Сўз Сизга: Сардоба сув омбори ва Чернобил АЭС ўртасида нима ўхшашлик бор? – журналист Дарин Солод, Ўзбекистон O'zbekiston

Сурат манбаси, Gazeta.uz
Ўзбекистонлик журналист, Hook.report интернет нашри муҳаррири Дарин Солод ижтимоий тармоқларда мамлакатдаги қурилиш хавфсизлиги қоидаларини савол остига олди.
«Бир неча соат аввалгина мен америкалик журналист Адам Ҳиггинботамнинг эндигина нашр этилган «Чернобил: Фожиа тарихи» китобини ўқиб тугатдим. «Чернобил» сериали яратувчилари каби бу китоб муаллифи ҳам ўша куни станцияда нималар юз бергани, ҳамда воқеалар занжири халқаро миқёсдаги фожиага қандай етаклаганини тушунишга уринади.
Қанчадир вақт ўтиб Фейсбукда мана бу сарлавҳага йўлиқдим: «Сардобадаги фавқулодда ҳолат юзасидан жиноий иш қўзғатилди». Тўғон ўпирилиши ҳақидаги янгиликларни ўқир эканман, менга бу ҳолатларнинг нақадар ўхшашлиги кўзимга чалинарди. Ҳозир энг асосийси - балогардонларни, айбдорларни, тўғон айнан шундай қурилганига жавоб берадиганларни топиш. «Мана шуларни деб ўпирилди. Ёмғир ҳам бирозгина сабабчи» дея тоза виждон билан айб ағдариладиган балогардонларни. Давлат, бир неча йиллар аввал ҳам бўлгани каби, охиригача ўзининг айбини инкор қилади, масъулиятни эса қурган, қўриқлаган, хизмат қилганлар елкасига қўяди. Ким қўлига тушса, шунга.»
Солод Шўролар давридан бери сақланиб келаётган яна бир ҳолатни тилга олади.
Бу «Чернобил ҳолатида бўлгани каби, давлат Ўзбекистонда объектларни нореал муддатларга белгилаш ва Наврўз, Мустақиллик байрами, Қурбон Ҳайит, Янги йил..." каби ура-урачиликни танқид қилади ва «Мазмун ўзгармайди», дейди.
Ўз ишини пухта билган мутахассислар тақчиллигини урғулар экан, борларини ҳам йирик лойиҳаларга яқинлаштиришмайди, деб тахмин қилади.
«…Коррупция бизда йўқ, деманг. Ундай эмаслигини ҳаммамиз биламиз. Буюк мустақиллик ва мусаффо осмоннинг шунча йиллари ичида муҳандислар, қурувчилар, кенг ва тор малакали мутахассислар мамлакатни тарк этишди. Кетмаганлар ҳозир ҳам кетяпти. Бу ҳам давлатнинг аввалдан ўйлаб чиқилган ва давомли сиёсати маҳсули», деб ёзади у.
«Матбуот котибларининг баёнотлари ва иши ўзгармади - маълумот очиқча узатилмайди, балки ўзига содиқ оммавий ахборот воситалари ва фикр етакчиларига берилади. Давлат мавқеидан фарқ қиладиган нарсани ёзган одамни қаттиқ қоралаймиз. Хорижий матбуотни эса буюк мамлакат обрўсига доғ туширишга уринаётган душманлар фитнаси дея танқид қиламиз.
Бир нимани ўйлаб қолдим. Айтишларича, Совет иттифоқи қулаганмиш. Менимча эса, у ҳали тирик - у ноадекват буйруқлар бераётган амалдорларнинг миясида, қурилишдаги ақл бовар қилмас коррупцияда, қариндош-уруғчилик, тарғибот ва ташвиқот усулларида яшаяпти. Аммо, амалдорлар миясида Иттифоқда нима бўлган бўлса, фақат энг ёмонлари яшаб қолган, у ҳукуматда озгина бўлса-да бўлган яхши жиҳатлар эса четда қолган.
Метронинг янги йўлаги қурилаётганда одамлар жабрланди ва у қулаб тушди. Бундай олиб қараганда, табиат айбдор, одам омили йўқ. Сардоба сув омбори ўпирилди - ёмғир айбдор. Ҳечам давлат эмас. Аллақачон фойдаланишга топширилган баъзи янги турар жойларнинг газ тармоқларида портлаш юз берган - балки газ айбдордир, одамлар эмас.
Яна нима портлаши/бузилиши/ўпирилиши керак, менга қизиқ? Мамлакатимиздаги қурилиш регламентлари ва қоидаларида нимадир чатоқ эканини тушуниш учун қанча одам ўлиши керак? Ва мен Ўзбекистонда АЭС (атом электр станцияси) қурилишини унча истамайман. Атом энергиясидан қўрққаним учун эмас. Мен у билан ишлайдиган одамлардан қўрқаман.
P.S. Мен яна қуйидагиларга тушунмайман - одамлар Билл Гейтс аҳолини чиплаштираётгани, коронавирус 5G орқали юқишига ишонадилар. Лекин, ўз давлатлари ўғрилик қилиши, ваколатини суиистемол қилиши, ҳокимиятни суиистемол қилиши ва ўз мажбуриятларини бажармаслиги мумкинлигига ишонмайдилар. Бу қандай бўлди?»
Би-би-сидан: Дарина Солоднинг фикрлари таҳририят нуқтаи назарини акс эттирмайди.
Биз айни мавзуда барча томонларнинг фикрлари учун очиқмиз.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek












