Қирғизистондаги шаҳар “Марказий Осиё Чернобили”га айланиши мумкинлиги айтилмоқда. Нега? Видео

Сурат манбаси, Reuters
Сўнгги тадқиқотлар натижалари Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистонда миллионлаб одамнинг ҳаётини издан чиқариб юборишга қодир экологик фалокат эҳтимоли мавжудлигини кўрсатган.
Қирғизистонда советлардан қолган уран кони чиқиндилари жойлашган ҳудудни ҳимоялаб турган тўғонлар пойдеворига 2017 йилдаги кўчки туфайли жиддий зарар етган.
Бу ерда, тахминан, 700 минг куб метр ҳажмдаги чиқинди борлиги айтилади.
Ҳудудда яқинда олиб борилган ўрганишлар бирор йирикроқ кўчки ёки 7 баллдан зиёд кучдаги зилзила юз берса, тўғонлар бузилиб кетиб, хавфли чиқиндининг маҳаллий дарёга қўшилиши эҳтимоли юқорилигини кўрсатган.
Мутахассислар агар шундай фалокат юз берса, Марказий Осиёнинг уч давлатидаги ирригация тизими ишдан чиқиши, оқибатда, миллионлаб инсон қочқинга айланиши мумкинлигидан хавотир билдирмоқда.
Улкан миқдордаги ядровий чиқинди кўмилган ҳудуд Мойлисув деб аталади.
Мавзуни Reuters ўрганган.
Бу борадаги махсус видеони томоша қилинг:
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Хавфли шаҳар
Мойлисув - Қирғизистоннинг Ўзбекистон билан чегарадош Жалолобод вилоятида жойлашган, у қадар катта бўлмаган шаҳар.
Собиқ Шўро даврида Мойлисув гавжум кончилар шаҳри бўлиб, бу ерда уран қазиб олинган.
Маҳаллий аҳоли бундан ярим аср аввал шаҳар гуллаб-яшнаганини айтади.

Сурат манбаси, Reuters
"Бир вақтлар Мойлисув энг зўр шаҳарлардан эди, худди Москва каби ҳамма нарса билан таъминланарди" - хотирлайди маҳаллий яшовчи Токтобек Бердибеков.
Бугун эса кўпчилик Мойлисувдан имкон қадар тезроқ кўчиб кетишни истайди.
"Ҳозирги аҳволни ўзингиз кўриб турибсиз. Одамлар бу ерни хавфли деб ўйлаб, қўрқувга тушиб қолган" - қўшимча қилади Бердибеков.
Алоқадор мавзулар:
Қўрқув сабаби - радиация.
Мойлисув бугун гўё совет давридаги фаровонлик бадалини тўлаётгандек.
Маҳаллий одамлар бу ҳудуд дунёдаги уран рудаси чиқиндихоналарининг энг йирикларидан бири эканидан яхши хабардор.
Қирғиз матбуоти Мойлисувда саратон, диабет, оққон каби касалликлар кенг тарқалгани ҳақида кўп бор ёзган, бундай хабарлар ҳудуд турғунларини янада хавотирга солган.
Аммо Европа Комиссияси ҳамда Европа тикланиш ва тараққиёт банки томонидан ўтказилган тадқиқотлар натижаларидан вазият бундан ҳам ташвишлироқ экани аён бўлган.
Ҳолатни ўрганган мутахассислар ядровий чиқиндиларни зудликда бу ҳудуддан бошқа хавфсизроқ ерга кўчириш лозим, деган хулосага келган.
Сабаби чиқиндиларнинг маҳаллий Мойлисув дарёсига бориб тушиши эҳтимоли йилдан йилга ортиб бормоқда.
Мойлисув эса, алал-оқибат, Фарғона водийсини тўйинтирувчи сув захиралари, жумладан, Ўзбекистонга оқувчи Қорадарёга бориб қўшилади.
Минтақа "Чернобили"?

Советлар 1940 - 1960 йиллар ўртасида Мойлисувда уран қазиб олиб, ядровий чиқиндиларни ҳудуднинг ўзига кўмган.
Шунингдек, шаҳар яқинида бошқа жойлардан олиб келинган уран рудасини қайта ишловчи завод ҳам фаолият юритган.
Натижада, 23 та ядровий моддалар чиқиндихонаси ва конлардан чиққан яроқсиз жинслар уйилган 13 та террикон пайдо бўлган.
2017 йилда ҳудудда йирик кўчки кузатилган.
Кўчки ортидан Мойлисув суви кўтарилиб, ядровий чиқиндихоналарни деярли ювиб ўтадиган даражага етган.
Бу жойни ҳимоялаб турган дамба пойдевори ҳам зарарланган, дейди вазиятни ўрганган мутахассислар.
"Ўтган йил ёзида чиқиндихона ва дамба пойдеворини ўрганиш учун очиб кўрдик. Биласизми, нимани кўрдик? Чиқиндилар суюқ ҳолатда эди", дейди Қирғиз ҳукумати томонидан ҳудудда кўчириш ишлари олиб бориш учун ёлланган Германиянинг G.E.O.S компанияси муҳандиси Себастиан Ҳесс.

Сурат манбаси, Reuters
Бу эса чиқиндиларнинг Мойлисув дарёсига бориб тушиши эҳтимолини янада орттиради, қўшимча қилади мутахассис.
"Агар, айтайлик, кўчки юз бериб, дарё суви тошиб кетса, икки чиқиндихонадаги моддалар сувга қўшилиб кетади. Юзага келадиган экологик фалокат кўлами эса Чернобил билан қарийб тенг бўлади", сўзлайди Мойлисув радиология лабораторияси менежери Гулшоир Абдуллаева.
Мутахассисларнинг огоҳлантиришича, заҳарланган сув Марказий Осиёнинг энг зич ҳудуди ҳисобланмиш Фарғона водийсига оқиб боради.
Минтақанинг уч давлатида жойлашган 16 миллионлик водий аҳолисининг асосий қисми эса Ўзбекистон ҳудудида яшайди.
Ечим борми?

Мойлисув бугун юзага чиққан муаммо эмас.
Қирғизистон ҳукумати бу ердаги вазият ўта хавфли даражага етганини тан олади.
Хавфли моддаларнинг дарёга тушиб, минтақавий фалокатни юзага келтириши эҳтимоли 2019 йилда қирғиз парламентида муҳокама ҳам қилинган.
Ўша йили Ўзбекистон ҳукумати ҳам Мойлисув муаммосидан хабардор эканини маълум қилган.
Ўшанда, собиқ Экология давлат қўмитаси Шоҳимардон, Мойлисув ва Резаксой дарёлари ҳавзасида 40 ортиқ кузатув пунктлари ташкил этилгани, сув сифати ва ундаги ифлослантирувчи моддалар даражаси доимий мониторинг қилиниши ҳамда назоратга олинган ҳудуддаги радиация кўрсаткичи мақбул чегарада эканини билдирганди.
Аммо ўтган йиллардан бери экологлар вазият анча хавотирли тусдалиги, миллионлаб инсон истиқомат қилувчи Фарғона водийси катта хавф остида эканини таъкидлаб, бонг уриб келади.
Экологик фожианинг олдини олиш йўлида таклиф этилган энг мақбул ечим - бу чиқиндиларни Мойлисув дарёсидан узоқроқ, хавфсиз ҳудудга кўчириш.
Европа тараққиёт ва тикланиш банки ёрдамида бунга ҳаракат аллақачон бошланган.
"Бу лойиҳа доирасида 16 та чиқиндихонанинг рекултивация қилиниши кўзда тутилган. Тўрттаси эса хавфсиз ерга кўчирилади", дейди Қирғизистон ФВВ вакили Айбек Козибаев.
Расмий Бишкек ва G.E.O.S компанияси инсон ҳаёти ҳамда атроф-муҳит учун ўта хавфли моддаларни атиги икки чиқиндихонадан олиб чиқиш харажатлари қарийб 25 миллион еврога тушишини тахмин қилмоқда.
Бироқ муаммо фақат молиявий қийинчиликдан иборат эмас.
"Ҳозир маҳаллий аҳоли билан гаплашяпмиз. Улар билан тил топиша олмаяпмиз… Одамлар қилаётган ишимиз аҳамиятини тушунмаяпти. Лекин тушунтириш олиб боряпмиз. Умид қиламизки, тил топишиб оламиз. Одамлар бу неча йилдан бери тинч турибди, унга тегинма, ҳозир очсанг, уран радиацияси ҳамма ерга тарқаб кетади, деяпти. Лекин уран радиацияси ҳаво, шамол орқали тарқалмайди", вазиятни тасвирлайди Козибаев.
Қирғизистонлик фаоллар йиллардан бери ҳукуматни Мойлисув муаммосига беэътибор қараб келганликда танқидга тутиб келади.
Бугун эса Мойлисув нафақат Қирғизистоннинг ўзи, балки минтақа даражасида ҳал қилиниши лозим бўлган масалага айлангани айтилади.
"Бу ҳудудда зилзилалар хавфи юқори. Тадқиқотимиз шуни кўрсатдики, агар 7 баллдан зиёд кучда ер қимирласа, чиқиндихоналарда кўмилган барча нарса биринчи Мойлисув, кейин эса тўғри Ўзбекистон ва Фарғона Водийси томон оқиб кетади", хавотир билдиради Себастиан Ҳесс.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.















