистонга нисбатан дўстона ишораси, деб ҳам изоҳланмоқда.
Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02