Толибонни Халқаро Жиноят Судига тортишга асос етарлими? Dunyo Yangiliklar

Халқаро Жиноят Суди собиқ прокурори, Сэр Жеффри Найс айтишича, Толибоннинг аёлларни таълимдан маҳрум этаётгани амалларини ҳеч иккиланмасдан жиноят деб аташ мумкин.
"1948 йилги Инсон ҳуқуқлари Умумжаҳон декларациясининг 26-бандига қарайдиган бўлсак, бу модда мажбур этмаган тақдирда ҳам ҳуқуқлар нимадан иборат эканини аниқ-тиниқ ифодалаб беради. Инсонларни жинсига қараб таъқиб этиш ва уларни таълим олиш ҳуқуқидан мосуво этиш - бу жиноят. Бу жуда жиддий жиноят", деди Сэр Жеффри Найс.
Алоқадор мавзулар:
Жаноб Найс Сербия раҳбари Слободан Милошевичга қарши бўлиб ўтган суддаги қораловчилиги билан танилган.
Унинг айтишича, Афғонистонда Толиблар хотин-қизларнинг таълим олишлари билан боғлиқ ҳуқуқларини поймол этаётганларини исботлаш қийин бўлмайди.
Бир кун олдин Британия собиқ бош вазири Гордон Браун Афғонистон хотин-қизларининг ўқиш ҳуқуқларини поймол этаётганларни Халқаро Жиноят маҳкамасига тортиш чақириғи билан чиқди.
Жаноб Браун сўзларига кўра, Афғонистонда бугун бўлаётган ҳодисалар гендер апартеиди, уларни инсониятга қарши жиноят деб таърифлаш мумкин.

Сурат манбаси, .
"Инсониятга қарши жиноятлар учун жавобгарларга чора кўриш Халқаро Жиноят Судининг иши, ҳам буни тергов қилиш ва ҳам бунга масъул бўлган шахсларни жавобгарликка тортиш", деди Би-би-си билан суҳбатда собиқ Британия бош вазири.
Жаноб Браун айтишича, аёлларни маорифдан маҳрум қилган масъулларни жавобгарликка тортиш эҳтимоли Толибонни ўз қарорларини қайта кўриш чиқишга мажбурлаши мумкин.
15 августда Толибон Афғонистонда ҳокимиятни тўла ўз қўлига киритганига икки йил тўлади.
Бошида Толибон аёлларнинг ҳуқуқларини чекламасликка ваъда берди.
"Биз 1990 йиллардаги хатоларимиздан хулоса чиқардик", деганди 2021 йил августида Толибон сўзчиси Забиҳуллоҳ Мужоҳид.
Ўша йили сентябрида Афғонистон олий ўқув юртларида талаба бўлган қизлар таҳсилларини давом эттиролмадилар, Толибон аёлларнинг маорифи борасида ўз сиёсатларини ишлаб чиққунларича сабр қилишни сўради.
2022 йил баҳорида талаба қизларнинг яна ўқишни давом эттириш умидлари сўнди.
Ўшандан буён Толибон ҳукумати хотин-қизларнинг ҳуқуқларини тобора чеклаб келади.
Аёлларнинг ёпинчиқсиз кўчага чиқишлари, истироҳат боғлари, спорт залларига киришлари тақиқланди.
Халқаро ҳамжамият Афғонистон аёлларининг вазиятидан хавотир билдириб келади, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари таъминланиши Толибон ҳукуматини расман тан олинишининг энг муҳим шартларидан бири эканини билдириб келади.
Аммо бу халқаро босимларга қарамасдан, июль ойи бошида Толибон раҳбарияти бутун мамлакат бўйлаб гўзаллик салонларини ёпишга фармон берди, бу 60 мингча аёлни ишсиз қолдириши эҳтимоли айтилди.
Қурбон Ҳайити муносабати билан табригида эса Толибон руҳоний раҳбари Ҳибатуллоҳ Охунзода, Афғонистонда аёлларнинг исломий шариат асосидаги қулай ва фаровон яшашлари учун шароит яратилди, аёллар анъанавий босимлардан қутулдилар, деб баёнот берди.
https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002















