Янгиликлар: Ҳозир ҳатто икковига бир ядро қуроли: Тоқаев яна Россия иттифоқини танқид қилди Dunyo Yangiliklar

Президент Тоқаев ва Президент Путин

Сурат манбаси, official

Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаевнинг Евроосиё иқтисодий кенгаши йиғилишидаги баёноти яна Россиянинг ядровий таҳдиди мавзусини кун тартибига олиб чиқди.

Қозоғистон президенти Россия раҳбарлигидаги Евроосиё ташкилоти фаолиятини яна бир бор танқид қилди.

Алоқадор мавзулар:

"Бизда Евроосиё иқтисодий кенгашида иттифоқ давлат бор. Яъни, дунё сиёсий тарихида ноёб прецедент ёки феномен тузилди, "икки мамлакат - бир давлат" формуласи бўйича давлат барпо этилди. Унинг сиёсий, ҳуқуқий, ҳарбий, иқтисодий, валюта, маданият, гуманитар маконлари ягона. Ягона иттифоқ ҳукумати билан, ягона иттифоқ парламенти билан. Мени кечирасиз-у, ҳозир ҳатто икковига бир ядро қуроли.

"Ва Қозоғистон, Қирғизистон ва Арманистон тақдим этадиган интеграциянинг бошқа даражаси ҳам бор. Ва бу реаллик билан ҳисоблашиш керак. Бундай шароитда биз қандай ишлаймиз - бу концептуал савол. Ўйлайманки, ушбу иқтисодий форумда биз ушбу муаммони ҳам муҳокама этишимиз зарур", деди Москвадаги тадбирда Президент Тоқаев.

Россия телеканаллари намойиш этган кадрларда ёнма-ён ўтирган Беларусь Президенти Александр Лукашенко ва Россия Президенти Владимир Путин ядро қуроли ҳақидаги гапдан кейин кулганлари ва бир-бирларига қараганлари кўринади.

Сўнг Путин Лукашенкога нимадир дейди, Лукашенко эса кулади. Сўнг икки президент бир-бирига қўл узатиб кўришадилар.

Шу йил 25 март куни Россия Президенти Владимир Путин Беларусь томонининг илтимосига кўра Россия ўзининг тактик ядровий қуролини Беларусь ҳудудига жойлаштиради, деган баёнот берди.

АҚШ ҳам аллақачон ўз иттифоқчилари ҳудудига ўзининг ядровий қуролини жойлаштириб келади, дея қўшимча қилди Президент Путин.

31 март куни Президент Лукашенко Беларусь халқига мурожаат билан чиқди, бу мурожаатда Россия стратегик ядровий қуроли Беларусь ҳудудида жойлаштирилиши имкониятлари ҳақида гапирди.

Орадан бир неча кун ўтиб Россия Мудофаа вазири Сергей Шойгу Беларуснинг тактик ядровий ҳужумларга қодир штурмчи самолётлари ва "Искандер" ракета тизимлари бор деб айтди.

Апрель ойи ўртасида эса Беларусь Мудофаа вазири Виктор Хренин, Беларусь Россия стратегик ядровий қуролини жойлаштириш учун майдон тайёрлаш билан шуғулланяпти, деган баёнот берди.

Москвадаги Евроосиё иқтисодий кенгаши доирасидаги тадбирларда мухбирлар Президент Лукашенкодан Россия ядровий қуроли Беларусь ҳудудига жойлаштирилдими деб сўрадилар.

"Сақлаш жойини ҳам, бошқаларни ҳам тайёрлаш керак. Биз бунинг ҳаммасини қилдик. Шунинг учун ядровий қуролларни жойидан олиб ўтиш бошланди. Аллақачон бошланди", - деди Лукашенко журналистларга.

Бундай қурол Беларусь ҳудудидами, деган аниқлик киритиш мақсадидаги саволга Президент Лукашенко аниқ жавоб бермади.

"Бўлиши мумкин. Лекин мен боришим ва кўришим керак", дея жавоб қайтарди Беларусь президенти.

25 май куни Минск шаҳрида Россия Мудофаа вазири Сергей Шойгу ва Беларусь Мудофаа вазири Виктор Хренин Россия ядровий қуролларини Беларусь ҳудудидаги махсус жойда сақлаш ҳақидаги ҳужжатни имзоладилар.

АҚШ Россия тактик ядровий қуролларини Беларусга жойлаштириш келишувини қоралади.

Давлат департаменти воизи Россия ядровий қуролни қўллашга тайёрланаётганининг аломатлари Америка тарафи кўргани йўқ, деди.

Журналистларнинг саволига 26 май куни жавоб берган Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков, Россия билан Беларусь ҳозир душманона қуршовда, шунинг учун ҳарбий ҳамкорликни ривожлантиришда давом этадилар, деб жавоб қайтарди.

https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002