Туркия ва Россия туркман мухолифатини ватанига қайтармоқда — Туркманистонда уларни қийноқ ва қамоқ кутиб турибди

serdar

Сурат манбаси, Vladimir Smirnov/TASS

Ўқилиш вақти: 7 дақ

Сиёсатдан узоқ кўринган икки воқеа - коронавирус пандемияси ва табиий офат туркманистонликларнинг фуқаролик жамиятига бирлашиши учун катализаторга айланди.

Аммо бу фуқаролик жамияти фақат мамлакат ташқарисида - норозилик намойишларида қатнашиш ва ҳокимиятдаги коррупция ҳақида видеолар тайёрлаш мумкин бўлган жойларда яшашга мажбур эди.

Бироқ чет элларда ҳам фаоллар ўзларини хавфсиз ҳис қилмаётир: Туркия ва Россия Туркманистон билан яқин алоқаларни сақлаб, мухолифатчиларни ватанига қайтармоқда, у ерда уларни жиноий айбловлар ва қийноқли қамоқлар кутмоқда.

Жавобсиз қолган норозилик намойиши

Июль ойи охири. Олти киши, улардан тўрттаси ниқоб ва шарф ўраган ҳолда, Туркиянинг Вашингтондаги элчихонаси олдига "Туркман сиёсий фаолларини депортация қилишни тўхтатинг" деган шиорлар билан чиқишди.

АҚШдаги туркман мухолифатчилари илк бор Туркия ҳукумати ҳаракатларига қарши норозилик билдирди.

Намойишга туркман фаоли Мардон Муҳамедовнинг ҳибсга олиниши сабаб бўлди.

HSM-Turkmenistan мухолифат гуруҳининг 32 ёшли аъзоси коммунал қарзларни тўлаш масаласида Анқара муниципал хизматига чақирилган, аммо у ерда полиция томонидан қўлга олинган.

Эртаси куниёқ Муҳамедов Истанбулдаги депортация марказига, 26 июнда эса Туркманистонга қайтарилган.

muxolif

У ерда уни бир нечта айб, жумладан, жосуслик айблови билан суд қилишмоқда.

"Ёшларимиз Туркияни яхши кўради ва бу мамлакатга қарши ҳеч нарса қилмайди. Улар фақат ижтимоий тармоқларда [Туркманистон ҳукуматига қарши] фикр билдирмоқда, шунинг учун ҳам Туркия туркманлардан зўравонлик билан қутулишга уринмоқда", дейди намойиш иштирокчиси, "Туркманистон, бирлашамиз" мухолифат гуруҳи раҳбари Чаман Оре.

Туркия элчихонаси олдидаги намойишдан сўнг фаоллар Туркманистон дипломатик ваколатхонаси томон йўл олишди.

Биринчи ҳолатда намойишчилар олдига Туркия элчихонасининг қўриқчиси чиқиб, улардан маълумот сўради.

Туркман дипломатлари эса намойишни эътиборсиз қолдирди.

"Ривожланган мамлакат барпо этиш истаги билан ёнарди"

Мардон Муҳамедов Туркманистондан ўсмирлик чоғидаёқ чиқиб кетган ва ватанига қайтмаган.

2012 йилда у Туркияда ўрнашган.

Муҳамедов 2020 йил март ойида мухолифатдаги HSM-Turkmenistan гуруҳига қўшилган эди.

Унинг сафдоши Олга Чареванинг айтишича, у Туркияда митинглар уюштирган, ижтимоий тармоқлар ва гуруҳнинг YouTube каналини юритган.

mardon

Сурат манбаси, Merdan Muhamedov / Archive

Сурат тагсўзи, Мардон Муҳамедов.

Муҳамедов коррупция схемаларини текширган, туркман режимини танқид қилган, клептократия, ноқонуний ҳибсга олишлар ва қамоқхоналардаги зўравонликларни, шунингдек, президент атрофидагиларнинг бойлигини фош қилган, дейди Чарева.

"У доимо янги, маданиятли, ривожланган мамлакат яратиш истаги билан ёнарди", қўшимча қилади у.

Мамлакатда икки йил олдин Муҳамедовга қарши жиноят иши қўзғатилиб, уни жосуслик, конституцияни зўравонлик йўли билан ўзгартиришга чақириш, экстремизм ва миллий хавфсизликка таҳдид солганликда айблашган.

Бу айбловлар унинг сафдошларига фақат ҳибсга олинганидан кейин маълум бўлди.

"У Туркманистон ҳукуматини танқид қилгани учун 15 йилдан 25 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин", дейди Чарева.

21 август куни Туркманистонда Муҳамедов иши бўйича оммавий терговлар бўлиб ўтди. Гувоҳлардан бирининг айтишича, фаол терговда лаби ёрилган ва юзи шишган ҳолда иштирок этган.

Туркманистон МДҲдаги энг ёпиқ давлатлардан бири бўлиб, у ерда ўттиз йилдан ошдики, авторитар тузум сақланиб қолган.

Туркманистон сўз ва матбуот эркинлиги бўйича жаҳон рейтингида охирги ўринлардан бирини эгаллаб турибди.

Мамлакатни 17 йилдан ортиқ вақтдан бери Бердимуҳамедовлар оиласи бошқариб келмоқда.

Биринчи давлат раҳбари Сапармурод Ниёзов вафот этган 2006 йилдан 2022 йилгача Гурбангули Бердимуҳамедов президентлик қилди.

2022 йилда у ҳокимиятни ўз ўғли, 40 ёшли Сердар Бердимуҳамедовга топширди.

Олга Чареванинг сўзларига кўра, Бердимуҳамедов режими ўз ҳукмронлигини узайтириш учун фуқароларни қўрқитмоқда.

Босим усулларидан бири мухолифат фаолларини Туркманистонга дўст бўлган Туркия ва Россия каби давлатларда ҳибсга олиш ва кейин ўз ватанларига депортация қилиш.

Туркман мухолифатининг янги тўлқини

bo'ron

Сурат манбаси, Turkmen.news

Сурат тагсўзи, 2020 йил баҳоридаги даҳшатли бўрон минглаб туркман оилаларини бошпанасиз қолдирди.

Туркман мухолифати 2020 йилда, асосан, хорижда фаол ривожлана бошлади.

Бунга иккита воқеа сабаб бўлди.

Ўша баҳорда даҳшатли бўрон минглаб оилаларни бошпанасиз қолдирди.

Мустақил матбуот қурбонлар ҳақида хабар берган бўлсада, расмийлар қурбонлар борлигини тан олмади.

"Ҳукумат бу офатга эътибор бермади. Ҳодиса ҳақида бир оғиз сўз айтилмаган. Жабрланганларга ёрдам ёки вақтинчалик эвакуация бўлмади. Шу билан бирга, Ковид тарқалди ва чегаралар ёпилди ", деб эслайди Turkmen News мустақил нашри муҳаррири Руслан Мятиев.

Норасмий маълумотларга кўра, сони мамлакат аҳолисининг учдан биридан ошган туркман муҳожирлари қайтиб келиб, жабрланганларга ёрдам бермоқчи бўлган, аммо бунга эриша олмаган.

Ҳокимиятнинг лоқайдлиги норозилик тўлқинига сабаб бўлди.

"Одамлар аввалига ниқоб ва кўзойнак тақиб, плакатлар билан камерада пайдо бўлди. Улар бизда ҳамон репрессив давлат эканлигидан қўрқишарди. Кейин баъзилари ҳатто ниқоб ва қалпоқларини ечиб, исмларини очиқ айтишди. Бу жамиятни қаттиқ ҳаяжонга солди. Намойишлар ижтимоий тармоқларда - TikTok ва Instagramʼда машҳур бўлди", дейди журналист.

namoyish

Сурат манбаси, 'Turkmenistan, Unite'

Сурат тагсўзи, Истанбулдаги туркманистонликлар намойиши, 2020 йил. Плакатда "Диктатор — оч кўппак" дея ёзилган.

Мамлакатнинг иккинчи йирик шаҳри Туркманободда мингдан ортиқ одам, асосан, аёллар ва болалар йўлни тўсиб, ўтириб намойиш ўтказди.

Шаҳар ҳокими ўринбосари полиция ва миллий хавфсизлик ходимлари ҳамроҳлигида муаммоларни ҳал қилишга ваъда берди - шундан кейингина намойишчилар тарқалишга рози бўлди.

Дарҳақиқат, расмийлар намойишга ҳибсга олиш билан жавоб беришди.

Аммо улар одамларни митингларда қатнашгани учун эмас, балки вайрон бўлган ҳудудларнинг фотосуратлари ва видеоларини ижтимоий тармоқларда чоп этгани учун жазолай бошлади.

Туркманободнинг камида 66 нафар фуқароси ҳибсга олинган, икки аёлга нисбатан жиноят иши очилган.

Норозилик кайфияти хорижда яшаётган туркман фуқароларига ҳам тарқалди.

2020 йилда энг йирик норозилик намойишлари Туркияда бўлиб ўтди.

Бу мамлакатда 100 мингга яқин туркман фуқаролари қонуний, бир миллиондан ортиғи эса норасмий истиқомат қилади.

Фаоллар катта аудиторияни жалб қилади: баъзи видеолар ўн минглаб марта кўрилади, бу барча машҳур ижтимоий тармоқлар блокланган Туркманистон учун жуда кўп.

Одамлар томоша қилиш, фикр билдириш ва баҳам кўриш йўлларини топмоқда.

"Бу ҳукуматни хавотирга солмоқда, чунки Туркманистон ёпиқ ва репрессив мамлакат, у ерда халқ бахтли ва ҳеч қандай муаммо йўқ деган мудом сингдирилган", дея тушунтиради журналист Руслан Мятиев.

Шикоятлар ва ҳужумлар

43 ёшли Нурмуҳаммет Аннаев 2020 йилда коронавирус пандемияси Туркманистонни чегараларни ёпишга мажбур қилган ва ватанига қайтолмаганда мухолифат сафига қўшилган эди.

"Улар гўё ўзга юртда ўлиш учун қолдирилгандек эди. Телевизорда гўё ҳеч нарса бўлмагандек ўйин-кулги кўрсатиларди. Бу икки баравар оғриқли эди", деб эслайди Аннаев.

Аннаев Истанбулда бўлганида жамоат ташкилотига асос солди ва ижтимоий тармоқлар орқали фаол равишда ўз тарафдорларини тўплай бошлади.

Бироқ Туркия расмийлари кўп ўтмай муддати ўтган паспорти туфайли мамлакатда ноқонуний қолган фаолларни ҳибсга олишни бошлади.

Бир куни полиция квартирамни тинтув қилиш учун келди, балкондан кириб, куч ишлатди, дейди фаолнинг ўзи.

namoyish

Сурат манбаси, 'Turkmenistan, Unite'

Сурат тагсўзи, Истанбулдаги туркманистонликлар намойиши, 2020 йил.

Россия рақамидан келиб тушган аноним шикоят асосида у марихуана сақлаганликда гумон қилинган.

Икки ой ўтгач, Аннаев ва бошқа фаоллар Истанбулдаги Туркманистон консуллигида ўтказилган митингдан сўнг ҳибсга олинган.

Уларга туркман консуллигидан Туркия полициясига тушган шикоятни кўрсатишган, унда фаоллар ҳақида фақат Туркия расмийларига маълум бўлган шахсий маълумотлар келтирилган.

"Биз турк полицияси ва туркман консуллиги ҳамкорлик қилаётганини англадик", дейди Аннаев.

Кейинчалик унга ва унинг шерикларига номаълум одамлар ҳужум қилишди. Полиция қўнғироқ бўлишига қарамай ёрдамга келмади.

"Туркияда жиноятчиларни тезда ушлаш мумкин, чунки ҳамма жойда камералар бор.

Аммо Туркияда бизни ҳали ҳеч ким ҳимоя қила олмайди, одамлар қўрқишади", дейди Аннаев.

Бу воқеадан сўнг у ўз фаолиятини хавфсизроқ мамлакатда давом эттиришга қарор қилди.

Рўйхат

Ижтимоий тармоқлардаги танқидлар ва хориждаги митингларга жавобан Туркманистон ҳукумати Анқарани Ашхобод билан визасиз режимни бекор қилишга кўндирган.

Илгари Туркманистон фуқаролари учун визасиз ва тўғридан-тўғри рейслари бўлган саноқли давлатлардан бири бўлган Туркия мухолифатчиларни ҳибсга олиш ва депортация қилишни бошлади.

2022 йил январида Туркманистон Хелсинки Инсон ҳуқуқлари жамғармаси депортация қилиниши кутилаётган 25 нафар фаолнинг рўйхатини эълон қилди, бу ҳужжат турк полицияси манбаси томонидан тақдим этилган.

2024 йил августига келиб, ушбу рўйхатдаги уч нафари, жумладан, Мардон Муҳамедов ватанига депортация қилинган.

prezident

Сурат манбаси, Mustafa Kamaci/Anadolu via Getty Images

Сурат тагсўзи, Туркия президенти Ражаб Тайип Эрдоған ва Туркманистоннинг собиқ президенти Гурбангули Бердимуҳаммедов. Анталя, 2024 йил март ойи.

Улардан бири Туркманистонга қайтгач, узоқ муддатга қамалган Фарҳод Мейманқулиев эди.

Яна бир қанча фаоллар паспортлари муддати ўтиб кетгани учун ўз ихтиёри билан қайтишди, "ўтиб кетамиз" деган умидда, дейди "Туркманистон бирлашинг" гуруҳи раҳбари Чаман Оре.

Уларнинг кейинги тақдири номаълум.

"Туркия жами етти нафар фаолни депортация қилди", дейди Оре.

Биринчи депортация қилинганлардан бири қорақалпоқ туркманлари Жумасапар Дадебаев бўлиб, 2022 йил январида Ўзбекистонга депортация қилинган ва экстремизмда айбланиб 12 йилга қамалган.

2023 йил сентябрида Туркия Довран Иманов, Ровшен Қличов ва Мақсат Баймуродовларни мамлакатда ноқонуний бўлганликлари учун депортация қилган эди.

Ҳозирда Иманов Туркманободдаги тергов изоляторида сақланмоқда.

Ўшанда Туркия ноқонуний миграцияга қарши курашни кучайтирган, кенг кўламли рейдлар давомида 35 мингдан ортиқ ноқонуний муҳожирни қўлга олганди.

Россия ҳам

Россия ҳам ҳукумат билан келишмаганларни Туркманистонга экстрадиция қилади.

Туркманистонлик фаолни ҳайдаб чиқариш бўйича биринчи маълум ҳолат 2021 йил октябрида содир бўлган.

"Туркманистон бирлашинг" гуруҳи аъзоси Азат Исақов сафдоши Чаман Орега полиция келгани ҳақида маълум қилган, шундан сўнг у билан алоқа узилган.

prezident

Сурат манбаси, Kremlin

Сурат тагсўзи, Сердар Бердимуҳаммедов ва Владимир Путин. 2022 йил.

Кейинроқ Россия Ички ишлар вазирлиги Исақов Туркманистонга "ўзи истаб учиб кетган" деган, ваҳоланки унинг амалдаги паспорти муддати ўтиб кетган эди.

У ҳақидаги сўнгги хабар 2022 йилда келди - уй қамоғида ташланган бўлиб чиқди.

2023 йил декабрида Россияда яна бир туркман фуқароси - Қалмоғистон давлат университети талабаси Маликберди Алламурадов ғойиб бўлди.

Алламурадов талабаларнинг чет элга пул ўтказмаларига қўйилган чекловларга қарши норозилик билдириб, "Туркман диктатори бизни пулимиздан маҳрум қилди.

Бу халққа қарши геноциддир" деганди.

У Россия полицияси томонидан ҳибсга олинган ва мухолифатга кўра, Туркманистонга мажбуран олиб кетилган ва у ерда колониядаги қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

"Ёмон [режимлар] бир-бирини қўллаб-қувватлайди. Ҳокимиятда қолиш ва қўллаб-қувватлов олиш учун улар шундай нозик илтимосларни бажаришади", дея хулоса қилади Turkmen News бош муҳаррири Руслан Мятиев.

Туркманистон ва Россия яқин ҳамкорликни давом эттирмоқда.

2022 йил июнь ойида Сердар Бердимуҳамедов Россияга илк ташрифини амалга оширди.

Кейинроқ Владимир Путин ўз баёнотларида икки давлат ўртасидаги "чуқур стратегик шериклик"га урғу берди.

1990 йилларда мамлакатнинг биринчи президенти Сапармурод Ниёзов ўзбек ва қозоқ тилларида таълимни бекор қилиб, "маданият ва маърифатни миллийлаштириш" йўналишини белгилаганига қарамай, Туркманистонда рус тили машҳур чет тили бўлиб қолмоқда..

2023 йилда Россия ўз университетларида туркманистонлик талабалар учун квотани оширди.

Туркманистон газининг Россияга етказиб бериш ҳажми йилига 50 дан 10 миллиард куб метргача камайган бўлсада, мамлакатлар ўртасидаги газ сотуви ҳам муҳимлигича қолмоқда.

Туркманистон энди газнинг асосий қисмини Хитойга экспорт қилмоқда, яъни ҳар икки давлат ҳам Хитойга газ етказиб бериш масаласида рақобатлашмоқда.

Қамоқхоналарда қийноқлар

Туркманистонда 1985-2006 йилларда мамлакатни бошқарган Сапармурод Ниёзов президентлиги давридаги сиёсий сабабларга кўра оммавий қатағон ва ҳибсга олишлар кенг ҳужжатлаштирилган.

Халқаро Амнистия каби инсон ҳуқуқлари ташкилотлари мухолифат арбобларининг сохта айбловлар билан судлангани, натижада кўпчилик узоқ муддат қамоқ жазосига ҳукм қилингани ҳақидаги кўплаб ҳолатлар ҳақида хабар берган.

Ҳуқуқ ҳимоячилари айтишича, ҳибсда мухолифатчилар кўпинча қийноқ ва ҳақоратларга дучор бўлган.

Туркманистон расмийларининг қамоқхонадаги энг қаттиқ амалиётларидан бири бу "мажбурий йўқолиб қолиш"дир: сиёсий маҳбуслар ҳуқуқий маслаҳат, тиббий ёрдам ва оиласи билан мулоқот қилиш имкониятидан маҳрум бўлган ҳолда тўлиқ изоляцияда сақланади.

"Уларни тирик кўрсатинг!" кампаниясига кўра, сўнгги 20 йил ичида 162 маҳбус шундай шароитда сақланган.

"Давлат ўз эътиқоди, таъсири ёки шон-шуҳратига кўра ўз ҳокимиятига сиёсий таҳдид деб билган шахсларга нисбатан ушбу шафқатсиз ва ноқонуний жазони қўллашда давом этмоқда.

Уларнинг кўпида жазо муддати аллақачон тугаган, аммо уларнинг мақоми номаълумлигича қолмоқда.

Камида 29 киши жазони ўташ чоғида ҳалок бўлди", дейилади "Уларни тирик кўрсатинг!"нинг 2022 йил учун хабарида.

Мухолифат етакчиси Нурмуҳаммет Аннаев ватанига депортация қилинишидан қўрқиб, Туркиядан Европага қочган.

У Анқара фаолларга қочқин мақомини бериш ўрнига, аслида туркман ҳукуматига диссидентларни таъқиб қилишда ёрдам бераётганидан ғазабда.

2021 йил ноябрида Аннаев Полшадан бошпана сўраган, бироқ мамлакат расмийлари уни икки марта рад этган.

Фаол ҳозирда Нидерландияда қочқин мақомини олишга ҳаракат қилмоқда. У бир йилдан бери қарор кутмоқда.

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002